Тоғли Қорабоғ: Россия ютқизиб, Туркия ютдими? Озарбайжон ва Арманистон - Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Тоғли Қорабоғ: Россия ютқизиб, Туркия ютдими? - Россиялик ҳарбий экспертлар тинчлик битими ортидан, ҳозир худди шу саволга эътибор қаратишмоқда. Айримларининг келган хулосалари эса, Россия учун қайғули.

"Иккинчи Тоғли Қорабоғ урушининг оқибатлари фақат Арманистон эмас, Россия учун ҳам ҳалокатли", - деб ёзган, жумладан, ҳарбий эксперт Константин Макиенко "Ведомости" нашридаги шарҳида.

Экспертга кўра, муваффақиятли воситачилик ва минтақага тинчликпарвар кучлар(ёки асирлар?)ни киритиш каби ялтироқ ташқи сиёсат ютуғи ортидан, тез орада аччиқ ҳақиқат бўй кўрсатади.

Бу аччиқ ҳақиқат эса, Закавказияда Россиянинг таъсири кескин камайиб, аксинча, омадли ва жанговар Туркияники ниҳоятда ошганида намоён бўлади.

"Россия, Туркия ва Эрон сўнгги уч асрда минтақада асосий ўйинчи давлатлар бўлиб келишган. Энди эса, Бокуга бу учта империячи давлат ўртасида мувозанатли сиёсат олиб боришнинг кераги йўқ. Давлат олдида турган асосий вазифа - 1994 йилда йўқотилган ҳудудларни қайтариш масаласи ҳал қилинди, Туркия билан тўғридан-тўғри алоқа таъминланди ва энди руслар билан умуман бошқача оҳангда гаплашиши мумкин", - деб давом этади эксперт.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Getty Images

Макиенконинг фикрича, сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши учувчисиз ҳарбий дронларнинг бутун куч-қудратини намойиш этган.

"Ҳарбий ҳаракатлар иккинчи ҳафтасининг якунига келибоқ, озарбайжонликлар 1941 йилнинг ёзида "мессершмиттлар" Совет Иттифоқи ҳарбий юк машиналарининг ортидан қувиб юргандагига ўхшаш ҳолатни яратишга муваффақ бўлишди. Озарбайжоннинг учувчисиз қирувчи учоқлари - дронлари арман ҳарбийларининг деярли ҳар бир ўточар қуроли ва гуруҳининг ортидан тушди. Арман кучлари душманнинг ҳаводан мутлақ ҳукмронлигини англаб етган паллада жанг жабҳаси ҳам пароканда бўлишни бошлади", - дейди у.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Reuters

Муаллиф наздида, Озарбайжон ғалабасининг яна бир ҳалича оловланмаган можаро учун потенциал хавфи бор.

Унинг шарҳидан англашилишича, бу Россия янада фаол бош қўшган Донбасс бўлади.

"Москва бу фожиадан чиқариши лозим бўлган асосий сабоқ, хулоса эса, ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон душманга беписанд қарамаслик", - дейди эксперт.

"Масалан, бизнинг ҳарбийларимиз Украина Қуролли Кучларини қандай баҳолашини билмайман, аммо "эксперт"лар орасида ва умуман жамоатчилик фикрида Украина армиясига нисбатан худди шунга ўхшаш қараш мавжуд ", - дея огоҳлантиради у.

Россиялик ҳарбий экспертнинг ёзишича, "бундай хаёллар жуда хавфли ва кутилмаган аччиқ оқибатларга олиб келиши"ни назардан қочирмаслик керак.

"Украина ҳарбийларида оз сонда бўлса-да, учинчи авлод танкларига қарши ракета тизимлари ва "камикадзе" дронлари бор. Ва тез орада Туркияга буюртма қилинган Байрактар ТB2 русумидаги дронлари ҳам етиб келади. Улар ҳам зарба беради ва ҳам разведка қилади. Айни пайтда, Россия армиясида ҳалича бунга ўхшаш дронлар йўқ", деб ёзади Макиенко.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek