Бошқалар сиздан кўп жинсий алоқа билан шуғулланадими?

Америкалик эркаклар ўз аёл ватандошлари ҳақида буткул нотўғри қарашга эга экан

Сурат манбаси, GraphicaArtis/Getty Images

Сурат тагсўзи, Америкалик эркаклар ўз аёл ватандошлари ҳақида буткул нотўғри қарашга эга экан
    • Author, Бобби Даффи
    • Role, "The Conversation"

Одатда биз бошқа одамлар жинсий ҳаёти ҳақида ўйлаганда, уларники анча ранг-баранг ва бой бўлса керак, деб ўйлаймиз. Нима учун шундай? Ва аслида ҳам шундаймикан?

Яқинда Ипсос маркетинг компанияси инсонларнинг турли нарсалар ҳақидаги қарашлари борасида тадқиқот олиб борди.

Тадқиқот давомида британ ва америкаликлардан улар 18-29 ёшлардаги ватандошлари ўтган тўрт ҳафта ичида неччи марта жинсий алоқа қилганига ишонишларини сўради.

Ҳар икки мамлакатда ўтказилган сўров натижаларига кўра, сўралганлар ёш эркаклар ўтган бир ойда 14 маротаба жинсий алоқа қилган деб ишонишларини айтганлар. Лекин аслида америкалик ёш эркаклар учун бу кўрсаткич - 4, британлар учун эса - 5 экан.

Бошқа сўз билан айтганда, респондентлар ёшлар деярли кунора жинсий алоқа қилади деб ўйлашган, яъни бир йилда 180 марта. Аслида эса, бу кўрсаткич - 50.

Қизиғи шундаки, эркак респондентлар аёлларнинг жинсий фаолияти уларникидан ҳам қизғин деб ўйлашар экан. Америкаликлар аёллар тўрт ҳафтада 23 марта секс билан шуғулланган деб ўйласа, британлар 22 марта деб ишонади.

Бироқ, ҳақиқий рақам тахминан беш баравар паст.

Кўпгина бошқа нарсалар сингари, бизнинг нотўғри тушунчаларимиз, бир томондан, бизнинг субъектив туйғуларимизга, иккинчидан - бизга етиб келадиган мишмишларга асосланади.

Одамзоднинг омон қолиши тўғридан-тўғри жинсий алоқага боғлиқ. Аммо айнан жинсий алоқа ҳақида бизда кўплаб нотўғри тушунчалар мавжуд.

Кўп бошқа инсоний ҳаракатлардан фарқли ўлароқ, жинсий ҳаёт яширин олиб борилади. Биз кўришимиз мумкин бўлган тарафи эса воқеъликдан йироқ.

Бошқа муқобил маълумотсиз, биз болалик даврида тенгдошлар суҳбатларига қулоқ тутамиз, сўнг спорт клубининг ечиниш хонасида ошналаримиз гаплашамиз, шубҳали сўров натижаларига кўзимиз тушади, ёки кўнгилочар журналлар ва порно филмлар бизга таъсир қилади.

Буларнинг барчасидаги фантастик "ҳаётий намуналар" ва кўпиртиришлар ҳақиқий вазиятни бутунлай бузиб кўрсатади.

Юқоридаги тадқиқотда, шунингдек, иштирокчилардан 45 ёшдан 54 ёшгача бўлган одамлар ўз ҳаётида неччи жинсий ҳамкорларга эга бўлганлигига ишонишлари сўралган.

Қизиғи шундаки, бу сафар респондентларнинг тахминлари эркаклар томонидан кўрсатиладиган рақамларга анча мос келди.

Ўртача рақамларга кўра, шу ёшдаги австралиялик ва британ эркаклар ҳаётлари давомида 17 та шерик, америкаликлар эса 19 га шерик билан жинсий алоқа қилганлар.

Бироқ, эркаклар ва аёлларнинг жавобларини солиштирсангиз, вазият ғалати кўринади. Биринчидан, хотин-қизларнинг суҳбат чоғида айтган шериклари сони эркаклар фикридагига қараганда анча кам.

Аёллар эркакларга қараганда икки баравар кам шерик билан бўлганларини айтишган.

Бу жинсий хулқ-атворни ўрганишда номутаносибликни уйғотаган, чунки статистика нуқтаи назаридан бу имконсиз.

Агар сўровда икки жинсдан ҳам тенг равишда гетеросексуал иштирокчилар сўралгани ҳисобга олинса, бу кўрсаткичлар бир-бирига мос тушиши керак эди.

Буни турли йўллар билан изоҳлаш мумкин. Мисол учун, эркаклар фоҳишалар билан жинсий алоқа қилишларини ҳам ҳисоблаган бўлишлари мумкин.

Ёки эркаклар ва аёллар жинсий алоқа борасида турлича тушунчага эгалар (масалан, аёллар баъзи амалларни жинсий алоқа деб ҳисоблашмайди, эркаклар эса аксинча).

Лекин, ишончлироқ изоҳ мана буниси бўлса керак: эркаклар бу рақамни билиб ё билмай каттароқ қилиб кўрсатишади, аёллар эса аксинча.

Қўшма Штатларда ўтказилган сўнгги тадқиқотлардан бири бу тахминни тасдиқлади.

Тадқиқот иштирокчилари жинсий хулқ-атворда учта гуруҳга бўлинган.

Биринчи гуруҳ сўровномани аноним тарзда тўлдирди.

Иккинчи тадқиқотнинг аёл иштирокчилари уларнинг жавобларини тадқиқотчилар кўриши мумкинлигига ишонганлар ва ким қандай жавоб бергани билинади деб ўйлаганлар.

Учинчи гуруҳдаги аёлларни эса "ёлғон детекторида" текширишган. Аммо, аслида ҳеч қандай детектор бўлмаган ва сохта қурилма ёлғон овоз чиқариб турган.

Аноним гуруҳдаги аёллар жинсий шерикларининг ўртача сонини 3,4, иккинчи гуруҳдагилар - 2,6, "сохта детектор"га жавоб берганлар эса 4,4 дея жавоб беришган.

Ва ниҳоят - Америка Қўшма Штатларида намоён бўлган яна бир ғалати тренд ҳақида.

Америкалик эркак америкалик аёл ҳаёти давомида ўртача 27 жинсий шерик билан бўлишига ишонар экан. Америкалик аёлларнинг фикрига кўра, бу кўрсаткич анча паст - 13.

Ва бу охирги рақам ҳақиқатга яқин - аёллар ўзлари ҳақида гапирганда, ўртача 12 та шериги бўлгани аниқланган.

Эркаклардаги 27 рақами қаердан пайдо бўлган?

Гап шундаки, сўроққа тутилган минг америкаликнинг тахминан 20 нафари ўз аёл ватандошлари ҳақида буткул нотўғри қарашга эга бўлиб, уларда 50 шерик бўлишига ишонар экан, ва бу ўз навбатида, умумий ўртача рақамга таъсир қилган.

Бизнинг нотўғри қарашларимиз атрофимиздаги муҳитга қандай муносабатда бўлишимизни намоён қилади.

Мазкур тадқиқотлар аксар инсонларда ёшлар ва асосан ёш аёллар ҳақида нотўғри тушунчалар мавжудлигини кўрсатиб турибди. Бу хавфли, албатта.

Одамларнинг фикрларини ўзгартириш учун уларни янги статистикалар билан безовта қилиш эмас, балки нима учун уларда бу нотўғри ғоялар пайдо бўлганини уларга сабр билан тушунтириш афзалроқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002