Қирғизистон: Ҳукумат расман истеъфога кетди, Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди - видео, Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

Bishkek

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO/AFP VIA GETTY IMAGES

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Янгиланди, Қирғизистон: Ҳукумат расман истеъфога кетди, Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди - президент Жээнбеков Бош вазир истеъфосини расман қабул қилди. Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси раҳбарини бўшатди. Хавфсизлик Кенгаши котибини ишдан олди. Бишкекда фавқулодда ҳолат амалда, аммо намойишлар тинмаган:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шоҳруҳ Соипов,

Мустақил журналист, Қирғизистон

"Бишкекда ҳукумат уйи олдида намойишлар давом этмоқда. 5 октябрь куни Оқ уйни намойишчилар тарафидан ишғол этилиши ортидан, қамоқдан озод қилиниб, Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Садир Жапаровнинг тарафдорлари уни бу лавозимдан олинишига қарши эканини айтишмоқда.

"Бу бизнинг сўнги имкониятимиз, Садир оғамизни сайлашимиз керак, охиригача турамиз. Садир Жапаровга тўсқинлик қилишни тўхтатинглар. Аида Қасималиева сотқинликни тўхта", каби шиорларни айтиб, ҳайқириб туришибди.

Шунингдек, марказий майдонга қуролли кучлар ҳарбийлари, милиция ва хавфсизлик кучлари йиғилмоқда.

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Бугун Жўғўрқу Кенгаш депутатлари тушки соат 12да навбатдан ташқари йиғин ўтказишлари маълум қилинган эди. Бироқ депутатларнинг тўлиқ келмагани сабаб, йиғин кечки соат 16:00га қолдирилган. Бироқ орадан икки соатга яқин вақт ўтса-да, депутатлар сони озлиги сабаб, йиғин бошланмаган. Йиғинга 46 депутат келган, олти нафари эса ишонч қоғозини юборган.

"Йиғинга камида 61 депутат қатнашиши керак. Кворум йўқ бўлса, унда, албатта, парламент давлат идораси қатори йўқ экани маълум бўлади", деган парламент спикери Миқтибек Абдилдаев.

Бу орада депутатлар алоҳида гуруҳ бўлиб, ўзаро вазиятни муҳокама қилаётгани айтилмоқда.

Вице-спикер, Аида Қасималиева ўзининг Facebook саҳифаси орқали уч кун аввал Бош вазир лавозимига тайинланган Садир Жапаровнинг номзодини ўзи билан биргаликда қўллаб-қувватлаган Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалицияси депутатларига мурожаат қилган.

"Биз Садир Жапаров парламент ичидаги ва ташқарисидаги турли хил сиёсий кучларни бирлаштирадиган, ҳукумат ва мухолифат ўртасида кўприк бўладиган, келишмовчиликларни бартараф этишга ёрдам берадиган ва янги парламент сайловларини бемалол ўтказиши учун шароит яратадиган шахс бўлиб етишишига ишонган эдик. Афсуски, сўнгги бир неча кунги воқеалар шуни кўрсатдики, унинг шахсий фазилатлари ва хизматларидан қатъиназар, ҳозирги пайтда вазият шундай ривожланганки, жамиятнинг муҳим қисми уни қабул қилишдан бош тортади ва бутун мамлакатни бирлаштириш ўрнига, аксинча, бўлиниш ва келишмовчиликларни кучайтиради. Бизни бундай таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун, ҳурматли депутатлар, мен Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалициясига аввалги қарорини қайта кўриб чиқишни ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири лавозимига янги номзод кўрсатишни таклиф қиламан", дейди депутат Аида Қасималиева.

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Бу орада сиёсий доираларда Бош вазир лавозимига Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Джекшенқуловнинг номзоди олға сурилаётгани айтилмоқда. У депутатларга холис шахс ва ҳеч қайси бир партиянинг аъзоси эмаслигиги маъқул бўлаётгандек.

Шунингдек, Бош вазир лавозимига таҳлилчи Таалат Масодиқов ва Ўш вилоятининг собиқ ҳокими Узарбек Жилқибоевлар ҳам кўрилаётгани хабар қилинмоқда.

Алмазбек Атамбаев яна қўлга олинди

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, бугун, 10 октябрь куни, Бишкек яқинидаги Қўй Тош қишлоғидаги уйида қўлга олинган. У билан тан соқчиси Қанат Сағинбаев ва Дамир Мусакеев ҳам ушланган.

Қирғизистон Миллий Xавфсизлик Давлат хизматининг маълумотига кўра, собиқ президент ва унинг тан соқчилари 9 октябрь куни Бишкекда юз берган воқеа юзасидан "Оммавий тартибсизликларни уюштириш" бўйича очилган жиноий иш доирасида қўлга олинган.

Ҳозирда бу ишга алоқадор бошқа одамларни ҳам қўлга олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Кеча, Бишкекдаги "Ала Тоо" марказий майдонида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги мухолиф сиёсий кучларнинг тарафдорлари, Бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг тарафдорлари билан тўқнашган.

Мухолифат Бош вазир лавозимига ёш, билимли одамлар келиши кераклигини, Садир Жапаров эса бунга лойиқ эмаслигини иддао қилган. Қарши тараф эса, аксинча, мухолифатнинг иддаолари асоссий эканини маълум қилган.

Шундан сўнг, икки тараф бир-бирларига тош отиб, тўқнашганлар. Мухолифат вакиллари қўриқчилари ёрдамида майдонни тарк этишга мажбур бўлган. Алмазбек Атамбаев ва айрим сиёсатчиларнинг мошиналарига ўқ отилган. Бироқ халок бўлган, ёки яраланганлар бўлмаган.

Ҳукумат истъефога чиқарилди

Bishkek

Сурат манбаси, courtesy

Кеча, президент Сooрoнбай Жээнбеков Бош вазир Қубатбек Бўрўнов ва Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг раҳбари, Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ва унинг муовинини, Қуролли Кучлар раҳбарини истъефога чиқарган.

Бош вазир вазифасини вақтинчалик бажариш Алмазбек Батирбековга юклатилган.

Қолган идораларни эса, бунгача муовин бўлиб ишлаган расмийлар бошқаради.

"Халқ инқилоби" ортидан Ички Ишлар Вазирлиги раҳбарлигини эгаллаган Курсан Асанов ҳамда Xавфсизлик хизмати раҳбари Ўмурбек Суваналиевлар президент ёрлиғидан сўнг ушбу идора ходимлари тарафидан кўчага кузатиб қўйилган.

Шунингдек, президент 10 октябрдан бошлаб пойтахт Бишкекда фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиш фармонини ҳам чиқарган.

Бишкек шаҳар кoменданти этиб Алмаз Орозалиев тайинланган. Комендант Бишкек ҳудудида барча фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун кечки соат 21.00дан, эрталабки 5.00 гача комендантлик соати ўрнатишни буюган. Пойтахт комендатура фаолиятини олиб борувчи ва унга кўмак берадиган давлат ва коммунал хизматчилари бундан мустасно.

9 октябрь

Қирғизистон: Бишкекда фавқулодда ҳолат, аммо янги тўқнашувлар бошланди - видео

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Янгиланди, Қирғизистон: Бишкекда фавқулодда ҳолат, аммо янги тўқнашувлар бошланди. Марказий Осиё лидерлари жиддий ташвишда - қўшма баёнот билан чиқишди. Қирғизистон халқини оқилликка чақиришди. Қирғизистонда ҳокимият кимнинг қўлида қолаётгани ҳануз ноаниқ. Оломон бошқаруви юзага келаётганидан жиддий хавотирлар бор:

Қўшма баёнот Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари томонидан чиқарилган.

Ўзбекистон президентининг ҳар уч давлат раҳбарларига Қирғизистондаги вазият билан боғлиқ телефон қўнғироқларидан саноқли кун ўтиб бўй кўрсатган.

Ўзаро суҳбат чоғида барча президентлар Қирғизистондаги вазиятнинг тезда тинч ва қонуний йўлда барқарорлашувига умид қилиб қолишганди.

Шу соатларда Қирғизистон президенти Бишкекда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди, махсус фармонни имзолади. Энди шаҳарга қўшинлар киритилиб, блокпостлар ўрнатилади.

Маълум бўлишича, "оммавий тартибсизликлар натижасида юзага келган ҳамда одамлар ҳаёти ва саломатлигига таҳдид ва зўравонликларни келтириб чиқарган мураккаб вазият сабаб" бу каби қарорга келинган.

Фавқулодда ҳолат режими билан "ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш" мақсад қилинган.

Namoyishlar

Сурат манбаси, Reuters

Айни пайтда пойтахтда турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бошланган.

Бишкек марказида бир вақтнинг ўзида бир нечта митинглар давом этмоқда, унда турли сиёсий кучлар иштирок этмоқда.

Интерфакс хабарига кўра, яқинда намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари пойтахтнинг марказий майдонига йиғилишган.

Шунингдек, собиқ депутат, қамоқдан озод қилинган ва айрим депутатлар томонидан Бош вазир этиб тайинланган яна бир сиёсатчи Садир Жапаровни қўллаб-қувватловчилар ҳам бор.

Бундан ташқари, Президент Жээнбековнинг тарафдорлари ва бошқа сиёсий кучлар мамлакатнинг турли шаҳарларида ўзларининг акцияларини ўтказмоқдалар.

Бишкекдаги тўқнашув пайтида Жапаров тарафдорлари Атамбаев тарафдорларига тош ва бутилкаларни улоқтиришган, шундан сўнг собиқ президент ва унинг тарафдорлари майдонни тарк этишган.

Хабарларга кўра, Атамбаевнинг энг яқин шериклари унинг ҳаётига суиқасд қилинганлиги ҳақида хабар беришган.

Шунингдек, "Ата-Мекен" партиясидан Бош вазирликка муқобил номзод бўлган 29 ёшли Тилек Тўхтагазиев касалхонада эканлиги айтилмоқда.

Namoyishlar

Сурат манбаси, EPA

Фавқулодда вазият 9 октябрь куни 20:00 дан 21 октябрь 8:00 гача амал қилади.

Президент фармонига мувофиқ, Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Алмазбек Орозалиев шаҳар коменданти этиб тайинланди.

Президент комендантлик соати жорий этди, митинглар ва бошқа оммавий тадбирларни тақиқлади ва оммавий ахборот воситалари устидан ҳам назорат ўрнатди.

Жээнбековнинг ушбу фармони ижро этилаётгани ёки мамлакат президентининг ҳарбий буйруқлари бажарилаётгани номаълум.

Aммо ТАСС мухбирининг хабар беришича, у Бишкекнинг жанубий ва ғарбий қисмларида ҳарбий хизматчилар бўлган ҳарбий юк машиналари карвонини кўрган.

Қўшма баёнот

Namoyishchilar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг расмий веб саҳифасида чоп этилган қўшма баёнот, "қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда", деган сўзлар билан бошланади.

«Кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган яқин қўшнилар сифатида ушбу қийин кунларда Қирғизистон халқини мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган доноликни намоён этишга чақириш"лари айтилади.

«Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, Конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид" билдирилади.

Тўрт минтақа президентининг таъкидлашича, «Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омилидир".

«Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир, улар умумий келажакни барпо этмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажак авлодлар фаровонлиги учун барқарор тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради», - дея давом этилади қўшма баёнотда.

Сўнггида эса, "Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканлар, Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлашлари" таъкидланади.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, EPA

Сўнгги воқеалар Қирғизистонда ўтган 15 йил ичидаги учинчи инқилоб сифатида ҳам баҳоланган.

Қирғизистондаги сўнгги инқилоб 2010 йил апрелида амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилиши билан якун топган.

Шундан саноқли ойлар ўтиб, Қирғизистон жануби қонли этник низоларга саҳна бўлган.

Тўқнашувлар юзлаб одамнинг умрига зомин бўлган, халқаро ҳисоботларда улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилган.

Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади. Ўзбекистоннинг стратегик шериги саналади.

Дунёнинг юз минглаб ўзбеклар яшовчи мамлакатларидан биттаси саналади, расмий ҳисоб-китобларда Қирғизистондаги ўзбеклар сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг сешанба, 6 октябрь кунги баёнотида, "Қирғизистонда юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи ўзларида жиддий ташвиш уйғотаётгани"ни билдирган.

"Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилиб қолган"ди.

Қирғизистон: Жээнбеков президентликдан кетишга тайёр, аммо шарти бор

Prezident

Сурат манбаси, official

Қирғизистон: Жээнбеков президентликдан кетишга "тайёр", аммо шарти бор - Қирғизистон президенти ўтган беш кун ичида учинчи бор халққа мурожаат билан чиқди. Ўзи учун ҳеч қандай лавозим давлат яхлитлиги, халқ бирлиги ва жамият тинчлигидан юқори эмаслигини айтди. Сооронбай Жээнбековнинг аниқ қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Мамлакатда ҳокимият кимнинг қўлида қолаётгани ҳануз номаълум.

Президент Жээнбеков бугун, 9 октябрь куни яна бир бор Қирғизистон халқига мурожаат қилди.

Мамлакати қонунийлик йўлига тушиши биланоқ, Қирғизистон президенти лавозимидан истеъфога чиқишга тайёр эканини айтди.

Унинг бу гапи президент расмий веб саҳифасининг ўзида сарлавҳага чиқди.

Президент Жээнбековнинг айтишича, мамлакатдаги сиёсий вазият ўзининг ҳал қилувчи, жуда муҳим нуқтасига етган.

Қирғизистон президенти бунинг ортидан мавжуд вазиятни барқарорлаштириш учун нималар қилиниши борасида ҳам бирма-бир тўхталиб ўтган.

Жўғорқу Кенгашга сайлов натижаси бекор қилинди. Энди янги сайлов санаси тайин этилиши керак. Марказий Сайлов Комиссияси бу борада қарор қабул қилади. Бу чоралар ҳозирги сиёсий тангликни юмшатади, деб айтган қирғиз раҳбари.

Шу билан бирга, инқирозгача ишлаган Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш зарурлигини айтган. Унга кўра, бу янги тайинловлар учун қонуний асос яратади.

Қирғизистон раҳбари бунинг учун Жўғорқу Кенгаш қарори ва президент фармони талаб қилинишини таъкидлаган.

Шу боис, Кенгаш қарорларини кутиши, ўзи тегишли фармонларни имзолашга тайёр эканини айтган.

Президент Жээнбеков парламент аъзолари ўз вазифаларини бажара олишлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Жўғорқу Кенгаш депутатларининг хавфсизлигини таъминлаши шарт эканини ҳам қўшимча қилган.

Қирғизистон раҳбарининг қайд этишича, мамлакатда амалга оширилаётган кадрлар алмашинувини қонунийлаштирмоқчи.

"Мен учун ҳеч қандай лавозим давлат яхлитлиги, халқ бирлиги ва жамият тинчлигидан юқори эмас", - деркан, "Ижро этувчи ҳокимиятнинг қонуний раҳбарлари тасдиқланиб, мамлакат қонунийлик йўлини тутгандан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимини тарк этишга тайёр"лигини баён қилган.

Ўз баёноти сўнггида Қирғизистон президенти, "барча сиёсий кучларни мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, халқ ва жамиятни парчаламасликка" чақирган.

"Қодир Худо барча сиёсий кучларга донолик ва сабр ато этиши"ни тилаб қолган.

Вазият

Namoyishlar

Сурат манбаси, EPA

Қирғизистондаги мавжуд вазиятга 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови сабаб бўлган.

Дастлабки сайлов натижалари 16 партиядан бор-йўғи ҳукуматга яқин тўрттасининг Жўғорқу Кенгашга ўтганига далолат қилган.

Қолган мухолифат партиялари "сохталаштирилгани"ни айтиб, сайлов натижасини тан олишдан бош тортишган.

Қирғизистон бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Пойтахт Бишкекдаги тинч намойишлар бир куннинг ўзида зўравонликларга айланиб кетган, алал-оқибат парламент-президент маъмурияти, давлат хавфсизлик миллий қўмитаси биноларининг ишғол этилиши билан якун топган.

Милиция билан тўқнашувларда юзлаб одам яраланган, бир киши қурбон бўлган.

Бунинг ортидан, Қирғизистон Бош вазири ва парламент спикерининг истеъфо берганига оид хабарлар олинган.

Мухолифат лидерлари уларнинг ўрнига ўз вакилларини тайинлашга ҳам улгуришган, аммо бу жараёнда депутатлар сони қоидага мувофиқ бўлмагани мазмунида янги тайинловларнинг қанчалик қонуний экани ҳам аллақачон норозиликларга сабаб бўлган.

Мамлакат бўйлаб оломон ҳокимияти ўрнатила бошлагани кузатилган.

Минтақада бўлган Би-би-си мухбирига кўра, одамлар ҳокимият биноларига бостириб кириб, ўз етакчиларини раис, ҳоким, вазир лавозимларига тайинлашга киришишган.

"Ҳокимлар "ағдарилиб", ҳукумат вакиллари истеъфо беришга мажбурланган".

Ўтган уч кун ичида мавжуд вазиятни тартибга солиш ва қонуний йўлда ҳокимият алмашинувини таъминлаш учун мухолиф партиялар томонидан Қирғизистонда бир нечта мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилган.

Аммо, мухбиримиз Абдужалил Абдурасуловнинг ёзишича, уларнинг ҳар бири ўтиш даврида муваққат ҳукумат бўлишга даъво қилган.

Орада муҳим ҳукумат лавозимлари юзасидан оралари қочиб қолганига оид хабарлар ҳам олинган.

Мамлакатда ҳокимият учун кураш ҳали-ҳануз тинмаган.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг аниқ қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Қирғиз халқига эса, видеоалоқа орқали мурожаат қилиб келмоқда.

Президент матбуот хизматига кўра, у ҳали-ҳануз пойтахт Бишкекда.

Намойишчилар Бош вазир ва президент истеъфосини талаб қилишган.

Амалдаги парламент якшанба куни Қирғизистон президенти импичменти масаласини кўриб чиқиш учун йиғилган, аммо депутатлар сони етарлича бўлмагани боис, бунга муваффақ бўлмаган.

Қирғизистондаги сўнгги тартибсизликлар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган, дунёнинг аксарият давлатлари иккинчи тўлқиндан хавотирда бўлган бир манзарада бўй кўрсатмоқда.

Қирғизистон жорий пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek