Ўзбекистон, Қатар, Россия: Толибон қудратга қайтса, ўзгармоқчими?

    • Author, Искандар Керманий ва Сами Юсуфзай
    • Role, Би-би-си Ньюс
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

АҚШ билан тинчлик музокаралари олиб бораётган гуруҳ расмийси Би-би-сига жангариларнинг «ҳарбий куч ёрдамида бутун мамлакатни» босиб олишни истамаслигини маълум қилди.

«Бу Афғонистонга тинчлик келтирмайди,» дейди Шер Муҳаммад Аббос Станикзай.

Шунга қарамай, у хорижий қуролли кучлар Афғонистонни буткул тарк қилмагунга қадар Толибоннинг ҳеч қандай оташкесимга рози бўлмаслигини ҳам таъкидлади.

БМТ тақдим қилган маълумотларда Толибоннинг Афғонистонда мавжуд бошқа қуролли гуруҳлардан кўра кўпроқ тинч фуқаролар ўлимига сабаб бўлганини кўриш мумкин.

Гуруҳнинг Қатардаги сиёсий идорасига бошчилик қилиб келган жаноб Станикзай Москвада юқори мартабали афғон расмийлари дохил ўтказилган учрашув давомида илк бор жаҳон матбуотига сўзлади.

Унинг сўзларига кўра, Толибон 1990 йилларда ҳокимиятни эгаллаб турган бир пайтда бошқа гуруҳларнинг қуролли қаршилигига дуч келгани гуруҳнинг барчасини «музокаралар столига ўтириб ҳал қилган маъқул,» деган хулосага келишига сабаб бўлган.

«Тинчлик ўрнатиш уруш олиб боришдан кўра анча қийинроқ,» сўзлайди жаноб Станикзай. У Афғонистондаги низога якун ясалишидан умид қилаётганини билдирди.

Жаноб Станикзай Афғонистон масаласи бўйича АҚШ махсус элчиси Залмай Халилзод билан бир неча бор учрашган.

Январь ойида икки томоннинг «тил топиша» бошлагани эълон қилинган эди.

Ишлаб чиқилган келишув лойиҳасида асосий эътибор АҚШнинг бор аскарини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши, Толибоннинг эса бирор халқаро жиҳодий гуруҳнинг Афғонистонга киришига йўл қўймаслигига қаратилган.

Бироқ ҳар икки тараф ҳам ўртада ҳали ҳал қилиниши шарт бўлган масалалар бисёр эканига ишора қилган. Айни вақтнинг ўзида АҚШ президенти Доналд Трамп ҳеч бўлмаганда америкалик аскарларнинг катта қисмини олиб чиқиб кетиш билан 17 йиллик инқирозга чек қўйиш ниятида эканини таъкидлаган.

A collapsed building at a military base following a car bomb attack in Wardak province, Afghanistan. Photo: 21 January 2019

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон жангарилари Афғонистон бўйлаб қатор қонли ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлишди

Жаноб Станикзай Би-би-сига президент Трамп маъмуриятининг «Афғонистонга тинчлик келтириш» истагига ишонишини маълум қилди.

Москвадаги учрашув АҚШ-Толибон музокараларидан алоҳида ўтган.

Учрашувга, Толибон делегациясидан ташқари, Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай бошчилигидаги бошқа юқори мартабали расмийлар ҳам келган.

Кун тартибига қўйилган асосий масалалар мамлакатни келажакда қандай бошқариш лозим, Толибон йирик сиёсий кучга айлана оладими ёки йўқ кабилардан иборат бўлган.

Presentational grey line

Толибон ва қудрат алмашинуви

Taliban militants in Afghanistan. File photo

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Музокаралар чоғи жаноб Станикзай Толибон «ҳокимият монополияси»ни хоҳламаслиги, аммо Афғонистон конституцияси «Ғарбдан кўчирилган»и ва айнан у "тинчлик йўлида тўғаноқ" бўлиб келаётгани борасида сўзлаган.

1996-2001 йилларда Афғонистонни бошқарган Толибон мамлакатда шариатга асосланган ўта мутаассиб назорат ўрнатгани билан маълум.

Гуруҳ ҳокимияти даврида, айниқса, аёлларнинг ҳуқуқлари кенг поймол этилган: уларнинг таҳсил олиш ёки ишлашига йўл қўйилмаган.

Лекин жаноб Станикзай Толибоннинг ортиб бораётган таъсиридан «аёллар ташвишга тушмаслиги» лозимлигини таъкидлайди. Унга кўра, гуруҳ аёлларни «Исломий бошқарув ва афғон маданиятига мувофиқ» барча ҳуқуқлар билан таъминлайди.

«Улар мактаб, олийгоҳларга бориши, ишлаши мумкин бўлади,» қўшимча қилади у.

US soldiers attend a training session for the Afghan army in Herat, Afghanistan. Photo: 2 February 2019

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Америка аскарлари афғон ҳарбийларини тайёрлашади

Москвадаги учрашувда иштирок этаётган атиги икки аёлнинг бири бўлмиш Афғонистон парламенти депутати Фавзия Куфи Би-би-сига шундай дейди: "Афғонистонликлар, айниқса, аёлларга қарши ўқлар ёғдириб келган Толибоннинг эндиликда микрофондан фойдаланаётгани ва аёлларга қулоқ тутаётгани жуда ижобий қадам."

Куфи хоним бир Толибон аъзосининг ўзига аёл кишининг президент бўлмаслиги зарурлиги, аммо сиёсий фаолият олиб бориши мумкинлиги ҳақида гапирганини сўзлаб берди.

«Биз уларнинг ҳар бир айтган сўзига ўзи амал қилишига ишонч ҳосил қилишимиз керак,» давом этади Куфи хоним.

Афғонистон ҳукумати Москвада ўтаётган учрашувда қатнашмаган.

Жорий президент Ашраф Ғани Толибонни ҳукумат билан бевосита мулоқотга киришишга мунтазам ундаб келади, аммо гуруҳ шу вақтга қадар бундай чақириқларга рад жавобини берган. Толибоннинг ҳисоблашишича, ҳозирги Афғон ҳукумати АҚШнинг қўғирчоғидир.

Америкалик музокарачилар ҳам Толибон афғон расмийлари билан учрашишга кўндиришга бир неча бор уринган.

Бироқ жаноб Станикзай бу «фақат америкалик аскарларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши эълон қилингандагина» амалга ошиши мумкинлигини таъкидлайди.

Расмий Кобулнинг фараз қилишича, Россияда ўтган бу учрашув сиёсий рақиблар томонидан Афғон ҳукуматини ағдаришга уринишдан ўзга нарса эмас.

Телевидение орқали қилган мурожаатида президент Ғани Москвага борган расмийлар тўғрисида шундай деган: «У ерда йиғилганлар ҳеч қандай ижроия ваколатларига эга эмас. Улар оғзига келганини сўзлаши мумкин.»

Шунингдек, 25 февраль куни АҚШ-Толибон музокараларининг навбатдаги раунди бошланиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek