Қуддуси Шариф, мусулмонларга тақиқ, қийноқлар - Трамп нимага улгурди? O'zbekiston, AQSh, dunyo, yangiliklar

Қуддуси Шариф, мусулмонларга тақиқ, қийноқлар - Трамп нимага улгурди? Ўзбекистон АҚШ президенти ўзининг биринчи сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлган. Трамп ўшанда Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшганди. Ўтган тўрт йил ичида нималар бўлди?
Дональд Трапм АҚШнинг 45 президенти бўлиш учун 2016 йилги сайлов кампаниясида қаторлаштириб ваъдалар берганига ҳам 4 йил ўтди.
Республикачилар партиясининг миллий съездида ўзининг навбатдаги муҳим нутқини сўзлаши арафасида турган Трамп аввалги берилган ваъдаларни қанчалик бажара олди?
У берган ваъдаларнинг аксарияти - мусулмонларни АҚШга киришини тақиқлашдан тортиб, Мексика билан чегара бўйлаб девор кўтаришгача - матбуотнинг бош саҳифаларидан ўрин олган эди.
Хўш, у нималарни уддалади?
Солиқларни қисқартириш
Сайловдан аввал: Трамп корпоратив солиқларни камайтириш ва ишловчи америкаликлар учун катта солиқ енгилликлари беришни ваъда қилган эди.
Сўнг: Республикачиларнинг солиқ лойиҳаси 2017 йил декабрида қабул қилинди. Бу лойиҳа Трампнинг иш жадвалига битта галочкани қўйса-да, аммо бу унинг қанчалик кутилгандек бўлгани савол остида. Трамп корпоратив солиқларни 35 фоиздан 15 фоизга туширишни ваъда қилган эди, аммо 21 фоиз бўлиши белгиланди.
Жисмоний шахслар учун солиқнинг қисқариши ҳам вақтинчалик, аммо республикачилар келгуси ҳукумат унинг муддатини узайтиришини айтмоқда. Бой америкаликлар қашшоқларидан кўра кўпроқ наф кўрмоқда бундан.
Ҳамма ҳам солиқ юки енгиллашганини ҳис қилгани йўқ. Асосан демократларга овоз берган штатларда даромади юқори шаҳарликлар учун солиқ юка аксинча ошган.
Иқлим ўзгариши буйича Париж битими
Аввал: Трамп ҳали президентликка сайланмай туриб, номзодлик вақтида иқлим ўзгаришини Хитой тарқатаётган ёлғон деб масxаралаган, Париж битимини эса Америка фаровонлиги учун тўсиқ, деган эди.
Сўнг: Пенсильвания Авеньюдаги ёпиқ эшиклар ортида ўтган уч ойлик баҳс ва тортишувлардан сўнг, ниҳоят Трамп битимдан чиқишга қарор қилди. 200 давлат имзо чеккан Париж битимидан чиқиш учун бир неча йил керак бўлар эди. Аммо барибир бу қарор унинг ўз ваъдасини бажарганини кўрсатарди. Шундай қилиб, битимдан чиқиш расман 4 ноябрь куни, президентлик сайловидан бир кун ўтиб амалга ошади.
Олий судга номзодлик
Аввал: "Мен судьяларни қидиряпман, улардан 20 нафарини танладим. Улар Конституциядаги Иккинчи ўзгартишни ҳурмат қилади, у нимани буюрса, шуни бажаради"
Сўнг: У консерватив судьяни тайинлашга ваъда берди ва икки судья Нил Горсач ҳамда Бретт Кавано тайинланди.
Горсачнинг тайинланиши Сенатда иш жараёнига ўзгартиш киритишни талаб қиларди. Аммо жаноб Каванонинг тайинланиши анча баҳсли бўлди.
Кавано жинсий зўравонлик билан боғлиқ айбловларга рўпара бўлди - у барча айбловларни инкор қилди - ва 1881 йилдан буён илк марта кузатилган энг оз сонли фарқ ҳисобига - 50.48 овоз билан лавозимга тайинланди.
Бунга қўшимча, Трамп олий судда кўпроқ из қолдириш учун қуйи федерал судларга қарийб 200 консерватив судьяни тайинлади.

Сурат манбаси, Getty Images
ИШИДнинг бомбаланиши
Аввал: 2015 йили ноябрдаги Айовада сўзлаган нутқида Трапм ИШИД жангари гуруҳини бомбалаб йўқ қилишини айтган эди.
Сўнг: Президент АҚШ аслаҳалари орасидаги ядровий бўлмаган энг катта бомбани ИШИДнинг Афғонистондаги уясига ташлади. Шунингдек, у ИШИДни Ироқ ва Суриядаги айрим ҳудудлардан чиқариб юборгани, ўзи айтмоқчи "деярли мағлуб этгани" айтилади. Албатта, бу жараён Обама президентлиги давридаёқ бошланган эди. Ўтган йили ИШИД раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодий АҚШ махсус кучларининг ҳужуми чоғида ўзини ўлдирган эди.
Исроилдаги элчихонанинг кўчирилиши

Сурат манбаси, AFP
Аввал: Трамп сайлов кампаниясида АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан фаластинликлар ва исроилликлар бирдек эгалик даъво қиладиган Қуддусга кўчиришга ваъда берган эди.
Сўнг: 2017 йили у Қуддусни Исроилнинг пойтахти эканини расман тан олганини айтди ва АҚШ элчихонасини кўчиришни маъқуллади. Элчихона 2018 йили майида - Исроилнинг 70 йиллиги билан бир вақтда очилди. Элчихонанинг доимий биносини қуриш режаси тасдиқланган ва бу йил бошланиши айтилган.
Қўшинларни мамлакатга қайтариш
Аввал: Трамп АҚШ Яқин Шарқдан чиқиб кетиши кераклиги ҳақида гапириб келади. 2016 йилги сайлов кампаниясида минтақани "тамоман тартибсиз", деб атади ва ҳукумат у ерга сарфлаётган триллионлаб доллар маблағни АҚШнинг ўзида сарфлаши кераклигини таъкидлади. У АҚШнинг хориждаги ҳарбий ҳозирлигини тугатиш ҳақида ҳатто президентликка ҳаракат бошламасидан аввал гапирган. 2013 йили у Twitter да ёзган эди: "Аскарларимизни ўзимиз ўқитган афғонлар ўлдирмоқда. Миллиардларни ўша ерда совуряпмиз. Бемаънилик! АҚШни қайта қуринг." Худди шу йили АҚШ Суриядан чиқиб кетиши кераклигини ёзган эди.
Сўнг: 2017 сентябрида Трамп маъмурияти Афғонистонга қўшимча 3000 аскар юборишини эълон қилди. Трамп қарорини шароит тақозоси билан бўлганини айтиб оқлади. Сурияда АҚШ Суриянинг курд ва араб жангарилари билан бирга ИШИДга қарши коалицияни бошқарди ва унда АҚШнинг 2000 аскари иштирок этди.
2018 йил декабргача Трамп АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди. Аммо уларнинг ярми, қарийб 500 нафари ҳамон ўша ерда қолмоқда.
Трамп ёз ва кузда Афғонистондаги аскарлар сонини 13 мингдан 8600га туширгандан сўнг ҳам 3 ноябрдаги сайловгача яна қисқартириш режалари борлиги ҳақида яқинда маълум қилди. Агар Tолибон янги тинчлик сулҳига амал қилса, АҚШ ва Нато иттифоқчилари 14 ой ичида барча қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақида бир тўхтамга келган.
Президентнинг қўшинларни чақириб олишга уринишларини ҳатто ўз маъмуриятидаги расмийлар ҳам баъзида танқид қилиб туради. Трампнинг Суриядан қўшинларни қисман олиб чиқиб кетиш қарори ортидан мудофаа вазири Жеймс Мэттис истеъфо берган эди.
Савдо битимлари
Аввал: Трамп Шимолий Америка Эркин савдо битимини (ШАЭСБ) "фалокат", деб атади ва Транс Тинч океани ҳамкорлиги (ТТҲ) ҳақида "ёмонлашиб боряпти, уни тўхтатамиз", деган эди. Шунингдек, у Хитой билан савдодаги камомадни бартараф қилишга ваъда берди.
Сўнг: Трамп ўз ваъдасига содиқ қолиб, биринчи кунларданоқ ТТҲдан чиқишга ҳаракатни бошлади. Кейинчалик агар бу ташкилот яхшироқ шартлар асосида ишласа, қайта қўшилишни ўйлаб кўришини ҳам билдирди.
30 ноябрь куни узоқ чўзилган музокаралардан сўнг, АҚШ, Канада ва Мексико АҚШ Мексико Канада шартномасига имзо чекди. Бу шартнома ШАЭСБ ўрнини эгаллаши режаланганди ва яқинда кучга кирди. Шунга қарамай, АҚШ Канадага алюминий учун бож жорий қилди. Табиийки, Канада ҳам бунга бошқа божларни жорий қилиш билан жавоб қайтарди.
АҚШ ва Жанубий Корея 2018 йил сентябрда янгиланган савдо пактини имзолади.
Бу вақтда АҚШ ва Хитой жадаллашаётган савдо уруши ичида қайнар эди. Ҳар икки томон бир- бирларига қарши миллиардлаб долларлик маҳсулотларга бож жорий қилдилар.
Давомли тарангликка қарамай, август ойида АҚШ ва Хитой шу йил бошида савдо урушини юмшатиш учун имзоланган "биринчи босқич" савдо битими юзасидан музокаралар ўтказди.
Мусулмонларга тақиқ

Сурат манбаси, AFP
Аввал: Трамп аввал бошда мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлашга - АҚШ ҳукумати "нималар бўлаётганини ўрганиб чиқмагунча" уларга дарвозаларни "бутунлай ёпиш"га ваъда берди.
Сўнг президентликка номзод бўлгач, "қаттиқ назорат" тартиби ҳақида гапиришга ўтди.
Сўнг: Президент сифатида у суднинг элагидан ўтмай қолган иккита чекловни жорий қилди, аммо учинчи чеклов ниҳоят ўтди. АҚШ Олий судининг Президент Трампнинг олти мусулмон мамлакатига қўйган чеклови кучга кириши мумкинлиги ҳақидаги қарори ҳали легал синовлардан ўтиши керак.
Ҳозирги тақиқ Эрон, Ливия, Сомали, Сурия, Яман, Венесуэла ва Шимолий Кореядан АҚШга сафарларни чеклайди.
Январда АҚШ иммиграция чекловларини яна олти мамлакатга қўллашини эълон қилди. Нигерия, Эритрея, Судан, Танзания, Қирғизистон ва Мьянма фуқаролари муайян турдаги визаларни ололмайди.
Куба билан муносабатлар ортиқ илиқлашмайди
Аввал: Трамп 2016 йил сентябрида Президент Барак Обаманинг Куба билан дипломатик муносабатларни қайта йўлга қўйиш, савдо алоқаларини яхшилашга доир битимини бекор қилиш ҳақида гапирган эди.
Сўнг: Президент бўлгач, у Маямида "Обаманинг бир томонлама битимини бекор қилиш" ҳақида гапирди.
2017 йилда Трамп ўз салафи бекор қилган савдо ва сафар чекловларини қайта жорий қилди. У Ҳаванадаги элчихонани ёпмади, аммо элчи ҳам тайинламади.
Ўтган йили Трамп маъмурияти америкаликларга Кубага гуруҳ бўлиб саёҳат қилиш ва оролга круиздаги саёҳатларни тақиқлади.
Шунгача АҚШдан Кубага сайёҳлик тақиқланган, гуруҳий саёҳатларгагина рухсат берилган эди.
Бу ой АҚШ маъмурияти қўшимча чекловларни эълон қилди. Ҳаванага иқтисодий босимни кучайтириш учун АҚШ ва Куба орасидаги барча хусусий чартер рейсларни муайян муддатга тўхтатди. Бу тартиб 13 октябрдан кучга киради.
Обамакэр
Аввал: Трампнинг энг машҳур ваъдаларидан бири Обамакэрни - Обаманинг мамлакат аҳолисининг соғлиқни сақлаш тизимидан четда қолган 15 фоиз аҳолисини ушбу тизим билан қамраб олишга уринишини бекор қилиш ёки ўзгартириш эди.
Обамакэр республикачиларнинг нафратига мубтало бўлган эди. Уларга кўра, бу янги тартиб бизнесга қимматга тушади, айримлар уни "иш жойларини ўлдирувчи", хусусий бизнес ва шахсий даҳлсизликка таҳдид деб ҳам атаган эди.
Сўнг: Республикачилар уни бекор қилиш ёки ўзгартиришга муваффақ бўлмаган эса-да, Трамп маъмурияти бу қонунинг айрим қисмларини бекор қилишга эришди - рўйхатга олиш даври қисқартирилди, айрим субсидиялар камайтирилди, соғлиқ суғуртасини олмаган шахсларга солинадиган жарима ҳам 2017 йилги солиқ режаси доирасида тўхтатилди.
Мексико билан чегара девори
Аввал: Унинг АҚШ Мексико чегарасида девор қуриш ваъдаси Трампнинг сайлов кампанияси вақтида айтилган энг баҳсли ваъдалардан бири эди. Трамп, шунингдек, девор қуриш харажатини Мексико тўлаши кераклигини талаб қилган эди.
Сўнг: Мексико томони ўртада тўсиқ қуриш учун ўзи маблағ бериши кераклиги ҳақидаги бу талабни қаттиқ қоралади. Ҳатто Трампнинг ўзи алал-оқибат бу ғоядан воз кечди.
Демократлар девор қуришга қатъий қарши, республикачилар эса, Ички хавфсизлик департаментининг ҳисоботига кўра, унга 21.5 миллиард доллар сарфланишидан норози.
2018 йил декабрида Трампнинг деворга 5 миллиард доллар ажратиш талабига демократларнинг қаршилиги сабабли АҚШ ҳукуматининг иши тўхтаб қолди. Сўнг президент деворни қуришга мудофаа ва бошқа жамғармалардан маблағ ажратишга қарор қилди. Аммо бу қарор қонуний қаршиликларга учради.
Май ойи охирларига келиб, деворнинг 300 километри қурилди, уларнинг ҳам аксариси эски, нураб кетган тўсиқлар мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Фақат 5 километр қисмигина тамоман янги қурилган.
Хитой валюта манипулятори сифатида

Сурат манбаси, Getty Images
Аввал: Трамп лавозимга келгандан бери Хитойга "валюта манипулятори" ёрлиғини илиб келади. Сайлов кампанияси вақтида у ҳатто Хитойни АҚШни "зўрлаш"да айблади. Хитой экпортни дастаклаш учун юаннинг қийматини атай пастлатиб турганликда айблаб келинади.
Сўнг: 2019 йил августида маъмурият АҚШни расман "валюта манипулятори", деб атади. АҚШ Молия вазирлиги валюта манипуляторини "халқаро савдода ноҳалол устунлик"ка эришиш учун ўз валютасининг АҚШ долларига нисбатан қийматига атай таъсир қилиш деб таърифлайди.
Аммо январь ойида Хитой ўз маҳсулотлари хорижда арзон сотилиши учун юан курсини махсус тушириш амалиётига чек қўйишга рози бўлгач, АҚШ ўз қарорини бекор қилди.
Ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш
Аввал: Трамп ўз қўлловчиларига доим ҳар бир ҳужжатсиз мухожир - уларнинг сони 11.3 миллион экани айтилади - "кетиши шарт" деб бот бот такрорлар эди.
Сўнг: Сайлов куни яқинлашар экан, Трампнинг мавқеи юмшай бошлади. Сайловдан сўнг эса депортация қилиниши керак бўлганлар сонини камайтириб, "жиноятчи, жиноий ўтмишга эга бўлган, жиоий гуруҳ аъзолари, норкофурушлар" билан чеклаб, 2 3 миллионга туширди.
2019 йилда 267 000 ноқонуний муҳожир депортация қилинган, бу бир йил аввалгига нисбатан бироз кўпроқ, аммо Обама маъмурияти давридаги - 2012 йилги 410 000 дан анча оз.
Трампнинг муҳожирлар билан ишлашни реформа қилиш режалари пучга чиқди. Олий суд Трамп маъмуриятининг Болаликда келганлар ишини кейинга қолдириш сиёсатини бекор қилиш чораларига қарши қарор чиқарди. Ушбу сиёсат АҚШга болалигида ҳужжатсиз келган 650 минг одамнинг манфаатини ҳимоя қилади.
Инфратузилмани қайта қуриш
Аввал: Мамлакат инфратузилмаси "энг муҳим соҳага айланади, биз уни қайта қуришда миллионлаб халқимизни ишларга жалб қиламиз", деган эди Трамп ўзининг ноябрь ойидаги ғалабасига бағишланган нутқида.
Сўнг: Аэропортлар, авто ва темирйўлларга катта маблағ берилиши ҳақидаги ваъдасини такрорлади. Аммо ҳамон бу борада тайинли иш қилингани йўқ. 2018 йил мартига қадар Конгресс инфратузилмага 21 миллирд доллар маблағ ажратди. Аммо бу Трампнинг 1.5 триллион долларлик ваъдаси олдида ҳеч нарса. Конгрес жадвалига кўра, бу пуллар кенг қамровли сармоялар ва ривожлантириш ишларига сарфланади.
2019 йил апрелда Трамп ва демократлар етакчилари инфратузилмага 2 триллион ажратишга келишди. Аммо бу келишув ҳам кейинчалик барбод бўлди. Июнь ойида Трамп маъмуриятининг бир триллионлик режаси ишлаб чиқилаётгани айтилган эди, аммо бу борада тайинли бирор нарса эълон қилинмади.
Натодан кечиш
Аввал: Трамп ҳарбий иттифоқнинг мақсадини доим савол остига олади, уни "эскирган", деб атайди. Унинг ғашига тегадиган масала аъзо давлатларнинг "ўз мажбуриятини бажармаслиги"дир. 2016 йили июлда "New York Times"га берган интервьюсида у ҳатто Россия бирор Нато аъзосига бостириб кирса, АҚШ ёрдам бермаслигига ҳам шама қилган эди.
Сўнг: Аммо 2018 йил апрелда Нато бош котибини Оқ уйда қабул қилган АҚШ Президенти терроризм хавфи альянснинг аҳамиятини оширганини таъкидлади. "Мени уни эскирган деган эдим, энди у эскирган эмас," деган Трамп.
2018 йил июлида ўтган Нато саммитида Трамп ўз дастагини яна бир марта таъкидлаган. Аммо иттифоқчилар унинг бюджет талабларини бажармаса, у барибир кетишини айтган.
Трамп Канада ва Натонинг Европадаги иттифоқчилари альянсни қувватлаш учун етарлича маблағ ажратмаётганини бот-бот такрорлаб келади. Яқинда у АҚШ Германиядан 12 минг аскарини олиб чиқиб кетишини айтди.
Қийноқ
Аввал: Трамп сувга бўктиришни маъқуллашини, керак бўлса "уни янада қаттиқлаштиришини" айтиб, "қийноқ ишлайди", деган эди.
Сўнг: Инаугурациясидан сўнг президент собиқ Mудофаа вазири Жеймс Мэттис ва ўша вақтдаги Марказий жосуслик агентлиги директори ва ҳозирги давлат котиби Майк Помпеонинг бу борадаги нисбатан мўътадил қарашига қўшилишини айтган эди.
Помпео ҳам бу каби усулларни "мутлақо" қайта жорий қилмаслигини айтган эди.
Ҳиллари Клинтонни суд қилиш
Аввал: "Уни қама" - Трамп тарафдорларининг бир овоздан қичқириб айтган гапи эди.
Улар демократик партиядан рақиби Ҳиллари Клинтонни у давлат котиби бўлган вақтда шахсий электрон почтадан фойдалангани учун қамоқда кўришни истар эдилар.
Трамп уларнинг тергов ҳақидаги талабини қондириш билангина чекланишни истамасди. Сайловолди дебатларининг бирида у Клинтон хонимга қараб, "Агар мен ғалаба қилсам, сизнинг ишингизни текширишни Бош прокурорга топшираман," деган эди.
Сўнг: У сайлангач, овозининг оҳанги ўзгарди. Аввал "қандайин ёқимсиз аёл", деган овоз энди мамлакат "ундан қарздор", дегувчи овозга айланди. Кейинчалик у тергов ҳақида "чуқур ўйламай гапиргани"ни айтган эди.
2016 йил ноябрда Трампнинг сўзчиси у ортиқ тергов ҳақидаги ишларни давом эттирмаслигини билдирди.
Ўзбекистон ва АҚШ

Сурат манбаси, official
Аввал: Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг президенти Дональд Трамп ўзининг сўнгги - 2016 йилги сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлади.
Дональд Трамп ўшанда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.
Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.
Pеспубликачи номзоднинг Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида кўпчилик ўзбекистонликлар томонидан ғазабнок кутиб олинган, қизғин баҳсу муносабатларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.
Сўнг: АҚШ Шавкат Мирзиёев расман қудратга келганидан бир ярим йил ўтмай, шахсан президент Дональд Трампнинг таклифи билан расмий ташриф билан борган илк Ғарб давлати бўлади.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган.
Расмий Вашингтон наздида "тарихий", дея ошкора баҳо берилган ташриф якунида эса, томонлар Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши"га оид қўшма баёнотни имзолашган.
Яқинда ҳам Америка томони Ўзбекистон ўзлари учун ҳурматли ва қадрли ҳамкор эканини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















