ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, расман: Ўзбекистонга кузатувчи мақоми берилди - Иттифоқ нима беради? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Президентлар

Сурат манбаси, GettyImages/Mikhail Metzel

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, расман: Ўзбекистонга кузатувчи мақоми берилди - Олий ЕвроОсиё Иқтисодий Кенгаши ўз қарорини айтди. Саммитда президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам расман виртуал иштирок этиши айтилган. Расмий Тошкент буни кеча, 10 декабрь куни расман тасдиқлаганди.

Бу ҳақда Беларуснинг БЕЛТА ахборот агентлиги расман хабар берди. Ўзбекистон билан бирга Куба ҳам кузатувчи мақомини олди.

Беларусь президенти Олий ЕвроОсиё Иқтисодий Кенгаши раиси бўлади.

Хабарда ёзилишича, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи шартномаси ҳар қандай давлат унга иттифоқдаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга эканлигини назарда тутади.

Қарор Олий Кенгаш томонидан интеграцияни ривожлантириш ва иттифоқ шартномасининг мақсадларига эришиш манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

Ушбу мақом кузатувчи давлат ваколатли вакилларининг таклиф бўйича Иттифоқ органлари йиғилишларида қатнашишлари, қабул қилинган ҳужжатларни олишларига изн беради.

Шу билан бирга, қарор қабул қилишда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.

Kузатувчи мақомидаги давлатлар Иттифоқ манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга мажбур саналишади.

Расмий хабарда ҳам бу шартлар бирма-бир келтириб ўтилгани кўрилади.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошидаги кузатувчи давлат мақоми илк бор 2018 йилда Молдовага берилган.

Шавкат Мирзиёевнинг бугунги саммитда нутқ сўзлаши, ўз чиқишида Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши айтилганди.

Хабарларга кўра, Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга ЕвроOсиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишни ва унинг тўлақонли аъзоси бўлишни ҳам таклиф қилган.

"Сиз бизни узоқ вақт кузатмаслигингизга аминмиз ва яқин келажакда қарор қабул қилиб, ўзингиз ҳам жуда тўғри айтиб ўтганингиздек, Ўзбекистон халқига фойдали бўлса, иттифоқимизнинг тўлақонли аъзоси бўласиз. Биласизми, биз сизни ҳар доим ўз иттифоқимизда тўлақонли аъзо сифатида кутамиз ", деган Александр Лукашенко.

Ўзбекистон Олий Мажлиси шу йил май ойида мамлакатнинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эса, мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Шахсан мамлакат президенти ва ҳукуматининг такрорий ишонтиришларига қарамай, ўзбекистонликлар орасида Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзоликни Ўзбекистон сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида баҳолаётганлар ҳалиям оз эмас.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов ҳам бу каби иқтисодий иттифоққа аъзоликни бир мамлакат сиёсий мустақиллигига хавф сифатида кўрганини ошкора баён қилган, уларга рўйхушлик бермаган.

Ислом Каримов

Сурат манбаси, GettyImages/MAXIM MARMUR

Янги Ўзбекистон эса, кўпқутбли ташқи сиёсат олиб бориш истаги ва ҳаракатида эканини айтади.

Аммо бу иттифоққа тўлиқ аъзо эмас, кузатувчи мақомида кириш қарори эса, айрим сиёсий таҳлилчилар томонидан янги Ўзбекистоннинг "дипломатик ютуғи" сифатида баҳолангани ҳам бор гап.

Уларга кўра, Россия Ўзбекистонда қудрат алмашинувини "қулай сиёсий фурсат" деб билган ва минтақада энг йириги бўлган бу мамлакатни ҳам жадаллик билан ўзининг сиёсий орбитасига тортиш ҳаракатида".

Россия мустақил Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори ва энг катта иккита савдо-иқтисодий ҳамкоридан биттаси бўлади.

Олий ЕвроОсиё Иқтисодий Кенгашининг иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарларининг бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистонга кузатувчилик мақоми бериш-бермаслик масаласини ҳам расман кўриб чиқишлари кутилганди.

Ҳозирча Қирғизистон ва Қозоғистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзо икки Марказий Осиё давлати саналишади.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи нима беради? - Иттифоққа беш йилдан буён аъзо Қирғизистон тажрибасига бир назар:

Shohruh Soipov

Сурат манбаси, facebook

Шоҳруҳ Соипов

Мустақил журналист, Қирғизистон

Маҳаллий иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Қирғизистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлганига беш йил бўлса-да, давлат иқтисодиётида сезиларли даражада ўсиш кузатилмаган.

Марказий Осиёда иқтисодий жиҳатдан камбағал ҳисобланган Қирғизистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқдалиги, одатда, аҳолининг аксарияти ва сиёсий элита томонидан қўллаб-қувватланади.

Аммо, шунга қарамай, жамиятда Қирғизистоннинг Иттифоқдаги иштироки қанчалик мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳали-ҳануз анча қизғин мунозаралар бўлиб туради.

2015 йилнинг 12 августида Қирғизистон Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия билан бир қаторда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлган.

Ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев дохил расмийлар Қирғизистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиши республика учун янги истиқболларни очишига ишонишган.

Аъзо давлатларнинг ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни иттифоқ доирасида божхона тўловисиз экспорт қилишлари, хизматлар, молия ва ишчи кучи ҳаракатланишига қўйилган тўсиқларнинг олиб ташлангани айтилган.

Шунингдек, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Янги инвестиция имкониятлари пайдо бўлгани урғуланган.

Бундан ташқари, Қирғизистон фуқаролари иттифоққа аъзо давлатларда иш билан таъминланган фуқаролар билан бир хил шароитда ишлаши мумкинлиги ҳам таъкидланган.

Рақамлар

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасига кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида Қирғизистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми $1,4 миллиард долларни ташкил этган.

Россия ва Қоғозистондан Қирғизистонга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш моллари олиб келинади.

Қирғизистондан ЕОИИ давлатларига эса, қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотлари экспорт қилинади.

Пандемия вазиятида кузатилаётган жаҳон инқирози фонида энг зарур нарса - озиқ-овқат қимматлашаётгани маълум. Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жорий йил бошидан буён деярли 9 фоизга ўсган. Бу эса ЕОИИ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Шунга қарамай, таққосланганда, Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи энг арзони бўлиб қолмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг октябрь ойида Бишкек аҳолисининг ўртача иш ҳақи $280, Нур-Султонда $675, Минскда $681 ва Москвада $1209 долларни ташкил этган.

Қирғизистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши яхши бўлганми ёки ёмон? Мазкур иттифоқ Қирғизистонга нима берди? Унинг фойдали ва зиёнли жиҳатлари нимада бўлди? Шу каби саволлар билан ўшликларга мурожаат қилдик.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Юсуф Авас, мутахассис

Қирғизистоннинг ЕОИИга қўшилишидан фойда бўлмади. Аксинча, зиён бўлди. Бу иттифоққа қўшилмасимиздан аввал Қирғизистонга турли давлатлардан машиналар келарди. Қўшилганимиздан кейин эса, фақат Россиянинг "Лада", "Жигули" каби сифатсиз машиналари олиб келинадиган бўлди. Товар айирбошлаш тушиб кетди. Авваллари ўзингизга керак бўлиб харид қилган нарсаларингизни, Россия назоратидаги иттифоқ сабаб, эндиликда бемалол харид қила олмайсиз. Яъни учинчи давлатлардан олиб келинадиган нарсалар чекланиши ортидан, уларнинг сони қисқарган ва қимматлашган. Россиядан нима чиқади? Телефон чиқмаса, сифатли машинаси йўқ. Мисол учун, 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Нива" русумли хизмат машинамнинг ҳар йили моторини ремонт қиламиз ёки қандайдир нарсаси бузилади. $10-12 минг долларга бу машинани олгандан кўра, $5-6 минг долларга Кореяда ишлаб чиқарилган бошқа машинани олиб минган афзалроқ. Ичида кондиционер, хавфсизлик системалари бор. Иқтисодий тарафлама ҳам қулай.

Қирғизистонга кўп нарса ЕОИИдаги давлатлардан эмас, балки четдан, Хитой ва Европадан келади. Шу сабабдан ҳам, Қирғизистоннинг бу иттифоққа кириши аҳолига иқитисодий тарафлама ёмон бўлди.

ЕОИИга қўшилсак, кўп имкониятлар бўлади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чекловларсиз экспорт қилинади, дейилганди. Қайтангга, бу иттифоққа қўшилгандан кейин Қирғизистондан экспорт қилинган картошлар лабораториядан ўтмаган, стандартга жавоб бермайди, дейилган баҳона билан чегарадан қайтарилди.

ЕОИИ ичида тўланаётган солиқлар ҳисобидан Россия фойда кўраяпти. Яъни иттифоқдан ташқари давлатлардан келаётган моллар учун тўланадиган солиқдан. Менимча, бу иттифоққа қўшилиб ҳеч қандай фойда кўрмадик, аксинча орқага кетдик.

Қирғизистон бу иттифоқдан чиқиб кета олмайди. Сабаби - бизнинг давлатимиз Россияга қарам. Аслида чиқиб кетиш керак. Имкон бўлса МДҲ давлатларидан ташқарига, хорижга кетиш керак.

Авваллари Қирғизистонда камбағаллик деган нарса унчалик сезилмас эди. Масалан, бирон ҳақиқий оригинал телефон ёки кийим $100 долларга сотилаётган бўлса, худди ўша молларнинг Xитойда ишлаб чиқарилганини $20 долларга олса бўларди. Ўша билан одамлар харид қилган молларнинг кўриниши бир хил турарди ва шу билан бой, камбағал фарқи сезилмасди. Яъни ҳар икки тоифа одам деярли бирдек мол сотиб олиб ишлатарди. Албатта, бирининг бренди кучли, иккинчиси эса Хитойда ишлаб чиқарилган.

ЕОИИга қўшилганимиздан кейин эса бой ва камбағал ажралиб қолди. Сабаби, четдан келаётган нарсалар қимматлади, ҳамманинг ҳам xарид қилиб олишга қурби етмайди. Фақат бой одамларгина сотиб олаяпти. Оддий халқ эса, ололмасдан қийналаяпти.

Эркин Қосимов, пайвандчи

Қирғизистон ЕОИИга қўшилганидан кейин Россиядаги муҳожир фуқаролари учун ҳужжат ишларида енгилликлар бўлди. Ишга жойлашиш учун рухсат қоғози, патент олмайди. Хусусий тадбиркор билан шартнома тузиб ишлайверади. Солиқни ишлатаётган одам тўлайди. Мен ҳам Россияда шундай ишлаб келдим.

У ерда ишлаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун ҳужжат масаласи қийинроқ.

Шунингдек, қирғизистонликларга бир йил ичида Россия фуқаролигини бераяпти, деб эшитганман. Кўп одам ўша ерга бориб, ишлаяпти.

Дилшодбек Тўқурбоев, савдогар

ЕОИИга қўшилиш Қирғизистон учун унчалик яхши бўлмади. Сабаби, бу иттифоқ ўзларида ишлаб чиқариш саноати бор давлатлар учун фойдали. Ишлаб чиқарган молларини сотиш учун бозорини кенгайтириш учун тузилган иттифоқ бу. Россия, Қозоғистон ва Беларусга яхши бўлди. Уларнинг моллари Қирғизистонга ҳам божхона тўловларисиз келаяпти. Бу иттифоққа қўшилишимизнинг яхши тарафидан кўра, ёмон тарафи кўпроқ бўлди, деб ўйлайман. Хитой ва Туркиядан келаётган молларнинг божхона тўловлари сезиларли даражада қимматлади. Хитойдан олинадиган моллар Россиядан кўра кўпроқ олинса керак. Хитой дунё фабрикаси дея номланади. Қирғизистонга Россия, Қоғозистон ва Беларусдан олинадиган молларни жамласа ҳам, Хитойдан олаётган моллар кўламига етмаса керак, деб ўйлайман. Хитойдан кўп товар олиб келинади. У ердан келадиган товар божхона тўловлари 20 фоиз атрофида қимматлади. Туркия билан ҳам шундай ҳолат. У ер билан ҳам яхши муомала қилинарди. Ҳозир ҳам келаяпти, фақат қиммат. Агар Қирғизистон ЕОИИга қўшилмаса, бу икки давлатдан товарлар арзонроқ олиб келинарди. Авваллари Хитойдан келадиган товарлар кубга ҳисобланарди. Ҳозир эса килога ҳисобланаяпти. Ўзи божхона тўловлари қиммат бўлаётган бир пайтда, килосига яна ҳам қимматроқ тўланади.

Қорасув бозорида Россиядан олиб келинган кийимларни сотилганини ҳеч кўрмадим. Оёққа кавуш, резина этиклар, маиший техника ва қурилиш материаллари сотилади. Лекин жуда оз кўламда.

Хитой ва Туркиядан олиб келаётган кийимларга тўланаётган ортиқча божхона тўловлари сабаб, уларнинг ҳам нархлари қимматлайди. Айланиб келиб, харидор, халққа қийин бўлаяпти.

Эркин Абдуразаков, таҳлилчи

Tahlilchi

Сурат манбаси, courtesy

Эркин Абдуразаков: ЕОИИ биринчи Россия, Қозоғистон ва Беларусь ўртасида ташкил топган. Кейин Арманистон билан Қирғизистон қўшилди. Бироқ бизнинг давлатимиз ҳолати ўзгача бўлаяпти. Сабаби, товарларни Хитойдан оламиз, давлат фақат транзит ролини бажариб қолди. Экпортга чиқарадиган маҳсулотларимиз жуда оз.

Темир йўл, авиақатнов ва йўлларимиз қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларига боғлиқ. Агар, Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса, бизнинг имкониятларимиз кенгаяди. Бунгача Қирғизистонда ишлаб чиқарилган молларни Ўзбекистон ва Тожикистон тадбиркорлари контрабанда йўллари билан олиб кириб, кетиб юришган.

Ўзбекистоннинг инфраструктура барпо этиш ва лаборатиялар қуриш учун имкониятлари кўп. Қирғизистоннинг Европа ёки Осиёга боғлиқ тирикчилиги темир йўл билан Ўзбекистон орқали бўлган. Ер озуқалари, ўғит ва ёқилғиларни қўшни давлатдан олиб келганмиз.

Ўзбекистондан бизга озиқ-овқат махсулотлари олиб келишган. Қирғизистондан у ерга эса гўшт маҳсулотлари етказиб берилган. Агар, Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, бу албатта яхши натижа беради.

ЕОИИдаги давлатлар - Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Арманистонга солиштирганда, Қирғизистонда порахўрлик юқори бўлгани учун яхши натижаларга эриша олмадик. Янги давлат раҳбарлари шу йўналишда ишлар олиб боради, деб умид қиламиз.

Хитой билан ҳам алоқалар ижобий тус олаяпти. Қарзимизни тўлаш муддатини яна 4 йилга жилдиришга эришилаяпти. Шу преференциядан яхши фойдаланиб, Қирғизистон қўшни давлатлар билан алоқа ва ҳамкорликни ривожлантириб, тўғри йўлни танлаб олиши керак.

Давлатимиз Тожикистон билан чегара масаласида делимитация ва деморкация ишларини якунласа, контрабанда бартараф этилиб, ривожланиш бўларди.

Савол: ЕОИИга тўлақонли аъзоликнинг иқтисодий жиҳатдан Қирғизистон учун фойдаси кўп бўлдими ёки зиёни?

Эркин Абдуразаков: Давлатимиз рақобатга чидагани йўқ. Лабораторияларнинг очилиши кечикди. Сертификат бераётганда ҳам ягона маълумотларни сақловчи база бўлиш керак. У масала ҳам хал этилгани йўқ. Бизга қурилиш моллари, ёнилғи, метал буюмлари ва электрон маҳсулотлари иттифоқдаги давлатлардан келади. Пахта ёғи ҳам Россия ва Қозоғистондан келади. Шу масалаларни ижобий хал эта олмадик. Қирғизистоннинг ўзида ишлаб чиқариш саноати қийин аҳволда.

Совет Иттифоқи даврида Қирғизистон пахта ёғини ишлаб чиқарар эди. Ҳаттоки, Россиянинг Ленинград, Москва вилоятини гўшт билан таъминлаган. Жунни қайта ишларди, пахта кўп экиларди. Корхона ва фабрикалар ўзлаштирилгандан кейин, ҳозир ЕОИИ миқёсида, унга аъзо давлатларга кўп ҳажмда экспорт қиладиган молларни ишлаб чиқариш муаммо.

Келажакда Ўзбекистон билан ҳамкорликда чегарадош вилоятларда савдо майдончаларини барпо этиб, қўшма корхоналар очилса яхши бўлади.

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо эмас, деган баҳона билан у ердан бизга кўп моллар олиб келинмасди, биздан ҳам у ерга молларни ўтказмасди. Шу тарафдан олганда, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, енгилликлар бўлади. Марказий Осиёда ягона иқтисодий марказ бўлиши керак. Бу илк қадам ва келажакда яхши бўлади, деб ўйлайман.

Савол: Қирғизистон ЕОИИдан чиқиб кетиши керакми ёки қолиши керакми?

Эркин Абдуразаков: Бизнинг давлат бу иттифоқдан чиқиб кета олмайди. Боши берк кўчага кириб қолгандек бўлаяпти. Агар Хитой-Ўзбекистон темир йўли қуриладиган бўлса, бу албатта Қирғизистонсиз амалга ошмайди. Ўзбекистон Хитойга фақат Қирғизистон орқали ўтади. Қўшни давлат Хитойдан молларни Қирғизистон авто йўли орқали олиб келмоқда.

Сўнги пайтларда Ўзбекистондан Иссиқ-Кўлга поезд билан келадиган сайёҳлар сони ҳам кўпайган. Қўшни давлатлардан бизга келадиганларга шароитлар яратиб бериб, ҳамкорликни ривожлантириш керак.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларида ўқиш қиммат. Қирғизистонда эса арзон ва танлаш имкониятлари кўп. Шу сабабдан, қўшни давлатдан бизга келиб ўқиётган талабалар сони ортган.

ЕОИИ доирасида икки давлатнинг маданий, ижтимоий, иқтисодий алоқаларини янада ривожлантиришга йўл очилади. Агар мазкур иттифоққа Тожикистон ҳам қўшилса, Марказий Осиё давлатлари ягона иқтисодий тизимга бирлашса яхши бўларди.

Савол: Сизнингча, ЕОИИни ташкил этишдан мақсад нима бўлган?

Эркин Абдуразаков: Бу иттифоқ икки мақсадда тузилган. Минтақавий сиёсат. Чегараларимиз Афғонистон ва Хитой билан кесишган. Афғонистон жуда хавфли. Шунинг учун ОДКБ, ШОСни ташкиллаштиришди. ЕОИИни тузгани бу, назаримда, бир иқтисодий майдонча. Интеграцияни Совет давридаги даражага кўтариш. Бир-бирига ёрдам бериб, ҳамкорликни ривожлантириш мақсад қилинган. Бироқ бу ерда ягона сиёсат йўқлигидан Қирғизистоннинг ЕОИИдаги улуши 2,3 фоизнигина ташкил этади. Бу жуда оз. Сабаби, бу фоиз бизнинг давлат ўз чегарасидан молларни ўтказиб, бошқа давлатларга етказиб бераётганига қараб қўйилади. Шунингдек, Қирғизистон ўзида ишлаб чиқарган молларни оз сонда экспорт қилади. Имкониятлари чекланган. Шуларни ривожлантириш учун келажакда қўшма корхонлар очиш, автоқатновларни йўлга қўйиш ва инфраструктура бўйича ишларни жадаллаштириш керак. Чегарадан ўтаётганда божхона қоғозбозлигини озайтириш ҳам зарур. Шунингдек, ягона иқтисодий маълумотлар базасини тузиш керак. Қаердан қандай мол, қандай нархда келаётганини кўриш учун. Барчаси очиқ, адолатли бўлиши лозим. Шундагина, ЕОИИ ўз мақсадига етиб, иттифоқ доирасида ижобий натижаларга эришиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek