Қирғизистон, Ўш ва сиёсий инқироз: Доллар, ҳамма нарсанинг нархи ошди - ўшликлар фикрлари, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Қирғизистон, Ўш ва сиёсий инқироз: Доллар, ҳамма нарсанинг нархи ошди - Фарғона водийсида йирик ҳисобланган "Қорасув" бозоридагилар аллақачон жиддий шикоятда. Бу бозорнинг асосий харидорлари ўзбекистонликлар бўлишади.
Қирғизистонда ҳукм сурган икки ҳафталик сиёсий инқироз иқтисодга жиддий салбий таъсир етказган.
Зиддиятли парламент сайловлари ортидан келиб чиққан оммавий норозилик намойишлари Оқ уйнинг ишғол қилиниши билан якун топган, пойтахт Бишкекда нотинчликлар бошланган.
Тартибсизликлар натижасида бир киши қурбон бўлиб, юздан ортиқ одам турли даражада жароҳатланган.
Ушбу тартибсизликлар ортидан мамлакатдаги қатор кичик ва ўрта бизнеслар зиёнга учраган.
Шунингдек, давлатдаги беқарор сиёсий вазият сабаб, қўшни давлатлар чегараларини ёпиши ортидан, Қирғизистонга автотранспорт билан молларни олиб келиш ҳам тўхтаган.
Фарғона водийсида йирик ҳисобланган "Қорасув" бозорида узоқ йиллардан бери савдогарлик билан шуғулланувчи Дилшодбек Токурбаевнинг сўзларига кўра, сўнгги бир ой давомида сотилаётган моллари нархи қимматлаб кетган.
"Қўшни давлатлар билан чегараларнинг ёпиқлиги бизнинг савдомизга салбий таъсир кўрсатяпти. Ҳозир мавсум, бироқ сотгани мол йўқ, ўтирибмиз. Туркиядан "Карго" орқали берган буюртма кийим-молимиз келмаяпти. Асосий муаммо шу. Доллар нархининг кун ёки соат сайин ошиб кетаётгани ҳам муаммо бўлаяпти. Халқнинг иқтисодий аҳволи яхши эмас, доллар ҳам ошиб, қўшимча муаммо туғдираяпти. Сотилаётган моллар нархи ошаяпти, биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам. Доллар қанча кўтарилса, биз ҳам нархларни ўшанча ошира олмаяпмиз. Ярмини қўяпмиз, холос. Агар доллар бир сўм кўтарилса, биз мол нархига 50 тийин қўшимча ҳақ қўяпмиз. Сабаби халқ қийналмасин, оз бўлса-да харид қилиб турсин, деб. Агар долларники билан мол нархини ҳам тенг оширсангиз, халқ олмай қўяди. Уларга қийин бўлади", дейди тадбиркор суҳбатдошим.
Унинг сўзларига кўра, бозор кундалик тартибда ишлаяпти. Одамлар билан гавжум.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Марказий Осиёда йирик ҳисобланган Бишкекдаги "Дордой" ва Ўш вилоятидаги "Қорасув" бозорларига моллар асосан Хитойдан автотранспорт орқали келтирилади. Туркия, Дубай каби давлатлардан ҳам "Карго" тизими орқали моллар олиб келинади.
"Қорасув"даги сешанба ва шанба кунларидаги улгуржи бозори сабаб, Ўзбекистондан ҳам харидорлар келади. Қолган кунлари эса, бозорда одам нисбатан озроқ бўлади.
"Бугунги кунда чегаралар ёпиқлиги сабаб, бозорда ўзбекистонликлар йўқ, фақат ўзимизнинг одамлар савдо қилиб юришибди", дейди савдогар Дилшодбек.
Расмий Бишкек томонига кўра, тартибсизликлар сабаб, 6 октябрь эрталабдан Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини номаълум муддатга, бир тарафлама ёпган. Фақат оғир юк машиналарининг ўтишига рухсат бераяпти.
Сўнгги сиёсий беқарорликлар фонида ойнинг иккинчи ярмида мамлакатда АҚШ долларининг курси ҳам қимматлай бошлаган. Ярим ой давомида 79,61 қирғиз сўмига тенг бўлган бир АҚШ доллари 15 октябрдан бошлаб ошган, бугунги кунда сал кам 82 сўмни ташкил этади.
Бу эса, озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда қурилиш молларининг ҳам нархларини кўтарилишига олиб келган.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
"Гўшт нархи 440 сўм бўлди, яна 10 сўмга қимматлади. Пахта ёғини килоси 75 сўм эди, кеча 95дан олдим. Чигит йўқ, қиммат келаяпти экан", дейди суҳбатдошим Рустам Қурбонов.
"Ҳамма нарсанинг нархи ошаяпти. Бир куб ёғоч 15000 сўм эди, ҳозир 18000 сўм бўлиб қолди. 330 сўмли шефирлар 400 сўм бўлди. Тунукаларнинг бир квадрати 250 сўм сотиларди, ҳозир 280 сўм. Йўллар ёпиқлиги ҳисобига қурилиш моллари келмаяпти экан", дейди касби дурадгор суҳбатдошим.
Унинг сўзларига кўра, уй ҳайвонларининг 13 сўмдан сотилаётган озуқаси, ем-кепаклари ҳам беш сўмга ошган. 150 сўмлик чўп-хашак эса, 230 сўмга кўтарилган.
Шунингдек, автомобиллар ҳам қимматлагани кузатилади. Бозордаги оммабоп, ўрта нархдаги машиналар баҳоси ўртача 500 долларга кўтарилган.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
"Давлат нархлар ошишини назорат қилиши керак. Одамлар ўзлари хоҳлаган баҳосини қўйиб, кўтаришаяпти. Ўзбекистон қўйларни ташияпти, дейишяпти, бўлмаган гап. Бизда қўй кўп, сероб, етади. Одамлар ўзлари ваҳима қилиб, нархларни ошираяпти", дейди Рустам Қурбонов.
Бозордаги полиз экинлари маҳсулотлари ва мевалар ҳам қимматлагани кузатилади.
Қирғизистон Бизнес Ассоциациялар Миллий Альянсининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, давлатдаги сиёсий беқарорлик туфайли етказилган зарар миқдори 8 миллиард сомни ташкил этган.
Ёки бутун мамлакат бўйлаб иқтисодга 104 миллион доллар атрофида зиён етказилган.
Тахминан 210 миллион долларгача бўлган йигирмадан ортиқ шартнома ва бизнес лойиҳалар бекор қилинган.
Мутахассислар давлат тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг молларига зиён етмаслигини таъминлаши кераклиги, акс ҳолда бюджетга тушадиган солиқлар озайишидан огоҳлантирмоқда.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Иқтисод бўйича таҳлилчи Аюбхон Машрапов ҳар сафар Қирғизистондаги нотинчлик ортидан тадбиркорлар зарар кўриб, давлат инқирозга юз тутмаслиги учун, мамлакат ўз иқтисодиётини оғир саноатга асослантириши кераклигини айтади.
"Табиий ҳамма, биз ҳам савдо-сотиқда зиён кўрдик. Бу зиён қайта тикланадиган нарса. Инсон зиён кўради, зиён ҳам инсонга тажриба олиб келади. Биз тайёр нарсани олиб, сотаяпмиз. Лекин иқтисодни тўғри йўналтириб, ўзимида бор нарсаларни оғир машинасозликка асослантириб, шундан нарсалар ишлаб чиқарилса, яхши фойда бўлади. Масалан, михни Хитойдан олиб келиб сотсак, 12 фоиз даромад қиламиз, агар ўзимиз ишлаб чиқарсак, беш баробар кўп фойда оламиз. Шу ҳақда ўйлашимиз керак. Оғир саноат, машинасозлик ва юқори технология. Шу йўналишда иш олиб бориш керак. Шунда аҳолининг ярмини бу иш билан таъминлаш мумкин бўлади ва давлат тезлик билан ривожланади", дейди таҳлилчи.
Унинг фикрича, ривожланган Америка ва Европа давлатларида бўлаётган катта талафотлар зиёни ўзларидаги оғир саноат, машинасозлик ва юқори технологиядан тушаётган даромад ҳисобига қопланади.
"Агар бизнинг иқтисодимиз, ишлаб чиқаришимиз тўғри асосга қурилса, бу зиёнларни дарҳол қоплаймиз. Олтин бўлиб, ақл бўлмаса, қийин. Акси бўлса, олтинни топиш осон", дея қўшимча қилади Аюбхон Машрапов.
Жорий йилнинг 5 октябрь куни юз берган "Умид" дея ном олган "халқ инқилоби"дан сўнг қамоқдан озод этилган сиёсатчи Садир Жапаров парламент депутатлари тарафидан уч марта Бош вазир этиб сайланган ва ҳукумат таркиби бекитилган. Унинг ортидан президент Сооронбай Жээнбеков ҳам истъефо берган.
Қирғизистон Конституциясига мувофиқ, президент муддатидан аввал истъефо берган тақдирда, унинг вазифасини парламент спикери бажаради.
Бироқ парламент спикери Канат Исаев бу лавозимдан бош тортган ва эндиликда президент ваколатлари ҳам Бош вазир Садир Жапаровга ўтган.
Унинг мамлакат иқтисодини ўнглаш ва етказилган зарарни қоплашга оид қандай режаларни кўзда тутаётгани ҳозирча маълум эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















