Ўзбекистон ва Россия: АҚШ ислоҳотлар қайғусидами ёки ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи? - O'zbekiston

Президентлар

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон учун ўтган йилгисидан кўра кўпроқ молиявий кўмак сўраган.

Бу янгилик Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш эҳтимоли кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

АҚШ Конгрессининг тадқиқот хизмати шу кунларда Ўзбекистондаги ислоҳотларга баҳо берилган ҳисоботини эълон қилган.

Сўнгги янгилик ҳам худди шу ҳисобот манзарасида бўй кўрсатган.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон учун жорий молиявий йилда 14.4 миллион доллар сўрагани маълум бўлган.

Бу маблағ 2017 йилгисидан қарийб 4 миллион долларга кўпдир.

Расман маълум қилинишича, АҚШнинг ёрдами бир неча мақсадларни кўзда тутади.

Улар энг аввало Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қонун устуворлиги ва иқтисодий ривожланишга қаратилади.

Шунингдек, АҚШ технологияларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишга кўмак беришни кўзлайди.

Бу ёрдам яна хавфсизлик ва минтақавий барқарорликни таъминлаш мақсадида чегара назоратини яхшилашни ҳам назарда тутади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган давлати бўлади.

Минтақада энг катта бўлган(34 миллионга яқин - таҳр.) аҳолисининг аксарият қисми айнан қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг аҳволи, йилларки, кескин танқидларга тутиб келинаётган соҳалардан бири бўлади.

Айнан қишлоқ ҳудудлари Ўзбекистоннинг ишсизлик ва камбағаллик энг чуқур илдиз отган ҳудудлари саналади.

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бу ердаги аксариятнинг тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтади.

Уларнинг энг катта - миллионлаб сондагиси айнан Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёдаги геосиёсий рақиби бўлган Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Устига устак, бу меҳнат муҳожирлари, йилларки, ортга юбориб келаётган миллиардлаб доллар маблағлар Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон хорижий валюта тушумининг салмоқли қисмини ташкил этади, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб ва ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини бажариб келаётган муҳим молиявий манбалардан бири сифатида ҳақли равишда эътироф этилади.

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздида, худди ана шу омил ҳам Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришга ундаши мумкин бўлган энг муҳимларидан бири бўлиши мумкин.

Аммо, бошқа томондан, Ўзбекистон, бундан ташқари, Марказий Осиёнинг, қирқ йилдирки, қуролли низолар ичида бўлган Афғонистон билан бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Афғонистон, бунга қўшимча, дунёнинг илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи илк ўзбек жангари гуруҳлари ҳануз фаол бўлган мамлакати ҳам саналади.

Айнан Америка Қўшма Штатлари, ҳатто, минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида эътироф этилувчи Толибон ҳаракати томонидан ҳам Афғонистонда якуний сўзни айтиш қудратига эга давлат сифатида тан олинади.

Бугун Афғонистон тупроғида қолган Нато бошчилигидаги минглаб иттифоқ қўшинларининг аксариятини ҳам Америка ҳарбийлари ташкил этишади.

Президентлар

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Metzel

Расмий Вашингтон эса, Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эҳтимолидан ўз хавотирларини аллақачон расман ва ошкора изҳор этиб бўлган.

Дастлаб АҚШ Савдо вазири Ўзбекистонни бунинг оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.

Бу - Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига киришини ортга суриб юбориши мумкинлигини айтган.

Бунинг ортидан, яқинда шахсан АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Ўзбекистонга сафари кутилган.

Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор қўллаб-қувватлаш - унинг кун тартибидаги асосий масалалардан бири экани расман эълон қилинган.

Бу каби расмий кун тартиби ҳам ўшанда аксарият минтақавий сиёсий экспертларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортмай қўймаганди.

АҚШ Давлат котибининг сафари Россия Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи олдидан амалга ошиши кутилган.

Аммо ташрифга яқин қолган бир пайтда унинг томонларнинг ўзаро розилиги билан номаълум муддатга ортга сурилгани расман маълум қилинган. Лекин унинг аниқ қачон амалга ошиши санаси ҳали-ҳануз очиқланмаган.

Яқинда Ўзбекистон Президенти алоҳида ном тутмаган эса-да, йирик-йирик интеграцияларга кириш ниятлари борлигини маълум қилган.

Президент сифатида илк бор бунинг мамлакат мустақиллигини хавф остига қўйиши мумкинлигига оид хавотирларни босиб чиққан.

Унинг бу гаплари ҳам Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришига оид эҳтимол ва хавотирларни янада кучайтирган.

АҚШ Давлат департаментининг бу йил Ўзбекистон учун янада кўпроқ молиявий ёрдам сўраганликларига оид янгилик эса, Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини ўрганаётган қўшма комиссия ҳали-ҳануз ўзининг якуний хулосасини расман эълон қилмаган бир пайтга тўғри келган.

Россия томони якуний хулосанинг ўтган йил охирида маълум қилинишини билдирган, расмий Тошкент эса, бу санани очиқ қолдирганди.

Энди таҳлилчилар нима дейди?

Президентлар

Сурат манбаси, GettyImagesWin McNamee

АҚШ Шавкат Мирзиёев ўзининг илк расмий ташрифи билан борган, янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни расман ва ошкора Вашингтоннинг ўзи ва ҳам Тошкентда қайта-қайта олқишлаб, уларни қўллашларини айтиб келаётган биринчи Ғарб давлати бўлади.

Янги Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга сафари шахсан халқаро саҳнада демократия маёғи сифатида кўрилиб, эътироф этилувчи Америка Қўшма Штатларининг Президенти Дональд Трамп ўзининг таклифи билан амалга ошган.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёев илк ташрифининг ўзидаёқ томонлар ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даври" бошланганини эълон қилган.

"Ўзбекистон ўзгармоқчи, очилмоқчи", деркан, бунга кўмак беришларини айтган. Аммо Ўзбекистонга эҳтиёткорона оптимизм билан ёндашишларини ҳам яширмаган.

Орада расмий Вашингтон яна АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги алоқаларни кучайтириш ниятида эканлигини баён қилган. Ўзбекистонни қадрли ҳамкор, деб ҳам атаган.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи Президенти бошқаруви даврида расмий Тошкентнинг Россия баробарида АҚШ билан ҳам муносабатлари барқарор эмаслиги кузатилган.

Ўз вақтида Американинг террорга қарши уруши манзарасида яқин иттифоқчилар бўлган бу икки давлат ўртасидаги шу каби беқарор муносабатлар манзарасида АҚШнинг Ўзбекистонга берадиган молиявий ёрдамлари кўлами йил сайин камайиб кетаётгани ҳам кузатилган.

Айниқса, 2005 йилги Андижон воқеалари бунда озмунча таъсирга эга бўлмаган. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги, дин ва диндорлар билан боғлиқ вазият ҳам расмий Вашингтоннинг озмунча хавотирларига сабаб бўлмай келмаган.

Аммо америкалик дипломатлар ўшанда ҳам бу молиявий ёрдамларнинг Вашингтон учун аҳамиятини яхши англаб етишган.

Улар бу каби маблағлар расмий Тошкентнинг АҚШга мойиллигини барқарор сақлаб туриш, Ўзбекистон билан имкон қадар яқин муносабатларни тутиб туриш учун муҳимлигини алоҳида таъкидлаб келишган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги қудрат алмашинувини Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - барча геосиёсий қудратлар бирдек қулай фурсат, деб билишмоқда.

Жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов худди ана шундай фикрда.

Унинг айтишича, "Америка Қўшма Штатлари ана шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон билан муносабатларини Ислом Каримов даврига қараганда қайтаттан кўриб чиқиш, уларни илиқлаштириш, ижобийлаштириш, Ўзбекистондаги ислоҳотларни сиёсий даражада расмийлаштириш орқали ўзаро алоқаларни имкон қадар қалинлаштиришни кўзламоқда".

Аммо, таҳлилчига кўра, расмий Вашингтоннинг бу каби саъй-ҳаракатлари манзарасида ҳам, "аслида АҚШ, Европа Иттифоқи, Ғарбнинг Ўзбекистон билан муносабатлари жуда ҳам заиф".

Чунки бу икки давлат ўртасида қарийб 11 йилча реал, тўлақонли сиёсий, иқтисодий, геосиёсий муносабатлар бўлмади, дейди суҳбатдошимиз.

АҚШ билан ўзаро алоқалари геосиёсий даражада бўлган пайтда Ўзбекистонга берилган, тўланган маблағлар кўлами, ҳажмини назарда тутаркан, таҳлилчи АҚШ Давлат департаменти сўраган 14.4 миллион АҚШ доллари жуда ҳам кичик маблағ эканини айтади.

"Менинг назаримда, бу маблағлар фақатгина рамзий ва Ўзбекистондаги ҳокимият легитимлигини тасдиқловчи аҳамиятга эга, холос", - дейди у.

Ҳокимият бошқаруви билан боғлиқ Россия сиёсий ҳаётидаги сўнгги ўзгаришларни назарда тутаркан, таҳлилчи Россиянинг ички ва ташқи сиёсатда борган сари янада агрессив давлатга айланиши эҳтимолини юқори баҳолайди.

Унга кўра, худди шу фонда Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришига салбий қаралади, бу - ўзлари учун йўқотиш сифатида кўрилади.

"Чунки Вашингтондаги ягона хулоса шундан иборатки, Владимир Путин постсовет ҳудудида расмий Москванинг геосиёсий таъсир доирасини собиқ СССР давридагидек тиклашга ҳаракат қилаяпти".

Унга кўра, худди шу каби манзарада АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон учун сўраётган ёрдам пуллари расмий Вашингтонни қониқтиради.

"Аммо, бу маблағ, айтилганидек, жуда ҳам кичик аслида. У на Ўзбекистоннинг эҳтиёжлари, на ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга етади ва на ўзида Вашингтоннинг қудратини акс эттиради".

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, минтақа ўзлари учун геосиёсий жиҳатдан қанчалик муҳим бўлмасин "Россия ва Хитой билан геосиёсий рақобат фонида Ғарбнинг Марказий Осиёга тўлақонли таъсир қилиш ёки муқобил бир лойиҳалар таклиф қилиш имконияти мавжуд эмас".

У ўзининг бу каби хулосасини томонларнинг жўғрофий жойлашуви, Марказий Осиё қанчалик Россиянинг ахборот ҳудуди жойлашгани, айниқса, Ўзбекистоннинг йилдан йилга ўсиб бораётган меҳнат ресурслари муаммоси ўзининг ечимини айнан Россиядан топаётгани, расмий Москванинг геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва бошқа таъсирлари нечоғлиқ қудратли бўлиб келгани омиллари билан изоҳлайди.

Россия Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлса, Хитой жорий пайтда унинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги бўлади.

Хитой, бундан ташқари, бугун минтақанинг энг йирик сармоядори, аксарият Марказий Осиё давлатларини ҳам ўз ичига олувчи, қиймати бир неча миллиард долларлик йирик иқтисодий лойиҳаларни ўртага отган ягона мамлакати саналади.

Аммо Россия ва Хитой эга бўлган худди шу устунликлар манзарасида АҚШ Номинал Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлади.

Истеъмол қобилияти паритети бўйича эса, бу мамлакат жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаб турган давлат саналади.

Устига устак, Халқаро Валюта Жамғармаси бўладими ва ёки Жаҳон Банки - дунёнинг энг йирик молиявий ташкилотлари ҳам айнан Америка Қўшма Штатларида жойлашгани рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳам бўлади.

Ислом Каримов

Сурат манбаси, GettyImages /BRENDAN SMIALOWSKI

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар эса, айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳимлигини урғулашади.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда президент Ислом Каримовнинг концепциясига содиқ қолишлари, Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - улар ҳаммаси билан ўзаро манфаатлари сиёсат олиб боришларини расман ва ошкора қилган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон унинг бошқаруви билан кечган қисқа - бор-йўғи уч йилнинг ўзида Россия билан улкан геоиқтисодий лойиҳа - Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станциясини ҳамкорликда қуриш борасида келишиб олган.

Таҳлилчилар бирдек эътирофича, бу каби лойиҳалар улкан геосиёсий аҳамият ҳам касб этади, бир давлатнинг бошқасининг сиёсий орбитасига тушиб қолиши эҳтимолини кучайтиради.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда кенг миқёсда ислоҳотлар олиб боришини айтганига ҳам уч йил бўлди.

Худди шу санада Ўзбекистон Ғарбнинг энг нуфузли нашрларидан бири сифатида эътироф этилувчи The Economist ҳафталиги Ўзбекистонни йил мамлакати, деб топди.

Ўзбекистонни 2019 йилда дунёда энг кўп яхши томонга ўзгарган мамлакат сифатида эътироф этди.

Аммо, айнан бугунга келиб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар суръатини танқид остига олувчи, Ўзбекистон ҳукуматига дунё билдирган ишонч муддати тугамоқдами каби саволларни ўртага ташловчи чиқишларнинг кўзга ташланаётгани ҳам бор гап.

Ўтган йил охирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ҳам уч йил олдин бошланган ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этган.

Ўшанда айрим иқтисодчилар ислоҳотлар самарасизлигини ваъдабозлик билан боғлашган, бошқалар уч йил етарли муддат эмас, деган фикрни ҳам изҳор этишган.

Ундан аввал эса, Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар ҳеч қайси мамлакатда осонликча амалга оширилмагани, мамлакатда бошланган чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар айрим мансабдорларга ёқмаётганини ҳам айтганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek