Ўзбеклар, ўзбекистонликлар кимни сайламоқчи – Трамп ёки Байден? АҚШ ва Ўзбекистон, видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Nomzodlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбеклар, ўзбекистонликлар кимни сайламоқчи - Трамп ёки Байден? Сўнгги учтаси назарда тутилса, бу йилги АҚШ президентлиги сайловида иштирок этиш, бўлажак президентга овоз бермоқчи бўлаётган ўзбекистонликлар талайгина, демоқда Пенсильваниядан асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файз.

Тошкент: Ўзбекистон учун ким яхши - Трамп ёки Байден? Таҳлил, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Америка сиёсатида Ўзбеклар қайси тарафда?

Bahodir Fayz

Сурат манбаси, facebook

"Маълумки, охирги йилларда Америка Қўшма Штатларига келиб, муқим ерлашаётган ватандошларимизнинг сони ошиб бормоқда.

2008, 2012, 2016 йилги сайловлар билан қиёсланганда, бу сафар ватандошларимиз орасида бўлажак президентга овоз бермоқчи бўлганлари ҳам талайгина.

Сабаби, узоқ вақтдан бери Қўшма Штатларда яшаб келаётган кўплаб ўзбекистонликларнинг Америка фуқаролигини олаётганликларидир.

Ватандошларимизда Америка фуқаролигини олиш истагининг кучаяётгани, албаттаки, иш жойи, оила қуриб, бу ердаги ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзига мослашиши, натижада, Америка жамиятининг ажралмас бир бўлагига айланишаётгани билан боғлиқ.

AQSh

Сурат манбаси, AFP

Умумиятла, Ғарб давлатларида, жумладан, Америка Қўшма Штатларида ҳам аксар муҳожирлар сиёсий қанотнинг сўл, яъни, социал-демократ жабҳасига яқинлиги маълум.

Бу тамойилнинг турли сабаблари бор. Энг асосий сабаблари эса, албаттаки, Республикачи иқтидорларнинг муҳожирларга нисбатан муносабати, радикал консервативларнинг ўзга диндагилар, баъзан фарқли миллий ўзликларга қарши тоқатсизлигида кўринади.

Айни ўринда, Трампнинг Америкага кўчманликни чекловчи иммиграция сиёсати, мусулмон давлатларга виза чеклови ҳам муҳожир сайловчиларнинг хавотирларига молик ва уларнинг диққат-эътиборидаги воқеълик бўлади.

Америкада яшаётган кўпчилик ватандошларимизда ҳам айни мойилликни кузатишимиз мумкин.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ҳамюртларимиз асосан социал-демократларга яқинликлари, Трампдан кўра, ўзлари учун сиёсий қанотнинг сўл тарафидаги Байденнинг маъқулроқ эканлигини таъкидлашади.

Ўзбекистонликлар ўзаро суҳбатларда бу сайловда ҳам кўпроқ демократчи номзод Байденни сайлаш ниятида эканликларини айтиб келишаяпти.

Албатта, юқоридаги сабаблар туфайли бу мойилликнинг ажабланарли жойи йўқ, мантиқан тўғри бир позиция.

Фақат мен учун қизиқарли бир жиҳати шуки, кўпинча анъанавий қадриятлар, табиатан муҳофазакор ўзликка эга бўлган ўзбекларимизнинг кўпчилиги ҳам сиёсий бошқавурнинг либерал-демократларга ўтишини мақул кўришади.

Сиёсий танловда ватандошларимизда эътиқодий қадриятлардан кўра, кўпроқ прагматик сабаблар устун келади.

Сўзсиз, ватандошларимиз билан ўзаро суҳбатларимизда Трамп сайловчиларини ҳам, қарорсизларни ҳам учратишимиз мумкин.

Муҳими, 2020 йилги президент сайловида америкалик ўзбеклар эркин дунёнинг энг қудратли лидерларидан бирини танлашда иштирок этаяптилар.

АҚШ президент сайлови

Nomzodlar

Сурат манбаси, Reuters/EPA

2020 йил 3 ноябрь, сешанба куни АҚШнинг 59-президентлик сайлови бўлиб ўтади.

Сайловчилар томонидан сайланадиган "Electorate College", яъни президент ва вице-президентни сайловчи штат делегатлари декабрь ойида президент ва унинг ўринбосарини сайлашади.

Агар бирон бир номзод сайловда ғолиб бўлиш учун зарур бўлган камида 270 сайлов делегатининг овозини ололмаса, АҚШ Вакиллар Палатаси учта номзод орасидан энг кўп овоз олган номзодни, АҚШ Сенати эса қолган икки номзод орасидан вице-президентни танлайди.

Сайловлар Вакиллар Палатаси, Сенат ва турли маҳаллий сайловлар билан бир вақтда ўтказилади.

