АҚШ, Хитой ва Россия рақобатда: 'Куч, зўрлик ва қудратга асосланган' дунёда қайси бири ҳукмронлик қилади?

Россия, Хитой ва АҚШ президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Энтони Цуркер
    • Role, Шимолий Америка бўйича мухбир
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Дунёнинг бу уч глобал ядровий қудрати нафақат қўшни, балки узоқдаги давлатларга ҳам таъсир ўтказиш учун ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий воситалардан қандай фойдаланмоқда - BBC таҳлили.

"Американинг Ғарбий яримшардаги ҳукмронлиги энди ҳеч қачон шубҳа остига олинмайди", дея эълон қилди президент Доналд Трамп Венесуэла раҳбари Николас Мадуро қўлга олинганидан сўнг.

У томонда Трамп Вашингтоннинг қудратини таъкидлаб турганда, бу томонда Хитой ва Россия ўз таъсир доираларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга интилмоқда.

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, учала давлат Европа ва бошқа минтақавий кучларга таъсир кўрсатадиган янги глобал тартиб ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Қуйида АҚШ, Хитой ва Россия нафақат қўшни, балки узоқдаги давлатларга ҳам таъсир ўтказиш учун ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий воситалардан қандай фойдаланаётганини таҳлил қиламиз.

АҚШ, Россия ва Хитой президентлари
gettyimages
Ko‘plab tahlilchilar fikricha, AQSh, Rossiya va Xitoy Yevropa va boshqa mintaqaviy kuchlarga ta’sir ko‘rsatadigan yangi global tartib o‘rnatishga harakat qilmoqda.
Entoni Surker
BBC ning Shimoliy Amerikadagi muxbiri. Batafsil: bbc.com/uzbek da.

"Куч билан бошқариладиган" дунё

АҚШ давлат байроғи фонида акс этган Доналд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Трамп маъмурияти даврида Қўшма Штатлар ғарбий яримшарга эътибор қаратган ҳолда ўз ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлик стратегияларини қайта белгиламоқда.

Бу ҳар икки партиядан сайланган охирги президентларнинг АҚШ қудрати ва нуфузига нисбатан глобал ёндашувидан сезиларли фарқ қилади.

Трамп маъмурияти вакиллари таъкидлашича, бу Америка фуқаролари ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган иммиграция, жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдоси каби масалаларга урғу берадиган "Аввало Америка" ташқи сиёсатининг амалий ифодасидир.

Трампнинг юқори лавозимли маслаҳатчиси Стивен Миллернинг "куч билан, зўрлик билан идора қилинадиган, қудрат билан бошқариладиган" дунё ҳақидаги сўнгги фикрлари Ҳенри Киссинжер ва Ричард Никсоннинг 1960-1970-йиллардаги прагматик, ғайриидеалистик ташқи сиёсатини ёдга солиши мумкин. Бироқ, яққол ўхшашлик XX аср бошида президентлар Уилям Мак-Кинли ва Тедди Рузвелтнинг Америка империясини қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларида кўринади.

Ғарбий яримшар Европа аралашувидан холи бўлиши кераклиги тўғрисидаги 1823 йилги "Монро доктринаси"ни ривожлантириб, Рузвелт АҚШ Американинг барча қитъаларини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлашда фаол рол ўйнаши кераклигини таъкидлаган эди.

АҚШ ўша даврда Венесуэла ва Доминикан Республикаси каби давлатларга молиявий ёрдам кўрсатган, Ҳаити ва Никарагуага ўз аскарларини юборган эди.

Доналд Трамп иккинчи муддати бошидан бери АҚШнинг бевосита географик минтақасидаги ҳудудлар ва муаммоларга катта қизиқиш билдирмоқда.

Унинг Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш бўйича ҳарбий операцияси бунинг ёрқин мисолидир. Бу эса АҚШнинг Кариб денгизида наркотижорат билан шуғулланган кемаларга зарбалари, Лотин Америкаси давлатларига босим ўтказиш учун тариф чоралари, миллий сайловларда маълум номзодлар ва партияларни қўллаб-қувватлашлар ҳамда Панама канали, Гренландия ва бутун Канадани қўшиб олишга чақириқлар ортидан юз берди.

