Кремл "катта оға" дағдағаси ўзига зарарлигини англаяптими? Видео

Президент Путин ва Президент Жапаров Бишкекда

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Қирғизистондаги 24.kg веб-нашри ёзишича, Россия Президенти Владимир Путин Бишкекдаги тантанали кутиб олиш маросими пайти фахрий қоровулга қирғиз тилида "Салом аскер!" деб ҳарбийларни ҳайратда қолдирди.

"Қоровул ротаси қўмондони ҳисоботидан кейин Қирғизистон ва Россия мадҳиялари янгради. Раҳбарлар ҳарбий хизматчилар сафи ёнидан ўтдилар. Ана шу пайтда Владимир Путин қоровулга қирғиз тилида салом айтди: "Салом аскер", деб ёзди 24.kg

Президент Путин 25 ноябр куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров таклифига биноан икки кунлик давлат ташрифи билан Бишкекка борди.

Россия ва Қирғизистон расмий музокаралари бўлиб ўтди, Президент Путин 27 ноябрдаги Бишкекдаги Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг йиғилишида қатнашишини тасдиқлади.

Бишкек: Путин ҳеч қилмаган ишини қилди - Ўзбекистонда ҳам эътиборга тушди - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Бишкекда Президент Путин Қирғизистон раҳбариятининг рус тилига бераётган эътиборини олқишлади:

"Қирғизистон раҳбариятининг республикада расмий мақомга эга бўлган рус тилини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътиборини қадрлайман. 2023 йилда биз сиз билан биргаликда Қирғизистонда рус тилида таълим бериладиган тўққизта ўрта мактаб қуриш бўйича йирик қўшма лойиҳага старт бердик ва илк учта мактабни 2027 йил 1 сентябргача очиш режалаштирилган. «Чет элдаги рус ўқитувчиси» дастури доирасида республикадаги 42 мактабда 157 нафар муаллимимиз фаолият юритмоқда".

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров рус тилига эътибор сабабига тўхталиб шундай деди:

"Нафақат Пушкин ва Толстой тили, балки бизнинг буюк ёзувчимиз Чингиз Айтматовнинг ҳам тили бўлган рус тилига асраб-авайлаб муносабат қилиш сақланиб қолмоқда".

Бу Россия Президенти Путиннинг охирги кунлардаги бошқа тилдаги илк мурожаати эмас.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Президент Путин яқинда Москвадаги концертдан кейин қозоқ санъаткорларига ҳам қозоқ тилида мурожаат қилди.

"РИА Новости" ахборот агентлигининг 12 ноябр куни хабар беришича, Путин Москва Болшой театрида ўтказилган гала-концертда қозоқ санъаткорларига мурожаат қилиб, уларни «алтин» деб атади.

Хабарда айтилишича, Путин музокаралардан сўнг Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев билан бирга театрга келган.

"Тадбир бошловчисини эшитганимда, менинг қозоқ тилим ҳали яхши эмас, аммо бир сўзни эшитдим: 'алтин'. Бу айнан 'олтин' дегани. Сизлар алтинсиз», деган Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирди сайт.

Тўқаев 11-12 ноябр кунлари Москвага давлат ташрифи билан борди.

Ушбу ташриф Вашингтондаги АҚШ-Марказий Осиё саммити ва Тўқаевнинг Президент Доналд Трамп билан алоҳида музокараларидан бир неча кун ўтиб юз берди.

Президент Тўқаевга алоҳида эҳтиром кўрсатилди, жумладан унинг самолётига Россия ҳарбий учоқлари ҳамроҳлик қилди.

Путиннинг ушбу чиқишлари Марказий Осиё тилларига ҳурматини намоён этиш ва маҳаллий аҳоли кўнглини олишга қаратилган амаллар деб тахмин қилинмоқда.

11 ноябрда давлат телеканали «Россия 1»да эфирга узатилган «Вечер с Владимиром Соловёвим» (Владимир Соловёв билан кечки суҳбат) телевизион дастурида таниқли рус тарғиботчиси Кремл Қозоғистонга «кичкина ука» сифатида муносабатда бўлишни тўхтатиши керак, деди.

Шунингдек, рус дипломатларини қозоқ тили ва тарихини ўрганишга чақирди.

Бу баёнотлар Қозоғистонда кўпчиликни ҳайратга солди, чунки Соловёв Кремлнинг «империалистик» қарашларини тарғиб қилиши, Марказий Осиё давлатининг суверенитетини шубҳа остига олиши ва Қозоғистонни Россиянинг таъсир доираси остидаги мамлакат деб кўрсатиши билан танилган.

Телебошловчининг "кескин бурилиши" Кремлнинг ниҳоят Қозоғистонни мустақил ўйинчи сифатида тан олаётганини кўрсатади, деб хурсанд бўлдилар қозоғистонлик блогер ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари.

Сиёсий шарҳловчилар фикрича, ушбу баёнотлар Кремл тарғиботидаги ўзгаришни англатади, Қозоғистоннинг Вашингтонга яқинлашишга интилиши ортидан Россия учун аҳамияти ортиб бораяпти.

18 ноябр. АҚШ Ўзбекистон қидирувга берган шахсни ҳибсга олди, Ўзбекистон Афғонистонга энергия сотишда давом этади, Ўзбекистонлик тадбиркор санкцияларга тушди

Имзолаш маросими

Сурат манбаси, Расмий

АҚШда ўзбекистонлик трак ҳайдовчиси ҳибсга олинди. У Ўзбекистонда қидирувга берилган. Ўзбекистонлик тадбиркор Европа Иттифоқи санкцияси тушди. Ўзбекистон келаси йил ҳам Афғонистонга электр энергияси сотади.

АҚШ Ўзбекистон қидирувга берган шахсни ушлади

АҚШ Миграция ва Божхона хизмати ўзбекистонлик Аҳрор Бозоровни ҳибсга олган. Бозоров Америкада трак ҳайдаётган вақти ушланган.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Бозоров 9 ноябр куни ушланганини айтган. Вазирлик Аҳрор Бозоров нимада айбланиб ҳибсга олингани ҳақида маълумот бермаган. Бироқ Бозоровнинг 2022 йил Ўзбекистонда террористик ташкилотга аъзоликда айбланиб қидирувга берилганини маълум қилган.

Расмий хабарда айтилишича, Аҳрор Бозоров Ўзбекистонда "жиҳодга чақирувчи ва жиҳод ҳаракатларига террористларни жалб қилувчи материалларни интернетда тарқатиш"да айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, АҚШга у 2023 йил февралда ноқонуний йўл билан кирган ва тижорий юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаб юрган.

Ички хавфсизлик вазирлигининг таъкидлашича, Байден маъмурияти унга 2024 йил январда ишлаш ҳуқуқи берган ва Пенсилвания штатида CDL (тижорий ҳайдовчилик гувоҳномаси) олган.

Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси сотади

симлар

Сурат манбаси, Расмий

2026 йил учун Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Музокаралар Тошкентда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг "DABS" компанияси бош директори Абдул Бори Умар бошчилигидаги делегация иштирокида бўлиб ўтган. Шартномани Ўзбекистон томонидан "Ўзэнергосотиш" компанияси имзолаган.

Имзоланган шартномадан ташқари, томонлар август ойида икки давлат энергетика компаниялари ўртасида тузилган келишувларни ҳам эслатиб ўтган.

Лойиҳалар доирасида Афғонистонда юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилиши жадаллаштирилади.

Жумладан, 500 кВ қувватга эга ва 200 чақиримлик Сурхон–Пули-Хумри линияси ва "Хўжа-Алвон" станцияси кенгайтирилади. Арғанда станциясининг қуввати 800 МВА гача оширилади. Нангаргоҳда 220 кВлик "Шайх Месри" станцияси қурилади.

Расмий хабарларда 2026 йил учун қанча электр экспорт қилиниши кўрсатилмаган, аммо аввалги келишувларга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга 1 ГВт қувватгача электр энергияси экспорт қилиш имкониятини яратишни режа қилган. Бу Сурхон–Пули-Хумри линияси тугаллангач янада ошиши мумкин.

2019-йилда тузилган узоқ муддатли шартномада йиллик ҳажм 4,2 млрд кВт-соат, кейинчалик 6 млрд кВт-соатгача етказилиши режалаштирилгани айтилган. Бу кўрсаткич 2026-йил учун ҳам асосий ориентир бўлиши мумкин.

Олдинги йилларда Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр экспорти бўйича нархлар ўртача 5–6 цент/кВт-соат атрофида бўлган, аммо янги шартнома бўйича расмий рақамлар ҳозирча ошкор этилмаган.

ЕИ ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминовни санкциялар рўйхатига киритди

пахта

Сурат манбаси, gazeta.uz

Европа Иттифоқи 23 октябр куни қабул қилинган 19-санкциялар пакети доирасида ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминовни ҳам рўйхатга киритди.

ЕИ эълон қилган маълумотномада Мўминовнинг Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқароликларига эгалиги қайд этилган. Тадбиркорга нисбатан чекловлар жорий этилиши Россиянинг ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш билан боғланмоқда.

Брюсселнинг баёнига кўра, 1965 йилда туғилган Мўминов Фарғонадаги Farg'ona Kimyo Zavodi — пахта целлюлозаси ишлаб чиқарувчи корхонани назорат қилади. ЕИнинг таъкидлашича, заводда тайёрланган маҳсулот Перм ва Қозон порох заводларига етказиб берилган бўлиши мумкин. Бу материаллар Россия қуролли кучлари учун ўқ-дори ишлаб чиқаришда фойдаланилгани айтилмоқда.

Фарғона кимё заводи ва Raw Materials Cellulose бир неча халқаро таҳлилчи гуруҳлар — «Важние истории», Vlast.kz, OCCRP ҳамда BBC Рус хизмати ўтказган қўшма текширувларда тилга олинган. Журналистик суриштирувларда бу корхоналар Россия порох заводларига пахта целлюлозасини бевосита ёки воситачилар орқали етказиб бериши кўрсатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда Украинага босқин бошланганидан бери бундай етказиб бериш ҳажми бир неча баробар ошган.

Gazeta.uz нашри материал тайёрланган вақтгача корхонадан изоҳ ололмаганини маълум қилди.

18 ноябр: Ўзбекистон: Иқтисодиётда яхши хабар -Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 121,4 млрд долларга етди

Беҳзод Ҳамраев

Сурат манбаси, Миллий статистика қўмитаси Матбуот хизмати

2025 йил 17 ноябрь куни Тошкентдаги "Ренессанс" кино уйида Миллий статистика тизимидаги ислоҳотларга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Жаҳон банки, ХВЖ, БМТнинг UNFPA ва FAO каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси Матбуот хизматининг расмий каналида хабар қилади.

Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев ЯИМни қайта ҳисоблаш натижаларини эълон қилди. Унга кўра, ЯИМ номинал ҳажми 2024 йил якунида 1 454,6 трлн сўмдан 1 535,4 трлн сўмга (+80,9 трлн сўм) ёки 5,6 % га ошган.

АҚШ доллари ҳисобида ЯИМ 115,0 млрд доллардан 121,4 млрд долларга етган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ 41,3 млн сўмни ташкил этади.

Давлат бюджети ижроси тўлиқ қамрови натижасида 36,4 трлн сўм янги қўшилган қиймат аниқланган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Тошкентда намлагич ва ҳаво тозалагичларга талаб 35% га, ниқобларга эса икки баравар ошди

Тошкентда экологик вазият ёмонлашгани ва иситиш мавсумининг бошланиши билан намлагич, ҳаво тозалагич ҳамда ниқобларга талаб сезиларли даражада ошди. Узум Market матбуот хизмати Spot.uz га берган маълумотларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида намлагич ва ҳаво тозалагичларга бўлган талаб ўтган ҳафтага нисбатан 35% га кўпайган, респиратор ва ниқобларга қизиқиш эса деярли икки баравар ошган.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга ҳаво тозалагичлар импорти сўнгги уч йилда 8 баробардан кўпроқ ошган.

Нархлар ўтган йилга нисбатан бироз пасайган бўлса-да, импорт ҳажми бир йилдан кам вақт ичида 13% га ошган.

Асосий етказиб берувчилар қаторида Хитой, Туркия, Германия, Россия, Нидерландия, Жанубий Корея, Швейсария, Литва, БАА ва Испания бор.

Олдинроқ aтмосфера ифлосланишини камайтириш мақсадида Тошкентда 100 дан ортиқ зарарли хўжалик фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, дудбурон қоидаларини бузган 58 та иссиқхонага маъмурий жарима қўлланган.