Ўзбекистон, коронавирус: Пандемиядан сўнг давлат ва жамият шифокорлар қадрига ета бошлайдими? O'zbekiston

«Пандемиядан сўнг халқимиз, амалдорларимиз тиббиёт ходимларининг қанчалик муҳимлигини тушуниб етадилар», ишонч билан сўзлайди у.
Сурат тагсўзи, «Пандемиядан сўнг халқимиз, амалдорларимиз тиббиёт ходимларининг қанчалик муҳимлигини тушуниб етадилар», ишонч билан сўзлайди у.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Коронавируснинг Ўзбекистонга расман кириб келганига қарийб йигирма кун бўлар экан, карантин чоралари сабабли бутун мамлакатдаги ҳаёт деярли фалажланганча давом этмоқда. Вирусга қарши кураш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш масъулияти эса, табиийки, шифокорлар гарданига тушган.

Айни вақтда Германияда яшаётган ўзбекистонлик ёш шифокор Сарвар Ғаниев пандемия шифокорларга бўлган эътиборни қандай ўзгартириши мумкинлиги юзасидан фикрларини Би-би-си билан ўртоқлашди.

2019 йилнинг ноябрь ойидан бери Германиянинг Гановер шаҳридаги шифохоналардан бирида кўнгилли тиббиёт ходими ўлароқ меҳнат қилаётган Сарвар Ўзбекистонда тиббиёт тизими эътибордан четда қолгани ва шифокорларнинг давлат ҳамда жамият олдидаги қадри паст бўлганидан ҳали Тошкент Тиббиёт Академиясини тамомлаш арафасидаёқ хорижга чиқиб кетишга ҳаракат бошлаганини айтади.

Унинг фикрича, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тиббиётнинг қанчалик муҳим соҳа эканини исботлаб берди, ҳатто, ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимлари ҳам бундай фавқулодда хатарга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди.

Бироқ у Ўзбекистон тиббиёт тизимида пандемиядан аввал ҳам муаммолар етарлича бўлганини таъкидлайди.

«Уларнинг ҳозир ёрдами тегиши мумкин эди»

Шифокорлар

Сурат манбаси, official

25 яшар Сарвар моддий техник базанинг аянчли аҳволда экани, шифокорлар тайёрлаш услубининг ҳозирги замонга мос эмаслиги, шифокорлар маошининг жуда паст экани, кадрлар тайёрлашга етарли эътибор қаратилмаслиги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд асосий муаммолар, дейди.

«Ўзбекистонда ишлаб юрган вақтимда тез ёрдам бригадаларида зарур тиббий воситалар, тиббий қўлқоплар етишмаслигини кузатиш мумкин эди», эслайди Сарвар.

У ана шундай муаммолар ортидан кўплаб малакали ва салоҳияти шифокорлар хорижга чиқиб кетиб қолганини айтади.

Ўзбекистонда кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Асосан инфекционистлар жуда ҳам кам. Охирги икки-уч йил ичида врачларнинг кўп қисми чет элга ишлаш учун чиқиб кетган".

«Бунинг сабаблари кўп: ойлик камлиги, врачларнинг беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан калтакланиши… Уларнинг, айнан шундай пандемия вақтида, Ўзбекистонга жуда ҳам ёрдами тегиши мумкин эди», билдиради ёш шифокор.

«Улар шифокорлар қадрини тушуниб етдилар»

Сарвар Ғаниев пандемия шифокорлар қанчалик муҳим касб эгалари ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга эканини кўрсатиб берди, дейди.

Унинг фикрича, иш ҳақининг камлиги туфайли врачлар бир неча жойда ишлашга мажбур бўлишяпти.

«Бундан ташқари врачларнинг жамият ва амалдорлар олдида қадрсизланиши охирги икки йил давомида жуда кучайиб кетди», билдиради Сарвар.

У сўнгги йиллар беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан врачларнинг калтакланиши, тиббиёт ходимларининг жонига суиқасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетганини тилга олади.

«Пандемиядан сўнг халқимиз, амалдорларимиз тиббиёт ходимларининг қанчалик муҳимлигини тушуниб етадилар», ишонч билан сўзлайди у.

«Менимча, аллақачон тушуниб етишди», қўшимча қилади Сарвар.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek