АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини барибир дастаклайди – Россия ва геосиёсат - O'zbekiston

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Svetlov
АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини барибир дастаклайди, Помпео келади - Россия ва геосиёсат: АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифи геосиёсий муҳим аҳамиятга эга. Бу - расмий Вашингтоннинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигидан хавотирда эканига далолат қилади.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар Майк Помпеонинг кечикиб бўлса-да, барибир, Ўзбекистонга амалга ошаётган расмий ташрифи борасида худди ана шундай фикрда:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
АҚШ Давлат котиби шу йилнинг 2-3 февраль кунлари Тошкентга келади.
Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор дастаклаш - Майк Помпео расмий кун тартибидаги бирламчи масалалардан бири бўлади.
Кутилаётган ташрифга ўз баҳосини бераркан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов, "бунинг аслида жудаям бир жиддий баёнот" эканини айтади.
Таҳлилчига кўра, "бу - Майк Помпео ташрифининг геосиёсий ва сиёсий ўлчамга эга эканига далолат қилади".
Кечиккан расмий ташриф, бошқа томондан, бу гал шахсан ва расман Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида киришлари мумкинлиги, бунинг мамлакат мустақиллигига таҳдид қилмаслигини қайта-қайта баён қилиб улгурган бир манзарада амалга ошади.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар баҳосида, сўнгги йилларда президенти Владимир Путиннинг империалистик амбициялари кучайиб бораётган Россиянинг йирик геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳаларидан бири бўлади.
Айнан ушбу иттифоққа аъзолик эса, мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида баҳоланган масала бўлади.
АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга сафари, бошқа томондан, Россия Ташқи ишлар вазирининг Тошкентга ташрифи ортидан ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага сафари арафасида амалга ошади.
Айниқса, Ўзбекистон атрофида геосиёсий кураш янада кучайган, Россия ва Хитой минтақада ўзининг геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳаларини жадаллаштирган бир пайтга тўғри келади.
Россия орада Ўзбекистонни ўзининг йирик геоиқтисодий лойиҳаларидан бири - ҳамкорликда АЭС қуришга ҳам кўндирган бўлса, Хитой аллақачон Ўзбекистон илова Марказий Осиёнинг энг йирик савдо-иқтисоди шериги, қарз берувчиси ва ётиримчисига айланиб улгурган.
Расмий Пекин, бундан ташқари, аксарият Марказий Осиё давлатларини ўз ичига олувчи бир неча миллиард долларлик йирик минтақавий лойиҳаларни ҳам ўртага ташлаб бўлган.
Худди шу фонда АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон сиёсий мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор дастаклаш кун тартиби билан Тошкентга сафар қилиши ҳам мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.
Мирзиёев ва Помпео илк бор 2018 йил, янги Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга илк расмий ташрифи манзарасида учрашишган.
Учрашувда икки ўртадаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат маҳкамалари алоқаларини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилишган.
АҚШ Давлат котиби ўзининг минтақавий сафари доирасида, аксарият таҳлилчилар эътирофида, Россия, таъбир жоиз, "жиддий кўз тиккан" яна икки собиқ Шўро давлати - Украина ва Беларусда ҳам бўлади.
Киев ва Минскда ҳам мустақил, суверен ва жўғрофий яхлит Украина ва Беларусни яна бир бор дастаклашларини айтади.
Помпео Россиянинг сўнгги йиллардаги "империалистик амбицияларидан жиддий ташвишда эканини яширмаган" Қозоғистонга ҳам боради.
Беш Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан учрашади.
Мамлакати янада бириккан, янада фаровон ва янада хавфсиз Марказий Осиёни қўллашини яна бир бор таъкидлайди.
Марказий Осиёда интеграцион жараёнларни кучайтириш эса, айнан янги Ўзбекистон Президенти аввалбошдан ўзининг жиддий эътиборини қаратган, аллақачон бу йўлда қатор минтақавий ташаббусларни илгари суриб бўлган масалардан бири ҳам бўлади.
"Муҳим ташриф"

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев сўнгги бир ойнинг ичида ўзи қудратга келган ўтган уч йил давомида кузатилмаган бир даражада интеграциялар масаласига қайта-қайта тўхталган.
Унинг бу чиқишлари Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришига оид гап-сўзлар кучайган, расмий Тошкент бу хусусдаги "музокаралар жадаллашгани"ни расман маълум қилиб улгурган, Россия томони қўшма комиссия хулосасини айтиши лозим бўлган муҳлат тугаб бўлган бир пайтга тўғри келган.
Янги Ўзбекистон Президенти дастлаб бу хусусда "йирик, йирик интеграциялар ва интеграциялашув" талқинида сўз юритган.
Сўнгра бу каби интеграцияларга аъзо эмас, кузатувчи мақомида кириш режалари борлиги ҳақида айтган.
Ўзбекистон Парламентига қилган жума кунгги мурожаатида эса, Ўзбекистон Президенти бу масалага янада аниқроқ тўхталган.
Ўзининг сўнгги ҳафталарда интеграциялар ва интеграциялашув масаласида қилган чиқишларидан фарқли тарзда, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи номини тилга олгани кўрилган.
"ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масалаларини Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари масъулиятни ўз зиммасига олиб, муҳокама қилиб, хулоса бериши керак. Халқ вакиллари нима деса шу бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул" эканини айтган.
Олий мажлис Сенати ва қуйи палатасининг ўтган чорак асрдан ортиқроқ олиб борган фаолиятини назарда тутаркан, аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар буни кузатувчи мақомида бўлсин, Ўзбекистоннинг барибир ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидан четда қолмаслиги аниқ эканига оид эҳтимолнинг жиддий эканига йўйишган.
Аммо, энг қизиғи, худди шу манзарада Президент Шавкат Мирзиёев, "Жаҳон Савдо ташкилоти билан бошлаган мулоқотлари ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликларини давом эттиришлари"ни ҳам қўшимча қилган.
Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эҳтимоли кибер фазода берган кескин акс-садо манзарасида Мирзиёевнинг бу иловаси аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчиларнинг дарҳол диққат-эътиборларини тортган яна бир янги нуқта бўлган.
Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, бу ерда энг асосийси - Ўзбекистоннинг постсовет ҳудудидаги аниқ геосиёсий ориентирга эга бўлмаган ёки ҳали кучли геосиёсий ориентир танламаган давлатлардан биттаси экани бўлади.
Ўзининг атрофида, айниқса, сўнгги йилларда геосиёсий рақобат кучайиб бораётгани боис, Ўзбекистон у ёки бу давлатни асосий геосиёсий ориентир сифатида танламаётганига далолат қилади.
Суҳбатдошимизга кўра, бу масалада айнан янги Ўзбекистоннинг қатор ислоҳотларга қўл уриш билан қисқа вақтнинг ичида ўзининг ички ва ташқи репутациясини жиддий ўнглаб олгани ҳам озмунча аҳамиятга эга бўлмаган.
"Бугунги Ўзбекистон анчагина жадал ва жиддий ўзгаришларга интилаётган давлат. Инсон ҳуқуқлари бўлсин, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳалар ёки ҳуқуқий масалалардаги ислоҳотлар бўлсин, Ўзбекистон буларнинг барчаси билан жамиятнинг ўзи ва ташқи дунёга ижобий сигналлар бераяпти. Кўпроқ ижобий эътирофларни қўлга киритаяпти аслида ҳам", - дейди у.
Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, бугунги Ўзбекистон халқаро майдонда ижобий, барча геосиёсий рақобатчи тарафлар учун ниҳоятда муҳим геосиёсий актив.
"Ғарб илова уларнинг барчаси, ўзлари учун ўта ноқулай бўлганидан фарқли тарзда, ҳозир янги Ўзбекистонни ўзининг муҳим геосиёсий иттифоқчиси сифатида кўришни истайди".
Ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, сўз, матбуот ва диний эътифод эркинлиги - айнан расмий Вашингтон, АҚШ ўз ташқи сиёсати марказига қўйиб келаётган энг муҳим қадриятлар бўлади.
Янги Ўзбекистон ва ташқи сиёсат

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Metzel
Янги Ўзбекистоннинг президенти ҳали бу мақомда муваққат экан, ташқи сиёсатда Ислом Каримов концепциясига содиқ қолишларини баён қилган.
Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - бугун Марказий Осиёда уч асосий геосиёсий рақиб бўлган глобал ядровий қудратлар билан бирдек - ўзаро тенг ва манфаатли ташқи сиёсат олиб боришларини айтган.
Минтақада кучайиб бораётган айни шу геосиёсий рақобат манзарасида аксарият сиёсий таҳлилчилар янги Ўзбекистоннинг мувозанатли ташқи сиёсат олиб бориши - мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлиги учун муҳим эканлигини алоҳида таъкидлашга ўтишган.
Президент Шавкат Мирзиёев олдида "сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган сиёсат олиб бориш каби муҳим вазифа турганлиги"ни алоҳида уқтиришган.
Янги Ўзбекистон Президентининг парламентга сўнгги мурожаатида айтган сўзлари эса, худди шу таъкидларга ҳамоҳанг бир мазмунда янграгандек бўлган.
Таъбир жоиз, ҳеч бир томонни беэътибор қолдирмайдигандек кўринган.
Минтақавий таҳлилчиларнинг жиддий ва чуқур таҳлиллари талаб мавзу экандек бўй кўрсатган.
Аммо, шунда ҳам, суҳбатдошимизнинг айтишича эса, АҚШ Давлат котибининг сафари билан, расмий Вашингтон ўзининг олдига бир қанча вазифаларни қўйган бўлиши мумкин.
Улардан энг биринчиси янги Ўзбекистон маъмуриятининг бугунги кундаги геосиёсий кайфиятини аниқлашдан иборат, дейди у.
"Бу ташриф Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжлари ва ички хавотирларини билишни мақсад қилган бўлиши мумкин. Яъни, Ўзбекистоннинг бу ташкилотга киришдан мақсад, вазифа ёки хавотирлари нимадан иборат эканлигини самимий бир даражада, музокаралар жараёнида аниқлашга ҳаракат қилиниши мумкин".
"Яъни, Ўзбекистон Россиянинг кейинги йиллардаги энг йирик геосиёсий лойиҳаси бўлган ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқига қўшиладими, қўшилса қандай бир шакл, қандай бир мақомда қўшилмоқчи".
Иккинчи вазифа эса, "Ўзбекистон ўзининг постсовет ҳудуди илова бутун дунёдаги геосиёсий истиқболини қандай кўради, деган саволга жавоб излаш", - дейди таҳлилчи.
Суҳбатдошимиз худди шу ўринда Майк Помпео ташрифининг расмий кун тартибига алоҳида эътибор қаратади.
Унинг наздида, Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор дастаклашни кўзда тутувчи кун тартиби, "Майк Помпео сафарининг жуда ҳам муҳим геосиёсий ва сиёсий аҳамиятга эга эканини кўрсатади".
"Демак, Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига у ёки бу кўринишда муаммолар ёки таҳдидлар бор, деган шаъма кўрилади бу ерда", - дейди таҳлилчи.
Ҳозирча бу каби кун тартибдаги расмий ташрифга на-да Ўзбекистон, на-да Россия ва на-да Хитой бирор бир шаклда муносабат билдирган.
Ўтган йил охирида эса, Ўзбекистон яна бир иттифоқ - Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига ҳам кирган.
"Ҳар икки томон учун муҳим"

Сурат манбаси, GettyImages/SAUL LOEB
Худди шу манзарада таҳлилчи суҳбатдошимизнинг айтишича, АҚШ Давлат котибининг Тошкентга кутилаётган расмий ташрифи ҳар икки томон учун ҳам жуда муҳим.
Бу ташрифни, бошқа томондан, АҚШнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий рақиблари ҳам беэътибор қолдиришмайди: жуда жиддий эътибор билан кузатишади, дейди у.
Суҳбатдошимизга кўра, АҚШ Давлат котибининг ташрифи айнан Ўзбекистон атрофидаги геосиёсий рақобатни бироз бўлса-да мувозанатга солиш ва расмий Тошкентнинг Ғарб билан боғлиқлиги, АҚШ билан муносабатларини янада парваришлашга қаратилади.
"Ўзбекистоннинг манфаатларини қондиришга қаратилган у ёки бу лойиҳаларни жадаллаштиради".
"Бунинг Ўзбекистон учун манфаатли томони ҳам, менинг назаримда кўп", - дейди у.
Таҳлилчи наздида, "Ўзбекистон бу ташрифдан ўзининг айнан Жаҳон Савдо Ташкилотига киришини жадаллаштиришда фойдаланади".
"Бундан ташқари, Ўзбекистон ўзининг Ғарбдаги глобал репутациясини ижобийлаштириш учун бу сафарни жуда ҳам муҳим сиёсий фурсат, деб билади".
"Ташриф Ўзбекистоннинг Ғарб, АҚШ билан мулоқотлари, муносабатларини муайян маънода жадаллаштиришга хизмат қилади, ўзаро алоқаларни сифат жиҳатдан янги бир даражага кўтармаса-да, уларга янги тўлқин беради".
АҚШ ва янги Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев қудратга келган бор-йўғи ўтган уч йилнинг ўзида ўрталарида "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаганликларини расман эълон қилган давлатлар бўлишади.
Айнан Россиянинг янги Ўзбекистонни ўз шамсияси остидаги геоиқтисодий иттифоқ - ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тортиш ҳаракатлари худди шу вақт ичида расмий Вашингтоннинг жиддий хавотирига сабаб илк масала бўлади.
Жаҳон Савдо ташкилотига аъзолик эса, расмий Вашингтон Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кирса, ортга сурилиб кетиши билан жиддий огоҳлантирган масала, мавзу бўлади.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ Россия ва Хитой билан Ўзбекистон илова Марказий Осиёдаги геосиёсий курашда ўзининг имкониятлари қандай эканини яхши билади.
Аммо, шунга қарамай, ўзининг ролини ҳам яхши англайди, уни янада кучайтириш аҳдида қатъий ва шу пайтгача бу йўлда эришган ютуқларини бой бериб қўймоқчи ҳам эмас.
"Ташқи дунёдаги репутацияси қанчалик ёмон бўлмасин", ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида қолган Марказий Осиё давлатларида орасидан ўзи "бошқача кўз билан қараб келган", ўз вақтида "террорга қарши урушда иттифоқчиси" ҳам бўлган Ўзбекистонни ҳам, янги президенти бошлаган ислоҳотларни ҳам бундан буёғига ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади.
Аммо, таҳлилчига кўра, расмий Вашингтоннинг бу каби саъй-ҳаракатлари манзарасида ҳам, "аслида АҚШ, Европа Иттифоқи, Ғарбнинг Ўзбекистон билан муносабатлари жуда ҳам заиф".
Минтақа ўзлари учун геосиёсий жиҳатдан қанчалик муҳим бўлмасин "Россия ва Хитой билан геосиёсий рақобат фонида Ғарбнинг Марказий Осиёга тўлақонли таъсир қилиш ёки муқобил бир лойиҳалар таклиф қилиш имконияти мавжуд эмас".
У ўзининг бу каби хулосасини томонларнинг жўғрофий жойлашуви, Марказий Осиё қанчалик Россиянинг ахборот ҳудуди жойлашгани, айниқса, Ўзбекистоннинг йилдан йилга ўсиб бораётган меҳнат ресурслари муаммоси ўзининг ечимини айнан Россиядан топаётгани, расмий Москванинг геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва бошқа таъсирлари нечоғлиқ қудратли бўлиб келгани омиллари билан изоҳлайди.
Аммо Россия ва Хитой эга бўлган худди шу устунликлар манзарасида АҚШ Номинал Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлади.
Истеъмол қобилияти паритети бўйича эса, бу мамлакат жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаб турган давлат саналади.
Устига устак, Халқаро Валюта Жамғармаси бўладими ва ёки Жаҳон Банки - дунёнинг энг йирик молиявий ташкилотлари ҳам айнан Америка Қўшма Штатларида жойлашгани рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳам бўлади.
АҚШ дунёда демократия маёғи сифатида эътироф этилиши баробарида, Хитой билан бирга жаҳоннинг иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси саналади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














