Минтақа, Россия ва геосиёсат: АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотларни олқишлади, қадрли ҳамкор деди, бу нима дегани?

Сурат манбаси, official
Биз Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг Марказий Осиёга ижобий таъсирини олқишладик. АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги алоқаларни кучайтириш ниятидамиз.
Бу ҳақда АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон баён қилган.
Унинг бу сўзлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралар ортидан янграган.
Жон Болтонга кўра, Абдулазиз Комилов билан учрашувлари аъло даражада кечган.
Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 16-23 июль кунлари амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида.
Ўзбекистон томонининг расман билдиришича, ташриф доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестиция алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қатор тадбир ва учрашувлар режаланган.
АҚШ Президенти Миллий хавсфизлик масалалари бўйича маслаҳатчисига кўра, Абдулазиз Комилов билан музокаралар чоғида ҳар икки томон учун бирдек манфаатли бўлган кўплаб масалалар хусусида сўз юритишган.
Ўзаро ҳамкорликларини янада ривожлантириш йўлларини муҳокама этишган.
Жон Болтоннинг бу эътирофи унинг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтида бўй кўрсатган.
Маслаҳатчи ўзининг расмий "Твиттер" аккаунтидаги постига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан тушган суратини ҳам илова қилган.
Ўзбекистон ва АҚШ

Сурат манбаси, official
АҚШ Шавкат Мирзиёев расман қудратга келганидан бир ярим йил ўтмай, шахсан президент Дональд Трампнинг таклифи билан расмий ташриф билан борган илк Ғарб давлати бўлади.
АҚШ Номинал Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлади.
Истеъмол қобилияти паритети бўйича эса, бу мамлакат жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаб турган давлат саналади.
Устига устак, Халқаро Валюта Жамғармаси бўладими ва ёки Жаҳон Банки - дунёнинг энг йирик молиявий ташкилотлари ҳам айнан Америка Қўшма Штатларида жойлашган.
Америка Қўшма Штатлари, бундан ташқари, дунёнинг иккита ҳарбий қудратидан биттаси бўлади.
Ўтган йил май ойидаги расмий ташрифи олдидан АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарига мактуб йўллаган.
Мактубида Трамп Мирзиёевнинг минтақавий ташаббусларини "муваффақиятли" деб атаган.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий фаоллар ва журналистларнинг озод этилишини олқишлаб чиққан.
Расмий Вашингтон наздида "тарихий", дея ошкора баҳо берилган ташриф якунида эса, томонлар Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши"га оид қўшма баёнотни имзолашган.
Бунинг ортидан АҚШ юқори мартабали мулозимларининг Ўзбекистонга ташрифлари ҳам фаоллашган.
Томонлар ўртасидаги бу каби борди-келдиларга расмий Кремлнинг муносабати минтақавий экспертлар хос эътибор бериб келган мавзулардан, жиҳатлардан бири бўлган.
Америкалик мулозимларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ортидан Россияникиларнинг келиши, Москвадан туриб урилаётган қўнғироқлар одатий тус олган.

Сурат манбаси, official
Устма-уст баёнотлар
Жон Болтоннинг бу сўзлари АҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Марк Эспернинг худди шунга яқин мазмундаги баёнотидан саноқли кунлар ўтиб янграган.
Марк Эспер Ўзбекистон ўзлари учун ҳурматли ва қадрли ҳамкор эканини айтган.
Айниқса, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни дастаклашда бу сўзларнинг янада ўринли эканини ҳам алоҳида таъкидлаган.
Америка томонининг бу хусусдаги расмий хабаридан Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кучайтириш умидида эканликлари маълум бўлган.
Яна бир юқори мартабали АҚШ мулозимининг бу каби эътирофи Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновнинг ўтган ҳафта Вашингтонга қилган илк расмий ташрифи фонида янграган.
Таъкидлаш жоиз, воқеаларнинг бу каби ривожи Россия Ўзбекистон илова Марказий Осиёда ўз манфаатларини парвариш қилиш, уларни имкон қадар ўзининг сиёсий ва иқтисодий орбитасига тортиш ҳаракатлари манзарасида кузатилган.
Бундан ташқари, Россия, АҚШ ва Хитой қизиқишлари манзарасида минтақада геосиёсий танглик йил сайин кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Трамп қудратга келиши арафасида Америка Қўшма Штатлари бундан буёғига геостратегик устуворликни Осиё ва Тинч Уммони ҳавзасига беришларини ҳам баён қилган.
Халқаро экспертлар расмий Вашингтоннинг бу режасини Хитойнинг, айниқса, сўнгги ўн йилликларда кучайиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятига йўйишган.
Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги давомий ҳарбий ҳозирлиги ва Эронга нисбатан сиёсатини ҳам айнан шу омил билан изоҳлашган.
Афғонистон минтақанинг Хитойга бевосита чегарадош давлатидан биттаси бўлади.
Томонлар ниманинг ҳаракатида?

Сурат манбаси, official
Воқеаларнинг минтақа билан боғлиқ бу каби ривожи манзарасида АҚШ, бошқа томондан, Толибон ҳаракати билан узоқ йиллик афғон урушига ва ниҳоят чек қўйиш ҳамда Афғонистонда қолган сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетиш масаласида устма-уст музокараларга бош қўшган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар шу пайтгача айнан афғон уруши фактори глобал қудратларнинг минтақадаги геосиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги курашларини ниқоблаб келган асосий фактор вазифасини бажариб келганини алоҳида таъкидлаб келишган.
Расмий Тошкент эса, президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган икки йилнинг ўзида кўп қутбли ташқи сиёсат юритиш ҳаракатида экани айтилса-да, Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк атом электр станцияси қуриш каби улкан ва кўп маблағли лойиҳани маъқуллаб ҳам улгурган.
Бу каби битимлар эса, минтақавий таҳлилчилар баҳосида бир давлатнинг ташқи сиёсати йўналишини белгилашда деярли ҳал қилувчи факторлардан бири сифатида кўриб келинган.
Устига устак, Ўзбекистон янги раҳбариятининг янгича ташқи сиёсати фонида Россия мамлакатнинг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлган.
Буларнинг барчаси Америка томонининг Ўзбекистон билан қайта ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ва бугун янграётган устма-уст олқишловчи баёнотлари нимани англатиши, амалда нимани ўзгартира олишига оид саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, воқеаларнинг бу каби ривожи Россия, АҚШ ва Хитой ўртасида Марказий Осиё атрофидаги глобал рақобатнинг сифат жиҳатдан янги бир даражага кўтарилганига далолат қилади.
Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, худди шу манзарада Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинуви, қаттиқ репрессиялар даври тугаб, тафаккурдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар даври бошланди, деган бир тасаввур ҳам АҚШ маъмурияти учун расмий Тошкент билан муносабатларини яхшилашга жудаям қулай бир имконият берган.
У, "Ўзбекистонда ислоҳотлар албатта бўлаяпти. Лекин АҚШ маъмурияти айтган даражада бир ижобий, кенг қамровли ислоҳотлар бўлаяпти, дейишга ҳали жуда ҳам эрта", дея қайд этаркан, "лекин Трамп маъмуриятининг айтаётган гапларини озини кўп ўрнида кўриб, Ўзбекистон билан муносабатларини имкон қадар ижобийлаштириш ва ўша ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш фонида Россиянинг Марказий Осиё, Ўзбекистонга, худди шунинг баробарида, Хитойнинг ҳам минтақага инвестицион таъсирини камайтириш ҳаракати дейишимиз мумкин", - дейди.
Хитойнинг, айниқса, сўнгги йилларда аксарият минтақа давлатларини қамраб олувчи қиймати бир неча миллиард доллардик улкан иқтисодий лойиҳалар билан майдонга чиққани ҳам бор гап.
Камолиддин Раббимов, ўз ўрнида, бу масалада ҳозир Ўзбекистонда Ислом Каримов давридагидек дехатомик фикрлашнинг йўқлиги, президент Шавкат Мирзиёевнинг кўп векторли ташқи сиёсат олиб бориш ҳаракатида экани омили ҳам муҳим рол ўйнамай қолмаганини алоҳида эътироф этади.
Унга кўра, Америка томони ҳам маҳрум қилиш орқали эмас, жозибадорлик, манфаатларни таклиф қилиш орқали Ўзбекистон билан муносабатларини яна илиқлаштириш, ижобийлаштиришга ҳаракат қилаяпти.
Мусиқани барибир пулини тўлаган буюрадими ёки?..

Сурат манбаси, official
Аммо, шунда ҳам, таҳлилчи наздида, Вашингтонда устма-уст янграган сўнгги баёнотлар, олқишлар ҳалича Америка томонидан Ўзбекистонга жиддий инвестициялар, катта-катта лойиҳалар, деган сўзни англатмайди.
"Лекин Америка томонининг айтаётган асосий мўъжизаси - илтимос, биз билан муносабатларни яхшиланг, яхши муносабатда бўлинг, Россия ва Хитойдан масофа сақласангиз, бу ўзингизнинг ҳам манфаатингиздаги иш бўлади, деган муждани бераяпти", - дейди у.
Худди шу сўзлари манзарасида таҳлилчига кўра, Ўзбекистоннинг имкон қадар Ғарб геосиёсати, Вашингтон томонга мўлжал олишининг инвестицион, иқтисодий таркибий қисмлари барибир заиф бўлади.
Унинг айтишича, бу жабҳада Россиянинг иштироки, Россиядан кўра ҳам Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий, сармоявий иштироки истайсизми-йўқми ошиб бораверади.
Таҳлилчи баҳосига ишонилса, "Минтақада мана шундай зиддиятли вазият бу яқин йилларда сақланиб қолаверади".
Лекин, шунда ҳам, таҳлилчининг эътироф этишича, Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим.
"Ўзбекистоннинг глобал репутацияси, халқаро миқёсдаги легитимлиги учун АҚШ, Ғарб ва Европа Иттифоқи билан ижобий муносабатда бўлиши жуда ҳам катта роль ўйнайди".
Аммо, унга кўра, АҚШ Президенти Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг олқишларини расмий Москва, Россия беэътибор қолдирмайди, "жуда ҳам совуққонлик ва қаттиқ бир рашк билан кутиб олади".
"Ўзбекистонга Россия томонидан ЕвроОсиё Иттифоқи, КХШТ, яъни ўзининг ҳарбий блогига кириш учун босимлар албатта кучаяди".
Президент Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда Ислом Каримовнинг концепциясига содиқ қолиш, ўзларининг қўшилмаслик мавқеъларидан чекинмасликларини баён қилган.
"Пекиндаги мутасаддилар ҳам Жон Болтоннинг баёнотини анча эҳтиёткорлик билан қабул қилишади. Лекин Пекин сиёсатининг асосий стили - ўзининг хавотирларини яшириш, совуққонлик билан узоқ муддатли режалар қилиш", - дейди таҳлилчи.
У ўзининг бу каби хулосасини "расмий Кремль ва Вашингтон ўртасидаги информацион, психологик зиддият, можаро ҳануз давом этаётгани" воқеълиги, объектив фактори билан боғлаб тушунтиради.
Аммо, таҳлилчининг энг сўнггида алоҳида урғулашича, Ўзбекистонда тўлақонли ҳуқуқий давлат шаклланди, деган тасаввур пайдо бўлгандан кейин сармоялар ва халқаро муносабатлар бир маромда ривожланиб бораверади, бу ҳолатда ҳеч бир давлат Ўзбекистоннинг геосиёсатини монополия қила олмай қолади.
Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.
Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг ўтган йилги сўрови Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












