Туркия ҳарбий базаларидан АҚШ-Исроил ва Эрон урушида фойдаланилганми?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Ibrat Safo
- Role, BBC News Uzbek muxbiri, London
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Эроннинг Туркия ҳаво ҳудудларига ҳамлаларини «оқлаб бўлмайди» деди ва минтақадаги давлатларга ҳужумларидан ҳеч ким манфаат кўрмаслигини айтти.
Президент Масуд Пезешкиан билан телефон суҳбатида у урушни тугатиш учун Туркия дипломатия эшикларини очишга уринаётганини билдирди.
Душанба куни кечқурун бўлиб ўтган вазирлар маҳкамаси мажлисида Эрдўған шундай деди: «Самимий огоҳлантиришларимизга қарамай, Туркиянинг дўстлигига путур етказадиган ўта нотўғри ва гижгижловчи қадамлар олинишда давом этмоқда».
Туркия лидерининг бу чиқишидан бироз аввал НАТО ҳаво мудофааси тизимлари душанба куни Туркия ҳаво ҳудудига кирган иккинчи ракетани уриб туширган.
Телефон суҳбатида Эрдўғон Эрондаги мактаб ҳужумида ҳалок бўлган болалар дохил барча қурбонлар учун чуқур қайғу изҳор қилган, ҳамда Мужтабо Хоманаий янги раҳбар этиб сайланиши минтақада тинчликка сабаб бўлишига умид билдирган.
Инқилобий гвардияга яқин бўлган Фарс ахборот агентлигига кўра, Пезешкиан қўшнилар билан кескинликни камайтиришга тайёр эканини айтган, бироқ бу бир шартга боғлиқлигини қўшимча қилган:
"Қўшниларимизнинг ҳаво ҳудуди, денгиз ҳудуди ва қуруқлиги Эрон халқига қарши ҳужум учун ишлатилмаслиги керак."

Сурат манбаси, Reuters
Туркия – НАТО аъзоси, ва НАТОдаги иккинчи энг йирик армияга эга.
У, шунингдек, Эрон билан 560 километрлик чегарага эга. Бу чегара 500 йилдирки барқарор бўлиб келган.
НАТО аъзоларининг биронтаси Туркиячалик Эрон ичидаги режим билан чуқур муносабатларга эга эмас.
Эрдўған эса, Украина, Ғазо ва қатор бошқа зиддиятлардаги каби, ўзини воситачи сифатида тақдим этишга уринмоқда.
Туркиядаги АҚШ базалари Эронга қарши қўлланганми?
АҚШ Туркияда мутлақ мустақил тарзда ўз ҳарбий базаларига эга эмас, лекин асосан иккита Туркия базасидан фойдаланди. Улар – Адана яқинидаги Инжирлик ҳаво базаси ва НАТО иншоотлари жойлашган Измир ҳаво базаси.
Туркия ва АҚШ ҳаво кучлари биргаликда фойдаланадиган Инжирлик базасида 1500 америкалик аскарлар жойлашган.
Ҳозирда Эронга қарши амалга оширилган ҳужумларда Туркиядаги базалардан фойдаланилгани бўйича тасдиқланган далил-исбот йўқ.
Туркия ўз ҳудудидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужумларни чеклаш ё уларга розилик бермаслик ҳуқуқига эга.
Qo'shnilarimizning havo hududi, dengiz hududi va quruqligi Eron xalqiga hujum uchun qo'llanmasligi kerak.
Ўтмишда Туркия ўз ҳудудидаги базалар Эронга қарши ҳужумлар учун қўлланилмаслигини айтганди.
Хусусан, 2018 йилда Туркия Бош вазири Бинали Йилдиримдан АҚШ Эронга ҳужум учун Инжирлик базасидан фойдаланишни сўраши мумкинлиги сўралганда, у Туркия бунга йўл қўймаслигини билдирган.
Ўтган йил июнида эса расмий Анқара Эроннинг ядровий иншоотларига АҚШ ёки Исроил берган ҳаво зарбаларда Туркия ҳаво ҳудудидан фойдаланилганини рад қилган.
Аммо, Туркиядаги базалар АҚШнинг Эронга ҳужумида бевосита қўлланилмаётган бўлса-да, улар НАТО ва АҚШ учун муҳим стратегик марказ бўлиб қолмоқда.
Эрон ҳам бу базаларни душман истеҳкоми деб билади.
Туркия ва Эрон муносабатлари қандай?
Икки давлатнинг алоқалари "ҳамкор рақиблик" дея таърифланади.
Улар барқарор бўлиб келган, аммо яқин иттифоқчилар эмас. Шунга қарамай, ўзаро юқори даражали ташрифлар амалга оширилиб туради.

Сурат манбаси, Reuters
Уруш бошланишидан бир ой аввал Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Истанбулга сафар қилиб, Президент Эрдўған билан учрашган.
Ўтган йил ноябрида эса Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан Теҳронга бориб Президент Пезешкиан билан кўришганди.
Икки давлатнинг ўзаро муштарак стратегик мақсадлари ҳам бор – иккови ҳам ўз чегараларида курд аҳолини илҳомлантирадиган мустақил курд давлати барпо этилишини исташмайди.
Туркияда 12-20 миллион атрофида, Эронда эса тахминан 7-12 миллион курдлар яшаши айтилади.
Ўтмишдан Анқара ва Теҳрон курд жангари гуруҳларга қарши ҳарбий амалиётларини мувофиқлаштирганлар.
Туркия ва Эрон ўртасидаги чегара Усмонли ва форс империялари ўртасидаги жангларга бориб тақалади.
Яқин Шарқдаги кўпгина қўшниларига солиштирганда, Туркия ва Эрон замонавий тарихда деярли урушмаганлар.
Икки давлат ҳам ўз манфаатларидан келиб чиқиб ўзаро савдо қилади ва ушбу савдо кўламини миллиардлаб долларга чиқаришга бел боғлашган.
Туркия Эрондан Табриз-Анқара газ қувури орқали газ сотиб олади.
Бу йўл билан Туркияга келадиган Эрон гази кўлами охирги йилларда ошиб бормоқда. Масалан, 2024 йилда у аввалги йилга қараганда 30 фоизга ошганди.
Туркия айни қувур орқали 2025 йилдан бошлаб Туркманистон газини ҳам импорт қила бошлаган.





























