Ўзбеклар Мирзиёев Ўзбекистонидан ҳақиқатда мамнун – Янги Ўзбекистон ва Афғонистон - O'zbekiston

Президентлар

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Svetlov

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбеклар Мирзиёев Ўзбекистонидан ҳақиқатда мамнун - Янги Ўзбекистон ва сиёсат: Кўрилишича, бугун бунинг сабаблари бир эмас, бирталай. Ўзбекистонга виза олиш, бориш осонлашибди. Ўз бизнесини очиб, иш қилиш, бизнес юритиш енгиллашибди...

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳозир виза сўраб, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилаётган афғонларнинг сони ҳафтасига бир неча ўн кишига етибди. Собиқдаги каби таклифнома талаби ҳам йўқолибди.

Ўзбекистонга бизнес юритиш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун борганлари эса, аллақачон меҳмонхоналар ҳам қуриб улгурибди, яна касалхоналар барпо этиш, савдо-сотиқ, тижоратни ҳам жонлантириш илинжида.

Ўзлари учун Ўзбекистондаги боғдорчилик, чорвачилик қилиш ва яна бошқа кўплаб янги имкониятларни ҳам бориб, яқиндан ўрганишмоқда.

Маълум бўлишича, ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда улар учун жуда кўплаб қулайликлар яратилган.

Ўз ётиримларини қўрқмасдан, анчайин бемалол кирита олишлари учун жозибадор бир мамлакатга айланган.

Янги Ўзбекистон ҳукумати ўзлари тўқнаш келаётган ҳар бир муаммога ҳозиржавоблик билан ёндашиб, улар барчасини тезликда ижобий ҳал қилишга уринмоқда.

Худди шу боис ҳам, ўзаро алоқалари жадаллик билан ҳар томонлама кучайиб, мустаҳкамланиб бормоқда.

Бунга эса, айнан "янги Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий ҳамкор"лиги сабаб бўлибди.

Устига устак, Ўзбекистоннинг ўзларига шундоққина девор-дармиён қўшни экани ҳам қўл келибди.

Бу ўзларини логистика, транспортировка, божхона, деган муаммолардан анча халос этибди.

Дейлик, айни шу омил туфайли, ҳатто Туркия билан қисёланганда ҳам, аллақачон бизнес қилиш учун ўзларига Ўзбекистонни афзал кўра бошлашибди.

Аммо худди шу манзарада Ўзбекистондаги солиқлар ва солиқчилик билан боғлиқ айрим тартиблари ўзларини бироз қийнаб қўяётганидан шикоятда бўлганлари ҳам кўрилган.

Ҳатто улар ҳам ҳозир бу муаммони ҳамкорликда ечиш, бунга ҳар икки томон масъулларининг эътиборини тортиш ҳаракатида эканликларини айтишган.

Янги Ўзбекистон ва Афғонистон

Ислом Каримов

Сурат манбаси, GettyImages/IVAN SEKRETAREV

Афғонистон дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топиш, жанг қилишга қодир бўлган биринчи, Ироқ ва Сурия назарда тутилганида эса, яна учта давлатидан биттаси бўлади.

Айнан Афғонистондаги ўзбек жангари гуруҳлари дастлаб Ўзбекистонда асос солинганлари саналади.

Ислом Каримов Ўзбекистони Афғонистонга ҳамиша хавфсизлик призмаси орқали қараб келган.

Бу эса, қанчалик манфаатли бўлмасин, икки қўшни давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларига таъсир этмай қолмаган.

Афғонистон Каримов Ўзбекистони ўзини энг кўп иҳоталаб олган иккита минтақа давлатидан биттаси бўлган.

Янги Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёев эса, ҳали муваққат экан, Афғонистонни ўзлари учун янги бозор, деб эълон қилган.

Ҳануз урушлар ичида эканига қарамай, ўзларининг жанубий қўшнилари билан алоқалари ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятини изҳор этган.

Бор-йўғи ўтган уч йилнинг ўзида бу йўлда қатор жиддий қадамлар қўйган.

Қисқача тафсилот ўрнида

Ўтган уч йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Президентлар даражасидаги учрашувлар, ҳукумат вазирлари мақомидаги ўзаро ташрифлар фаоллашган.

Иқтисодий соҳада бўладими, энергитика, транспорт, таълим ёки маданият - ўзаро ҳамкорликни жиддий ривожлантиришга қаратилган кўплаб муҳим ҳужжатлар, қиймати бир неча ўн миллион долларга баҳоланувчи келишув, шартномалар имзоланган.

Тошкент Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шариф қолиб, пойтахт Кобул қадар ўзининг Савдо уйларини очган.

Савдо соҳасидаги ўзаро ҳамкорликларини кучайтириш учун эса, томонлар ҳатто махсус "Йўл харитаси" ишлаб чиқишган.

Бу билан келгуси йилларда ўрталаридаги товарлар айланмаси ҳажмини бир ярим миллиард долларга етказишни мақсад қилишган.

"Ҳайратон-Мозори-Шариф-Ҳирот" темир йўлининг тўлиқ ишга тушиши билан эса, томонлар ташқи савдо айланмасини нақ 50 фоизга оширишни ҳам кўзлашмоқда.

Икки қўшни давлат "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линияси лойиҳасини амалга оширишга ҳам келишиб олишган.

Ўзбекистон, йилларки, электр энергияси таъминоти бўйича ҳам Афғонистоннинг стратегик шерикларидан бири бўлади.

Афғонистондаги вазиятни унинг иқтисодини ўнглаш орқали яхшилашга ҳам ҳаракат қилиб келади.

Ўзбек ҳукумати яна Афғонистонга бир неча юз минг тонна миқдорида минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, буғдой, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказиб беради.

Айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Афғонистонга мутахассислар тайёрлаб бериш масаласига ҳам эътибор қаратган, Афғонистонга бевосита чегарадош Сурхондарё вилояти маркази Термизда улар учун махсус ўқув маркази ташкил қилинган.

Дипломатик воситачи

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Янги Ўзбекистон худди шу манзарада узоқ йиллик урушлар гирдобида бўлган қўшнисидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни беэътибор қолдирмаган.

Афғонистонда тинч йўл билан барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини янада кучайтириб, жадаллаштирган.

Дейлик, аллақачон Тошкентда халқаро тинчлик анжуманига мезбонлик қилишга улгурган.

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбари бошчилигидаги ҳайъатнинг бир эмас, икки бор Тошкентга келишига эришган.

Ҳатто, улар билан сиёсий идораси жойлашган Қатар пойтахти Доҳада ҳам музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.

Буларнинг барчаси, дунёнинг жаҳон сув йўлларига ёпиқ бўлган саноқли давлатларидан бири бўлган Ўзбекистонга, бошқа томондан, ўзи учун қулай ва қисқа янги йўллар очиш истиқболини ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Янги Ўзбекистон ва Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничиликка асосланган бу каби янгича минтақавий ташқи сиёсати ҳатто жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини ўзига тортган, эътирофларига сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, AGF

Президент Мирзиёев янги Ўзбекистонни дунёга очиш, мамлакати иқтисоди асосларини турфалаштиришга уринаркан, дунёнинг юзга яқин давлатига виза енгилликлари берган.

Қисқа вақтнинг ичида қўл урган бу каби ўзгариш, янгиланишлари билан дунёнинг саноқли давлатлари сафидан жой олган.

Маълум бўлишича, бу ҳам афғонларга қўл келмай қолмаган.

Бугун Афғонистон ташқарисида яшаб, меҳнат қилаётган афғонлар ҳам бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин бўлган.

Дейлик, Германия паспортига эга афғон Ўзбекистонга келиб, Афғонистондаги яқинлари билан Тошкентда бехавотир кўришиш, дийдорлашиш имконига эга бўлган.

Устига устак, уларга Ўзбекистоннинг қанчалар хавфсиз экани ҳам қўл келган, нарх-наволарини ҳам нисбатан арзон, деб топишган.

Узоқ йиллик урушлар сабаб, дунёнинг турли давлатларига йўл солган афғонларнинг сони эса, миллионларга нисбат берилади.

Бу ҳам, ўз навбатида, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада кучайтиришга хизмат қилмай қолмаган.

Яқинда Ўзбекистон Ғарбнинг энг нуфузли нашрларидан бири сифатида эътироф этилувчи The Economist ҳафталиги томонидан ҳатто йил мамлакати, деб топилган.

Ҳафталик Ўзбекистонни 2019 йилда дунёда энг кўп яхши томонга ўзгарган давлат сифатида эътироф этган.

Шу қабила Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган афғонларнинг бугунги иқрорлари, эътирофлари Президент Мирзиёев ислоҳотларининг қанчалик иш бераётганига далолат қилмай қолмаган.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Давомий урушлар сабаб, Афғонистонда йилларки аҳолини расман рўйхатга олиш ишлари имконсиз қолаётган эса-да, бугун бу ўзбекларнинг сони миллионларга нисбат берилади.

Суҳбат Афғонистон учун ўзбек тилидаги телевизион янгиликлар дастури учун тайёрланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek