Янгиланди, Қирғизистон: Минглаб намойишчиларни тарқатиш учун милиция ташланди - Qirg'iziston, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Қирғизистон: Минглаб намойишчиларни тарқатиш учун милиция ташланди - намойишлар парламент сайловлари ортидан бошланиб кетди. Намойишчилар якшанба кунги сайлов натижалари сохталаштирилган, деган даъвода. Ўзбеклар бу сайловдан нимага умид қилишмоқда?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Энг катта намойишлар пойтахт Бишкекда кузатилган. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам одамлар кўчаларга чиқишган.
Минглаб намойишчиларни тарқатиш учун милиция кўздан ёш сиздирувчи газ, сув пуркагичлар ва товушли гранаталарни ишга солган.
Мамлакат мухолифати сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирган.
Марказий Сайлов комиссиясини овоз беришлар натижасини бекор қилишга чақирган.
Намойишчилар ва милиция кучлари орасида яраланганлар борлиги айтилмоқда.
Хабарларга кўра, мухолифат лидерларидан бири Жанат Акаев ҳам тан жароҳати олган.
Бишкекдаги намойишлар кун давомида асосан тинч кечган, аммо маҳаллий вақт билан кечги соат 20:00 лардан сал ўтиб, бир гуруҳ намойишчилар парламент биносига бостириб кирмоқчи бўлишган.
Хабарларга кўра, шундан сўнг вазиятга милиция аралашган, буни иғвогорона амал сифатида кўрган.
Намойишчилар президент Жеэнбековнинг истеъфосини ҳам талаб қилишган.
Парламент сайлови

Сурат манбаси, courtesy
Қирғизистон: Парламент сайловида ҳукуматпараст партиялар ғолиб бўлди - давлатнинг қонун чиқариш идораси Жўғўрқу Кенгашига бўлиб ўтган депутатлар сайлови қатор қонунбузарликлар билан ўтиши ортидан, пойтахт Бишкекда норозилик намойишлари бошланди. Ўзбеклар бу сайловдан нимага умид қилишмоқда?
Қирғизистон Марказий cайлов комиссияси 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида олти миллиондан ортиқроқ аҳолининг 56,2 фоизи қатнашганини маълум қилди.
5 октябрь кечки вақтдаги натижаларга кўра, ҳукуматнинг "Биримдик" партияси 24,5 фоиз, "Мекеним Қирғизистон" партияси 23,88 фоиз, "Қирғизистон" партияси 8,76 фоиз ва "Бутун Қирғизистон" партияси 7,13 фоиз овоз олишган.
Ушбу партиялар қонунга мувофиқ сайловчиларнинг 7 фоиздан кўпроқ овозини қўлга киритган. Мазкур тўрт партия 120 депутатдан иборат бўлган Қирғизистон янги парламентини шакллантиради.
Ундан кейинги "Мекенчил" партияси 6,85 фоиз ва "Республика" партияси 5,79 фоиз овоз олган.
Қолган партиялар эса беш фоизга етмаган сайловчиларнинг овозини тўплаган.
Бироқ бу натижа қўшни давлатлар ва ҳорижда юрган қирғизистонликларнинг элчихона, консулликларда берган овозларининг ҳисобига ўзгариши мумкин.
Шунингдек, барча бюлеттенлар қўлда ҳисобланганидан сўнг ҳам натижаларда бироз фарқ қилиш эҳтимоли бор.
Сайлов жараёни Қирғизистон жанубида ҳам анчайин қизғин кечган.
Парламент сайлови глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Овоз беришлар жараёнида санитария-гигиена қоидаларига қанчалик қатъий риоя этилгани аллақачон хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.
Шикоятлар

Сурат манбаси, courtesy
Ҳукумат сайлов шаффоф ва муваффақиятли ўтганини айтганига қарамай, сайлов натижалари эълон қилина бошлагач, унинг адолатсиз ўтганидан шикоят қилаётганлар сони кўпайиб бормоқда.
Улар сайлов жараёнида административ ресурслардан фойдаланиш, овозларни сотиб олиш ва қўрқитиш ҳоллари кўп учраганини иддао қилишмоқда.
"Ота Макон", "Республика", "Бир Бўл", "Замондош", "Имон нури", "Реформа" ва бошқа қатор мухолифат партиялари 4 октябрда ўтган парламент сайлови натижаларини тан олмасликларини маълум қилган ва бугун Бишкекда норозилик митингини ўтказишмоқда.
Қирғизистоннинг бу йилги парламент сайловида 16та сиёсий партия иштирок этган.
Ўзбеклар умиди
Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди.
Уларни республиканинг сиёсий хаётидаги иштироки ҳар сайловда депутатликка номзодлар тарафидан долзарб мавзу қатори кун тартибига олиб чиқилади.
Озчиликни ташкил қилган бу миллат вакилларига турли ваъдалар берилиб, уларнинг ҳаёти яхшиланишига ишонтирилади. Бироқ аксарият ҳолларда сайловдан сўнг бу ваъдалар унутилади.

Сурат манбаси, courtesy
Биз маҳаллий фаол Баҳромжон Азимов билан ўзбекларнинг сайловдаги иштироки ҳақида суҳбатлашдик.
У халқ орасида партия ва депутатларга ишончсизлик хисси мавжуд экани, бироқ одамлар яхши ҳаётдан умид қилиб, яна сайловга келаётганини айтади.
"Сайловдан умидимиз катта. Буниси ўзгача бўлаяпти. Сабаби, авваллари одамларда соддалик бор эди. Улар кўп ҳам эътибор бермасдан сайлаб ҳам келишган. Давлатимизда сиёсий жараён, халқнинг онгида ривожланиш бўлди, деб ўйлайман. Қолаверса, диний ривожланишлар бўлди. Ҳозир одамлар ёлғондан бир иш қилгани ёки пулга сотгани ҳам қўрқиб қолди. Сайловга келаётган ҳар бир одам, ватанимга фойда бўлармикин, деган умидда келаяпти, деб ўйлайман. Оддий халқнинг онгида шунчалик ривожланиш бўлганидан кейин, бўлажак депутатларимизда ҳам бундан анча юқори даражада бўлади деб ўйлайман".
Савол:Қайси партиянинг дастури сизга ёқди?
Тўғрисини айтсам, партияларнинг биронтасининг ҳам дастури билан жиддий танишмадим. Сабаби, кутилган натижалар бўлмаса, қизиқиш ҳам бўлмай қолади. Лекин қайси партия ўтган тақдирда ҳам, ҳалоли пок, виждонан иш қиладиган депутатлар бўлади, деб ўйлаймиз. Ўзининг эмас, халқнинг фойдаси учун ишлашса, дейман.
Савол:Бўлажак ўзбек депутатларидан сизнинг умидингиз?
Ўзбек депутатларини бошқаларга наъмуна бўлишини хоҳлардим. Адолатли, виждонан иш қиладиган бўлса, Аллоҳ ўзи қўллайди, халқ қўллайди. Яхши бўлади.
Савол:Бунгача ишлаган депутатлар ишидан қониқдингизми?
Бунгача ишлаган депутатларнинг фаолиятидан қониққанимиз йўқ. Кутган натижалар бўлмаяпти. Муаммоимиз кўпайса кўпайдики, озайгани йўқ. Шунинг учун бу сайловга қайсидир маънода умидсизлик ҳам бор, бошқа тарафдан катта умид бор.
Савол:Депутат деганда қандай инсонни тасаввур қиласиз?
Депутатлар ҳақида фикримиз анча ўзгариб кетган. Авваллари бошқача бўларди. Лекин ҳозир депутат чиройли кийинган ва чиройли машина минган одам бўлиб қолди. Ҳаттоки одамлар яхши бир тадбиркорни ҳам депутат бўлса бўлар экан, деган фикрга бориб қолган. Халқнинг вакили бўлгандан кейин, у билан бирга туриш керак. Ҳаттоки кийимидан ҳам қайси элнинг вакили экани билиниб туриши керак. Миллатидан қатъиназар, сайловчилари қандай даражада экани муҳим. Яшаш, ижтимоий ҳолатини инобатга олганда. Шу нарсалар депутатда акс этиб турса, ҳақиқий халқ депутати бўлади.

Сурат манбаси, courtesy
Ўшлик Анвар ака шаҳардаги "Панфилов" номли мактабга невараси билан сайловда овоз бериш учун келган. У турли партияларнинг дастурлари билан танишган ва бўлажак депутатлар халқ манфаати учун ишласа, деган умидда.
"Депутатлар xалқнинг камчилигини билиш керак. Xалқнинг ичига кириб, нима хоҳлаётганини билиш керак. Ишсизлик масаласини ҳал қилиш керак, завод, фабрикаларни қайта тиклаш керак. Маҳаллаларимиз шағал, ариқларимиз ифлос, шаҳарда покизалик йўқ. Тозаликни қараб, маҳаллаларни асфальт қилдириб, бекат, пиёда йўлларини яхшилаттирса", дейди суҳбатдошим.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














