Яна гўшт мавзуси: Қирғизистон минтақада ҳалол гўшт хабига айланмоқчи - энди гўшт арзонлайдими? Qirg‘iziston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Go'sht

Сурат манбаси, BBCUZBEK

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Яна гўшт мавзуси - Қирғизистон минтақада ҳалол гўшт хабига айланмоқчи - энди гўшт арзонлайдими? Яқинда Ўзбекистон Қозоғистоннинг чорва моллари экспортига қўйган чеклови сабаб, Қирғизистондан чорва моллари сотиб олишни кўпайтиргани ҳам қайд этилган.

Бунинг ортидан, Қирғизистонда ҳам қорамол экспорти тақиқланган, масъулларнинг бу қарори маҳаллий фермерларни аллақачон қийин аҳволда қолдирган.

"Қирғизистон фермерлари, ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчилари жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши учун бирлашишлари ва иттифоқ тузишлари керак. Республика ҳалол саноатининг марказига айланиши мумкин".

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири ўтган ҳафта худди ана шундай баёнот берди, расман матбуот анжумани ўтказди.

Вазир Тилек Тўқтўғазиевга кўра, бугунги кунда вазирлик фермерлар, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларни бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

"Ушбу уюшма устувор йўналишга эга, чунки кўпгина деҳқонларимиз жаҳон бозорида ўз салоҳиятини рўёбга чиқара олмайди. Маҳаллий деҳқонлар ҳалол саноатида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказига айланиш учун улкан салоҳиятга эга, аммо бунга фақат бирлашиш орқали эришиш мумкин", деган вазир.

Унинг сўзларига кўра, фермерларга аниқ ва ўз вақтида маълумот бериш учун вазирликда электрон ҳужжат айланиши жорий қилинмоқда.

Шунингдек, фуқароларга қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун ахборот тизимини яратиш бўйича ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Вазир Тилек Тўқтўғазиевнинг мазкур баёноти республикадан қорамолларни хорижга олиб чиқилишига тақиқ қўйилиши ортидан фермерлар норозилиги кучайган бир пайтда янграмоқда.

Вазир Тилек Тўқтўғазиев

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Вазир Тилек Тўқтўғазиев

Қирғизистон ҳукумати жорий йилнинг 19 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий этишга қарор қилган.

Ҳукумат қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари: чорва моллари ва буғдой, шакар, ун, шакар, ўсимлик мойи, гуруч, арпа, туз, товуқ тухумлари, тирик товуқлар ва ем каби товарларни кўзда тутган.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари, шу жумладан, тирик қорамоллар, қўй ва эчкиларни 6 ой муддат давомида экспорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилинган.

Қирғизистон ҳукуматининг ушбу чеклови ички бозорда гўшт нархи кўтарилиб бораётгани билан изоҳланган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг чорва моллари экспортига ўрнатган чеклови сабаб Қирғизистондан чорва моллари сотиб олишни кўпайтиргани ҳам қайд этилган.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Тилек Тўқтўғазиевнинг фикрича, норасмий маълумотларга кўра, Қирғизистондан ҳар куни мингга яқин сигир қўшни давлатларга экспорт қилинади.

Унга кўра, расмий статистик маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 10 ойи давомида 600 дан ортиқ қорамол экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу рақам аллақачон 8 мингдан зиёдроқни ташкил этган.

"Ўтган йилга нисбатан Қирғизистондан 10-12 баравар кўп мол экспорт қилинди. Whats App, Telegram да Ақси, Ола-Буқа, Ўш ва Боткен шаҳарларида фермерлар молларни қандай қилиб ноқонуний олиб ўтиши тўғрисида маълумот берувчи махсус ишонч телефонлари ҳам ишга туширилди. Норасмий маълумотларга кўра, кунига мингга яқин сигир Қирғизистондан экспорт қилинмоқда", деган вазир Бишкекдаги матбуот анжуманида.

Тўқтўғазиев тилга олган шаҳар ва туманлар Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан чегарадош ҳудудлар ҳисобланади.

Ўтган ой Қирғизистондан Ўзбекистонга қорамол ва қўйлар экспорти кўпайиши ортидан, республикада ҳам гўшт нархи ошиб кетган.

Мамлакат ҳудудидан қўшни давлатга қанча ҳайвон юборилаётганига доир расмий аниқ рақамлар имконли эмас.

Республикада гўшт нархининг кўтарилиши важидан, вақти-вақти билан қўшни давлатга қорамол экспортини чеклаш ташаббуслари айтилиб келинади.

Қирғизистон қўшни Тожикистон, Қоғозистон ва Ўзбекистонга қорамол ва гўшт маҳсулотларни экспорт қилиб келади.

Норозиликлар

Вице-спикер Мирлан Бакиров

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Вице-спикер Мирлан Бакиров

Республикадан қорамолларни хорижга олиб чиқилишига расман тақиқ қўйилиши ортидан, унгача кундан-кунга қимматлаб бораётган чорва моллари нархи ҳам тушган.

Бироқ, бунга қарамай, гўшт нархи сезиларли даражада арзонламаган. Фарқ бор-йўғи 10-20 сентни ташкил этган, холос.

Бугунги кунда Қирғизистондаги гўштнинг ўртача баҳоси $5,30 доллар атрофида экани кўрилади.

Қорамоллар эспорти тақиқланиши ортидан, маҳаллий фермерлар норозилиги кучайган.

Улар ем-хашак нархлари юқори эканидан нолишмоқда.

Ҳаттоки, фермерлар ҳимоясига парламент депутатлари ҳам чиққан. Уларнинг сўзларига кўра, чорва молларини экспорт қилишга қўйилган тақиқни бекор қилиш керак.

Депутат Бейшенали Нурдинов фикрича, чекловлар гўшт нархи билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштира олмайди. Чорва моллари эгалари эса, тақиқ сабаб зарар кўрмоқда.

"Чорва моллари давлатга эмас, фермерларга тегишли, чекловни олиб ташлаш керак", дея талаб қилган депутат вазир Тилек Тўқтўғазиевдан парламент йиғинида.

Вице-спикер Мирлан Бакиров ҳам чорва моллари экспорти тақиғига қарши экани, давлат тарафидан фермерларга ёрдам берилмаётганини таъкидлаган.

"Буни тақиқлаш осон, лекин сиз ўзингиз бир парча ўт бермайсиз. Ёки фермерларга субвенция ёки дотация бердингизми?", - дея вазирга дакки берган вице-спикер.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek