Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ битимини олқишлади - Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Prezident

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ битимини олқишлади - келишув Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилганини ҳам таъкидлаб ўтди.

"Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз", - деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев бу масалага Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бугунги саммити чоғида сиртдан қилган чиқишида тўхталди.

"Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдириб" қолди.

Кеча, 9 ноябрь куни кеч тунда Арманистон, Озарбайжон ва Россия тинчлик битими имзолашгани хабари чиққан.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Келишув Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш, қайта қўлга киритган ҳудудларини Озарбайжон назорати остида қолдириш, минтақага Россия тинчликни сақлаш кучларини киритишни кўзда тутади.

Ўзбекистон президенти ҳозирча бу янгиликка расман ва ошкора муносабат билдирган биринчи Марказий Осиё раҳбари бўлган.

Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.

Рақиб томонлар янги урушни очишда бир-бирларини айблаб чиқишган.

Расмий Тошкент буни эътиборсиз қолдирмаган, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги худди ўша куннинг ўзида расмий баёнот билан чиққан.

Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон муносабатларидаги кескинликнинг кучайишидан "жиддий хавотирда" эканини билдирган.

Ўзбекистон бу баёнотини МДҲ нинг амалдаги раиси сифатида ҳам берган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, EPA

Расмий Тошкент тарафларни "ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатиш"га даъват этаркан, "можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақириб" қолган.

Баёнот мазмунидан расмий Тошкентнинг Тоғли Қорабоғ масаласида ўзининг ўтмишдаги мавқеида собит қолгани англашилган.

Аксарият аҳолиси мусулмон қолган беш минтақа давлати ҳам Тоғли Қорабоғдаги жангларни беэътибор қолдиришмаган, бунга ўзларининг расмий муносабатларини билдиришган.

Ўзбекистондан кейин фақат Қирғизистон "можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда" мутлақ тинч йўл билан билан ҳал этишга даъват этган иккита минтақа давлатидан биттаси экани кўрилган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Getty Images

Тоғли Қорабоғ можароси, қарийб ўттиз йилдирки, ўзининг якуний ечимини топмай келади.

Яқинда Россия, АҚШ воситачилигида эришилган ва томонларнинг ўзлари келишган муваққат сулҳ битимлари ҳам иш бермаган, чиппакка чиққан.

Ҳар уч сулҳ битимини бузишда рақиб томонлар бир-бирларини айлаб чиқишган.

Озарбайжон расман охиригача жанг қилишини айтган, музокаралар столига қайтиши учун қатор шартларни илгари суриб келаётганди.

Аммо янги тинчлик битими фонида ҳам Тоғли Қорабоғ қолган қисмининг тақдири ноаён қолгани кўрилган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.

Талаш бўлиб келаётган бу ҳудуд устидан уруш илк бор кузатилаётгани йўқ.

1994 йилда сулҳ билан якун топгани олти йил давом этган.

Tog'li Qorabog' urushi

Сурат манбаси, Reuters

Илк Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.

Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.

Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб, Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.

1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.

Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар ҳануз давом этмоқда.

Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади. Арманистон расман эътироф этилмаган республика тарафини олиб келади.

Бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар эса, аслида 100 йилларга бориб тақалади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek