Жо Байден нима қилмоқчи? - АҚШ янги президенти, дунё, Ўзбекистон, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Жо Байден нима қилмоқчи? - Америка обрўсини тиклаш ва Хитойни енгиш, "қанча керак бўлса шунча" кредит бериш, иш ўринлари ва энг кам ойлик миқдорини ошириш, бепул таълим....Мигрантлар ва мусулмонлар масаласи-чи?
2020 йилдаги президентлик учун ўз кампаниясини бошлар экан, Жо Байден икки нарса - "шу мамлакатни қурган" меҳнаткашлар ва ижтимоий фарқларни бирлаштирадиган қадриятлар учун курашишини эълон қилди.
АҚШ коронавирусдан тортиб, ирқий нотенгликкача бўлган синовлар қаршисида турар экан, унинг мақсади ишчилар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш, атроф муҳит ҳимоясини ва одамларнинг ўз соғлиғи учун ҳуқуқларини, шунингдек, халқаро иттифоқларни тиклаш эди.
Қуйида Жо Байденнинг саккиз масала юзасидан мавқеи борасидаги тафсилотлар берилади:

Сурат манбаси, Reuters
Коронавирус: умуммилий тестдан ўтказиш ва касаллик юқишини кузатувга олиш
Мамлакатнинг ҳал қилиши лозим бўлган энг долзарб муаммоси бўлмиш коронавируснинг тарқалишини жиловлаш бўйича Байденнинг ёндашуви шундай: барчани бепулга тестдан ўтказиш ва касалликнинг кимдан кимга юққанини текшириш бўйича дастурни йўлга қўйиш учун юз минг одамни ишга олиш.
Унинг айтишича у ҳар бир штатда камида ўнта тест қилиш маркази ташкил қилинишини, федерал агентликлар бунинг учун кўпроқ ресурс ажратишини ва федерал экспертлар орқали нисбатан қаттиқроқ тартибдаги миллий йўриқномалар берилишини истайди. У барча губернаторлар жамоат жойда ниқоб тақишни мажбурий қилишлари керак деб ҳисоблайди.
Федерал ҳукуматга шубҳа билан қарайдиган сайловчилар учун бу чоралар меъёрдан ортиқдек кўринса ҳам, аммо Байден ва умуман Демократларнинг давлат қандай роль уйнаши ҳақидаги умумий линиясига мос келади.
Иш ўринлари ва пул: Энг кам ойлик миқдорини кўтариш ва яшил энергияга кўпроқ инвестиция қилиш
Коронавирус инқирози таъсирига муносабат билдирар экан, Байден кичик бизнесга "қанча керак бўлса шунча" кредит бериш ва оилаларга бевосита бериладиган маблағни оширишга ваъда берди. Таклифлар орасида ижтимоий ҳимоя учун ойига қўшимча яна $200 доллардан бериш, Трамп даврида йўлга қўйилган солиқ енгилликларини бекор қилиш ва федерал ҳукумат талабаларга берган кредитлардан $10000 долларидан кечиш ҳам бор.
Байденнинг "Яхшироқ шаклда тиклаш" деб номланган кенг қамровли иқтисодий сиёсати Демократларни дастаклайдиган икки қатламни - ёшлар ва кўк ёқали ишчиларни рози қилишга йўналтирилгандир.
У энг кам маошни соатига $15 доллар қилиб белгилаш керак дейди. Бу рақам 2020 йилда партия учун муқаддас рақамга айланиб қолди ва унинг мавқеи сўл томонга силжигани белгиси бўлди.
Байден, шунингдек, яшил энергия учун $2 триллион доллар инвестиция қилишни истайди. Унинг фикрича, яшил ишлаб чиқаришни кенгайтириш унда асосий ишларни бажарадиган ишчилар синфига катта ёрдам беради.
Америкада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишга федерал бюджетдан яна $400 миллиард доллар ваъда қилинди. Шу билан бирга янги транспорт лойиҳалари учун "Американикини сотиб ол" қоидасини ижро қилишга кўпроқ эътибор қаратиш кўзланган. Байден аввал Шимолий Америка Эркин Савдо Битимини дастаклагани учун танқид қилинган эди. Танқидчиларнинг фикрича, бу битим иш ўринлари хорижга ўтиб кетишига сабаб бўлади.
Унинг режасида федерал ҳукуматнинг АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, хизматлар, тадқиқот ва технологияларга $300 миллиард доллар ажратиш ҳам бор.

Сурат манбаси, VIEW PRESS
Ирқ: Жиноят қонунчилигини ислоҳ қилиш
Шу йил АҚШни қамраб олган ирқчиликка қарши намойишлар аввалида Байден АҚШда ирқчилик борлиги ва озчиликни қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий ва ижтимоий дастурлар орқали бу масалани ҳал қилиш кераклигига ишонишини айтган эди.
Унинг "қайта тиклаш" дастури устунларидан бири озчилик вакилларининг тадбиркорлиги учун $30 миллиард долларлик инвестиция фонди ташкил қилишдир.
Жиноят ҳуқуқи борасида у 1990-йиллардаги кўп танқидга учраган қаттиққўл мавқеидан анча узоқлашган.
Байден ҳозир қамашларни қисқартириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ирқий, гендер ва даромаддаги фарқларни камайтириш ва озодликка чиққан маҳбусларнинг реабилитациясига эътибор қаратишни айтмоқда.
У штатлар қамоққа олишларни қисқартириши, мажбурий минимум қамоқларни камайтириши, марихуанани легаллаштириши, наша билан қамалганларни озод қилиши ва ўлим жазосини бекор қилиши учун уларни рағбатлантириш мақсадида $20 миллиард долларлик грант дастурини ҳам йўлга қўйиши мумкин.
Шунга қарамай, у полицияни молиялашни қисқартиришга қарши, аксинча, маблағ стандартларни сақлаш учун йўналтирилиши керак. У полиция учун ажратилаётган маблағнинг бир қисми ижтимоий хизматларга, масалан, руҳий соғломликка йўналтирилиши кералиги, жамоат тартибини сақлаш дастури учун 300 миллион доллар инвестиция қилиниши зарурлигини таъкидлаган.
Иқлим ўзгариши: Глобал битимга қайта қўшилиш

Сурат манбаси, Reuters
Байден иқлим ўзгаришини ҳаёт-мамот масаласи, деб атаган ва Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимига қайта қўшилиб, бутун дунёни атмосферага ис газини чиқаришни қисқартириш учун дарҳол ҳаракат қилишга ундашини айтган. Президент Трамп чиқиб кетган ушбу битимда АҚШнинг иссиқхона газлари эмиссиясини 2025 йилгача 28 фоизга қисқартириши кўзда тутилган эди.
Гарчи у ўз партиясининг сўл қаноти илгари сурган Яшил янги битимни қабул қилмаса ҳам, яшил технологиялар тадқиқотлари учун федерал бюджетдан $1.7 миллиард доллар ажратишни таклиф қилди.
Унинг бир қисми Байденнинг келгуси 10 йиллик учун иқтисодий режасини молиялаш маблағлари таркибидадир. У 2020 йилгача ноль даражада эмиссия чиқарилишига эришишни ният қилган.
Ўтган йили 60дан ортиқ мамлакат шу мажбуриятни олган эди. Икки йирик углерод чиқарувчи давлат - Хитой ва Ҳиндистон ҳали бу мажбуриятни олганича йўқ. Бунинг учун қилинадиган инвестиция унинг "яшил энергия" маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали иш ўринлари яратиш бўйича иқтисодий режасига мувофиқ келади.
Ташқи сиёсат: Америка обрўсини тиклаш ва Хитойни енгиш
Байден президент сифатида ички масалаларга биринчи галда эътибор қаратишини ёзди. Бироқ бу унинг қатъий изоляционист Трампникидан фарқли бўлган ташқи сиёсат борасидаги кўп томонлама алоқалар, глобал фаол бўлиш каби мавқеи ўзгарганини англатмайди.
У, шунингдек, АҚШ иттифоқчилари, айниқса, Натодагилари билан муносабатларни яхшилашга ваъда берган. Дональд Трамп Натони молиялашни кескин қисқартириш билан таҳдид қилиб келаётган эди.
Собиқ вице президент Хитой атроф-муҳит ҳимояси ва савдо масаласидаги ноҳалол йўл тутаётгани учун жавоб бериши кераклигини айтган ва бошқа демократик давлатлар билан Хитой "эътиборсиз қолдира олмайдиган шаклда" халқаро коалиция тузишни ҳам таклиф қилган. Аммо бу амалда нимани англатишини аниқ айтмаган.
Соғлиқ: "Obamacare"ни кенгайтириш

Сурат манбаси, Reuters
Байден у Президент Барак Обаманинг ўринбосари бўлган вақтда қабул қилинган жамоат соғлиғи суғуртасини кенгайтиришини, 97 фоиз америкаликлар соғлиғи суғурталаниши режасини амалга оширишини айтди.
Гарчи партиясининг сўлчи гуруҳи қаттиқ истайдиган умуммиллий соғлиқ суғуртасини қабул қилмаган бўлса ҳам, Байден барча америкаликларга "Medicare"га ўхшаш жамоат соғлиғи суғуртасига қўшилиш имконини беришга ваъда берган. "Medicare" кексаларга тиббий хизмат кўрсатишни назарда тутади.
Жо Байден бунда ҳам ёш чегарасини 65дан 60га туширишини айтган. Масъулиятли Федерал Бюджет Қўмитаси ҳисоб китобига кўра Байденнинг режаси 10 йил давомида $2.25 триллион долларга тушади.
Иммиграция: Трамп сиёсатини бекор қилиш
Лавозимга келганидан сўнг 100 кун ичида Байден Трампнинг АҚШ Мексика чегарасида ота- оналарни болаларидан ажратиш сиёсатини бекор қилиш, бошпана беришга қўйилган миқдорий чекловларни олиб ташлаш ва бир неча мусулмон давлатидан келувчиларга қўйилган тақиқни бекор қилишга ваъда берди. У, шунингдек, болалигида ноқонуний тарзда Америкага олиб келинганларни - Обама даврида уларга Америкада қолишга рухсат берилган эди - ҳимоя қилиш ва уларнинг талабалар учун бериладиган федерал ёрдамни олишига изн беришга ҳам ваъда берган.
Таълим: умумий мактабгача таълим, коллежларда бепул ўқиш
Сўл томонга сезиларли даражада силжиб, у партия ичида кўпчилик қабул қилган таълим сиёсатига доир кўплаб чораларни - талабалар қарзларидан кечиш, бепул коллежлар сонини ошириш, ҳамма учун мактабгача таълим имкониятини яратишни маъқуллайди. Булар Трамп давридаги солиқ имтиёзларидан кечиш орқали молияланиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbeke


















