Ўзбекистон: Каримов тўғри қилганмиди ёки Мирзиёев нима қилмоқчи?

Сурат манбаси, kremlin.ru
Ўзбекистон: Каримов тўғри қилганмиди ёки Мирзиёев нима қилмоқчи? - Ўзбекистон ва ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласи ўтган бир кеча-кундузда ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода зил титратган мавзулардан бирига айланган.
Би-би-си Ўзбек хизматининг акаунтларидаги биргина постнинг ўзи саноқли соатларнинг ўзида юзлаб коментларга сабаб бўлиб улгурган.
Фикр қолдирган кўпчиликнинг мавзуга Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлиги нуқтаи назаридан ёндашилгани кўрилган.
ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқи ва унга Ўзбекистоннинг аъзолиги эҳтимоли Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Тошкентга бугун расман ўз ниҳоясига етувчи уч кунлик ташрифи манзарасида бўй кўрсатган.
Матвиенконинг сўзларидан маълум бўлишича, янги Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалани қатъий рад этмаган.
Бу ўзларининг манфаатларига қанчалик мос келиш-келмаслигини билиш учун вазиятни яхшилаб ўрганиб кўришлари мавқеида қолган.
Аммо, кўринишича, бу иш билан шуғулланиш учун аллақачон Ўзбекистон-Россия қўшма комиссияси тузилган.
Бу борада шу йилнинг охирида, яъни бор-йўғи уч ойча вақтнинг ўзида бир хулосага келиниши айтилган.
Таъкидлаш ва эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистоннинг чорак асрдан ортиқроқ мустақиллиги тарихида айни мавзу бу қадар контекстда кун тартибига чиқмаган.
Ўзбекистон ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлиги мазмунида ўзининг ифодасини топмаган. Ҳатто, бу каби эҳтимолнинг ўзи ҳақиқатдан йироқ масала сифатида талқин этилган, кўрилган.
Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи Президенти Ислом Каримов Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой, дунёнинг глобал қудратларига нисбатан ўзининг анчайин эҳтиёткор ва беқарор ташқи сиёсати билан танилган.
Айниқса, Россия бошчилигидаги иттифоқ ва ташкилотлардан имкон қадар масофа сақлаган, уларга аъзолик масаласига ошкора рўйхушлик бермаслиги билан эътироф, эътиборга тушган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бўладими ёки ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқи, бу каби ташкилотларга бош қўшишни Ўзбекистон мустақиллигига тўғридан-тўғри хавф, таҳдид сифатида кўрган.
Бу борадаги қарашларини ҳеч бир қудратдан яширмаган, каттаю кичик минбарлардан ошкора ва расман баён этиб келган.
Ташқи сиёсат: Геоқтисодми ёки геосиёсат?

Сурат манбаси, kremlin.ru
Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иттифоқи билан боғлиқ сўнгги янгилик, устига устак, янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг глобал қудратлар, айниқса, Россияга нисбатан ташқи сиёсатда геосиёсатдан кўра геоиқтисодни устун қўяётгани яққол кузатилаётган бир манзарада бўй кўрсатган.
Шавкат Мирзиёев қудратга келган бор-йўғи бир неча йилнинг ўзида томонлар ҳамкорликда Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган АЭС - атом электр станцияси қуриш борасида расман келишиб олишган. Бу йўлда аллақачон ишлар ҳам бошлаб юборилган.
Ҳали шу янгиликнинг ўзиёқ бир давлатнинг Россия сиёсий орбитасига тушиб қолиши учун АЭС лойиҳасичалик қулай йўл, восита йўқлигига оид хавотирларни пайдо қилмай қолмаганди.
Тошкентдан олинган сўнгги янгилик ҳам маҳаллий ва минтақавий кузатувчилар орасида бу каби ёндашув Ўзбекистоннинг фойдасига бўладими ёки зиёнига каби саволларни қизитаётган бир паллага тўғри келган.
Алал-оқибат Ўзбекистон, таъбир жоиз, мусиқани пулини тўлаган буюриши мавқеига тушиб қолмасмикан қабилидаги хавотирлар ҳам жиддий бўй кўрсатишни бошлаган бир фазода кузатилган.
Кибер фазодаги акс-садолар ҳам аксарият ўзбекистонликлар учун бу мавзунинг анчайин ҳассос эканини кўрсатган. Худди шу каби ташвиш, хавотир ва қўрқувларни ўзида акслантирган. Комент қолдирган кўпчиликнинг ҳам қиёсга берилгани кўрилган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, kremlin.ru
Ўзбекистонликлардан бирининг ёзишича, "Каримов ички сиёсатни жуда қойиллатиб қўймаган бўлса-да, ташқи сиёсатни жуда яхши тушунган ва узоқни кўрган одам" бўлган.
"Мана шундай босимлар бўлмаслиги учун Каримов сиёсат юритаркан, ўзини Кремлдан узоқроқ тутган".
Бошқа бир фолловеримизга кўра ҳам, Ўзбекистон ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқига қўшилмагани яхши.
"ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқи Ўзбекистон суверенитетига таъсир кўрсатади. Мигрантлар сони ошиб кетади. Ишлаб чиқариш йўқ бўлади. Ишсизлар сони ошади. Корхоналар, завод, фабрикалар ёпилади".
"Иттифоққа қўшилсак, божлар олиб ташланади, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси тўхтайди. Ишлаб чиқариш сусаяди", - дейди у.
Орада айни мавзуга муносабатларини рус тилида битганлар, қолдирганлар ҳам кўрилган.
Ана шундай коментларнинг бирида, "В этом разница между президентом Исламом Каримовым ва нынешним президентом Шавкат Мирзияевым. Подписка этого договора гарантирует что Россия возьмёт всю Азиатскую экономику в свои руки", - деб ёзиларкан, унга пешанасига шапатилаб турган киши эможиси илова қилинган.
Бу коментни яна бир қанча фолловерларимиз қўллаб-қувватлашган.
Яна бир ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиси эса, "Каримовнинг кўп ишлари менга ёқмаган бўлса-да, лекин эээнг хурсанд қилгани - шу лаънати ташкилотга қўшилмагани ва Хитойдан қарз олмагани!!!", деркан, ўз коментига учта ундов белгиси билан якун ясаган.
Бунга жавоб тариқасида ёзилган коментда эса, "Бизнинг ҳукуматга нима бўлаяпти? Наҳотки, марҳум Ислом Каримовнинг стратегиясини нотўғри, деб билишса? Ахир, бу иттифоқ мустақиллигимизга таҳдид солади-ку", дейилган.
Айни шу коментга изма-из битилган бошқасида эса, "Россия ўзбек халқига ҳеч қачон эл бўлмаган ва бўлмайдиям. Россия ҳар қандай йўл билан собиқ СССРни тиклаш илинжида".
Яна бир фолловеримиз мавзуга анчайин таҳлилий ва батафсил ёндашишга ҳаракат қилган.
"Марҳум Президент Ислом Каримов "ЕАЭС" иттифоқига аъзо бўлмаганининг сабаби - ўз иқтисодиётини мустақил равишда бошқаришни истаган. Чунки иттифоққа аъзо давлатларнинг бири инқирозга юз тутса, бошқаларига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Айниқса, Россияга нисбатан Ғарб давлатлари қўллаган санкциялар унинг иқтисодиётига катта зарар етказди. Кремль ушбу зарарни қоплаш учун иттифоқдошларидан фойдаланди ва фойдаланмоқда. Россия катта ҳажмдаги экспортларини асосан иттифоқдош давлатлари орқали Ғарбга олиб кирмоқда", деган.
Орада Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё иқтисодий Иттифоқига киришини ёқловчи коментларнинг ҳам унча-мунча борлиги кўрилган.
Бу контекстда қолдирилган коментларнинг мазмун-моҳияти умумиятла бир нуқтада жамланган. У ҳам бўлса - Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар учун амалда бўлган патентларнинг бекор қилиниши.
"Бу халқ учун яхши. Таможний очилса, патент бўлмаса,..бу одамларга тушунмайсан-ей, иссиқ ҳам ёқмайди, совуқ ҳам, ҳамма ақлли бўлиб кетади", дейилган ана шундай коментларнинг бирида.
Яна бир коментда шунга ўхшаш фикр рақамларда чақиб кўрсатиларкан, "3 миллион фуқаро минг доллардан патент тўлаб юришибди. Агар, қўшилса, шу пуллар Ўзбекистонга кетади. Нимага Европада чегара йўқ. Ҳамма билан дўстлашиб, савдо қилишимиз керак", дейилган.
Бунинг мантиқий давомидек кўрилган яна бир коментда эса, "Қўшилсак яхши бўлади. Миллонлаб мигрантлар Россияда юрибди. Ҳамма мигрантларга паст назар билан қарайди уёғда. Товар айирбошлаш хам кўпаяди. Бу янги бозор-ку, ахир. Қўшниларимиз билан мустаҳкам алоқа бўлса, нимаси ёмон. Европа Иттифоқига қаранглар, бирлашиб нималарга эришилди. Ҳамма аравани ҳар қаёққа тортса ривожланиш бўлмайди. Улар билан савдо қилишни кўпайтириш керак. Россия бозорларига тўғридан-тўғри кириб бориш керак олдингидек", - дея мулоҳаза юритилган.
Яна бирларига кўра эса, бу фақат референдум орқали ҳал қилинадиган масала бўлади.
Худди шу манзарада яна бир ўзбекистонлик фолловеримиз эса, "Ҳа, бизнинг гапимиз билан бир нима ўзгариб қолармиди? Охири бахайр бўлсин, деймиз...Биз Ўзбеклармиз! Бунда жуда катта маъно бор...", дея ўз коментига якун ясаган.
Бу биринчиси эмас...

Сурат манбаси, President.uz
Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин эса, ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кузатувчи мақомида қайтишга чақирган.
Володин ўшанда Ўзбекистон билан КХШТ доирасидаги муносабатларни ҳам ривожлантириш фурсати келганини таъкидлаган.
Сиёсий ўзгаришлар тўлқинида Ўзбекистон ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига кириши мумкинлигини ҳам қўшимча қилганди.
Ўзбекистон 2012 йил июнида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги аъзолигини расман тўхтатиб қўйган, лекин аъзо давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириб келади.
Бу каби даъватларга расмий Тошкентнинг мўътадил мавқеъда қолганига оид бир фазода ўша пайтда Москвадан олинган айни шу хабар ҳам кибер оламда озмунча муҳокамалар, хавотирларга сабаб бўлмаган.
Минтақавий экспертларнинг алоҳида эътиборларини тортган, таҳлилий чиқишлари сабаб мавзулардан бирига ҳам айланганди.
Шавкат Мирзиёев эса, ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.
Расмий Тошкент ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов даврида қабул қилинган концепцияга содиқ қолишини айтган.
Шунинг баробарида, қолган МДҲ давлатлари билан муносабатларини ривожлантириш, биринчи навбатда, Россия билан ҳар икки мамлакат манфаатларига жавоб берувчи ва минтақа хавфсизлигига хизмат қилувчи икки томонлама шартнома ва келишувлар асосида ўзаро алоқаларини изчиллик билан тараққий топтириш ва мустаҳкамлаш ҳам ташқи сиёсатларидаги муҳим қирралардан бири бўлиб қолаверишини баён қилган.
Худди шунинг баробарида Шавкат Мирзиёев АҚШ билан ҳам ҳар томонлама манфаатли ва конструктив ҳамкорлик масаласи Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этиб қолаверишини таъкидлаган.
"Ўзбекистон бундан буёғига ҳам яқин минтақавий қўшниси, минтақавий ва глобал муаммоларнинг ечимида муҳим роль ўйновчи Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантиришдан ҳам манфаатдордир"лигини қўшимча қилганди.

Сурат манбаси, kremlin.ru
Ўзбекистон жорий пайтда Россиянинг минтақадаги энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ҳамкорларидан бири саналади.
Россия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Расмий ва норасмий рақамларда ҳам уларнинг сонлари бугун миллионларга нисбат берилади.
Улар ортга, Ўзбекистонга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар, йилларки, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.
Ўзбекистон валюта тушумининг асосини ташкил қилади.
Ўзбекистонда ижтимоий портлашлар олдини олиб келаётган муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.
Россия ёки Қозоғистоннинг ўзларига четдан миграция оқимини тўхтатиб қўйиши - аксарият ўзбекистонликларни чўчитувчи, улар Ўзбекистон учун энг катта хавф, деб билувчи омиллардан бири ҳам бўлади.
Аҳолиси минтақада энг йириги(33 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистонда ишсизлик ва ночорлик ҳали-ҳануз энг долзарб муаммолардан бири бўлади.
Президент Мирзиёев янгидан-янги иш ўринлари яратиш илинжида четдан катта миқдорда сармоялар жалб қилиш, мамлакат иқтисоди асосларини турфалаштириш, иқтисодни эркинлаштиришга уринаётган эса-да, ҳали ҳам меҳнат миграцияси мазкур муаммоларнинг энг муқобил ечими сифатида қолаётган кўринади.
Ўзбекистон каби постсовет давлати, аммо МДҲ давлатлари орасидан энг ўзини тутиб олгани, бошқа тарафдан эса, демографик инқирозга юз тутиб турган Россия бунинг учун энг қулай ва энг имконли меҳнат бозори бўлади.
Минтақавий сиёсий экспертлар эса, миграцияни Россиянинг Ўзбекистон илова қолган аксарият Марказий Осиё давлатларига сиёсий босим ўтказиш, уларни ўзининг сиёсий орбитасига тортишнинг энг қулай ва имконли воситаларидан бири сифатида ҳам кўришади.
Шавкат Мирзиёев президентлиги билан кечган уч йилча вақт ичида Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатида кўпроқ геоиқтисодиётни устун қўяётгани, Хитой бугун минтақадаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорига айланганига қарамай, айнан Россия билан ҳар томонлама алоқаларни янада кучайтириш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.
Айнан шу икки - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг аъзолиги масаласи Шавкат Мирзиёев қудратга келган уч йилча вақт ичида ҳар икки давлат президентларининг ўзаро ташрифларига кўпчиликнинг алоҳида диққатини тортган энг муҳим мавзу бўлади.
Ўтган ой эса, Ўзбекистон расман Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилишини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қонунни имзолади.
Жорий пайтда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ушбу кенгаш халқаро ҳукуматлараро ташкилот саналади.
Унинг асосий фаолияти эса, туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Москва шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти эса, ўз асосий мақсади аъзоларини ташқи ҳарбий-сиëсий агрессорлар ва халқаро террорчилардан ҳимоя қилиш эканини таъкидлайди.
Айниқса, сўнгги йилларда расмий Москванинг Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош Афғонистондан келувчи таҳдид хавфидан жиддий огоҳлантирувчи чиқишлари кучайгани кузатилади.
Сиёсий таҳлилчилар ҳам буни Россиянинг Марказий Осиёда ўзининг геосиёсий мавқеини яхшилаш, манфаатларини парваришлаш ва империалистик амбицияларини амалга ошириш йўлида минтақа давлатларига таъсир ўтказишнинг яна бир самарали воситаси сифатида баҳолаб келишади.
Минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, Матвиенконинг ташрифи ортидан, Россия бундан буёғига Ўзбекистонни ўз лойиҳаларига қўшиш учун информацион босимни кучайтиради.
Франциядан Камолиддин Раббимовнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирча миллий манфаатлар асосида иш қилаётгани кўринади.
Минтақада дунёнинг уч глобал қудрати - Россия, АҚШ ва Хитой ўртасида геосиёсий кураш кучайиб бораётган ҳозиргидек бир вазиятда эса, таъбир жоиз, янги Ўзбекистоннинг президенти қаршисида турган энг асосий синов эса, айнан сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган халқаро ташқи сиёсат юрита билиш бўлади.
Ўзбекистон қолган Марказий Осиё давлатлари қаторида жорий пайтда Россия ва Хитой етакчилигидаги, деб кўрилувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоси бўлади.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, дунёдаги энг йирик сиёсий-ҳарбий альянс - Натонинг минтақадаги муқобилига нисбат берилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












