Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилмоқчи - Матвиенко

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС)га қўшилиш ҳақида қарор қабул қилган.
Бу ҳақда Россия ахборот воситалари Ўзбекистонга келган Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенкодан иқтибос келтирмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Риа-Новости агентлигининг хабар беришича, Матвиенко Тошкентдаги музокаралари чоғида Ўзбекистон ҳукумати ҳозирда Президент Мирзиёевнинг топшириғи билан Россия етакчилигидаги иқтисодий иттифоққа қўшилиш масаласи устида иш олиб бораётганини айтган.
Хабарларга кўра, Матвиенко Ўзбекистоннинг иттифоққа қўшилиш жараёни "кечикишларсиз амалга ошишига" умид билдирган.
Евросиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартнома 2014 йилда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Астана (ҳозирги Нур-Султон)да имзоланган.
2015 йил 1 январидан кучга кирган иттифоққа Россиянинг собиқ ЕвразЭСдаги ҳамкорлари Қозоғистон ва Беларусдан ташқари Арманистон ва кейинчалик Қирғизистон аъзо бўлиб кирган.
Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов Евросиё иттифоқини "мустақилликка таҳдид", деб атаганди.
"Улар фақат умумий бозор яратаётганлари, ўз мустақилликлари ва суверенитетларидан воз кечмасликларини айтишаяпти. Аммо қани айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?", деб айтганди Каримов 2014 йил июнида Тошкентда ўтган анжуманда.
Ўзбекистон томони ҳозирча Матвиенконинг баёнотини шарҳламаган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












