Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, минтақада вазият танг - можаро илдизи қаерда? Video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Лод ҳам тартибсизликларга юз тутган. Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилишгача борган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лод ҳам тартибсизликларга юз тутган. Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилишгача борган
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Исроил кучлари ва фаластинлик жангарилар ўртасидаги зиддият кучайгандан кучаймоқда. Ракета ва ҳаво ҳужумлари шиддат билан давом этаётир. Исроилнинг марказий Лод шаҳри ҳам тартибсизликларга юз тутган. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Лодда исроиллик араблар бош кўтаришган.

Машиналарга ўт қўйилган, тартибсизликларда ўндан ортиқ киши яраланган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Лод мэри зўравонликларни фуқаролар урушига қиёс берган.

Фаластинлик жангарилар Исроилга яна юзлаб ракеталар отишган.

Исроил эса, Ғазога ҳаво ҳужумларини давом этдирган.

Ғазо Бўлгаси

Сурат манбаси, MAHMUD HAMS/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Исроил ҳарбийлари Ғазо Бўлгасига ҳаводан зарба беришган

Бу яқин йилларда кузатилган энг ёмони экани айтилаётган зўравонликларда камида 40 киши қурбон бўлган.

Исроилнинг сешанба кунги ҳаво ҳужумлари Ғазодаги кўп қаватли уйни вайрон қилган.

Бунинг ортидан, фаластинлик жангарилар Тель-Авивни нишонга олишган. Шаҳарга юзлаб ракета ёғдиришган.

Исроил худди шу каби ракета ҳужумларига жавобан ҳаво ҳужумларини уюштираётганини даъво қилмоқда.

Жанглар бир неча ҳафталик танглик ортидан келиб чиққан.

Орада Қуддусдаги муқаддас сатҳда Исроил полицияси ва фаластинлик намойишчилар ўртасида ҳам тўқнашувлар кузатилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Фаластинликлар Ислом динидаги энг муқаддас учта қадамжодан биттаси сифатида эътироф этилувчи ал-Ақсо масжидига ўта олмаётганликларидан ғазабда.

Уларнинг масжид жойлашган ҳудудга киришлари чекланган.

Худди шу ерда яҳудийлар ҳам ўзлари учун муқаддас сановчи Маъбад тоғи жойлашган.

Исроилнинг фаластинлик оилаларни Қуддус шарқидан кўчириш режаси ҳам бугунги тангликка ўз ҳиссасини қўшмай қолмаган.

Исроиллик араблар Лодда қурбон бўлганларни дафн этишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроиллик араблар Лодда қурбон бўлганларни дафн этишмоқда

Халқаро ҳамжамият ҳар икки томонни ҳам тангликни юмшатишга чақирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги вакили ҳужумларнинг кенг миқёсли урушга айланиб кетишидан хавотирда.

Тиббиёт мулозимларининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги зўравонликлар шу пайтгача камида 35 нафар фаластинлик ва яна беш исроилликнинг ўлимига сабаб бўлган.

Қурбон бўлган фаластинликларнинг 10 нафари болалар экани айтилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.

Минтақадан олинаётган хабарлар вазиятнинг Рамазон Ҳайити арафасида янада ёмонлашиб бораётганига далолат қилаётир.

Охирги зўравонликлар сўнгги бир неча ҳафта давомида кучайиб борган танглик маҳсули бўлса ҳам, Фаластин ва Исроил ўртасидаги можаро ўн йиллардирки, давом этиб келмоқда.

Зиддият қандай бошланган?

Зўравонликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Бир асрлик бошоғриқ

Биринчи Жаҳон урушидан сўнг Британия Фаластин ҳудудини урушда мағлуб бўлган Усмонли империясидан тортиб олди.

Бу ҳудудда яҳудий озчилик ва араб кўпчилик истиқомат қилар эди.

Халқаро ҳамжамият Британияга Фаластинда яҳудий халқи учун "миллий уй" ташкил қилиб бериш вазифасини топширганда бу икки халқ ўртасидаги зиддият кучайди.

20-аср бошларидаги Байтуллаҳим

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 20-аср бошларидаги Байтуллаҳим

Яҳудийлар учун бу ер аждодлар ватани, аммо фаластинлик араблар ҳам унга даъво қиларди ва ўзгаришларга қарши эди.

1920-1940 йилларда у ерга кўчиб келувчи яҳудийлар сони ошди, уларнинг аксарияти Европадаги қатағонлардан қочган ва Иккинчи Жаҳон урушидаги Ҳолокостдан сўнг ўзига ватан ахтарганлар эди.

1948 йил. Исроилнинг мустақиллик учун уруши арафас, партизан яҳудий жангчилардан бири

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1948 йил. Исроилнинг мустақиллик учун уруши арафас, партизан яҳудий жангчилардан бири

Яҳудий ва араблар ўртасида ҳамда британияликлар ҳукмронлигига қарши зўравонликлар ҳам кучайди.

1947 йили БМТ Фаластинни иккига ажратиб, араб ва яҳудий давлатлари тузишга овоз берди, Қуддус халқаро шаҳар бўлиб қолиши керак эди.

Харита

Бу режани яҳудий етакчилар қабул қилди, аммо араб томони инкор қилиб, ҳеч қачон ижро қилмади.

1948 йил. Иттифоқдош Араб Легиони қўшинлари Исроилнинг Хагана жангчиларини ўққа тутишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1948 йил. Иттифоқдош Араб Легиони қўшинлари Исроилнинг Хагана жангчиларини ўққа тутишмоқда

Исроилнинг туғилиши ва "фожеа"

Муаммони ҳал қила олмаган британияликлар 1948 йили яҳудий етакчилари Исроил давлати туғилганини эълон қилишига қўйиб берди.

Аксар фаластинликлар қарши бўлди ва уруш бошланди. Қўшни араб давлатларидан қўшинлар бостириб кирди.

Юз минглаб фаластинликлар қочди ёки уйларидан ҳайдаб чиқарилди. Улар бу воқеани "ан-Накба" - "фожеа", деб аташди.

Келаси йили урушлар оташкесим билан якунлангунгача, Исроил ҳудуднинг катта қисмини назоратига олиб қўйди.

Иордания Ғарбий қирғоқни, Миср Ғазони эгаллади.

Қуддус иккига бўлинди - ғарбий томонда Исроил, шарқий томонда Иордания кучлари ўрнашди.

Харита
Харита

Тинчлик битими ҳеч қачон имзоланмагани учун иккала томон бир-бирини айблади.

Кейинги ўн йиллар ичида яна урушлар ва тўқнашувлар юз берди.

1967 йилги бошқа бир урушда, Исроил шарқий Қуддусни ва Ғарбий қирғоқни, шунингдек, Суриянинг Жўлон тепаликларининг катта қисмини ва Мисрнинг Синай ярим оролини эгаллади.

Харита

Аксарият фаластинлик қочқинлар ва уларнинг авлодлари Ғазо, Ғарбий қирғоқ, шунингдек, қўшни Иордания, Сурия ва Ливанда яшайди.

Исроил на улар ва на уларнинг авлодларига ўз уйларига қайтишига рухсат берди, Исроил буни Яҳудий давлати мавжудлигига таҳдид ва мамлакатга босим, деб ҳисоблайди.

Харита

Исроил ҳозир ҳам Ғарбий қирғоқни эгаллаб турибди ва Ғазодан чиқиб кетган бўлса ҳам, БМТ уни ҳозир ҳам ишғол остидаги ҳудуд, деб ҳисоблайди.

Исроил бутун Қуддусни ўзининг пойтахти деб билади, фаластинликлар эса шарқий Қуддусни келажакда Фаластин давлатининг пойтахти бўлади, дейди.

Исроил ҳарбий қўмондонлари Шарқий Қуддусга кириб келишмоқда. Исроил кучлари 1967 йилдаги Олти кунлик уруш ортидан, Шарқий Қуддусни эгаллаб олишган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ҳарбий қўмондонлари Шарқий Қуддусга кириб келишмоқда. Исроил кучлари 1967 йилдаги Олти кунлик уруш ортидан, Шарқий Қуддусни эгаллаб олишган

АҚШ Исроилнинг ушбу шаҳарга тўлиқ эгалик ҳуқуқини тан олган оз сонли давлатлардан биридир.

Ўтган 50 йилда Исроил бу ҳудудларда манзилгоҳлар қурди ва ҳозирда 600 000 дан ортиқ яҳудий аҳолиси яшайди.

Фаластинликлар буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши ва тинчлик йўлидаги ғов деб билади, Исроил эса буни рад қилади.

Ҳозир нималар бўляпти?

Исроил ва фаластинликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Шарқий Қуддус, Ғазо ва Ғарбий қирғоқда яҳудий ва араблар ўртасидаги муносабат доим жуда таранг бўлиб келган.

Ғазо Исроилга қарши урушиб келган Фаластиннинг жангари гуруҳи Ҳамас томонидан бошқарилади.

Исроил ва Миср Ҳамасга қуроллар етиб бормаслиги учун Ғазо чегарасини қаттиқ назорат қилади.

Ғазода яшовчи фаластинликлар Исроилнинг хатти-ҳаракатлари, чекловлари боис, азият чекаётганликларидан шикоят қилишади.

Исроил эса, ўзини фаластинликларнинг зўравонлигидан ҳимоя қилаётганини айтади.

Вазият Рамазон ойи бошлари - апрель ўрталаридан фаластинликлар ва полиция ўртасида тунги тўқнашувлар билан ёмонлаша бошлади.

Айрим фаластинлик оилаларга шарқий Қуддусдан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилиниши омманинг ғазабини қўзғаган.

Ғазо сектори ва Исроил чегараси. Исроил кучлари билан тўқнашув пайтида намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғазо сектори ва Исроил чегараси. Исроил кучлари билан тўқнашув пайтида намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланган

Асосий муаммолар нимада?

Фаластинлик ва исроилликлар кўна олмайдиган бир нечта масала бор.

Булар фаластинлик қочқинлар тақдири нима бўлади, босиб олинган Ғарбий қирғоқдаги яҳудий манзилгоҳлари қоладими ёки йўқотилади, икки томон Қуддусни бўлишиши керакми ёки йўқ, ва эҳтимол энг мураккаби, Исроил давлати ёнида Фаластин давлати қуриладими ёки йўқлиги масалаларидир.

Тинчлик музокаралари чорак асрдан буён бир тўхтаб, бир давом этяпти, аммо зиддият барҳам топгани йўқ.

Келажакда нима бўлади?

Қисқаси, аҳвол яқин орада яхшиланадиган кўринмайди.

Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШ томонидан охирги ишлаб чиқилган ва "аср битими" дея аталган тинчлик режасини фаластинликлар бир томонлама режа сифатида буткул инкор қилган ва умуман амалга ошмай қолди.

Келажакдаги исталган тинчлик битими мураккаб масалалар устида икки томоннинг розилигини талаб қилади.

Унгача зиддият давом этаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek