Мирзиёев “дарди”ни Вашингтонга тушунтира олди – Янги Ўзбекистон ва ташқи сиёсат - O'zbekiston

Сурат манбаси, GettyImagesWin McNamee
Мирзиёев "дарди"ни Вашингтонга тушунтира олди - Янги Ўзбекистон ва ташқи сиёсат: Президент Шавкат Мирзиёев маъмуриятининг асосий ютуғи ўз позицияси, ўз мақсадлари, ўз дардини Вашингтонга тушунтира олгани бўлди. Тошкент ва Вашингтон бугунгидек бир-бирини яхши тушунмаган.
Қарийб йигирма йилдирки икки давлат ўртасидаги алоқаларни кузатиб, ёритиб келаётган "Америка овози" мухбири Навбаҳор Имомова бугун худди ана шундай фикрда:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Яъни, журналист суҳбатдошимизга кўра, бугунги Вашингтон ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда нималар бўлаётгани, системанинг ичидаги "ўша курашлар"ни ҳам тушунади, билади.
"Шу билан бирга, Вашингтон ҳам, Трамп маъмурияти ҳам, хусусан, Тошкентга нимага қодирлиги, иродаси қай даражада эканлиги, Ўзбекистоннинг АҚШ ташқи сиёсатидаги ўрни ва буни қандай омиллар белгилаб турганини яхши англата олган", - дейди у.
Журналистга кўра, ҳозир мана шу тушунча икки ўртадаги алоқаларни ушлаб турибди.
Янги Ўзбекистон ва ислоҳотлар
АҚШ, расмий Вашингтон янги Ўзбекистон, Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг Ғарбдаги биринчи ва асосий қўлловчиларидан бири бўлади.
Дунёнинг бирор бир давлати эҳтиёткорлик билан бўлса-да, янги Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришларни бу қадар изчил равишда расман ва ошкора олқишлаб келаётгани йўқ.
Аммо, бошқа томондан, бу каби мақтов ва дастак Россия, АҚШ ҳамда Хитой ўртасида Ўзбекистон илова Марказий Осиёда геосиёсий, геоиқтисодий кураш янада кучайган, ҳатто, айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар баҳосида "авжига чиқиб бораётган" бир манзарада кузатилмоқда.
Россия ва Хитой АҚШнинг зиддига Ўзбекистонда аллақачон маълум геосиёсий ва геоиқтисодий "ютуқлар"га аллақачон эришиб бўлган бир пайтда ҳам кўзга ташланмоқда.
Ҳатто, Президенти ўзининг эътирофида ҳам уч йил аввал эълон қилган ислоҳотлари суръати нисбатан суст кечаётганига оид иқрорлар фонида бўй кўрсатмоқда.

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Svetlov
Журналист суҳбатдошимизнинг ўз иш фаолияти ва кузатувларига таяниб айтишича, бугун Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистондаги жараёнлар, Мирзиёев ва у уч йил аввал бошлаган ислоҳотлар дастурини ҳар доимгидан ҳам кучлироқ қўллаб-қувватлайди. Қувватлашга мойил эканини ҳам яшираётгани йўқ.
Суҳбатдошимизга кўра, Вашингтондагилар "бугунги Ўзбекистоннинг нимага қодир эканини ҳам яхшироқ билишади."
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳали-ҳануз "чексиз" муаммолар домида эканини ҳам жудаям яхши тушунишлари"ни айтишади.
"Ҳеч қачон Ўзбекистонда Президент янгиланиши билан ҳамма нарса жой-жойига тушиб кетади, туб муаммолар икки-уч йил ичида ҳал бўлади ёки Ўзбекистонда янгича кадрлар ишлашни бошлайди, авлодлар ўзгаради, Олий мажлис, суд мустақил бўлиб қолади, хавфсизлик органлари бошқача ишлашни бошлайди, деб кутмаганликлари"ни ошкора эътироф этишади.
"Ва айнан мана шу ҳозир олиб борилаётган ислоҳотлар жадаллашгани, унинг натижаларини кўрганимиз сари биз янаям бу ислоҳотларни қўллаб-қувватлайверишимиз керак, деган гапларни эшитамиз", - дейди журналист.
Янги Ўзбекистон ва расмий Вашингтон

Сурат манбаси, GettyImages/MAXIM MARMUR
Янги Ўзбекистоннинг Россия ва Хитой баробарида минтақадаги учта геосиёсий глобал ядровий қудратдан биттаси бўлган Америка Қўшма Штатлари билан алоқалари ҳам Ўзбекистонда айнан қудрат алмашинуви ортидан жадаллик билан ўзгаришларга юз тута бошлаган.
Айнан АҚШ Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан борган биринчи Ғарб давлати бўлган.
Янги Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи, устига устак, шахсан Президент Дональд Трамп таклифи билан амалга ошган.
Биринчиси эканига қарамай, Оқ Уйда "тарихийси" бўлганига оид баҳолар, олқишларга сабаб бўлган.
Ҳар икки томон бир расмий ташрифнинг ўзидаёқ ўрталарида "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаганликларини расман эълон қилишган.
Расмий Кремлни "бефарқ қолдирмаган" бу сафар эса, Марказий Осиёда Россия ва АҚШ ўртасида геосиёсий танглик кучайган бир пайтга тўғри келган.
Бу расмий ташрифдан саноқли ойлар ўтиб, расмий Кремль Тошкент билан жиддий геосиёсий аҳамиятга эга улкан геоиқтисодий лойиҳа - Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станциясини ҳамкорликда қуриш борасида келишиб олишган.
Орада ҳар икки давлат юқори мартабали мулозимларининг Ўзбекистонга кетма-кет ташрифлари ҳам фаоллашган.
Худди шу манзарада Россиянинг янги Ўзбекистонни ўз шамсияси остидаги геоиқтисодий иттифоқ - ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тортиш ҳаракатлари кучайгани кузатилган.
Буларнинг барчаси расмий Вашингтонни ҳам беэътибор қолдирмаган.
Айниқса, сўз Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш эҳтимоли ҳақида кетганда, Америка томонига ўз муносабатини узоқ куттириб ўтирмаган.
Ўзбекистонни расман бунинг оқибатларидан огоҳлантирган, иттифоққа кирса, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолиги ортга сурилиб кетишини айтган.
Орадан қисқа вақт ўтмай, АҚШ ўз Давлат котибини расмий ташриф билан Ўзбекистонга юбориш режасида экани ҳам маълум бўлган.
Улар бу ташриф билан ҳам ўзларининг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини қўллашда давом этишларини яна бир бор расман билдириш истагида бўлишган.
Айни мазмундаги расмий кун тартиби Вашингтоннинг мустақил Ўзбекистон тақдиридан нега бунчалар хавотирда экани ва бу ташвишларнинг даражаси, яъни қанчалик жиддий эканига ҳам далолат қилмай қўймаган.
Майк Помпеонинг амалга ошишига саноқли кунлар қолган бир пайтда, "томонларнинг ўзаро келишувлари" билан ортга сурилган ташрифининг аниқ қачон амалга ошиши номаълум қолаётган бир манзарада Ўзбекистон Президенти кутилмаган баёнот билан чиққан.
Куни-кеча алоҳида бир ташкилотдан алоҳида ном тутмай, аъзо эмас, кузатувчи бўлишлари, ўз мустақилликларини ҳеч кимга бериб қўймасликларини расман баён қилган.
Янги Ўзбекистонинг Президентининг бу қабила "сих ва кабоб ҳам куймайдиган" чиқиши аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчиларни яхшигина ўйлантирмай ҳам қўймаган.
Аммо, бошқа томондан, Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидан алоҳида ном тутмаган бир манзарада, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Олий мажлиси Сенатида айтган айни шу сўзлари манзарасида, негадир, ислоҳотлар масаласини ҳам алоҳида тилга олган.
"Ислоҳотларимизга ҳамма хайрихоҳ бўлиб турсин, оёққа туриб олайлик", - деб айтган.
Ўзбекистон раҳбари "ҳамма" деркан, ўзи эълон қилганидан буён бу ислоҳотларни анчайин эҳтиёткорлик билан бўлса-да, расман ва ошкора дастаклаб келаётган, минтақада Россиянинг асосий геосиёсий рақиби бўлган Америка Қўшма Штатларини ҳам назарда тутганми-йўқлиги номаълум.
Россия бўладими ёки АҚШ - Ислом Каримов Ўзбекистонининг минтақага ўз кўзини тиккан глобал қудратлар билан ташқи сиёсати ҳеч қачон барқарор бўлмаган.
Журналист суҳбатдошимизга кўра, бугунги янгича стратегик шериклик манзарасида ҳам томонлар ўртасида тушунмовчиликлар ҳали бирталай.
"Зиддиятлар бор, келишилмаган нуқталар сероб, лекин бугун ҳар доимгидан ҳам мана шу зиддиятларни ечишга ирода кучли", - дейди Навбаҳор Имамова.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи

Сурат манбаси, GettyImages/SAUL LOEB
Худди шу манзарада АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон илова бир қанча собиқ Шўро давлатларини кўзда тутган ташрифига оид янги хабарлар олинган.
Майк Помпеонинг, таъбир жоиз, Россия "кўз тиккан" яна бир собиқ Шўро давлати - Украинага ташрифи санаси маълум бўлган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи арафасида эса, АҚШ Давлат департаментининг бу йил ана шу ислоҳотларни ҳам дастаклашни кўзда тутиб, Ўзбекистон учун янада кўпроқ молиявий ёрдам сўрагани маълум бўлган.
"Бу ерда қувватлов асосан сиёсий ва бу расмий Тошкент учун жудаям муҳим", дейди Вашингтондан журналист суҳбатдошимиз.
"Яъни Американинг, таъбир жоиз, ўша фотиҳасини олиш, ҳозир қилаётган ишларингиз тўғри, сиз маъқул йўлдасиз, янглиш йўлга тушмаслигингиз учун яна мана бундай қилишингиз керак, деган бир мулоқот, диалог мавжудлиги Тошкент учун катта ютуқ".
Журналист суҳбатдошимизга кўра, мазкур ҳолат, ўз навбатида, расмий Вашингтон қўлловининг, таъбир жоиз, ўзига хос босим ва шартсиз эмаслигига ҳам далолат қилмай қўймайди.
Ўзининг минтақадаги асосий геосиёсий рақибларидан фарқли равишда, уларнинг ҳали-ҳануз, яъни бугун ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари, сўз, матбуот ва диний эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Бу каби қадриятларни ўзлари учун геосиёсий жиҳатдан қанчалик муҳим давлат бўлмасин, янги Ўзбекистонга нисбатан ҳам ташқи сиёсатининг ҳам марказига қўйганини англатади.
Агар, суҳбатдошимиз сўзларига таянилса, расмий Вашингтон Тошкент билан бир эмас, бир неча муҳим соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришни кўзда тутади.
Айниқса, Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлган Афғонистон мавзуси улар учун расмий Тошкент билан ҳамкорликда ҳали-ҳамон муҳим ўрин тутади.
Расмий Вашингтон хавфсизликдан ташқари, Ўзбекистон билан яна бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш, инсон ҳуқуқлари кафолати ва эркинликларни тарғиб қилиш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштириш илинжида.
Инвестициялар жалб қилиш, коррупциядан тозалаш, очиқликни таъминлаш ва бошқа ислоҳотлар билан Ўзбекистонда хусусий секторни янада кенгайтиришга ёрдам беришни хоҳлайди.
Суҳбатдошимизга кўра, икки халқни бир-бирига кўпроқ яқинлаштириш, расмий Вашингтон наздида, ҳар икки мамлакат ҳукуматларининг бир-бирларини яқиндан тушунишлари, янада ҳамкорликда ишлай олишлари учун муҳим.
АҚШ дунёда демократия маёғи сифатида эътироф этилиши баробарида, жаҳоннинг иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси бўлади.
Бир давлатнинг ҳар томонлама қанчалик демократлашгани яқин-яқингача унинг айнан Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларининг даражасига қараб белгилаб келинган.
Янги Ўзбекистоннинг президенти эса, интеграциялар ва интеграциялашув ҳақида қилган чиқишининг энг сўнггида, "Бугун оғир, таҳликали замонда яшаётган" эсалар-да, "тўғри йўлни топиш узоқ" бўлса-да, "лекин шунга интилиш керак", деган.
Бу сўзларнинг айнан нимани англатилиши - Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиш эҳтимолини буткул назардан соқит этишни кўзда тутиш-тутмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо улар айрим сиёсий таҳлилчилар талқинида худди шу каби тахмин ва фаразлар, янги Ўзбекистоннинг мувозанатли ташқи сиёсат юритиш илинжи, истагида эканига оид таҳлилларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Ўзбекистоннинг айни мазмундаги чиқишига расмий Москва - Россия томонининг муносабати ҳалича кўзга ташланмаган. Ўз навбатида, расмий Вашингтон ҳам ҳозирча жим.
Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар эса, айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳимлигини урғулашади.
Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда президент Ислом Каримовнинг концепциясига содиқ қолишлари, Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - улар ҳаммаси билан ўзаро манфаатлари сиёсат олиб боришларини расман ва ошкора қилган.
Журналист суҳбатдошимизга кўра, ўз томонидан, расмий Вашингтон бошқа Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, Ўзбекистонга ҳамиша бошқача кўз билан қараб келган.
Ўзбекистонни жамияти катта, потенциали юқори ва жорий пайтда эса, бунга қўшимча, минтақадаги ўзгаришлар ўчоғи сифатида ҳам кўрмоқда.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, АҚШ Россия ва Хитой билан Ўзбекистон илова Марказий Осиёдаги геосиёсий курашда ўзининг имкониятлари қандай эканини яхши билади.
Аммо, шунга қарамай, ўзининг ролини ҳам яхши англайди, уни янада кучайтириш аҳдида қатъий ва шу пайтгача бу йўлда эришган ютуқларини бой бериб қўймоқчи ҳам эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














