Путинни қандай тўхтатиш мумкин ё бу энди имконсизми?

Сурат манбаси, EPA
- Author, James Landale
- Role, BBC мухбири
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
Владимир Путин баъзилар назарида шафқатсиз автократ, халқаро майдонда моҳир манипулятор сифатида танилган бўлиши мумкин. Бироқ, Россия президентида йўқ нарса – покер юзи.
АҚШ сенатори Жон Маккейн ҳазиллашиб Путиннинг кўзларига қараганимда учта нарсани кўрганман: "К, Г ва Б" деган эди. Бу унинг собиқ совет жосуси сифатидаги ўтмишига ишора эди.
Кремлда Америка вакиллари қаршисида ўтирган Россия раҳбарининг тасвирларини кузатар эканман, шу ҳақда ўйладим. У ўз ҳис-туйғуларини яшира олмасди, унинг қиёфасида ўзига нисбатан юксак ишонч сезилиб турарди.
Президент Путин дипломатик вазият ўз фойдасига ўзгарганини, Америка билан муносабатлар яхшиланганини ва жанг майдонида ғалаба қозонилганини ҳис қилмоқда.
Баъзи таҳлилчилар Путиннинг ўз талабларидан воз кечиши учун сабаб йўқлигини таъкидламоқда: Украина ҳали ҳам назорат қилаётган Донецкнинг сўнгги 20 фоизидан воз кечиши; босиб олинган барча ҳудудлар Россия мулки сифатида халқаро миқёсда тан олиниши; Украина армиясининг етарлича заифлангунча қисқартирилиши; НАТОга аъзоликнинг абадий бекор қилиниши.
Ҳозирги вазиятда бир нечта эҳтимолий сценарийлар мавжуд. Биринчиси, АҚШ президенти Доналд Трамп Украинани мақбул бўлмаган шартлар асосида ўт очишни тўхтатишга мажбурлаши мумкин. Бу эса ҳудудни бой бериш ва келажакда Россия тажовузини тўхтатиш учун етарли хавфсизлик кафолатига эга бўлмасликни англатади.
Агар Украина рози бўлмаса ёки Россия вето қўйса, Президент Трамп урушдан четлашиши мумкинлигига ишора қилди; ҳафта бошида у "баъзида одамларга курашиш учун имкон бериш керак" деди.

Сурат манбаси, Reuters
Трамп маъмуриятининг янги миллий хавфсизлик стратегияси АҚШни Россия билан "стратегик барқарорликни тиклашга" ундайди.
У Россия дронларини аниқлаш ва Россия энергетика объектларини нишонга олиш учун зарур бўлган муҳим АҚШ разведка маълумотларини Украинага беришни тўхтатиши ҳам мумкин.
Яна бир тахминга кўра, Россия қўшинлари шарқда секин илгарилаб боради, уруш чўзилади.
Трамп маъмуриятининг янги миллий хавфсизлик стратегияси Россия энди АҚШ учун "ҳаётий таҳдид" эмаслигини назарда тутади ва АҚШни Россия билан "стратегик барқарорликни қайта ўрнатишга" чақиради.
Хўш, Американинг Украинани қўллаб-қувватлаши жиддий савол остида бўлса, Путиннинг фикрини нима ўзгартириши мумкин? Украина, Европа ва ҳатто Хитой бошқача нима қилиши мумкин?
Европа кўпроқ ёрдам бера оладими?
Агар АҚШ кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатмаса, Европанинг ўзи кўпроқ ҳаракат қила оладими?
Ҳозирда қитъа ўт очишни тўхтатишга тайёрланмоқда. "Истовчилар коалицияси" байроғи остида Европа Украинага келажакдаги Россия босқинини тўхтатишга ёрдам берадиган халқаро ҳарбий кучни, шунингдек, урушдан вайрон бўлган мамлакатни тиклашга ёрдам берадиган молиявий кўмакни тайёрламоқда.
Аммо баъзи расмийлар Европа уруш давом этишига тайёрланиши кераклигини айтмоқда. Улар Украинага нафақат "бугунги жангда ғалаба қозониш" учун кўпроқ дронлар ва маблағ билан ёрдам бермоқчи, балки узоқ муддатли қўллаб-қувватлов ва Россия билан 15-20 йиллик урушга тайёргарлик кўрмоқчи.
Шунингдек, Европа Украина осмонини дрон ва ракеталардан ҳимоя қилишда кўпроқ ёрдам кўрсатиши мумкин. Европа ҳаво мудофаасига Украина ғарбини ҳимоя қилиш имконини бериш учун кенгайтирилиши мумкин бўлган «Европа осмон қалқони ташаббуси» режаси аллақачон мавжуд.

Сурат манбаси, EPA
Бошқалар фикрича, Европа қўшинлари Украина ғарбига чегараларни қўриқлашда ёрдам бериш учун жойлаштирилиши мумкин, бу эса украиналик аскарларни фронт чизиғига кўчиришга имконият яратади. Бундай таклифларнинг аксарияти Россияни ғазаблантириши ёки можарони кучайтиришидан қўрқиб рад этилган.
«Chatham House» таҳлил марказининг Россия ва Евроосиё дастури бўйича катта маслаҳатчиси Кейр Жайлснинг айтишича, бу қўрқувлар "асоссиз", чунки Ғарб қўшинлари аллақачон ҳудудда мавжуд ва «Осмон қалқони» Украина ғарбида жойлаштирилса, Россия самолётлари билан тўқнашув эҳтимоли оз.
Унинг фикрича, Европа етакчилари "можарога ҳақиқатан ҳам ўзгариш киритадиган тарзда аралашишлари" керак эди.
Жаноб Жайлс шундай деди: "Россиянинг тажовузкорлигини сўзсиз, шубҳасиз тўхтатадиган ягона нарса – Россия ҳужум қилмоқчи бўлган жойда етарлича ғарбий кучларнинг мавжудлиги ва уларнинг мудофаа учун ишлатилишига бўлган қатъият ва ирода".
Бу стратегия, албатта, катта сиёсий қийинчиликлар билан кечади – Ғарбий Европадаги баъзи сайловчилар Россия билан тўқнашувни истамайди.
Бироқ, камдан-кам таҳлилчилар Украинанинг вазиятни ўзгартириб, ҳақиқий ютуқларга эришишига ишонади.
Яқинда Украинада бир неча ҳафта бўлганимда, ҳеч қандай баҳорги ҳужум ҳақида эшитмадим, фақат Россиянинг илгарилаб боришини секинлаштириш ва унинг йўқотишларини ошириш зарурлиги ҳақида эшитдим.
Баъзи Ғарб дипломатлари Россия генераллари Россия президентига ёлғон гапираётганини, мамлакатдаги вазиятни аслидан яхшироқ кўрсатаётганини таъкидламоқда. Улар буни Россиянинг ютуқларини бўрттириб кўрсатиш учун атай ишлаб чиқилган стратегия деб билишади, шу орқали улар Украина орқада қолаётганини ва шу тариқа тинчлик учун музокарага киришиши кераклигини кўрсатмоқчи.
Ular Rossiyaga nima qilganini bir o‘ylab ko‘ring. Bir qo‘llari bog‘liq holda jang qilishlariga qaramay, shuncha vaqt davomida bardosh berishlari ajablanarli.
Томас Гремнинг Foreign Affairs нашрида ёзишича, бу йил Россия 200 мингдан ортиқ ўлим ва ярадор эвазига Украина ҳудудининг атиги 1 фоизини қўлга киритган.
"Ажабланарли томони шундаки, улар [Украина] шунча вақт давомида, бир қўли боғлиқ жанг қилишларига қарамай, бардош бериб келмоқда," дейди Фиона Хилл.
Брукингс институтининг АҚШ ва Европа маркази катта илмий ходими, Трампнинг биринчи муддатида миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган Фиона Хиллнинг таъкидлашича, Путиннинг энг катта устунлиги шундаки, кўпчилик Украина мағлуб бўлмоқда деб ўйлайди.
"Ҳозирда Европадаги энг қудратли армияга эга бўлган Украинани ҳамма мағлуб сифатида тилга олмоқда," дейди у.
"Улар Россияга нима қилганини бир ўйлаб кўринг. Бир қўллари боғлиқ ҳолда жанг қилишларига қарамай, шунча вақт давомида бардош беришлари ажабланарли."
