Исроил ва Фаластин можароси: Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилга ҳам ёйилди - Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Ғарбий Соҳил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда кузатилаётган тўқнашувлар можаро кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Зўравонликлар Ғазодан кейин ишғол остидаги Ғарбий Соҳилга ҳам кўчган. Ҳудуднинг аксарият қисми шиддатли тўқнашувлар ичида қолган. Камида 10 фаластинлик қурбон бўлган. Яна юзлаби яраланган. Вазиятни юмшатиш учун АҚШ махсус вакили минтақага етиб борган.

Ҳади Амр ҳозир Исроилда. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Исроил ва Фаластин мулозимлари иштирокидаги уч томонлама музокараларда иштирок этади.

АҚШ томонининг "барқарор тинчлик зарур" эканига оид мавқеъини яна бир бор урғулайди.

Ғарбий Соҳилда эса, Исроил кучлари фаластинликларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ, резина ва ростмана ўқларни қўллашган.

Фаластинликлар бунга бензинли бомбалар билан жавоб қайтаришган.

Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг аксарият шаҳар ва туманлари кеча, жума куни ғазабнок намойишлар гирдобида қолган.

Худди шу куни фаластинликларни дастаклаб, Исроилнинг Ливан ва Иордания билан чегарасида ҳам норозилик чиқишлари уюштирилган.

Ливан оммавий ахборот воситалари Исроил отган замбарак ўқидан бир кишининг қурбон бўлгани ҳақида хабар берган.

Яна томонларни осойишталикка ундаб, халқаро миқёсда даъватлар янграган.

Ғарбий Соҳилдаги тўқнашувлар сўнгги йиллардаги энг ёмони экани айтилаётган можаро кўламининг янада кенгайиб бораётганига далолат қилади.

Исроил ҳарбийлари ва Ғазони назорат этувчи Ҳамас гуруҳи ўртасидаги ҳужумлар эса, шу ҳафта душанба куни бошланган.

Ҳозирга келиб, ўзаро ҳужумларда ҳалок бўлганлар сони янада ортган.

Ғазода берилган жами қурбонлар сони камида 126 кишига чиққан.

Исроил томонининг талафоти эса, 8 нафарни ташкил этмоқда.

Бу ҳужумлар аллақачон "тўлақонли уруш" хавфини ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Исроил қўшинлари ҳозирча Ғазо Бўлгасига кирмаган.

Исроил Ғазога ҳужумларини кучайтирди - 14 май

Исроил Ғазо Бўлгасини энди ҳам ҳаво ва ҳам ердан ҳужумга тутишни бошлади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил Ғазо Бўлгасини энди ҳам ҳаво ва ҳам ердан ҳужумга тутишни бошлади

Исроил ҳарбийлари ҳозир танклар ва замбаракларини ҳам ишга солишган. Бўлгани ҳам ҳаво ва ҳам ердан ҳужумга тутишни бошлашган. Фаластинликлар бунга ракеталар билан жавоб қайтаришмоқда. Ғазо бомбардимонлар ичида.

Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида келиб чиққан танглик ва тўқнашувлар ростмана ҳужумларга айланиб кетган, Ҳайит куни ҳам тинмаган, вазиятнинг "тўлақонли уруш"га айланиб кетиши хавфини пайдо қилган.

Икки рақиб томон ўртасидаги зўравонликлар ўзининг бешинчи кунига кириб бормоқда.

Охирги Исроил-Фаластин можаросига сабаб бўлган Шайх Жарра мавзесида ким яшайди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хабарларга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳозир танклар ва замбаракларни ҳам ишга солишган.

Улар ҳозирча Ғазога киришмаган.

Душанба кунидан буён 110 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилган.

Исроилликлар талафоти саккиз кишини ташкил этган.

Исроил ҳаво ҳужумларидан кейин Ғазодаги аҳвол

Сурат манбаси, MAHMUD HAMS

Ғазоликлар

Сурат манбаси, Reuters

Худди шу манзарада Исроилнинг ўзида яҳудий ва маҳаллий араблар ўртасидаги тўқнашувлар ҳам тинмаётир.

Исроил президенти бунинг фуқаролар урушига айланиб кетишидан хавотирда.

Исроилдаги яҳудийлар ва маҳаллий араблар ўртасидаги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Getty Images

Мамлакат Мудофаа вазири исённи бостириш учун хавфсизлик кучларига катта сонда мадад юборишга қарор қилган.

Хабарларга кўра, аллақачон 400 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Исроил Бош вазири бугун, жума куни тонгда расмий баёнот билан чиққан.

Биньямин Нетаньяху Исроилнинг Ғазодаги Фаластин жангариларига қарши ҳарбий амалиёти қанча лозим бўлса, шунча давом этишини айтган.

Исроил Бош вазири Ғазони назорат этувчи исломий гуруҳ оғир бадал тўлашини айтган.

Ҳамас ҳам Исроил Бош вазирининг сўнгги баёнотини бежавоб қолдирмаган.

Агар Исроил қуруқликдаги ҳарбий амалиётларини давом этдиришга қарор қилса, "аччиқ сабоқ" бериб қўйишга ҳозир эканликларини баён қилган.

Ғазо ва Исроилдаги сўнгги зўравонликлар 2014 йилдан буён кузатилган энг ёмони экани айтилади.

Исроилнинг Ашкелон шаҳри

Сурат манбаси, Reuters

Исроил Бош вазирининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Ғазо осмонини портлашлар ёритган.

Бунинг ортидан, Ғазодан ҳам ракета ҳужуми бошланган.

Исроилнинг Ашкелон, Ашдод, Беэр-Шева ва Явне шаҳарлари нишонга олинган.

Бундан бир неча соат аввал Исроил ҳарбийлари захирадаги 7 минг аскарни чақириб олишган, Ғазо билан чегара яқинига қўшинлар ва танкларини жойлаштиришган.

Исроил ҳарбийлари Ғазога қуруқликдан ҳужум кўриб чиқилаётган танловлардан бири эканини айтишган, аммо ҳалича бир тўхтамга келишмаган.

Жанглар бешинчи кунига кириб бораркан, Бирлашган Миллатлар Бош котиби "зудлик билан Ғазо ва Исроилда эскалацияни юмшатиш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш"га чақирган.

Шу ҳафта чоршанба куни Шарқий Қуддусдаги вазиятга Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ҳам ўз эътиборларини қаратишган, "чуқур хавотир"да эканликларини айтиб, расман баёнот беришган.

Расмий Тошкент томонларни "зўравонликларга чек қўйиш"га ҳам чақирган.

Уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан мулоқот қилган.

Эрдўған билан ҳам Шарқий Қуддусдаги вазиятни муҳокама этиб олишгани расман хабар берилганди.

Аммо халқаро ҳамжамиятнинг ҳар икки томонга қаратилган худди шунга ўхшаш даъватлари ҳозирча иш бермаган.

Сўнгги зўравонликлар Шарқий Қуддусдаги бир неча ҳафталик танглик ва тўқнашувлар ортидан келиб чиққан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek