"Россия Украина, Қозоғистон ва Кавказни топширди". АҚШда Путин билан Бушнинг яккама-якка суҳбатлари ошкор қилинди

Сурат манбаси, Corbis via Getty Images
- Author, Янгиликлар бўлими
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
АҚШдаги Жорж Вашингтон Университети қошидаги "Миллий хавфсизлик архиви" деб номланадиган нодавлат ташкилоти ўз сайтида Россия Президенти Владимир Путиннинг АҚШ президенти Жорж Буш билан 2001, 2005 ва 2008 йилларда бўлиб ўтган суҳбатларига оид учта махфийликдан чиқарилган стенограммаларни эълон қилди. Ушбу ҳужжатларга кўра, Буш билан дастлабки учрашувдаёқ Кремл раҳбари Россия "ўз ихтиёри билан минглаб километр ҳудудини бериб юборгани»дан шикоят қилган ва НАТО кенгайишига қарши эканини билдирган.
"Миллий хавфсизлик архиви" маълум қилишича, ташкилот АҚШдаги ахборот эркинлигига бағишланган қонунга таяниб, судга даъво аризаси киритган, суд қарорига асосланиб, энди президентларнинг сир тутилиши зарур деб ҳисобланган ўзаро суҳбати стенограммаларини оммага ошкор этишга йўл очилган.
Дастлабки ҳужжатга 2001 йил 16 июн санаси қўйилган.
Ўшанда Путин билан Буш илк бор Словения пойтахти Люблянадаги "Брдо" қасрида учрашган.
Жорж Буш 2000 йили АҚШнинг 43-президенти этиб сайланган ва 2001 йил январида қасамёд қабул қилган эди.
Ўша вақтда Владимир Путиннинг ҳам президентлик курсисини эгаллаганига унча кўп бўлмаганди: унинг 2000 йил март ойида президентлик сайловида ғалаба қозонгани эълон қилинган эди.

Илк учрашув: дўстона оҳанг ва "бериб юборилган ҳудудлар" устидан шикоят
Очиқланган яккама-якка суҳбат матнларидан хулоса қилинса, икки президентнинг ҳам бир-бирига муносабати дўстона бўлган, Россия билан Ғарб ўртасидаги яхши муносабатларни қўллаб-қувватлаш ниятларини намойиш этганлар.
Суҳбат аввалида Жорж Буш Владимир Путинни ўзининг Техасдаги ранчосига таклиф этади.
"Россиянинг ролини камайтиришни истамаслиги"ни айтади, "мустаҳкам Россия бизнинг манфаатимизга мос келади", дея ишонтиради.
Бунга жавобан Россия раҳбари муносабатларда очиқликка чақиради ва қайд этади: "Мен Россияда машҳурман. Ва мен сизга нега шундайлигини айтишим мумкин. Чунки мен одамларнинг гапига қулоқ соламан".
"Россиядаги одамлар, кенг миқёсдаги ўзгаришлар бизни четлаб ўтди, деб ҳис қиладилар. Бу ўзгаришлар бизга кўп эркинликлар берди, лекин биз бу эркинликлардан фойдаланолмаймиз, деб ўйлашади", — дея қўшимча қилди Путин.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Шундан кейин дарҳол Кремл раҳбари тарих ва ҳудудлар мавзусига ўтиб кетади.
Суҳбат матнларидан келиб чиқилса, бу масалалар Владимир Путинни президентлигининг илк йиллариданоқ ташвишлантирган. Ғарб оммавий ахборот воситалари бир неча марта ёзганидек, Путин ундан кейинги Ғарб раҳбарлари билан учрашган вақти тарих ҳақида жуда батафсил гапирган, шу жумладан, Украина уруши борасида кечган музокараларда ҳам тарихга тўхталиб, ўзининг уруш очиш амалларини оқлашга интилган.
"Россияликлар минглаб квадрат километр ҳудудларини ўз ихтиёрлари билан топширдилар. Бунақаси бўлмаган. Асрлар давомида Россиянинг бир қисми бўлган Украинани бериб юбордилар. Қозоғистонни бердилар. Кавказни ҳам. Бу нарсани тасаввур қилиш қийин ва буни партия раҳбарлари қилдилар".
Бунинг ортидан Путин Бушга, Ғарб мамлакатлари Москвани бир неча масалада доғда қолдирдилар, Россия қарзи масаласини ҳал қилмадилар, Чеченистонда радикал исломий гуруҳлар амалларига кўз юмдилар, деди.
Ушбу учрашув пайти Путин Бушга, НАТОни кенгайтириш нима учун керак, деб савол беради. НАТО иттифоқи билан боғлиқ масалаларда "Россия ўзини ортиқча деб ҳис қилади", дейди.
Президент Путин сўзларига кўра, 1954 йили СССР НАТОга аъзо бўлиб кириш учун ариза топширган, бироқ бу аризани рад этишган.
"Ҳақиқий масала Россияни тараққий этган дунён билан қанчалар муқояса қилишдадир. Факт шуки, НАТО кенгаймоқда, биз эса бу борада ҳеч нарса деёлмаймиз", деган Владимир Путин Жорж Бушга.
Стенограмма матнларидан англашилишича, суҳбат давомида Буш Путиндан Россияда матбуот эркинлиги бўғилаётгани ҳақида сўраган.
У, ҳойнаҳой, "НТВ" телекомпаниясининг "Газпром-медиа" давлат компанияси назорати остига олинганини назарда тутган.
Бунга жавобан Путин "НТВ" собиқ эгаси Владимир Гусинскийни давлат маблағларини ўғирлашда айблаган.
2008 йилдаги учрашув: "Украина — сунъий ташкиил этилган давлат"
"Миллий хавфсизлик архиви" таъкдлашича, Владимир Путин билан Жорж Бушнинг энг охирги шахсий учрашуви Россия президентининг Сочи яқинидаги «Бочаров ручей» ёзги қароргоҳида бўлиб ўтган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
"Ушбу суҳбат оҳанги икки президентнинг ҳамма масалаларда ҳамкорлик қилиш ва ўзаро яқин муносабатларга содиқ қолиш изҳор этилган олдинги суҳбатларидан кескин фарқ қилади", , — деб ёзадилар ташкилот муаллифлари.
Муаллифлар Сочидаги учрашувнинг Бухарестдаги НАТО саммитидан кўп ўтмай бўлиб ўтганини эслатадилар, ўша саммитда АҚШ Украина ва Грузияни НАТОга қўшилишга чақиради.
Охир-оқибата НАТО аъзолари Киев билан Тбилисига аъзолик ҳаракатларига доир режани дарров бермасликка қарор қиладилар, бироқ келажакда икки мамлакат ҳам иттифоққа қўшилишлари мумкинлигини таъкидлайдилар.
Ўшанда Путин ушбу қарорни Россия хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид деб атайди, орадан тўрт ой ўтиб, Россия қўшинлари Грузия ҳудудига бостириб кирдилар.
Очиқланган суҳбат матнига кўра, учрашув бошида ва Буш Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими муаммолари ҳақида бафуржа гаплашадилар.
Бунинг ортидан Путин НАТО кенгайиши муаммосига ўтади ва тўғридан-тўғри эълон қилади: "Украинадек мамлакатнинг НАТОга қўшилиши биз учун можаронинг узоқ муддатли майдони ва узоқ муддатли қарама-қаршиликни келтириб чиқаради".
"Нега?", деб савол беради Жорж Буш.
Путин АҚШ президентига, менинг фикримча, Украина "Совет замонида барпо этилган сунъий давлат", деб жавоб беради.
Орадан бир неча йиллар ўтиб, Россия раҳбарияти ушбу аргументдан Украинага тўлақонли босқин бошлаш учун асос сифатида фойдаланади.
Cўнг у охирги йилларда Москва томонидан такрор-такрор эълон қилинган Украинанинг турли қисмлари Совет Иттифоқи томонидан "бир жойга тўплангани" ҳақидаги тезисни санаб ўтади, "Украина аҳолисининг катта қисми НАТОни душман ташкилот деб ҳисоблайди", дейди.
Украинанинг НАТОга кириши "Россия яқинида ҳарбий базалар ва янги ҳарбий тизимлар пайдо бўлиш таҳдидини пайдо қилади", "биз учун ноаниқлик ва хавф пайдо қилади", дейди Путин.
Россия "Украина учун муаммо пайдо қилиши мумкин", дея Путин Бушни огоҳлантирди
Суҳбат матнига кўра, ундан кейин Путин Бушни огоҳлантиради. Путин сўзларига кўра, агар Украинани НАТО иттифоқига қўшилиш олди олинмаса, Россия Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга тайёр, дейди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Украинада НАТОга қарши турган кучларга таяна туриб, Россия НАТОнинг эндиликда кенгайиш имконияти бўлмаслиги устида ишлаши мумкин», — дейди Россия президенти Бушга. — «Россия у ерда доим муаммо яратиши мумкин»».
«Украинанинг НАТОга аъзо бўлишидан маъно нима? Бу НАТО ва АҚШга қандай фойда келтиради? Бунинг биттагина сабаби бўлиши мумкин — Украина мақомини Ғарб дунёси бир қисми сифатида мустаҳкамлаш. Мана шундай мантиқ бўлиши мумкин. Менимча, бу тўғри мантиқ эмас», — деб қўшимча қилади Путин.
Суҳбатда Россия президенти, шунингдек, украинларнинг 70 фоизи НАТОга қўшилишга қарши эканини иддао қилади.
Аммо социологик тадқиқотлар натижалари ушбу иддаога тўғри келмаган: 2008 йил баҳорида Украина «Демократик ташаббуслар жамғармаси» ўтказган сўровнома натижасига кўра, сўралганларнинг аксарияти (59%) НАТОга киришга қарши чиққан, 22 фоизи тарафдор бўлган, 19 фоизи эса ўз фикрини билдирмаган.
Шу билан бирга, сўровлардан маълум бўладики, Россиянинг тўлақонли босқинидан кейин Украинада НАТОга аъзо бўлиш тарафдорлари кескин кўпайди.
2024 йил кузида Украина Разумков маркази ўтказган сўровда мамлакат аҳолисининг 82 фоиздан зиёди Украина НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Қизиғи шундаки, 2008 йилда Буш билан учрашув вақтида Путин шундай дейди: «Биз Украинанинг НАТОга киришига қарши чиқамиз, аммо ҳар ҳолда ахолининг кўпчилиги 'ҳа' демагунча кутайлик, сўнг уларга аъзо бўлишга рухсат берамиз, аксинча эмас».
Россия Украина НАТОга киришдан воз кечиши урушни тугатиш учун мажбурий шартлардан бири эканини айтади. Украина эса АҚШнинг ва айрим бошқа Ғарб давлатларининг ҳозирги раҳбарияти НАТОга қабул қилишга ҳали тайёр эмаслигини тан олади, аммо НАТО Уставининг бешинчи моддасидаги коллектив мудофаа кафолатларига тенг хавфсизлик кафолатларини талаб қилади.
Украинанинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мамлакат конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Буш эса Путиннинг Украина ва Грузия НАТОга кирмаслиги кераклиги ҳақидаги гапларига жуда қисқа жавоб қайтаради: «Мен сизда ёқтирган жиҳатлардан бири — сиз буларнинг ҳаммасини НАТОга айтишдан қўрқмадингиз. Бу таҳсинга сазовор. Сизни диққат билан тинглашди, ва ҳеч кимда сизнинг позициянгизга шубҳа қолмади. Жуда яхши чиқиш бўлди».
«Миллий хавфсизлик архиви» шунингдек, Путин ва Буш ўртасидаги яна бир суҳбат — 2005 йил 16 сентябр куни Оқ Уйда бўлиб ўтган учрашув стенограммасини ҳам эълон қилди.
Президентлар асосан ядро қуролини тарқатмаслик муаммолари ҳамда Россиянинг Теҳрон ва Пхенян билан муносабатларини муҳокама қиладилар.
«Суҳбат Эрон ва Шимолий Корея бўйича позициялар яқинлигини ҳайратланарли даражада намоён этади, Путин эса ўзини манфаатдор ва қўлловчи ҳамкор сифатида кўрсатади», — дейди нашр муаллифлари.