Савдо, санкциялар ва Россия иқтисодиёти
Сўнг санкциялар масаласи бор. Шубҳасиз, Россия иқтисодиёти зарар кўрмоқда. Инфляция 8 фоиз, фоиз ставкалари 16 фоиз, иқтисодий ўсиш секинлашган, бюджет тақчиллиги кескин ошган, реал даромадлар пасайган, истеъмол солиқлари кўтарилган.
«Тинчлик ва можароларни ҳал қилиш бўйича далиллар платформаси» ҳисоботида айтилишича, Россиянинг уруш иқтисодиёти учун вақт тугаб бормоқда. "Россия иқтисодиёти 2022 йил бошидагига қараганда урушни молиялаштиришга анча камроқ қодир," дейди муаллифлар.
Бироқ, ҳозирча буларнинг ҳеч бири Кремлнинг фикрлаш тарзини ўзгартирмади, айниқса, ширкатлар нефтни рўйхатдан ўтмаган "арвоҳ" кемаларда ташиш каби санкциялардан қочиш йўлларини топгани туфайли.

Сурат манбаси, EPA
Қироллик бирлашган хизматлар институтининг (Rusi) Молия ва хавфсизлик маркази директори Том Китинжнинг айтишича, санкциялар ҳақидаги ғарб хабарлари чалкаш ва уларда жуда кўп бўшлиқлар бор.
Унинг айтишича, Россия АҚШнинг икки Россия нефт гиганти – "Лукойл" ва "Роснефт"га қарши сўнгги санкцияларини четлаб ўтади, экспорт қилинадиган нефтни шунчаки санкцияланмаган компанияларники деб қайта номлайди.
Жаноб Китинжнинг фикрича, агар Ғарб ҳақиқатан ҳам Россиянинг уруш иқтисодиётига зарар етказмоқчи бўлса, у барча Россия нефтига эмбарго қўйиши ва уни сотиб олаётган мамлакатларга иккиламчи санкцияларни тўлиқ жорий этиши керак. "Биз кенгфеълликни тўхтатиб, тўлиқ эмбаргога ўтишимиз керак," дейди у.
"Биз санкцияларни амалга оширишга Кремль уларни четлаб ўтишга қанчалик жиддий ёндашса, шунчалик жиддий қарашимиз лозим."
Назарий жиҳатдан, санкциялар Россия жамоатчилик фикрига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Октябрь ойида давлат томонидан бошқариладиган Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ўтказган сўровда респондентларнинг 56 фоизи ўтган йилги 47 фоизга нисбатан можародан "жуда чарчаганлигини" айтган.
Бироқ Кремлшунослар ўртасидаги умумий фикр шуки, Россия жамоатчилигининг катта қисми Путин стратегиясини қўллаб-қувватламоқда.
Европа Иттифоқи Украина учун "репарация кредити" яратиш мақсадида музлатилган Россия активларидан тахминан 200 миллиард евро (176 миллиард фунт стерлинг) фойдаланишга рози бўлиши мумкин. Еврокомиссиянинг сўнгги таклифи икки йил ичида 90 миллиард евро (79 миллиард фунт стерлинг) йиғишдан иборат.

Сурат манбаси, Reuters
Киевдаги амалдорлар аллақачон бу маблағни олишга умид қилмоқда. Аммо Европа Иттифоқи ҳамон иккиланмоқда.
Россия активларининг асосий қисми сақланадиган Белгия узоқ вақтдан бери Россия томонидан судга берилишидан хавотирда эди – жума куни Россия Марказий банки Москва судида Белгиянинг Euroclear банкига қарши суд иши очилганини эълон қилди.
Белгия, агар ҳуқуқий ва молиявий хатарлар Европа Иттифоқининг бошқа аъзолари билан аниқроқ тақсимланмаса, кредитга рози бўлмаслигини билдирмоқда. Франция эса ўзининг улкан қарзлари туфайли хавотирда ва музлатилган активлардан фойдаланиш евроҳудуд барқарорлигига путур етказиши мумкинлигидан қўрқмоқда.
Европа Иттифоқи раҳбарлари 18 декабрь куни Брюсселда Мавлуд байрами олдидан ўтказиладиган якуний саммитда келишувга эришишга яна бир бор уриниб кўради. Аммо дипломатлар айтишича, муваффақиятга кафолат йўқ.
Маблағни нимага сарфлаш кераклиги борасида ҳам келишмовчилик мавжуд: Украина давлатининг тўлов қобилиятини сақлаб қолиш учунми ёки урушдан кейин уни қайта тиклаш учунми.
Украинадаги сафарбарлик масаласи
Украинага келсак, у кўпроқ қуролли кучларини сафарбар қилиши мумкин.
У Европадаги иккинчи йирик (Россиядан кейин) ва техник жиҳатдан энг ривожланган армия бўлиб қолмоқда, аммо шунга қарамай, 1300 километрлик фронт чизиғини ҳимоя қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Деярли тўрт йиллик урушдан сўнг, кўплаб аскарлар чарчаган ва қочқинлар сони ортиб бормоқда.
Украина Россия ҳужумларидан ўзини ҳимоя қилишда қийналмоқда

Сурат манбаси, EPA
Армияга ёлловчилар сафларни тўлдиришда қийинчиликка учрамоқда, чунки айрим ёш йигитлар сафарбарлик гуруҳларидан яширинмоқда ёки мамлакатдан чиқиб кетмоқда. Бироқ Украина армияга чақирув тўғрисидаги қонунларини кенгайтириши мумкин. Ҳозирда фақат 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар жангга чақирилиши мумкин. Бу Киевнинг Украинанинг демографик муаммоларини ҳал қилиш учун атай қўллаган стратегияси; туғилиш даражаси паст ва миллионлаб фуқароси хорижда яшайдиган мамлакат "келажак оталари" деб аталганларни йўқотишни кўтара олмайди.
Лекин бу ҳолат четдагиларни ҳайратга солмоқда. "Украина ўз ёшларини сафарбар қилмагани ақл бовар қилмаc ҳолат," дейди менга Буюк Британиянинг юқори мартабали ҳарбийларидан бири.
"Менимча, Украина тарихда экзистенциал таҳдидга дуч келган ҳолда ўзининг 20 ёшли йигитларини жангга ташламаган жуда оз мамлакатлардан биридир."
Фиона Ҳиллнинг айтишича, Украина шунчаки тарихдан сабоқ олган ва Биринчи жаҳон урушининг 20-аср Европа империяларига кўрсатган ҳалокатли таъсирини тушунган. Улар иқтисодий юксалишга туртки бўлган аҳоли ўсишини қайта тиклай олмагани сабабли инқирозга юз тутган эди.
"Украина фақат ўзининг демографик келажаги ҳақида ўйламоқда."
Зарбалар, дипломатия ва Трамп
Агар Украина кўпроқ узоқ масофали ракеталарни импорт қилса ва ишлаб чиқарса, у Россияга қаттиқроқ ва чуқурроқ зарба бериши мумкин.
Бу йил у ҳам босиб олинган ҳудудлардаги, ҳам Россия Федерациясидаги нишонларга ҳаво ҳужумларини кучайтирди. Шу ой бошида Украина ҳарбий қўмондонлари "Озодлик" радиосига куз давомида Россиядаги 50 дан ортиқ ёқилғи ва ҳарбий-саноат инфратузилмаси объектларига зарба берганини маълум қилди.
Карнеги Россия Евроосиё маркази директори Александр Габуевнинг айтишича, баъзи россияликлар йил бошида ёқилғи танқислигини бошдан кечирган. "Октябрь ойи охирига келиб, Украина дронлари Россиянинг ўттиз саккизта йирик нефтни қайта ишлаш заводларининг ярмидан кўпига камида бир марта зарба берди.
"Ишлаб чиқаришдаги узилишлар кўплаб ҳудудларга тарқалди ва Россиянинг баъзи ёқилғи қуйиш шохобчалари ёқилғини меъёрлаштиришга мажбур бўлди."
Аммо Кремль ҳам, Россиядаги жамоатчилик фикри ҳам бефарқ бўлиб турганда, Россияга янада чуқурроқ зарбалар таъсир қиладими?

Сурат манбаси, EPA
Босиб олинган ҳудудларни ҳимоя қилиш билан бир қаторда, Украина Россия Федерациясида ҳаво ҳужумларини кучайтирди
Австралиялик собиқ генерал-майор, ҳозирда Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Мик Раяннинг айтишича, чуқур зарбалар сеҳрли ўқ эмас.
"Улар фавқулодда муҳим ҳарбий ҳаракат, аммо Путинни музокаралар столига ўтиришга ёки урушда ғалаба қозонишга мажбурлаш учун етарли эмас."
Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти (Rusi) таҳлил марказининг ҳарбий фанлар бўйича катта илмий ходими доктор Сидхарт Каушалнинг айтишича, янада чуқур зарбалар, шубҳасиз, Россиянинг энергетика ва ҳарбий инфратузилмасига зарар етказади, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини сарфлайди. Аммо у ушбу тактика салбий натижа бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.
"Бу Россия раҳбариятининг мустақил Украина улкан ҳарбий таҳдид туғдириши ҳақидаги фикрларини кучайтириши мумкин," дейди у.
Шунингдек, ҳали ҳам дипломатик йўл бор.
Баъзи таҳлилчилар таъкидлашича, агар Путинга урушдан чиқиш йўли таклиф қилинса, бунга рози бўлиши мумкин.
Назария қуйидагича: иккала томонга ҳам ғалабага даъво қилиш имконини берадиган битим келишиб олинади. Масалан, тўқнашув чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш; баъзи ҳудудларни қуролсизлантириш; расмий ҳудудий тан олинмаслик; Украина армиясини ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун етарли даражада катта қилиш; Европа Иттифоқига аъзолик, аммо НАТОга аъзоликни ноаниқ қолдириш. Ҳар томонлама муросага келинади.
Аммо бу келишув АҚШдан Россия билан қаттиқроқ мулоқот қилишни, музокара гуруҳларини тузишни, келишувни амалга ошириш учун ўз кучидан фойдаланишни талаб қилади.
"Қўшма Штатлар Россия устидан ўзининг кучли психологик таъсирини ишга солиши керак, – дейди Томас Грем. – Қўшма Штатлар ва шахсан Трампнинг Россияни буюк давлат, Путинни эса жаҳон етакчиси сифатида тасдиқлашдаги роли катта."
Хитойнинг таъсири
Кутилмаган омил – Хитой. Президент Си Цзинпин Путин қулоқ соладиган кам сонли дунё етакчиларидан бири. Си аввалроқ Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидларига қарши огоҳлантирганида, Кремл унга қулоқ солган эди.

Сурат манбаси, shutterstock
Россия Хитойнинг ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган электроника ёки турли механизмлар каби икки томонлама фойдаланиладиган товарларига жуда муҳтож.
Шундай қилиб, агар Пекин урушнинг давом этиши Хитой манфаатларига тўғри келмайди, деб ҳисобласа, Кремлга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирча АҚШ Хитойни Москвага босим ўтказишга ундаш ёки мажбурлашга уриниш аломатларини кўрсатмаяпти. Шундай қилиб, савол туғилади: Си Цзинпин ўз ташаббуси билан таъсир воситаларидан фойдаланишга тайёрми?
Айни дамда Хитой АҚШнинг чалғишидан, трансатлантик иттифоқчиларнинг бўлинишидан ва дунёнинг қолган қисми Хитойни барқарорлик манбаи сифатида кўришидан мамнундай кўринмоқда. Лекин Россиянинг босқини авж олса, жаҳон бозорлари издан чиқса, АҚШ арзон Россия энергиясини истеъмол қилгани учун Хитойга жазо сифатида иккиламчи санкциялар қўлласа, унда Пекиннинг мавқеи ўзгариши мумкин.
Ҳозирча эса, Путин вақт ўз фойдасига ишлаётганига ишонмоқда. Бу можаро қанчалик узоқ давом этса, таҳлилчилар айтишича, Украина руҳи шунчалик тушади, унинг иттифоқчилари шунчалик бўлинади ва Россия Донецкда шунчалик кўп ҳудудни эгаллайди.
"Ё биз бу ҳудудларни қурол кучи билан озод қиламиз ёки Украина қўшинлари бу ҳудудларни тарк этади," деди Путин ўтган ҳафта.
"Ҳеч нарса унинг позициясини ўзгартира олмайди, – деди менга Фиона Ҳилл. – Агар у саҳнадан чиқиб кетмаса. Путин ҳозир вазият унинг фойдасига ҳал бўладиган даражада узоқ давом этиши мумкинлигига ишонмоқда."












