Дунё: 30 ёшлардаги йигит 86 ёшли момони зўрлади - одамлар шокда O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

- Author, Гита Пандей
- Role, Би-би-си Ньюс, Деҳли
Дунё: 30 ёшлардаги йигит 86 ёшли момони зўрлади - одамлар шокда. Ҳиндистонда ҳар йили ўн минглаб жинсий зўравонлик ҳоллари қайд қилинади. Аммо уларнинг айримлари кишини даҳшатга солади.
Ана шундай даҳшатга солувчи ҳолатлардан бири пойтахт Деҳли полицияси 30 ёшлардаги эркакни 86 ёшли момони зўрлаганлик айблови билан ҳибсга олгани бўлди.
"Аёл душанба куни оқшомда уйи олдида сутчини кутиб турганда унинг олдига зўравон келган," дейди Би-би-сига Деҳлининг Аёллар бўйича комиссияси раҳбари Свати Маливал.
"У аёлга доимги келадиган сутчи бугун йўқлигини айтиб, уни сут сотиб олса бўладиган ерга олиб боришни таклиф қилади."
Саксондан ошган аёл унга эргашган, эркак уни яқиндаги фермага олиб бориб зўрлаган, дейди Маливал хоним
"Аёл йиғлаган, қўйиб юборишини ялиниб сўраган. Унга момоси қатори аёл эканини айтган. Эркак эса унинг ялинишларига парво қилмаган, қаршилик қилганда унга шавқатсизларча ҳужум қилган," дейди Маливал хоним.
Қишлоқ одамлари унинг овозини эшитиб, қутқариб олишган ва зўравонни полицияга топширишган.
Маливал хоним сешанба куни аёлнинг уйига борган, учрашув "юракни эзадиган" бўлди дейди у.
"Унинг қўллари буришган. Бошидан ўтганларини эшитсангиз, даҳшатга тушасиз. Унинг юзида ва бутун танасида қонталаш жойлар бор, менга ичидан қон кетганини айтди. У оғир жароҳатдан азоб чекяпти."Ҳиндистонда ҳар йили ўн минглаб зўрланиш ҳолатлари қайд қилинади. Аммо уларнинг айримлари одамни даҳшатга солади.

Сурат манбаси, Getty Images
Маливал хоним зўравонни "инсон эмас" деб атаб, унга ўлим жазоси тайинлашни талаб қилмоқда.
"Деҳли Oлий маҳкамаси судьясига, шаҳар вице губернаторига ёзиб, ишни тезлаштиришни, айбдорни олти ойда дорга осишни сўрамоқчиман," дейди у.
Жинсий зўравонлик масаласи Ҳиндистонда 2012 йил декабрдан - 23 яшар физиотерапия талабаси Деҳлида юриб кетаётган автобусда гуруҳ бўлиб зўрланганидан буён ҳамманинг диққат-марказида.
Ўшанда қиз олган жароҳатлари боис, бир неча кун ўтиб ўлган эди. Март ойида зўравонлардан тўрттаси дорга осилганди.
Жинсий жиноятларга қарши кўрилаётган кучайтирилган чораларга қарамай, уларнинг сони ортиб бормоқда.
Жиноятларни рўйхатга олиш миллий бюроси маълумотига кўра, 2018 йилда полиция 33 977 та жинсий зўравонлик ҳолатини қайд қилган - ҳар 15 дақиқада битта зўрланиш. Фаолларнинг айтишича, ҳақиқий вазият бундан анча баттар, кўп ҳолатлар хабар қилинмайди.
Ва ҳамма ҳолатлар ҳам янгиликларга чиқмайди, фақат энг шафқатсиз, даҳшатга солувчилари ҳақида матбуотда ёзилади.
Ҳиндистон конронавирус пандемияси билан курашар экан, ўтган бир неча кунда ҳатто "Тез ёрдам" машинасида касалхонага олиб кетилаётган Ковид-19 беморини ҳайдовчи зўрлагани ҳақида хабарлар ёйинлади.
Ўтган ойда шакарқамишзорда зўрланиб, сўнг ўлдирилган 13 ёшли қизнинг жасади топилган, унинг отаси айтишича, қизининг кўзлари ўйиб олинган, тили ҳам кесилган экан.
Июлда олти ёшли қизча ўғирлаб кетилган, зўрланган, зўравон эркак афтидан ўзини таниб қолмаслиги учун унинг кўзларига жиддий жароҳат етказган эди.
Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёгита Бҳаяна ҳеч бир ёшдаги аёл хавфдан xолимаслигини айтади.
"Мен зўрланган бир ойлик қизча ва ёши олтмишлардаги аёлни кўрдим," дейди Бҳаяна хоним. У зўравонлик қурбони бўлганларга кўмак берувчи "Ҳиндистонда Халқ жинсий зўрликка қарши" нодавлат ташкилотида ишлайди.

Сурат манбаси, EPA
2012 йил декабрда автобусда содир этилган шафқатсиздан сўнг халқаро миқёсда танқидларга қолган Ҳиндистон ҳукумати жинсий зўрликка қарши қаттиқ қонунларни қабул қилди.
Жумладан, даҳшатга солувчи зўравонликлар учун ўлим жазоси белгиланди, бу каби жиноят ишлари тезлаштирилган шаклда кўриб чиқилишига ваъда берилди.
Аммо фаолларнинг айтишича, аҳвол яхшиланмаган.
"Аҳвол ўзгармаган, чунки аёлларни ҳимоя қилиш ҳукумат сиёсатининг устувор мақсади бўлиши керак, аммо бу ҳақда тайинли гап ҳам йўқ," дейди Бҳаяна хоним.
"Ҳиндистон ташқи таҳдиддан ҳимоя ҳақида гапиради, аммо мен улардан ички таҳдидлар ҳақида сўрайман. Сиз аёллар, қизларни ҳимоя қилиш учун нима қиляпсиз?"
Бҳаяна хоним йиллар давомида Бош вазир Нарендра Модига жинсий зўрлик қурбонлари учун адолат қилишини сўраб, юздан ортиқ хат ёзган, аммо бирор марта ҳам жавоб олмаган.
"Нега у бу масала ҳақида гапирмайди?", деб сўрайди у.
Ҳукуматга мухолифатда бўлган вақтлари Моди сайлов кампанияларида Деҳлини "жинсий зўравонлик пойтахти," деб таърифлаган эди.
2014 йили Бош вазир бўлгач, у ўзининг илк мустақиллик куни нутқида жинсий зўрлик ҳақида гапирди ва ота оналарга қандай қилиб яхшироқ ўғил ўстириш ҳақида тавсиялар ҳам берди.
"Бу зўрликлар ҳақида эшитганимизда уятдан бошларимиз эгилади," деган эди у.
"Ҳар бир хонадонда ота-оналар қизларидан қаерга кетаётгани, қачон қайтиши, манзилга етиб борганда хабардор қилиб қўйишни сўрайди."
"Аммо ўғлингиз қаерга кетаётгани, нима учун кетаётгани, дўстлари кимлиги ҳақида сўрадингизми? Жинсий зўрликка қўл ураётган ҳам кимнингдир ўғли," деганди у ота-оналарга ўз ўғилларини назорат қилишлари кераклиги ҳақида.
Ҳиндистоннинг асосан феодал ва патриархал жамияти учун бу гаплар катта янгилик эди.
Бироқ ўшандан бери жинсий зўравонликлар - уларнинг айримларига таъсирли шахслар ҳам аралашиб қолган - ўсгани янгиликлардан тушмай қолди.
Моди эса сукут сақлаб келмоқда. Фақат бир марта унинг партияси аъзолари жинсий зўравонликка аралашиб қолгани ҳақидаги хабарлар матбуотнинг бош сарлавҳаларига айлангач, 2018 йили Twitter да "Ҳиндистон қизларига адолат қилинади," деб ёзди.
Бҳаяна хоним бундай гендер зўравонликлар муаммосини "ҳеч бир сеҳрли таёқча" бир кечада ҳал қилиб қўя олмаслигини айтади.
Кўп нарса - полиция ва маҳкама иши ислоҳоти, полиция ходимлари ва юристлар хабардорлигини ошириш, яхшироқ суд экспертиза воситалари зарур, дейди у.
"Аммо ҳаммасидан бурун, биз гендер ҳақидаги тушунчамизни яхшилашимиз, одамлар онгини ўзгартириш устида ишлашимиз, бу каби жиноятларнинг олдини олишимиз керак."
Бу жуда мураккаб масала, деб қўшимча қилади у.
"Хоҳ Деҳли ҳукумати, хоҳ федерал ҳукумат бўлсин, гендер зўравонликлар масаласини ҳал қилиш учун ҳаракат қилаётгани аломатлари сезилмайди. Бу соҳада саккиз йилдан бери ишлайман. Бу борада жиддий ҳаракат қилаётган одамни ҳали учратганим йўқ."
Бҳаяна хонимнинг айтишича, жамоат жойларда ҳукуматнинг турли соҳалардаги муваффақиятлари - Ковид-19 га қарши чоралар, одамларни наркотик истеъмолидан қайтариш борасидаги ишлар кўз кўз қилинади.
"Аммо бирор шаҳарда жинсий ва гендер зўравонлик ҳақидаги плакатни кўрдингизми?" деб сўрайди у.
"Биз фақат Модининг арзанда шиори "Бети бачао, бети падҳао"ни [Қизларга таълим беринг, қизларни асранг] кўрамиз. Нега биз уни "Бета падҳао, бети бачао" [Ўғилларга таълим беринг, қизларни асранг] деб ўзгартирмаймиз."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