"Қўшма Штатлар бизнинг хавфсизлигимиз ва фаровонлигимиз шарти сифатида ғарбий яримшарда устун бўлиши шарт – бу бизга минтақада қаерда ва қачон керак бўлса, ўз иродамизни ишонч билан намоён этиш имконини беради", дейилади Оқ уйнинг яқинда эълон қилинган Миллий хавфсизлик стратегиясида.

Ушбу янги стратегия хорижий кучларнинг, айниқса, Хитойнинг Американинг минтақавий қўшниларига таъсир ўтказишга уринишларини рад этади. Айнан шу ерда Американинг яримшар таъсир доирасига бўлган янги эътибори глобал сиёсий муаммоларга дуч келиши мумкин.

Бундан ташқари, Трамп бутун дунё бўйлаб тинчлик келишувларини тузишга қизиқмоқда, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари каби араб давлатлари билан иқтисодий ва хавфсизлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

У ва унинг яқин маслаҳатчилари, шу жумладан, Миллер АҚШ Ғарб тамаддунини унинг маданияти ва анъаналарини йўқ қилишга уринаётганлардан ҳимоя қилувчи куч эканлигини таъкидлаган эди.

Буларнинг бари шуни кўрсатадики, Америка ташқи сиёсатининг стратегик асослари "Аввало Америка" тамойилига таянган бўлса-да, Трампнинг шахсий қарашлари ва манфаатлари АҚШнинг халқаро кун тартибини белгилашда давом этаверади.

Американинг 250 йиллик тарихи давомида унинг ташқи сиёсати изоляционизмдан ташқи аралашувларгача, идеализм ва прагматизмнинг турлича уйғунлигига ўзгариб турган – буларнинг барчаси Американинг ҳарбий қудрати, халқ ва унинг раҳбарлари манфаатларига боғлиқ бўлган.

Трампнинг иккинчи президентлиги даврида вазият сезиларли ўзгараётганга ўхшаса-да, узоқ муддатли истиқболда Америка ташқи сиёсатидаги бу даврий ўзгаришлар ва силжишлар тугаганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқ.

АҚШ: Трамп тўхтамайдими - қўрқув ва хавотирлар кучайди - қуйида илова қилинган линкимизни босиб, видеосини ҳам томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хитойнинг "буюк тикланиши"

Си Цзинпин Хитой давлат байроғи фонида акс этган.

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Хитойнинг глобал таъсири фақат бирор "соҳа" ёки минтақа билан чекланмайди. Пекин ҳозирда Тинч океани жанубидан Жанубий ва Марказий Осиёгача, кенгроқ Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва улар орасидаги ҳудудларгача, дунёнинг ҳар бир бурчагида ўз мавжудлигини ҳис қилдирмоқда.

Глобал ҳукмронликка интилишда Хитой ўзининг асосий маҳорати – ишлаб чиқаришдан фойдаланди. Дунёда ишлаб чиқариладиган барча товарларнинг деярли учдан бир қисми Хитойда тайёрланади – чўнтакларимиздаги гаджетлар, гардеробимиздаги кийимлар ва ҳатто телевизор кўриб ўтирганимиз курсиларимизгача шулар жумласидандир.

Пекин дунёдаги ноёб ер минераллари захирасининг энг катта улушига эга бўлиш учун қулай имкониятларга эга. Бу элементлар смартфонлар, электромобиллар, шамол турбиналари ва ҳарбий қуроллар каби технологияларни ишлаб чиқариш учун зарур.

Хитой дунёдаги ноёб ер минералларининг 90 фоизини қайта ишлайди ва яқинда бу устунлигидан Доналд Трампга қарши фойдаланди – ўтган йилги АҚШ билан бўлган савдо уруши пайтида экспортни чеклаб қўйди. Эҳтимол, Вашингтоннинг Гренландия ва бошқа жойлардаги фойдали қазилмаларни излаши шу билан боғлиқдир. Икки давлат ресурслар учун рақобатлашаётган кўринади.

Бу 2000 йилда АҚШ ҳукмронлик қилган дунёда иккинчи даражали ўйинчи бўлган Хитой Халқ Республикаси учун катта ўзгариш. 2026 йилга келиб, Президент Си Цзинпин ўсиб бораётган армия қўллаб-қувватлайдиган, савдо, технологиялар ва инвестициялар орқали таъсир кўрсатадиган глобал етакчига айланди.

Хитойнинг қашшоқ мамлакатлардан биридан йирик саноат ва технологик кучга айланиши кўплаб ривожланаётган иқтисодиётларга ўхшайди. Улар буни ғарблашувсиз модернизация деб билишади – бунда давлатлар Ғарб сиёсий андазалари ёки ташқи сиёсат йўналишларини қабул қилмасдан ҳам иқтисодий ўсишга эришиши мумкин.

Бу самарали стратегия бўлиб чиқди. 2001 йилда давлатларнинг 80 фоиздан ортиғи Хитойга қараганда АҚШ билан икки томонлама савдо қиларди. Ҳозир эса дунё мамлакатларининг 70 фоизга яқини Америкага қараганда Хитой билан кўпроқ савдо-сотиқ қилади.

Пекин, шунингдек, ривожланишга эътибор қаратди ва "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида ривожланаётган иқтисодиётларга катта сармоя киритди. Бу Осиё, Европа ва Африкани қуруқлик ва денгиз йўллари орқали боғлашга қаратилган улкан глобал инфратузилма лойиҳаси бўлиб, портлар, темир йўллар, автомобиль йўллари ва энергетика лойиҳаларига Хитойнинг кенг кўламли сармоялари жалб қилинади.

Бу бир қатор давлатларнинг Пекиндан қарздор бўлиб қолишига олиб келди.

Доналд Трампнинг Венесуэладаги операциясидан кейин энг катта саволлардан бири шу: Хитой ҳам Тайванга бостириб кириб, АҚШдек йўл тутармикан? Аммо Хитой Тайван масаласини ўз ички иши – бир кун келиб қайтариладиган ажралиб чиққан вилоят сифатида кўради.

Агар жаноб Си оролга бостириб киришга қарор қилса, бу АҚШ прецедент яратгани учун эмас. Кўпчилик таҳлилчилар фикрича, Хитой Тайван халқини музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш мақсадида ҳолдан тойдиргунча мажбурлаш стратегиясини давом эттиради.

Си Цзинпиннинг мақсади ҳар доим Хитой миллатининг "буюк тикланиши" бўлган. Ўтган йилги ҳарбий парадда у ўз қўшинларига қараган айвонда туриб, Хитойнинг юксалишини "тўхтатиб бўлмаслигини" айтди. У Пекинга ҳурмат билан қарайдиган ва ундан ҳайратланадиган дунёни хоҳлайди ва Доналд Трамп давридаги ҳозирги глобал беқарорликни "ўзгариш" даври сифатида талқин қилади.

У буни имконият деб билади. Унинг фикрича, дунё чорраҳада турибди ва у Хитой йўлбошчилик қилиш учун энг қулай вазиятда эканига ишонади.

Россиянинг "яқин хорижи"

Путин Россия давлат байроғи фонида акс этган.

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Владимир Путин Совет Иттифоқининг парчаланишини "XX асрнинг энг катта геосиёсий ҳалокати" деб атагани машҳур.

Бу унинг руслар кўпинча "яқин хориж" деб атайдиган, 1990-йилларда мустақилликка эришган собиқ Совет республикалари ҳақидаги қарашларини тушунишга ёрдам беради.

Кўпчилик учун бу атама уларнинг "узоқ хориждаги" давлатларга қараганда мустақил давлат бўлишга камроқ ҳуқуқи борлигини англатади.

Кремл мафкурасининг асосини ташкил этувчи ушбу фикрга кўра, Россия бу мамлакатларда қонуний манфаатларга эга ва уларни ҳимоя қилишга ҳақли.

Унинг таъсир доираси чегаралари аниқ эмас ва Кремль унинг чегаралари қаерда жойлашганини атай ноаниқ қолдирган.

Президент Путин бир пайтлар "Россия чегаралари ҳеч қачон тугамайди" деган эди ва унинг кенгайиш сиёсатининг баъзи тарафдорларига кўра, Россиянинг таъсир доирасига тарихан Россия империясига тегишли бўлган барча ерлар, ҳатто ундан ҳам кўпроқ ҳудудлар киради. Москва Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини "тарихий ҳудудлар" деб аташи сабабларидан бири ҳам шу.

Кремл собиқ Совет республикалари ва "манфаатлари бор" деган бошқа давлатлар суверенитетини қоғоздагина ҳурмат қилади. Бироқ, амалда у собиқ иттифоқдош давлатларга нисбатан иқтисодий ва ҳарбий босим ўтказиш тажрибасига эга, зеро улар ҳам Россия таъсир доирасидан чиқишга урина бошлаган.

Украина буни қийин йўл билан ўрганди. СССР парчаланганидан кейин ўн йилдан ортиқ вақт давомида унинг ҳукумати Кремл мақсадларига кўп жиҳатдан мос келадиган сиёсат олиб борди ва Қримда, Қора денгизда Россиянинг йирик ҳарбий-денгиз базасини жойлаштирди.

Украина ислоҳотчи ғарбпараст президент Виктор Юшенкони сайлагунга қадар Кремл муносабатлардан мамнун эди. Унинг даврида Россия 2006 ва 2009 йилларда газ етказиб беришни икки марта тўхтатиб қўйди.

Иқтисодий босим ва сиёсий аралашувлар натижа бермагач, Россия 2014 йилда Қримга бостириб кириб, минтақани ўз назоратига олди ва 2022 йилда Украинага кенг кўламли ҳужум бошлади.

Худди шундай, Россия 2008 йилда ислоҳотчи президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги Грузияга қарши уруш очди. Бу Грузия ҳудудининг тахминан 20 фоизи устидан Россия назоратини мустаҳкамлади ва кенгайтирди. Ўшандан бери Россия қўшинлари Грузия ҳудудига чегара устунлари ва тиканли симларни тобора чуқурроқ суриб бормоқда. Бу амалиётни маҳаллий аҳоли "ўрмаловчи ишғол", деб атайди.

Россиянинг 2008 йилда Грузияга ва 2014 йилда Украинага бостириб киришига Ғарб томонидан жиддий жавоб берилмагани Путиннинг "яқин хориж" ўзиники деган ишончини янада мустаҳкамлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Украина ва Грузия Москванинг сиёсий ҳукмронлигига қаршилик кўрсатиб, ҳарбий ҳужумга дучор бўлган бўлса-да, баъзи собиқ иттифоқ республикалари Россия билан ҳамоҳанг қолаверди. Улардан бештаси – Беларус, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Арманистон ҳукуматлари ҳамон ўз ҳудудларида Россия қўшинларини сақлаб келмоқда.

Украина ва Грузия учун муаммолар улар демократик ислоҳотларни амалга ошириб, Ғарб билан яқинроқ алоқаларни ривожлантириш орқали Россиянинг таъсир доирасидан чиқишга уринган ҳукуматларни сайлагач бошланди.

Кейинги воқеалар мутлақо янги эмас эди. Тарих ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва этник озчиликни ҳимоя қилиш баҳонасида бошланган урушлар билан тўла.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ва Совуқ урушдан кейин жаҳон ҳамжамиятини, давлатларнинг катталиги ва ҳарбий салоҳиятидан қатъи назар, тенглар ҳамжамиятига айлантириш учун кўп куч сарфланди. Аммо таъсир доираларини қайта тиклаш ғояси барчамизни ўтмишдаги анча қоронғи даврга қайтариши мумкин.