Покистон: Бобурийлар даврида учинчи жинс одамлар саройда эъзозланиб, уларга амал берилганми?

Гуру Аши
Сурат тагсўзи, Гуру Аши ўзи каби Хважа-Сеҳралар учун қариялар уйи очди.

Бугунги Покистонда Хважа-Сеҳра десангиз, кўпчиликнинг ғазаби қўзийди, ёзади ББС мухбири Мўъбин Азҳар.

Ўзларини на эркак, на аёл деб биладиган ушбу тоифа ҳозир ё тиланчилик, ё раққосалик ва ё фоҳишалик қилиб кун кечиришга мажбур.

Бироқ тарихда аҳвол буткул бошқача бўлган. Уларнинг жамиятда ўзига хос мавқеи бўлган.

Бобурийлар даврида Хважа-Сеҳралар иззат-эҳтиромга молик кўрилган ва саройда маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлашган.

Тўғри, айни тоифанинг илоҳий қудратига ишониш Покистон жамиятида ҳамон кучли.

Кўп одамлар оила қуриш ёки бола туғилишидан олдин уларнинг дуосини олишади. Умуман, учинчи жинсли одам кирган даврага омад кулиб боқади, деб ишонишган.

Бобурийлар ҳукмдорлик қилган асрларда эса мазкур табақа қудратига ишонч саройгача етиб борган кўринади.

Ярим миллион учинчи жинс

Мадҳу
Сурат тагсўзи, Мадҳу бир умр танасини сотиб, пул топишга мажбур бўлган.

Покистонда ўзини учинчи жинс вакили, деб биладиган инсонлар сони ярим миллионга етади.

Аммо бугун уларнинг аҳволи Бобурийлар давридан ҳам, 20-асрдагидан ҳам ёмонроқ.

Хважа-Сеҳралар илгари саройда ишламаса ҳам, базм ва тўйларда рақс тушиб пул топишган.

Алоқадор мавзулар:

Аммо 1990-йиллардан бошлаб Покистонда анъанавий Ислом кучая бошлаган. Хважа-Сеҳралар рақс тушиб, пул топадиган базмлар камайиб кетган.

Элликни қоралаб қолган Мадҳу бутун умр фоҳишалик қилиб яшаган. Бугун энди бозори касод бўлмоқда.

"Топаётган пулим ижара ҳақига аранг етади" - дейди Мадҳу - "50 ёшдан ошганингдан кейин Оллоҳ номи билан тиланчилик қилишдан бошқасига ярамай қолар экансан".

Мадҳу ўзини учинчи жинс ҳисоблашини айтганда, акалари уни роса калтаклашган. Ҳозир фақат онаси билан баъзан гаплашиб туради.

Бугун Лаҳордаги Баҳадшай масжиди олдидаги Жавоҳир бозорида Мадҳу кабилар ўз таналарини сотиб кун кўришади.

Қариганда қийин

Қариялар уйида
Сурат тагсўзи, Хважа-Сеҳралар қариялар уйида бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланади.

Учинчи жинс вакиллари қариганда жуда қийналишади. Чунки уларнинг кексайганда қарайдиган болалари йўқ. Қариндошлари эса улардан юз ўгиришади.

Эндиликда Хважа-Сеҳра бўлган Гуру Аши ўз тоифасидаги инсонлар ҳам кексалик гаштини сурсин, деган мақсадда, махсус қариялар уйи очди.

"Яқинда бир Хважа-Сеҳра оламдан ўтган экан, майити бир ҳафта ўликхонада қолиб кетибди" - эслайди Аши.

"Ҳеч ким жасадини олиб, дафн этмаган. Оиласи ҳам йўқ".

Гуру Аши 8 йил давомида бу қариялар уйини очишга ҳаракат қилиб, маблағ тўплаган.

Ҳозир ишга тушган масканда кексайган учинси жинс вакилларига бошпана, дори-дармон ва озиқ-овқат берилади.

Аши раққоса сифатида ишлаб топган барча пулини мазкур қариялар уйини ишга туширишга сарфлаган. У телевизорда чиқиб, бундай инсонларни камситмасликни ҳам сўраган.

Оллоҳ кечирсин

Khuram making clothes
Сурат тагсўзи, Хуррам илгари Саима бўлган, аммо бугун тақводор мусулмон.

Хуррам чевар. У ҳам учинчи жинс одам, бироқ бугун эркак киши каби кийинади.

Ҳатто бошидан намоз ўқийдиган дўпписи ҳам тушмайди, Исломий соқолини ҳам олмайди.

Аммо у олдин аёл кийимини кийиб, ўзини Саима, деб атаган.

Оиласи оқ қилишидан ва қариндошлари юз ўгиришидан қўрқиб, ҳозир эркак кийимида юради.

Бугун у қариялар уйида учинчи жинс одамлар учун аёллар кийими тикади, аммо уларни ўзи киймайди.

"Узун сочли даврларимини соғинаман" - дейди Хуррам - "Ҳамон қулоғим тешилган, қошимни бўяйман".

Хуррам 2013 йили ВИЧ юқтирганини билиб қолган. Шундан кейин Хважа-Сеҳра кийимларини ташлаб, эркак каби яшай бошлаган.

Учинчи тоифа одамларнинг ВИЧ вируси юқтириш хавфи бошқаларга нисбатан 50 маротаба кўп.

Шу боис ҳам Покистонда ушбу тоифа инсонларни тавқи лаънат қилиш кенг тарқалган.

"Олдин нима қилган бўлсам, Оллоҳ кечирсин" - дейди Хуррам - "Ота-онангни норози қилсанг, ҳаётинг ўнгланмаскан".

"Ҳали-ҳамон ичимдаги Саима баъзан ташқарига чиқиб туради" - тан олади Хуррам.

"Аммо оиламни ўйлайман, кўнгил истакларини босаман. Бугун мен Хуррамман".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM

Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.