АҚШ Давлат Котиби Ўзбекистон мустақиллигини дастаклаш учун Тошкентга келмоқда

Майк Помпео

Сурат манбаси, Getty Images

Давлат Департаментининг расмий хабарида айтилишича, Майк Помпео 5-6 январ кунлари Тошкентга ташриф буюради.

Президент Мирзиёев ва Ташқи ишлар вазири Комилов билан музокаралар чоғида Помпеонинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига Вашингтон дастагини яна бир бор изҳор қилиши кутилади.

Помпеонинг собиқ совет давлатлари бўйлаб ташрифидан Украина, Беларус, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўрин олган.

Бу давлатларнинг барчаси у ёки бу даражада Россия етакчилигидаги интеграция жараёнларига қўшилиш юзасидан Москванинг босимлари остида қолаётгани ишонилади.

Хусусан, сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги юзасидан музокаралар "жадаллашган".

Буни ўтган ҳафта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Россиянинг РИА-Новости агентлиги билан суҳбатда тасдиқлаганди.

Музокараларнинг тафсилотлари номаълум, аммо Президент Мирзиёев "интеграцияларга қўшилиш" Ўзбекистоннинг мустақиллигига путур етказиши ҳақидаги хавотирларни рад этган.

"Мустақиллигимиз қўлдан кетмайди", деган Президент.

АҚШ Давлат Котибининг Ўзбекистонга ташрифи Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга эълон қилинган ташрифи билан деярли бир вақтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистонга Ташқи ишлар вазирлиги Лавров 12-13 январ кунлари Президент ва бошқа расмийлар билан музокаралар олиб боришини айтган.

Россия ҳам, АҚШ ҳам Ўзбекистоннинг стратегик шериклари ҳисобланади.

Тошкент Москва билан иттифоқчилик алоқалари ҳақидаги шартномани ҳам имзолаган.

Ўтмишда Каримов Москва билан алоқаларда масофа сақлагани ва Россия етакчилигидаги интеграция лойиҳаларига шубҳа билан қарагани маълум.

Каримов Евросиё иттифоқини "мустақилликка таҳдид", деб атаганди.

"Улар фақат умумий бозор яратаётганлари, ўз мустақилликлари ва суверенитетларидан воз кечмасликларини айтишаяпти. Аммо қани айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?", деб айтган Ислом Каримов 2014 йил июнида Тошкентда ўтган анжуманда.

Помпеонинг Тошкентдаги музокаралар чоғида ўзбек томонига қандай аниқ ёрдам таклиф қилиши номаълум.

Помпео Тошкентда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан С5 + 1 формати доирасидаги йиғинда ҳам иштирок этиши кутилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek