Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда - video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда. Мавжуд вазият "тўлақонли урушга айланиши мумкин"лигидан хавотирлар кучайган. Исроил Ғазо бўлгасида яна бир кўп қаватли уйни вайрон қилган. Фаластинликлар бунга жавобан ўнлаб ракета ёғдиришган. Зўравонликлар Рамазон Ҳайити арафасида ҳам тинмаган. Шиддатли янги тўқнашувларга оид хабарлар бор.
Бу Исроил Ғазо бўлгасида вайрон қилган учинчи кўп қаватли уй бўлган.
Вайрон этилган сўнгги уйда Ҳамаснинг "ал-Ақсо ТВ" каналининг студияси ҳам фаолият юритган.
Исроил Ғазода Ҳамаснинг юқори мартабали амалдорларини ўлдиргани, шунингдек, ракета учирилувчи мосламаларни ҳам нишонга олганини айтмоқда.
Ҳамас ҳам нуфузли қўмондони ва "бошқа лидерлари" ҳалок этилганини тасдиқлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳлари Исроилнинг бўлгага қаратилган сўнгги ҳаво ҳужумларини ҳам бежавоб қолдиришмаган.
Улар Исроилга қарата 130 та ракета билан жавоб берганликларини айтишган.
Исроил армияси эса, сўнгги уч кун ичида ўзларига қарши 1500 тага яқин ракета отилганини иддо қилган.
Аммо, уларга кўра, бу ракеталарнинг аксарияти "Темир гумбаз" ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.
Исроил Қуролли кучларининг айтишича, Ғазога қарши ҳужум 2014 йилдан буён минтақада кузатилаётган энг йиригидир.
Исроил томони Ғазо бўлгасидаги уйларга ҳужум қилишларидан аввал аҳолини огоҳлантиришларини ҳам иддао қилган.
Бироқ фаластинлик шифокорлар тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар борлигини айтишади.
Франс-Пресс ахборот агентлиги сешанба кунги ҳаво ҳужумларида бир оиланинг беш аъзоси қурбон бўлгани ҳақида хабар берган.
Талафотлар

Сурат манбаси, Reuters
Хабарларга кўра, томонлар ракета ва ҳаво ҳужумларини бошлаган душанба кунидан буён Ғазо бўлгасида камида 67 киши қурбон бўлган.
Уларнинг 20 га яқини болалар экани айтилмоқда.
Ҳамас назорати остидаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан 390 га яқин киши яраланган.
Исроил томонидан бир бола дохил етти киши ўлган.
Қурбонлардан бирининг Ҳиндистон фуқароси экани хабар берилган.
Ўтган кун давомида ракеталар Исроилнинг бир неча шаҳрига келиб тушган.
Жанубий Сдерот шаҳрида 6 ёшли болани ўлдирган.
Исроил томони сешанба куни яраланганларнинг умумий сони 100 га яқин эканини айтиб чиққанди.
Янги тўқнашувлар

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги қарама-қаршиликлар фонида қатор шаҳарларда исроиллик араблар иштирокида шиддатли тўқнашувлар ҳам бошланиб кетган.
Шу ҳафта душанба кунидан буён масъуллар араблар яшовчи мавзеъларда 400 га яқин кишини ҳибсга олишган.
Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича эса, оломон фақат араблар эмас, яҳудийларнинг ўзларига ҳам ташланмоқда.
Тўқнашувлар Лод, Хайфа шаҳарларида келиб чиққан, Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилларидаги қатор шаҳарлардан ҳам нотинчликларга оид хабарлар олинган.
Кеча, чоршанба куни яҳудий аҳолисининг арабларга қарши зўравонлигига оид хабарларнинг сони ортган.
Вазиятга Исроил Бош вазири ҳам эътибор қаратган, уни "анархия - бошбошдоқлик"га қиёс берган.
Тартибни ўрнатишда кўмак бериш учун зўравонликлар гирдобида қолган шаҳарларга ҳарбийларни юбориш режасида эканини айтган.
Халқаро акс-садолар

Сурат манбаси, Reuters
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби зўравонликларнинг авж олишидан "чуқур хавотир" билдирган.
Ташкилот ҳужумларнинг "тўлақонли уруш"га айланиб кетишидан хавотирда.
Орада Яқин Шарқдаги сўнгги вазият юзасидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғин ўтказган, аммо бирор бир баёнот билан чиқмаган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Нетаньяхуга сим қоққан.
Исроил Бош вазири билан телефон мулоқоти чоғида Ҳамас томонидан амалга оширилган зўравонликларни қоралаган.
Аммо Исроил тинч аҳолининг қурбон бўлишига йўл қўймаслиги кераклигини ҳам таъкидлаган.
Шу билан бирга, АҚШ махсус вакилининг Фаластин ва Исроил вакиллари билан учрашиш учун тез орада минтақага жўнаб кетиши айтилмоқда.
Москва эса, АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва Россияни ўз ичига олувчи Яқин Шарқ тўртлигининг фавқулодда йиғинини ўтказишга чақирган.
Кеча, чоршанба куни Шарқий Қуддусдаги вазиятга Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ҳам ўз эътиборларини қаратишган, "чуқур хавотир"да эканликларини айтиб, расман баёнот беришган.
Расмий Тошкент томонларни "зўравонликларга чек қўйиш"га ҳам чақирган.
Уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундаган.
"Бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ва мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга" даъват қилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан қисқа вақт ўтмай, Шавкат Мирзиёев Туркия президенти билан мулоқот қилган.
Эрдўған билан ҳам Шарқий Қуддусдаги вазиятни муҳокама этиб олишгани расман хабар берилган.
Исроил кучлари ва фаластинлик жангарилар ўртасидаги сўнгги қонли низо мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.
Сўнгги зўравонликлар бир неча ҳафталик тўқнашувлар маҳсули эса-да, Фаластин-Исроил орасидаги зиддият бир асрлик тарихга эга.
Икки томонни муросага келтириш уринишлари шу пайтгача самара бермаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















