Қозоғистон: Икки ой олдин дафн этилган қозоқ чол қандай тирилди?

Айгали амаки

Сурат манбаси, AZH.KZ

Сурат тагсўзи, Айгали Супигалиев ўз қабри тошини кўрган ўта кам сонли одамлардан.

Бир қозоқ оиласи ёши ўтган яқинининг сирли ва даҳшатли ўлимига энди кўника бошлаганда у уйга кириб келади.

"Биз уни дафн этганимиздан икки ой ўтиб, амаким Айгали уйга соғ-омон кириб келганда, қизим Соленинг қўрқувдан юраги ушлаб қолишига бир бахя қолди," дейди Эсенгели Супигалиев.

63 яшар Айгали июнь ойининг тонгларидан бирида уйни тарк этиб, шу бўйи қайтиб келмайди.

"Бундан олдин ҳам Айгали уйдан чиқиб кетиб, бир ёки икки ҳафта дайдиб юришини ҳамма яхши билар эди" - дейди Эсенгали.

Шу сабабдан оила Айгалининг қайтишини бир ойча кутиб яшайди. Қайтавермагандан сўнг улар полицияга мурожаат қилади. Бироз вақт ўтиб, полиция оила аъзоларини ёниб кетган мурда шахсини аниқлаш учун чақиради.

Чой ва ҳамдардлик

ДНК тести мурданинг «99.2% аниқликда» Айгали Супигалиев эканини кўрсатди, дейилади расмий ўлим тўғрисидаги гувоҳномада.

Сентябр ойида майитни ўз она шаҳри Атирауда дафн этишади.

айгали дафн этилган қабр

Сурат манбаси, FARKHAT ABILOV/AZH.KZ

Сурат тагсўзи, Айгали тириклар ичида бўлса, қабрда ким ётибди? Бу - жумбоқ.

"Биз қариндош-уруғ, дўсту биродарларни йиғиб, жигаримиз руҳи шод бўлсин учун 'конил шайʼ маросимини ўтказдик" - дейди Эсенгали. Бу маросимда яқинлар марҳумнинг оиласи билан бирга чой ичиб, уларга ҳамдардлик билдиради.

Қозоғистонлик бир оила ўз хонадони каттаси - Айгали Сўпигалиевни дафн этиб, ғам-андуҳи бироз енгиллашиб, дафн маросимига икки ой тўлган кунда, Айгали ота ўз оёғи билан эшикдан кириб келади.

Маълум бўлишича, бозорда отахон билан учрашиб қолган қўшни қишлоқлик одам унга иш таклиф қилган, қария эса рози бўлади.

Алоқадор мавзулар:

Айгали-ота тўрт ой давомида келишув бўйича ишлаган, иш битгандан сўнг бамайлихотир уйга қайтиб келган.

На полиция, на маҳаллий адлия бошқармаси мазкур ҳолатни изоҳлаб бермади. ДНК таҳлилини ўтказган суд тиббий экспертиза ходимаси эса 99.2% натижанинг хато бўлиши мумкинлигини ҳеч қанақасига тан олмади.

"Бироқ сиз қолган 0.8% ҳақида ҳам унутмаслигингиз керак" - дея қўшимча қилди, холос.

Сўпигалиевлар қабртош учун бекорга пул тўлагани ва қозоқ анъаналарига кўра тош сағанага буюртма бериб қўйганидан хафа.

Улар Айгали «вафот этган» икки ой учун тўланмаган пенсия пулларини ҳам қайтариб олган ва уларни чалкаштирган ҳуқуқ тартибот органларини судга бериш тўғрисида ўйлаяпти.

Бироқ оилани янада жиддийроқ савол қийнамоқда: Биз кимни кўмдик? Балки уни ҳам ўз оиласи излаб юргандир?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek