Дунё: Хотиним мени 10 йил жинсий зўрлаб келди — жинсий ҳаёт

An illustration of a woman trying to open a door behind which a man is hiding
    • Author, Viktoriya Juhan, Yana Gribovskaya va Denis Korolev.
    • Role, BBC

(BBC News O'zbek YouTube каналидаги сўнгги видеолар:

Ёш йигит Би-би-сига қандай қилиб оилада жинсий зўрлаш қурбонига айлангани ва ундан қандай қутилгани ҳақида сўзлаб берди.

"Бошида шунчаки ёқтирмас эдим, бироқ алоқаларимизнинг сўнгги 3 ёки 4 йилида секс доим саросима уйғотадиган бўлиб қолди.

Бу Ира мени ушлаб олиб, бу ишга мажбурлайдиган вақтда содир бўларди".

Оиладаги зўравонлик ҳақидаги шикоятларнинг аксари аёллардан келади. БМТ статистикасига кўра, хотин-қизларнинг ҳар учдан бири ҳаётида жисмоний ва жинсий зўравонликка дуч келади.

Эркак умр йўлдошларга нисбатан ҳужумлар жуда оз учрайди ва кўп эсланмайди.

Эркакларга нисбатан зўравонлик мавзусини гапириш кўп жамиятларда ман этилган. Қурбонлар эса ўз дарди билан ёлғиз қолишга маҳкум.

Украиналик бир ёш йигит шахсини яширган ҳолатда Би-би-сига ўз ҳикоясини айтиб берди.

Қуйидаги йигитнинг ҳикояси ва оилавий зўравонликни қандай пайқаш ҳамда нима қилиш кераклиги ҳақида экспертларнинг маслаҳатини ўқишингиз мумкин.

Биринчи муҳаббатим…

Дўстларим бирор нарсадан шубҳаланган, деб ўйламайман. Ташқаридан ҳамма нарса ажойиб кўринарди. Табассум қилган юзлар, дўстлар, кўп пул, бахтли онлар ва ўзимизга бўлган ишонч. Биргаликда дунёнинг ярмини айланиб чиқдик.

Саёҳатга чиққанимизда ундан қўрқмасдим. У менга бошқаларнинг олдида озор бермасди. У билан юзма-юз қолишдан қочиш мен учун энг муҳим масала эди.

A hand holds a mobile phone showing an image of a couple

Собиқ хотиним мени 10 йил жинсий зўрлаб келганини яқинда фарқига бордим.

Ира менинг биринчи аёлим. Биз 20 ёшларимизда танишдик. У мени учрашувга таклиф қилганди. Ота-онам бирортаси билан учрашишни бошлашим билан уйдан чиқиб кетишимни айтишганди.

Бошқа сўз билан айтганда, бирортаси билан танишиш оиладан, бошпанадан ажралишни билдирарди. Бир кунда мен ҳаммасини йўқотардим.

Бу қўрқинчли эди. Шунинг учун алоҳида яшаш учун етарли маблағим бўлганидан кейингина қизлар билан гаплаша бошладим.

Ўзига паст баҳо бериш

Бундан ташқари онам мендан ва кўринишимдан уяларди. Ўзимга паст баҳо берардим.

Биринчи жинсий алоқам Ира билан бўлган, буни мен истагандим. Лекин бу одатий қовушишга ўхшамасди. Секс оғриқли ва агрессив эди. Биринчи марта қўшилишимиз беш соат давом этди ва кейин ҳамма жойим оғриди.

Иранинг секс сўнггида албатта сперма оқиши керак, деган васвасаси бор эди. Мен сперма келгунча ишқалардим. Бу ўртача бир соатдан икки соатгача давом этарди.

Секс одамга ёқиши керак, лекин у мен ҳеч роҳатланмаганман. Бу борада тажрибам йўқ эди. Шундай бўлса керак, деб ўйлаганман ва шунга рози бўлганман.

An illustration of a figure in a foetal position

Лекин мен тез орада "йўқ" дедим. Бироқ бу уни тўхтатмади. Шундан сўнг бу зўрлашга айланди.

Қопқонда

Мен хорижга узоқ иш сафари билан кетишим керак эди. Ирани йўқотишдан қўрқиб, ўзим билан бирга кетишга чақирдим. Аввал менга турмушга чиқишга таклиф қилдим. У рад қилди, аммо сафарга бирга чиқди. Ана ўшанда ҳаммаси бошланди.

Мен қаттиқ ишлардим ва чарчагач дам олгим келарди, лекин Ира секс талаб қиларди. Бир, икки марта рози бўлдим…

У менга "Мен истаяпман, менга шу нарса керак, сен қилишинг керак, кел энди. Кўп вақтдан бери кутяпман", дерди.

Мен унга "Йўқ, истамаяпман, чарчадим, дам олмоқчиман", деб жавоб берардим.

Кейин у мени урарди, мен ҳеч нарса қилолмасдим. Баданимни тирноқлари билан қон чиққунча тирнарди, муштларди.

Ҳеч қачон юзимда зарба изларини қолдирмаган. Кийим билан ёпиқ турадиган кўкрак қисмим, елкам ва қўлларимга урарди.

Мен унга қаршилик кўрсатмасдим, чунки аёлга қўл кўтариш тажовузкорлик ва нотўғри иш деб билганман.

Ўзимни кичик, заиф ва қутула олмайдигандек ҳис қилганман. У ўзига керак нарсани оларди ва доимо менинг устимда бўларди.

line

Бир марта меҳмонхонада ўзим учун алоҳида хона олмоқчи бўлдим. Бироқ тилини билмаганим учун рўйхатдан ўтказадиганлар мени тушунишмади. Қопқонга тушиб қолдим.

Ишдан меҳмонхонага қайтиш учун қўрқардим, шунинг учун йирик савдо мажмуалари ёпилгунча кезиб юрардим. Кейин шаҳарда санғирдим. Куз эди, ҳаво совуқ ва нам ва ўзим билан бирорта қалин кийим олмагандим.

Натижада қувуғимда инфекция пайдо бўлди, простата безларим шамоллади ва қалтироқ тутди.

Бунинг бирортаси ҳам Ирани тўхтатолмади. У нимани истаса ўшани қилишга мажбур эдим.

Ҳафтанинг дам олиш кунлари янаям ёмон бўларди. Бу шанба куни эрталаб ва якшанба тунда содир бўларди. Украинага қайтиш учун кун санайдиган бўлдим. Муносабатларимизга барҳам бераман деб ўйлагандим. Бироқ янглишган эканман.

A person holds their head in a treated image

Сурат манбаси, Getty Images

"Кетмоқчи эдим, лекин енгилдим"

Ота-онамнинг уйига кўчиб ўтдим. Ира билан яшаш у ёқда турсин умуман кўришмоқчи ҳам эмасдим. Озод бўлиш ҳаракатларим йилларга чўзилиб кетди.

Биз уришиб қолишимиз мумкин эди. Телефонимни ўчириб, уни ҳамма жойда блоклардим. Бекиниб олардим, у эса ёпиқ эшикнинг нариги томонидан келиб ўтириб оларди. Ташқарига чақириб, ҳаммаси яхши бўлишини ваъда берарди.

Ҳар сафар уникига қайтиб борардим. Ёлғиз қолишдан қўрқардим. Бошида ундан ажралиш учун роса кўп ҳаракат қилдим, кейин камроқ, охири енгилдим.

У оила қурамиз, деб туриб олди. Умуман истамасам ҳам уйландим.

Ира мени ҳаммадан, дўстларим, оиламдан ҳам рашк қиларди. Қаерга борсам унга қўнғироқ қилиб айтардим.

"Нима учун бу анжуманга қатнашишим керак? Нимага дўстларим билан учрашаман?" У билан бирга, Иранинг ёнида бўлишга мажбур эдим.

Менсиз ҳеч қаерга бормасди. Ҳар доим унинг кўнглини чоғ қилишга мўлжалланган ўйинчоқдек эдим.

line

Ира ишламасди. Мен иккаламиз учун ишлардим, овқат пиширардим ва тозалардим. Иккита ҳожатхонаси бор катта квартирада ижарада яшардик.

Асосий ҳожатхонани ишлатишимга тақиқ қўйилганди. Меҳмонлар учун мўлжалланганидан фойдаланардим.

Ҳар куни эрталаб унинг 9 ёки 10 гача ўрнидан туришини кутардим, бўлмаса уйқусини бузиб қўйишим мумкин эди.

У биз алоҳида хоналарда ётишимиз керак, деган қарорга келди. Менинг хонам қулфланмасди, ҳеч қачон ёлғиз қололмасдим.

Бирорта хато қилсам, у менга қараб бақирарди ва урарди. Бу ҳолат ҳар куни бир марта ёки ҳар икки кунда бир такрорланган.

Ҳар нарсада мени айбларди. Унга қандай эркак кераклиги, у нима ва қандай қилиши ҳақида кўп гап эшитардим.

Мен кучсиз эдим. Жаҳлини чиқармаслик учун ҳам нима деса шуни қилардим.

Бир кун пастга тушиб, машинанинг ичига кириб олиб йиғлаб ўтиргандим. Ира ёнимдан ўтиб кетаётиб, мени пайқаб қолди. Уйга қайтиб келганимдан сўнг, жуда ҳам пушаймонлигини айтди. Бироқ бу нарса ҳам уни тўхтатолмади.

Ҳамма нарса кейинги кундан яна қайтадан бошланарди. Менинг нима қилганим, ўзимни қандай ёмон ҳис қилишимнинг фарқи йўқ эди. Ҳеч нарса ўзгармаганди.

Мен ҳам авлиё эмасман. Буларнинг ҳаммасидан қочиш учун ҳафта сўнгги, байрам демай бир кунда 10, 12, 14 соат ишлардим. Одам сиқилса айримлар ичади, айримлар ишлайди.

line

Зўравонлик қурбонлари нега зўравонларни ташлаб кетмайди?

An illustration from a photo of a woman holding her head in her hands

Сурат манбаси, Press Association

  • Зўравонлик одатий ҳол бўлган оилада улғайган одамлар, ота-онасининг хулқини ўз оиласида ҳам жорий қилади.
  • Яккаланиб қолиш қўрқуви ва стереотиплар: "Қўшнилар нима дейди?" "Бола ота-она билан катта бўлиши керак".
  • Психологик зўравонликнинг илк босқичларини илғаш қийин. Шу сабаб таҳқирланган инсон бора-бора кўникади ва вазиятни баҳолаш ва ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотади.
  • Зўравонликдан азият чеккан инсоннинг борадиган жойи бўлмайди. Зўравонга молиявий жиҳатдан қарам бўлади ёки ҳомиладор ё ёш болалари билан заиф ҳолатда бўлади.
  • Ҳокимликдан ёрдам сўраганида, "бу оиланинг ички муаммоси", деган жавобни эшитади ва енгилишади.

Алёна Кривуляк Ла Страда Украина миллий қайноқ линияси бошлиғи, Олена Кочемировска БМТ Аҳоли жамғармаси маслаҳатчиси.

line

"Гапиришни бошладим ва ўзимни тўхтатолмадим"

Бу каби вазиятнинг ичида бўлсангиз, сизга нима бўлаётганини пайқамайсиз. Қандай чиқиб кетишни билмайсиз, ҳеч кимни эшитмайсиз. Қутилиш имкониятингиз борлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайсиз, бу мутлақ умидсизликдир.

Ҳар доим ҳаммадан бир нарса "қарздор" бўлиб юрардим, ҳеч қачон ўзимга хос бўлмаганман.

Мен ўзим истамаган нарсаларни қилишимга сабаб, шунга ўрганиб қолганимда.

Мен буви-буваларимга, ота-онамга тегишли бўлганман. Ҳар доим муносабатлар учун ҳамма нарсани қурбон қилиш керак деб ўйлаганман.

Шунинг учун қизиқишларим ва ўзимни қурбон қилгандим. Бу менга табиий нарсадек туюларди. Натижада ҳаммаси чаппа кетди.

Бошида шунчаки ёқтирмас эдим, бироқ алоқаларимизнинг сўнгги 3 ёки 4 йилида секс доим саросима уйғотадиган бўлиб қолди.

Бу Ира мени ушлаб олиб, бу ишга мажбурлайдиган вақтда содир бўларди.

Саросимага тушганимда уни итариб юборардим, бекинардим, қочардим. Уйдан ёки ҳеч бўлмаса хонадан қочиб чиқардим.

An illustration of a person sinking into a dystopian pool

Ира жинсий алоқадаги муаммоларимизга мени сабабчи, деб биларди. Шу сабаб бир неча йил мени сексологга олиб борди.

Қачонки бирор нарсани ёқтирмаслигимни айтсам ва секс билан шуғулланишни истамаётганимни айтсам, муаммо сенда, деб айтарди. Зўравонлик ва жинсий зўрлаш ҳақида гапирмасдим.

Бу курслар Ира учун унинг ҳақлигига исбот бўларди. Зўравонлик ҳақида ажралишимиздан сал олдинроқ гапирдим. Гапиришни бошладим ва ўзимни тўхтатолмадим.

"Қандай қилиб ёрдам ва чиқиш йўлини топдим"

Куз эди, бронхит билан оғриб, иситмам 39-40 даражага чиқиб икки ҳафтача ётиб қолдим. Бу вақтда ҳеч ким ҳолимдан хабар олмади. Ана шунда ҳаётим қадрсиз эканлигини ва шу ерда ўлиб қолсам ҳеч ким фарқига ҳам бормаслигини ҳис қилдим.

Бу ҳамма нарса равшанлашган он эди. Қўрқув, жирканиш ва ўзимга нисбатан бениҳоя ачиниш. Кимгадир ёрилгим келарди, аммо кимга ва қандай қилиб билмасдим.

Бир кун шунчаки ёлғиз қолиш учун ота-онам уйда йўқ вақти уларникига бордим. Интернетда ўтиргандим, компьютерда суҳбатлашиш ойнаси поп этиб чиқиб қолди.

У ерда худди сен мавжуд эмасдек, ҳаммаси аноним эди.

Ўшанда бирини марта мен билан нима содир бўлган бўлса ҳаммасини икир-чикиригача айтдим. Ҳамон бу нарсани таҳқирлаш, деб қабул қилмасдим, бироқ ўша вақтдан бошлаб, "йўқ" дейишга одатландим.

Аввалига бу нарса кичик нарсаларга нисбатан бўлди. Жим ўтиргандан кўра, "йўқ" дейиш мен учун муҳим эди.

Кучга эҳтиёж сезган кунларим хаста бўлиб қолган ҳафталаримни эслайман.

Ниҳоят мени қўллаб-қувватлаган оилавий терапевтни топдим. Сессия давомида мен ва Иранинг гапириш вақти бор эди. Унга гапларимни бўлиш тақиқланганди. Ўшанда илк бор унга таҳқирлаш ҳақида гапирдим.

У қаттиқ ғазабланиб кетди ва менга бақириб, буларнинг нотўғри эканлигини айтди.

Шунга қарамасдан ажрашишни таклиф қилди. У ажрашишни истаганди, деб ўйламайман. Бу овозимни ўчириш учун қилинган ҳаракат эканлигига ишонаман. Бошқа имконият бўлмаслигини билиб, бунга рози бўлдим.

Идорада навбат бўлгани учун бошқасига бордик. Ичимда бу нарсани имконияти борлигида қилишим керак, деб ўйлаб кетардим.

Биз ажрашдик.

An illustration of a bridge with a man walking into the distance

Бир ойдан сўнг ажрашганимиз ҳақида қоғозни олган вақти ҳаётимдаги энг бахтли кун эди. Ажрашганимиздан кейин унга "Сен мени жинсий зўрлагансан", деб бақирдим.

"Сени зўрладимми? Нима бўпти шунга?", деб жавоб берди у.

Нима деб гапиришни ҳам билмай қолгандим, ҳалиям билмайман.

У қайсидир маънода нима қилганини тан олди, аммо устидан куларди.

Ота-онамнинг олдига кўчиб ўтдим, ишдан кетдим, бир неча ҳафта уйда ўтирдим. Ира ташқарида мени кузатиб ўтирибди, деб қўрқардим.

Бир куни у яна келди ва эшикни тақиллатиб, тепа бошлади, бақирарди. Онам қўрқиб кетганини айтди. Ўзимга ўзим кулиб "она, сен тасаввур ҳам қилолмайсан", дедим.

Бир нарсани тушуниш муҳим: бу сени ўлдиради

Зўрланганим ҳақида далил йиғмадим ва ҳеч кимга шикоят қилмадим.

Ота-онамга айтишим мумкин эди, лекин болалигимдан биламанки улар сир сақлай олишмайди. Ҳатто бошимдан ўтганларни дўстларимга ҳам қандай айтишни билмайман.

Руҳий далда берадиган гуруҳларни излай бошладим, бироқ Украинада уларнинг ҳаммаси аёллар учун. Ниҳоят, мен Сан Францискодан эркакларнинг ўзаро қўллаб-қувватлаш интернет жамиятини топдим.

Украинада илк марта борган психотерапевтим устимдан кулганди.

"Бунақаси бўлиши мумкин эмас, у аёл, сен эркаксан", деганди у.

Шу сабаб олти марта мутахассисни алмаштирдим, энг сўнггида топдим. Бошқа бировга қўлимни ушлаш учун рухсат беришимга 8 ой вақт керак бўлди.

line
Illustration from a photo of a man sitting in the corner of a room holding his face

Сурат манбаси, Getty Images

Ирани судга беришни ўйладим. Адвокатлар назоратга олиш қарорини чиқаришнинг имкони борлигини айтишди. Лекин ҳозир унга эҳтиёжим йўқ. Бунга анча бўлди. Шунчаки у ҳаммасини тан олиб, кечирим сўрашини истайман.

Ҳалиям ишга бормайман, ҳар куни ўрнимдан туришга қийналаман. Ҳаётдан мақсадим йўқ. Ҳатто йил бўйи нима қилганимни билмайман.

Бир нарсани аниқ биламан, ҳеч қачон бирортаси билан учрашмайман ва бола кўрмайман. Ўзимга ўзим енгилгандим.

Жин урсин, мен узоқ вақт сукут сақладим ва бу мана шу тартибсизликка олиб келди. Балки айни дамда мен каби вазиятга тушган яна бошқа эркак бордир ва у ҳикоямни ўқир.

У бир нарсани тушунишини истайман: бу тугамайди, ҳеч нарса жойига тушмайди. Бу ҳеч қачон йўқолиб кетмайдиган ҳақиқий тартибсизлик ва бу сени ўлдиради. Агар сен буни тушунсанг, сенда ҳеч бўлмаганда имконият бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek