Қозоғистонда жинсий зўравонлик ҳақида гапириш осонми?

Сурат манбаси, SAINA RAISOVA
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, Би-би-си
Анъанадор Қозоғистонда кўплаб аёллар жинсий зўрлаш ва тажовуз ҳақида очиқ гапиришдан ийманадилар. Бироқ #MeToo (#МенҲам)ва Time's Up (Вақт келди) каби ҳаракатлардан илҳомланган маҳаллий кампания аёлларни жим ўтирмасликка чақирмоқда.
Саина Раисова ўтган йили икки эркак томонидан зўрланганини қачон ёдга олса, руҳияти парчаланади.
Ўшанда 26 яшар бу қиз зўравонлардан қутилиш учун учинчи қаватдан сакраган. Оқибатда тос ва товон суягини синдириб олган.
У пастга қулагандан сўнг омон қолди, лекин уни фақат оғриқ қийнамас эди: «Зўрланганимдан сўнг биринчи ҳаёлимга келган фикр - жонимга қасд қилиш бўлди. Бундай азоб билан яшашнинг уддасидан чиқмайман, деб ўйладим.»
Ҳозир орттирган жароҳатлари туфайли Саина доимий оғриқ ичида яшашга мажбур. Бироқ адолатни қарор топтириш йўлидаги кураши бунданда азоблироқ бўлди.
Саина Би-Би-Сига Қозоғистоннинг аксарият аҳолиси жинсий зўрлаш ҳақида оғиз очишни уят ҳисоблаши ва уни ўзи билан бўлган воқеа юзасидан сукут сақлашга мажбурлаганлари тўғрисида айтиб берди.
«Мен нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари, балки ўзимнинг ичимдаги андиша ва қариндошларимга ҳам қарши курашишимга тўғри келди. Улар содир бўлган воқеадан ҳайратда эдилар. Мени тушунишмади.»
«Нега бу воқеани овоза қилмоқчисан?» сўрадилар мендан. «Ҳаммасини Аллоҳга сол. Ўзи жазосини беради.»
«Ота-онам бўлган ишларни элдан бутунлай яширишни истади. Бу улар учун оғир иснод эди.»

Сурат манбаси, NEMOLCHI.KZ
Ўтган йили тергов жараёни секин кетаётганини кўрган Саина унга зулм қилганлар жазодан қутилиб қолмаслиги учун бор гапни оммага айтишга қарор қилди.
Жорий йилнинг январь ойида суд жиноятчилардан бирини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг шериги, дея гумонланган иккинчи шахс эса ҳамон қидирувда.
"Кўпчилик бундай ҳолларда айбни қурбонларга юклайди. Одамлар менга 'бормаслигинг керак эди, кўришмаслигинг керак эди, мана ўзинг истаган нарсани олдинг,' деб кўп айтадилар."
Саина «жим ўтирма» ҳаракатига қўшилган кўплаб аёллардан бири - бу гуруҳ жинсий зўравонликка юз тутган аёлларга сўз беришни мақсад қилган.
2016 йилда ташкил қилингандан бери #НеМолчиКЗ ҳаракати жинсий тажовузга учраган 19 аёлга суд ишларида ёрдам берди ва бир йил ичида бу ҳештег ижтимоий тармоқларда 100,000 марта қўлланди.
Болалар мусиқали шоулари собиқ продюсери Дина Смаилова ҳаракат асосчиларидан бири. У Facebook'да 20 ёшида зўрланганини очиқлаганидан сўнг ушбу ҳаракат бошланган.
У Facebook'да ёзиб қолдирган пост тез орада омма эътиборини ўзига тортди. Бошқалар ҳам ўз бошидан ўтганларни улашиб, унга ёрдам таклиф қила бошлади.
Динанинг айтишича, ҳаракатнинг асосий мақсади мавзуга нисбатан анъанавий муносабатларни ўзгартиришдир.
«Бизнинг жамият бу мавзуни тилга олишни доимо уят ҳисоблаб келган. Қурбоннинг юзи доимо қора, зўравоннинг эмас,» дейди Дина.
«Биз зўрланиш эмас, зўравон бўлиш уят, деймиз. Шу сабабли биз очиқ юз билан оммага бошимиздан ўтган воқеалардан уялмаслигимизни айтамиз. Зўравонлар уялиши зарур.»
Ҳуқуқий Статистикалар Қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йил давомида Қозоғистонда 2,250 та жинсий зўравонлик ҳолати рўйхатга олинган. Бироқ фаоллар қурбонларнинг аксарияти бўлган воқеани яшириши туфайли бу рақам аслиятни англатмайди, дейди.

Сурат манбаси, YELENA IVANOVA
Ҳаракат мавзу юзасидан талабалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ўртасида огоҳликни ошириш мақсадида семинарлар ташкил қилади, зўравонликка учраган аёлларга ўз дардини очиқлаш учун минбар беради.
Шундай тадбирлардан бирида 19 ёшли Елена Иванова ўзининг зўрлангани ҳақида илк бора одамлар олдида очиқ гапирди.
Ўтган йили у микрофонни қўлига олиб, унга юзланиб турган одамларга бошидан ўтганлари ҳақида тутилиб-тутилиб ҳикоя қилиб берди.
"Мени… таҳқирлашди, зўрлашди," унинг овози зўрға чиқар, сукунатда ҳам эшитиш қийин эди.
Ўтирганлардан баъзилар унинг ҳикоясини кўзда ёш билан тингладилар.
Одамлар бу мавзу ҳақида гапиришни уят ҳисоблашига қарамай Елена оммага юзланишдан бошқа йўли қолмаганини таъкидлайди.

Сурат манбаси, NEMOLCHI.KZ
«Агар сукут сақлаб турмасангиз, одамлар, жамият ҳақиқат учун курашаётганингизни кўради.»
«Бошқа одамлар ҳам сизга қўшилгандан сўнг ўзингизни бирмунча бехавотир ҳис қиласиз, бу курашда ёлғиз эмаслигингизни англайсиз,» дейди у Би-Би-Си билан суҳбатда.
«Жим ўтирма» ҳаракати жинсий зўравонлик қурбонларини яхшироқ ҳимоя қиладиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқилиши учун ҳам интилмоқда.
Мавжуд қонунчиликка кўра, агар икки томон тил топиша олса, бўлиб ўтган воқеа "оғирлаштирилган ҳужум" деб ҳисобланмайди, узоқ вақт давомида зўрлаш ёки гуруҳ билан зўрлаш каби ҳолатлар истисно қилинади.
Танқидчилар таъкидлашича, қурбонлар босим остида зўравондан моддий товон олиб, аризасини қайтиб олишга мажбур бўлади. Қурбон ва айбланувчининг яқинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва ҳаттоки адвокатлар ҳам ишни босди-босди қилишга уринадилар.
Натижада кўплаб эркаклар жазо муқаррар эмаслиги сабабли жинсий зўравонликдан тийилишга интилмайдилар.
«Жамиятнинг мавзуга нисбатан муносабатини ўзгартириш муҳим, лекин биз, аввал, қонунга ўзгартириш киритишимиз лозим,» дейди Дина. «Жазо муқаррар бўлиши ва зўравонлар қилган иши учун ҳар қандай ҳолатда ҳам жавоб беришга мажбурлигини англаши шарт».
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












