Ўзбекистон, Россия, помидор: Ҳоким вирус топилмади деди, Ўздавкарантин эса вирусни қидирмоқда - ўзбекистонликлар нима дейди? O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Россиянинг Фарғонада етиштирилган помидор ва қалампир импортига қўйган тақиқига муносабатан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тақиққа асос қилиб кўрсатилган вируснинг топилмаганини айтди, Ўздавкарантин эса республикадаги помидорларни текширмоқда.
Россия жигар ранг бурушиқ вируси аниқлангани сабабли 26 ноябрь кунидан бошлаб Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир импортини тақиқлаб қўйган эди.
Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) чекловлар Россия ҳудудига вируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш учун мўлжалланганини маълум қилган.
Ушбу хабар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кенг акс-садо берган.
Аксар ўзбекистонликлар мазкур қарор ортида Россия наботот оламини муҳофаза қилишдан кўра Ўзбекистонга сиёсий босим ўтказиш мақсади турибди қабилидаги фаразни илгари сурганлар.
Бироқ Россиянинг тақиқлари бу билан тўхтамаган.
Россельхознадзор помидор тақиқидан икки ҳафтача ҳам ўтмай, Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотлари олиб киришни тақиқлаб қўйган.
Бу сафар тақиққа вилоятдан импорт қилинган туршак партиясида капер қўнғизи номли зараркунанда топилгани асос бўлгани таъкидланган.
Бир вақтнинг ўзида Россия Навоий ва Қашқадарёда етиштирилган помидор ҳамда қалампир импортига ҳам тақиқ қўйганини маълум қилган.
"Вирус топилмади"

Сурат манбаси, xabar.uz
Ўзбекистон расмийлари бир мунча вақт Россиянинг бундай ҳаракатларини изоҳламаган.
"Юксалиш" Умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон расмий доираларида Россия тақиқлари борасидаги сукунатни биринчилардан бўлиб бузган.
Бекмуродов кузатилган ҳолат Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолигини тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эсга солаётгани ҳақида гапирган.
Россия тақиқларининг асосий нишонига айланган Фарғона вилоятининг ҳокими Хайрулло Бозоров эса ўтган ҳафта сўнггида журналистларга агар чекловлар олиб ташланмаса, вилоятга оғир бўлишини билдирган.
Бироқ Бозоров Россия важ қилган вирус Фарғонада етиштирилаётган помидорларда топилмаганини қўшимча қилган.
"Барча иссиқхоналарни текшириб бўлдик. Эътиборли томони, ўша Россияга юборилган помидордан чиққан касаллик бирорта иссиқхонада аниқлангани йўқ", дея ҳокимдан иқтибос келтирган маҳаллий интернет нашрлари.
Бозоровнинг сўзларига кўра, Россия назорат органи вирус топган помидор бор-йўғи 5 килограмм миқдорида синов тариқасида Марғилон бозоридан олиб борилган.
Аммо ушбу помидор етиштирилган иссиқхонада ҳам "вирус топилмаган".
"Охири ўша помидорни сотган тадбиркорни ҳам қидириб топдик ва маҳсулот қаерда етиштирилганини ҳам аниқладик. Биз у ерга ҳам бордик ва иссиқхонани текширувдан ўтказдик."
"Эътиборли томони, унда ҳам касаллик аниқланмади. Бу маълумотларни "Роспотребнадзор" карантин инспекциясига юбордик", деган вилоят ҳокими.
"Долзарб 15 кунлик"

Сурат манбаси, daryo.uz
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (Ўздавкарантин) Россия тақиқи ортидан "Долзарб 15 кунлик" чора-тадбирлар тезкор режаси ишлаб чиқилганини маълум қилган.
Инспекция ҳам ўрганишлар ортидан Ўзбекистон ҳудудида шу вақтга қадар жигар ранг бурушиқ вируси аниқланмаганини хабар қилган.
Шунга қарамай, расмий баёнотда республика ҳудудида етиштирилаётган барча помидор маҳсулотларидан олинган намуналар мутахассислар томонидан ўрганилаётгани билдирилган.
Ўздавкарантин Россельхознадзор томонидан қўйилган тақиқларни "вақтинчалик" деб атаб, улар "асосланмаган хавотир ва турли хил салбий фикрлар"га сабаб бўлаётганини таъкидлаган.
Бундан ташқари инспекцияси расмий баёнотида, айни вақтда, Россия билан бу масалада музокаралар олиб борилаётгани, Ўзбекистон иссиқхоналарида етиштирилаётган маҳсулотларнинг вирусдан ҳоли эканини тасдиқловчи маълумотлар Россельхознадзорга тақдим этиб келинаётгани ва қўйилган "вақтинчалик чекловларни бекор қилиш бўйича зарурий чоралар кўрилаётгани" ҳақида сўз боради.
Вакцина ва помидор
Кибер-фазонинг ўзбекзабон қисмида ва айрим таниқли блогерларнинг постларида эса Россия тақиқларига нисбатан, ҳақиқатанда, салбий бўёқларга йўғрилган муносабат кўзга ташланади.
Масалан, Телеграмдаги таниқли Davletov.uz канали Ўзбекистон помидори ва қалампири "ҳукумат Россия вакцинасини расман сотиб олмаётгани ёки маҳаллийлаштирмаётгани учун тақиқлар ҳамда ахборий хуружларга учраётгани"ни тахмин қилган.
Телеграмдаги бошқа бир машҳур канал - Bakiroo ҳам Россия помидор орқали Ўзбекистонга сиёсий босим ўтказишга уринаётгани ҳақида ёзган.
Канал муаллифи, шунингдек, Россия турли давлатларнинг импорт товарларига чекловлар қўйиш орқали "ўз мақсадига эришиб келгани"ни тилга олган.
"Эсласангиз керак, …бир қарасангиз, Грузиянинг Боржомисини, яна бир қарасангиз Латвиянинг шпроти, Туркия помидори ёки Молдова виноси зарарлигини айтиб, тақиқлар киритиб қоларди".
"Орадан ҳеч қандай вақт ўтмай, Кремль босимлар орқали ўз мақсадига етгач, ўша зарарли деб тақиқланган маҳсулотлар яна бир думалаб фойдалига айланарди", дея ёзган канал муаллифи.
Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда эса Россия қўл урган амални иқтисодий санкцияларга менгзаганлар ҳам учраган.
Аммо кўплаб фойдаланувчилар Россия нега айнан ҳозир Ўзбекистон маҳсулотларига тақиқ қўяётгани сабабини билишга қизиққанлар.
"Помидор уруши"

Сурат манбаси, official
Россия Ўзбекистон маҳсулотлари билан бир вақтда "пестицидлар" боис Озарбайжон помидори импортини ҳам тақиқлагани хабар қилинган.
Эмбарго "Россиянинг Озарбайжоннинг Ғалаба парадига жавобидир", деган Озарбайжоннинг Боку Иқтисодий тадқиқотлар марказининг сиёсатшуноси Губад Ибадоғлу "Франс-Пресс" ахборот агентлигига.
10 декабрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғ урушидаги ғалабасига бағишлаб, парад ўтказган.
Пойтахт Бокунинг "Озодлик" майдонида ўтган "Зафар паради"да Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Туркия ва Озарбайжон расмийлари, Озарбайжон Қуролли кучлари ҳарбийлари қатнашганлар.
Бироқ Ўзбекистон помидори, қалампири ва туршагига қўйилган тақиқ мамлакат ва Россия ўртасида жиддий зиддиятлар кўзга ташланмаган бир вазиятда юзага чиққан.
Шундай бўлсада, кузатувчилар тақиқларнинг Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга муваффақиятли якунлангани кўрилган амалий ташрифи ва АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан телефон мулоқотидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатганига эътибор қаратганлар.
Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон мисолида бу — босим эмас, сигналдир.
Бундан ташқари Россия тақиқлари Ўзбекистон расмий Москванинг сиёсий лойиҳаси ўлароқ кўрилувчи Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилиши арафасига тўғри келгани ҳам эътибордан четда қолмаган.
"Бу психологик босим. Россия қачон ўзининг таъсир ричагларини тўлақонли ишга соладиган ва бу орқали вазиятни жиддий чайқашга ҳаракат қиладиган бўлса, жиддий босим бўлади. Оҳиста сигналларнинг юборилиши Россия ўзининг у ёки бу лойиҳаси, мақсадларини амалга ошириш учун сигналлар дейиш мумкин, холос", — деган Камолиддин Раббимов Россиянинг тақиқлари манзарасида Би-би-си Ўзбек хизматига берган суҳбатида.
10 декабрь куни ўтган Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши саммитида расмий Тошкентга иттифоқда кузатувчи мақоми берилган.
Тақиқлар хавотирланарли эмасми?

Сурат манбаси, yumh.uz
Россиянинг мақсади қандай бўлмасин, мазкур хабарлар ортидан юзага келган энг жиддий хавотир - "тақиқлар Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий зарба бермайдими?" қабилида бўлган.
Таъкидлангандек, Фарғона ҳокими Хайрулло Бозоров чекловлар ўзи раҳбарлик қилаётган вилоят иқтисодиётини оғир аҳволга солиб қўйиши эҳтимолидан хавотир билдирган.
"Юксалиш" Умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса қўйилган тақиқ Ўзбекистоннинг экспорт ҳажмларига жиддий таъсир кўрсатмаслигига ишонч билдирган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакат 2020 йил 1 сентябрь ҳолатида 9 давлатга 78 минг тоннадан зиёд помидор экспорт қилган.
Қиймати $55,6 миллион бўлган бу помидорларнинг энг кўп қисми (34,6 минг тонна) қўшни Қозоғистонга сотилган.
Россия эса жорий йилнинг бошидан 1 сентябрига қадар Ўзбекистондан у қадар кўп бўлмаган миқдорда - 24,1 минг тонна помидор харид қилган.
Жигар ранг бурушиқ вируси нима ўзи?
Ўздавкарантин маълумотларида помидор жигар ранг бурушиқ вируси ёки "Tomato brown rugose fruit virus" кам ўрганилган вирус экани айтилади.
Вирус фақат 2020 йил сентябрь ойига келибгина, Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилотининг А2 рўйхатига киритилган.
Вирус экинларга зарар келтиради, баргларда доғ ҳосил қилиб, уруғ деформациясига олиб келади.
Касаллик уруғлар, вирус теккан асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади.
Россельхознадзор Россия ҳудудидаги сабзавот экинларини муҳофаза қилиш мақсадида 2020 йил 27 июлдан экспортёрларга нисбатан мамлакатга олиб кирилаётган помидор уруғи, кўчатлари ва мевасида мазкур вирус йўқлигини таъминлаш талабини жорий этган.
Ушбу вирусга чидамли помидор навлари шу вақтга қадар яратилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