Бу президентлик сайловлари нафақат Америка халқи учун, балки бутун дунёда муҳим аҳамиятга эга, дунёдаги сиёсий жараёнларни ўзгартирувчи муҳим омил ҳисобланади.

Бу сайловни Қўшма Штатлардан ташқари кўплаб мамлакатларнинг фуқаролари диққат ва қизиқиш билан кузатиб боришаяпти.

Американинг Хитой, Россия ва Яқин Шарқ давлатлари билан келажакдаги муносабатлари ҳам бу сайлов натижасига боғлиқ.

Россия билан нисбатан илиқ муносабатда бўлган ҳозирги президент ёки Обама даврида Путин ҳукуматига қарши иқтисодий санкцияларни бошлаб берган демократ номзодни сайланиши муҳим аҳамиятга эга.

Америка халқи бу сайловда амалдаги президент Республикачи Дональд Трамп ва Демократик партия номзоди Жо Байден ўртасидаги танлов натижаси ўлароқ келажак 4 йил учун янги лидерини танлайди.

Сайлов бутун дунёни ўз таъсири остига олган Covid -19 пандемияси билан бир пайтга тўғри келди.

Юзага келган бу вазиятда, икки номзоднинг сайловолди дастурлари қандай бўлишидан қатъиназар, асосий баҳслар, сиёсий тортишувлар пандемия соясида қолиб кетмоқда.

Америка, энг ривожланган давлатлардан бири бўлишига қарамасдан, дунёда коронавирус пандемияси туфайли вафот этганлар сони бўйича биринчи ўринда.

Айниқса, пандемия туфайли Америка иқтисодининг катта зарар кўрганлиги, карантин натижасида маҳаллий бизнесларнинг ёпилиши ва ишсизликнинг тобора ортиб бораётгани аҳолини ташвишга солмоқда.

Айни вақтда президент Трампнинг коронавирус тарақалишининг олдини ололмагани ва етарлича чора кўра билмагани ҳам бу сайловнинг асосий мавзусига айланди.

Табиийки, бу ҳолат амалдаги президент Дональд Трампнинг қайта сайланиши учун умидларни камайтиради.

Номзодларнинг сайлов дастурларидаги бошқа фарқлларни эса, одатдагидек, классик консерватив ва либерал-демократик қадриятларда кўришимиз мумкин.

Президентлик учун кураш

Frafika

Мана, президентлик учун рақобат сўнгги ҳафтасига кирмоқда.

Сайловда ким ғолиб бўлишини олдиндан аниқ тахмин қилиш қийин бўлса-да, барча сўровномаларда Байден рақиби Трампга нисбатан 6-7 фоиз олдинда экани кўрилаяпти.

Аммо сўнгги, 2016 йилдаги сайлов арафасида ҳам сўровномалар Ҳиллари Клинтонга устунлик берган бўлса-да, ажабланарлиси, сўнггига бориб, Трамп бу бўшлиқни ёпган, овозларнинг кўпчилиги билан бўлмаса-да, делегатлар сони бўйича сайловда ғолиб келган эди. Шунинг учун башорат қилишда эҳтиёт бўлиш керак, деб ўйлайман.

Сайлов қандай бўлишидан қатъиназар, Трамп президентлиги Америка сиёсий тарихидаги жуда ғайриодатий давр сифатида муҳрланади.

Унинг президентлиги даврида Америка сайловчилари ҳар қачонгидан ҳам парчаланиб, иккига бўлинган.

Пандемия ва иқтисодий қийинчиликлар ҳукм сураётган бир пайтда, ўлим даражаси қарийб 250 мингга тенг бўлишига қарамай, Трампнинг ҳали ҳам сўнгги дақиқаларда ғолиб чиқа олиш эҳтимоли, унинг сайлов базаси ҳамон мустаҳкамлигини кўрсатмоқда.

Республикачилар, тарафдорлари Трампнинг пандемияга қарши курашиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди, деб ўйлашса, демократик сайловчиларнинг аксари ҳукуматни бу инқирозга бевосита жавобгар, деб билади.

Кузатишларимга кўра, сиёсий маънода кескин қутблашган жамиятларда сиёсий партиялар дастур асосида қўллаб-қувватланадиган тузилмалардан кўра кўпроқ тарафдорлари билан ҳис-туйғуга асосланган робита ўрнатиши мумкин бўлган идентификация гуруҳларига айланади.

Бу гуруҳлашма кўпроқ оқ танли, маълумотсиз қишлоқ аҳолиси билан нисбатан либерал, этник рангбаранглик кучлироқ бўлган маълумотли шаҳар аҳолиси ўртасида ҳам кучаймоқда.

Шубҳасиз, бу қутблашмада Трампнинг роли катта. Трампнинг ўзи сайловчиларнинг бу қадар кескин қутбланишининг меъмори сифатида кўрилади. Ушбу ҳолат эса, сўров натижаларида ҳам ўз аксини топди.

O'zbeklar

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek