Янгиланди, Тошкент-Бишкек: Қирғизистондаги вазиятга Мирзиёев эътибор қаратди – Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тошкент-Бишкек: Қирғизистондаги вазиятга Шавкат Мирзиёев эътибор қаратди - бугун бир куннинг ўзида Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан мулоқотда бўлди. Минтақадаги вазиятни муҳокама этиб олди. Фикр алмашди. Бишкекда яна намойишлар кузатилмоқда.

Бу ҳақдаги расмий хабарда Қозоғистон президенти билан телефон суҳбати чоғида Қирғизистон номи хусусан, дея алоҳида тилга олингани кўрилган.

Икковлоннинг минтақадаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашганликлари таъкидланган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари, "Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашига умид билдириб" қолишгани айтилган.

Хабарларга кўра, пойтахт Бишкекда бугун, чоршанба куни ҳам яна катта сондаги одам намойишга чиққан.

Qirg'iziston

Сурат манбаси, facebook

Сурат тагсўзи, Шоҳруҳ Соипов, мустақил журналист, Қирғизистон

Шоҳруҳ Соипов,

Мустақил журналист, Қирғизистон

"Айни пайтда мингдан ортиқ намойишчилар Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида йиғилиб турибди.

Улар амалдаги президент Сооронбай Жеэнбековнинг импичментини талаб қилишмоқда.

Намойишчиларнинг асосий қисми ёшлардан иборат бўлиб, депутатлардан янги Бош вазирни тайинлашни ҳам кутаяпти.

Уларнинг фикрича, кеча депутатларнинг бир қисми йиғилиб, Бош вазир ва спикерни сайлашлари ноқонуний бўлган, яъни депутатлар йиғин ўтказиши учун кворум бўлмаган, кворум учун 61 дан ортиқ депутат, яъни ярмидан кўпининг ҳозирлиги тақозо этилади.

Айти пайтда ҳукумат биноси ичида "Чон казат", "Ата Мекен", "Иймон нури", "Замандаш", "Мекен Интимаги", "Ордо" ва "Реформа" партия раҳбарлари йиғилиб, янги Бош вазирни тайинлаши кутилмоқда. Уларга Республика партияси вакиллари ҳам келиб қўшилиши айтилмоқда.

Садир Жапаров ва Адахан Мадумаров эса, ўзларини депутатлар тарафидан қонуний сайланганини айтишмоқда.

Озодликнинг Қирғиз хизмати хабарига кўра, йиғилганлар ҳокимиятга "эски сиёсатчилар"ни йўлатмасликни талаб қилишяпти.

Улар, хусусан, собиқ депутат Садир Жапаровнинг Бош вазир лавозимига тайинланишига ҳам қаршилар.

Акция иштирокчилари ёшлар номидан чиқишаётгани ва люстрация талаб қилишаётганини билдирганлар.

Митингда сўзга чиққан "Республика" партияси лидери Мирлан Жээнчўрўев президент Сooрoнбай Жээнбековга импичмент эълон қилиш таклифини ўртага ташлаган.

Митингда тузилажак муваққат ҳукумат раҳбари этиб парламент сайловида "Ата Мекен" партиясидан номзод ўлароқ иштирок этган ёш тадбиркор Тилек Тўқтўғазиевни тайинлаш таклифи ҳам янграган.

Ўш шаҳар ҳокими ўз ўрнига қайтган. Уни кеча, сешанба куни шаҳар кенгаши депутатлари бир овоздан ишдан четлатишган эди.

Бугун кун давомида Ўш марказий майдонида одамлар ҳокимнинг қайтишини талаб қилиб туришган".

Қирғизистон: Ўзбекистон "жиддий ташвишда", Кремль, Пекин ҳам

Bishkek

Сурат манбаси, EPA

Қирғизистон: Ўзбекистон "жиддий ташвишда" -Тошкент расмий баёнот билан чиқди. Қирғизистондаги вазиятдан жиддий ташвишда эканини билдирди. Бугун Қирғизистонда ҳокимият аниқ кимнинг қўлида экани ноаён қолмоқда. Россиянинг ортидан, Хитой ҳам расман ўз муносабатини билдирди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади. Ўзбекистоннинг стратегик шериги саналади.

Дунёнинг юз минглаб ўзбеклар яшовчи мамлакатларидан биттаси саналади, расмий ҳисоб-китобларда Қирғизистондаги ўзбеклар сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг сешанба, 6 октябрь кунги баёнотида, "Қирғизистонда юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи ўзларида жиддий ташвиш уйғотаётгани"ни билдирган.

"Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилиб қолган".

Расмий баёнотда айтилишича, Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили саналади.

Ҳозирги мураккаб вазиятда Ўзбекистон биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр экани айтилади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқликлари яна бир бор тасдиқланади.

Bishkek

Сурат манбаси, Getty Images

Икки кунлик намойишлар ва тартибсизликлар ортидан, Қирғизистон Бош вазири ва спикери бажарувчилар билан алмашган, амалдагилари истеъфо берган.

Минглаб намойишчилар Қирғизистон президентининг истеъфосини ҳам талаб қилишган.

Сооронбой Жээнбеков ҳозир ҳам расман Қирғизистон президенти мақомида, у кеча, сешанба куни халққа мурожаатида қон тўкиш нияти йўқлигини айтган, худди шу куни Би-би-сига берган суҳбатида кетиши мумкинлигига ҳам ишора қилган.

Қирғизистон мухолифати орада халқ ҳукумати тузиш ниятида эканини айтган, мувофиқлаштирувчи кенгашга асос солган, аммо муҳим ҳукумат лавозимлари устидан тортишиб, аллақачон оралари қочиб қолгани ҳам айтилган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, ҳозир Қирғизистонда ҳокимият аниқ кимнинг қўлида экани маълум эмас.

Сўнгги воқеалар Қирғизистонда ўтган 15 йил ичидаги учинчи инқилоб сифатида ҳам баҳоланган.

Қирғизистон орада минтақанинг "демократия оролчаси" сифатида ҳам кўрилган, Тожикистон билан бирга минтақанинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Қирғизистондаги вазиятга расман ўз муносабатини билдирган саноқли давлатлардан бири бўлган.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Россия президентининг матбуот котиби, "Кремль Қирғизистондаги воқеалардан хавотирда экани"ни билдирган.

"Барча томонлар Конституцияга амал қилишларига умид қилаётгани"ни айтган.

Худди шу асосда "вазиятга тезда ечим топишларига кўз тикаётгани"ни ҳам таъкидлаган.

Песковнинг айтишича, Қирғизистондаги вазиятни тартибга солиш қирғизларнинг ўзлари ўртасидаги ички диалог масаласидир.

Россиянинг Қирғизистондаги воқеаларга муносабати билан "Новости" ахборот агентлиги қизиққан.

Агар, Россия матбуотига таянилса, Дмитрий Песковнинг бу сўзлари агентлик саволига жавоб ўлароқ янграган.

Икки давлат президентларининг телефон суҳбатларига оид расмий хабар ҳалича бўй кўрсатмаган.

Қирғизистон Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси ва стратегик шерикларидан бири сифатида кўрилади.

Қирғизистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга иккита давлатидан биттаси саналади.

Қирғизистондаги сўнгги воқеалар Сооронбой Жээнбековнинг Россияга ташрифидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.

Сочида ҳар икки давлат президентларининг стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашга оид долзарб масалаларни муҳокама этишлари айтилганди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бугун, 7 октябр куни расмий баёнот билан чиққан.

Расмий Пекин Қирғизистондаги мавжуд вазиятни диққат билан кузатиб турганликларини айтган.

"Дўстона қўшни ва ҳар томонлама стратегик шерик сифатида Хитой Қирғизистондаги барча томонлар муаммоларни қонунчилик асосида диалог ва маслаҳатлашувлар йўли билан тўғри ҳал қилиши, Қирғизистондаги вазиятни тез орада барқарорлашишини таъминлашига чин дилдан умид қилиб қолган".

Қирғизистондаги сўнгги инқилоб 2010 йил апрелида амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилиши билан якун топган.

Шундан саноқли ойлар ўтиб, Қирғизистон жануби қонли этник низоларга саҳна бўлган.

Тўқнашувлар юзлаб одамнинг умрига зомин бўлган, халқаро ҳисоботларда улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek