Дунё ва тақдирлар: 'Фариштадек эрим мени зўрлади' (16+) - jinsiy zo'ravonlik qizlar dunyo yangiliklar

Иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Ваэл Ҳусайн
    • Role, BBC News, Қоҳира

Мисрлик аёллар жинсий таҳқирлашлар атрофидаги сукут деворини бузмоқда. Охирги жанжаллардан бири яқин яқингача табу мавзу бўлган оиладаги зўрлаш сабабли келиб чиққан.

Огоҳлантирув: Мақолада жинсий тажовуз тасвирлари мавжуд.

Ўзининг никоҳ кечасида 34 ёшли Сафо эри томонидан зўрланди. Ҳужум натижасида унинг бўксаси, билаги ва оғзи жароҳат олган.

"Ҳайзим келганди. Ўша куни жинсий алоқага тайёр эмасдим, - дейди у. - Эрим бўлса, мени ўзи билан интим муносабатни истамаяпти деб ўйлади. У мени урди, боғлаб қўйди, овозимни бўғиб, ўзимни зўрлади."

Одамлар гап-сўзидан қўрқиб, Сафо бўлган воқеа ҳақида полицияга хабар бермади. Бу ерда, патриархал жамиятда мазлумнинг ўзини, айниқса, у аёл бўлса, айблаш маданияти илдиз отган.

Иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо бурилиш нуқтаси апрелда, Рамазон ойида эфирга узатилган "Ньютон бешиги" номли телесериалдаги бир эпизодда эркак ўз хотинини зўрлагани кўрсатилганда юз берди.

Аксар аёллар учун бу эпизод нохуш хотирани уйғотди ва, айни чоғда, уларни ўз кечинмаларини ижтимоий тармоқларда бўлишишга ундади.

Бир неча ҳафта ичида юзлаб аёллар ўз ҳикояларини сўзлади, Facebook даги "Speak Up" номли саҳифада 700дан ортиқ шундай ҳикоя пайдо бўлди.

Улар орасида 27 ёшли Сано ҳам бор эди.

"У фариштадек эди. Никоҳимизга бир йилча бўлган. Ҳомиладор эдим, кўз ёришимга оз қолганди, - дейди у саҳифага йўллаган хабарида. - Майда нарса устида урушиб қолгандим ва у мени жазолашга қарор қилди."

"У мени зўрлади. Шундан сўнг болам тушди."

Сано ажрашиш учун ёлғиз ўзи курашди ва ҳозир эридан ажралган, аммо чақалоғи учун ҳамон сиқилади.

Мажбурий ва тажовузкор секс Мисрда кенг тарқалган, айниқса, никоҳ кечасида кўп бўлади.

Бу масаладаги тортишувлар машҳур бир қўшиқчининг собиқ хотини Instagram да оиласида зўрлангани ҳақида гапиргани ортидан янада қизиди. Кўзида ёш билан кўринган бу аёлнинг видеоси кенг тарқалди, бош сарлавҳаларга чиқди.

Эр ҳам бўш келмади, собиқ хотинининг айблови "асоссиз" эканини айтиб, Instagram да жавоб берди.

Унинг собиқ хотини бундай ишлар учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонуний ўзгаришларга чақирди.

Иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Getty Images

Охирги ўтказилган ва 2015 йил январида эълон қилинган бир тадқиқотда, Аёллар ишлари бўйича миллий кенгашнинг билдиришича, ҳар йили ўртача 6500 та оиладаги зўравонлик, жумладан, никоҳдаги зўрлик, жинсий таҳқирлаш қайд этилади.

"Мисрда никоҳдаги зўрликларнинг асосий сабаби никоҳ шартномаси аёлга эри учун жинсий алоқага доим тайёр туриш мажбуриятини юклайди, деб ҳисобловчи маданиятдир", дейди Аёллар учун ҳуқуқий саводхонлик маркази директори ва ҳуқуқшунос Ридо Данбуки.

Айрим диний талқинларга асосланган ва кенг тарқалган ишонч шуки, агар аёл эри билан жинсий алоқани рад қилса, у "гуноҳкор" бўлади ва "фаришталар тун бўйи уни лаънатлайди", дейди у.

Бу баҳсни ниҳоялаш учун Миср Исломий маслаҳат идораси "Дарул Ифта" фатво чиқарди: "Агар эр хотинини ўзи билан ётиши учун куч ишлатса, у қонунан гуноҳкордир ва аёл маҳкамага мурожаат қилишга ва уни жавобгарликка тортишга ҳақли."

Аёллар учун ҳуқуқий саводхонлик маркази ўтган икки йилда 200 та никоҳдаги зўрлашни ҳужжатлаштирган ва уларнинг кўпи никоҳ кечасига алоқадор", дейди Данбуки.

Миср қонунларида никоҳдаги зўрлик учун жиноий жавобгарлик йўқ ва судлар ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Ваҳоланки, Жаҳон Соғлиқ ташкилоти уни жинсий тажовуз шакли сифатида белгилаган.

Судгача етиб борган аксар никоҳдаги зўрлашлар учун жавобгарлик белгиланмайди, бунинг сабаби эса Жиноят кодексининг 60 моддасидир.

"Жиноят кодексида белгиланган жазолар яхши ниятда, Шариатда тўғри деб белгиланган йўлда қилинган хатти ҳаракатларга нисбатан татбиқ этилмайди", дейилади мазкур моддада.

Аммо Данбукининг айтишича, никоҳдаги зўрлаш "бутун танани текшириб, етказилган жароҳатларни аниқлаш орқали исботланиши мумкин. Оғиз атрофидаги ва билаклардаги яраларга ҳам қаралиши керак".

Мисрга ўзгаришлар келиши одатда жуда секин бўлади. Бу ерда консерватив қадриятлар ҳамон ҳукмрон, аммо никоҳдаги зўрлаш қурбонларининг овози эшитила бошлади.

Сафо ва Санонинг исмлари уларнинг шахсини ҳимоя қилиш учун ўзгартирилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02