Коронавирус карантини Ўзбекистонда қачон тугаши аниқ бўлдими? - O`zbekiston

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 15 тага ошиб, 205 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон коронавирус сабабли киритган карантин чоралари қачон тугайди, деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда.
Шу кунларда карантин чекловлари қачон ва қандай ҳолатда тугаши мумкинлиги ҳақида изоҳ ва ишоралар чиқмоқда.
Ўзбекистон ҳалқи яна қанча вақт уйда ўтиради?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон коронавирусга қарши киритган карантин тугаши борасида аниқ ишоралар борми?
Кўпчилик бу саволга жавоб истайди.
Шаксиз, чеклов чоралари янада кучайтирилиши ёки енгиллатилиши мамлакатдаги - ва ҳатто бутун дунёдаги - коронавирусга оид аҳволга боғлиқ.
Мамлакат тиббиёт мулозимлари олдинроқ коронавирус ёзга етмай йўқолиб кетишига ишора қилгандилар.
Ўзбекистон бош санитар-эпидемиологи Нурмат Отабеков шу кунлада яна бир бор карантин чоралари кўпга чўзилмаслигини айтди.
Аммо на аниқ, на тахминий муҳлат ҳақида сўз очди.
Жаноб Отабеков бир неча муддат олдин коронавирус апрель-май ойигача йўқолиб кетишини билдирган эди.
Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди раҳбари Комил Алламжонов эса ҳозирги чораларга барча қатъий амал қилса, бир ойлар ичида вирус тарқалиш занжири узилиб, ҳаммаси нулга тенг бўлишини таъкидлади.
Режалаш биздан, қолгани вирусдан

Лекин коронавирусга оид аҳвол дунёда жуда тез ўзгармоқда.
Ҳеч ким яқин келажак борасида аниқ режа туза олмаяпти.
Дейлик, дуёнинг энг қудратли давлати бўлмиш АҚШ раҳбарияти бошида коронавирус хавфи тез ўтиб, Пасхага қадар бизнеслар маромига тушишини айтганди.
Аммо атиги бир неча кун ичида АҚШдаги коронавирус юқтирганлар сони ҳатто Хитойдан ҳам ошиб кетди.
Қурбонларн сони жадал ошмоқда.
Дунёнинг энг биринчи иқтисоди бўлмиш АҚШда тиббиёт ҳодимлари битта ниқобни бир неча кунлаб тақишга мажбур бўлишаётганини айтдилар.
Трамп маъмурияти гап оҳанггини ўзгартирди ва ёзгача кескин чекловлар киритди.
Испания ва Италия ҳам аксар чекловларни чўзди.
Ўзбекистон йўли қандай?
Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони қарийб 200 нафарга яқинлашиб қолди.
( 2 апрель 2020 йил ҳолатига кўра, 190 нафар бемор, икки ўлим ҳолати).
Айримлар буни 34 миллионли мамлакат учун катта рақам демаслиги ҳам мумкиндир.
Бироқ мамлакат вирус хавфини ниҳоят жиддий қабул қилди ва кескин чоралар қўлламоқда.
Одамлар номаълум муддатга уйларида қолиши айтилди, шахсий ва жамоат транспорти тўхтатилди, йирик шаҳарлар буткул ёпилди ва вилоятлар ўртасида борди-келди узилди.
Кўплаб ишхоналар ҳамда ўқув юртлари ёпий, аммо муҳим озиқ-овқат дўконлари, бозорлар ва дорихоналар очиқ.
Бир тарафдан, қатъий чекловлар Осиё, хусусан, Хитой киритган кескин тақиқ чораларини эслатади.
Бозорлар ва дўконлар ишлаётгани эса аксар Ғарбдаги, дейлик, Британиядаги каби қисман чекловларга яқинроқ.
Ҳар қандай кутилмаган карантин ва ҳаракатланиш чекловлар, кўплаб иш жойлари ҳамда муассасаларнинг ёпилиши энг аввало кексалар, камбағаллар, кунбай иш ортидан кун кўрувчилар ва кичик тадбиркорларга қаттиқ таъсир қилади.
Ҳатто расмий рақамлар бўйича ҳам 4-5 миллион камбағал ва миллионлаб ишсизлар яшовчи Ўзбекистон учун карантин енгил кечмаслиги аниқ.
Абгор тиббиёт хавфи
Ўзбекистон тиббиёт тизими мустақиллик даврида ёмонлашиб борди: касаллар ҳатто оддий дориларни ҳам ўзлари олишадиган бўлдилар.
Нисбатан мураккаб муолажалар учун ўзига тўқроқ оила беморлари Тошкент ё Самарқандга бориб даволанади.
Мураккаб ҳолатларда пулдор ўзбекистонликлар Ҳиндистон ёки бошқа давлатларга боришарди.
Чунки Ўзбек ҳукумати узоқ йиллар тиббиётни на ислоҳ қилди, на шифокорлар маошларини оширди, на таъминотни яхшилади.
Ҳозир коронавирус таҳликаси остида ҳам вилоятлардаги шифокорлар ўз ёнларидан докадан ниқоб тикишга мажбурликлари, ҳар куни турли беморлар билан мулоқот қилишса-да, ҳимоя кийимлари йўқлиги ҳақида ёзишмоқда.
Транспорт тўхтатилиши ортидан айрим машинаси йўқ шифокорлар қандай ишга бораман, деб боши қотганини ижтимоий тармоқларда билдиришмоқда.
Ўзбек ҳукумати тиббиёт ходимларига кўп ҳолларда маъмурий справкаларни тўлдирувчи, кўча тозаловчи ёки пахта терувчи текин ишчи кучи сифатида қараб келди.
Бундай шароитда коронавируснинг кенг омма орасига тарқалиши жуда оғир оқибатларга етаклаши мумкин.
Нигерия ва Ўзбекистон
Ўзбекистон кўп салбий мезонлар бўйича бугун ёки урушлардан силласи қуриган Сомали ё Афғонистон каби давлатлар қаторида, ёки коррупция авж олган Қора Африка мамлакатларига туради.
Дейлик, ижтимоий тенгсизлик ва коррупция илдиз отган Африканинг Нигерия давлати ҳам касаллар сони ҳали 200 нафарга етмаса-да, худди Ўзбекистон каби кескин карантин чоралари киритди.
Чунки кескин чоралар кўриб, вирус тарқалишини жиловлаш икковлон учун ҳам муҳим.
Ўзбекистон ва Нигерияднинг кенг аҳолиси фойдаланадиган абгор тиббий хизмат катта сондаги коронавирус касалларини даволашга дош бериши савол остида.
Зотан, бугун замонавий тиббиёт ва таъминотга эга АҚШ, Испания ва Италия каби давлатлар ҳам вирус ҳужуми олдида қийналиб қолишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













