Россия янада кескин кетди, энди ўзбекистонликларга қийин бўладими?

Путин ва аксарият постсовет давлатлари лидерлари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Рус тилининг мавқеи ва мақоми расмий Москванинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида ҳам диққат-марказда турган, ўзаро ташрифлар манзарасида хосан тилга олинувчи, таъбир жоиз, эътироф ва эътирозларига молик мавзулардан бири бўлади.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Сўнгги хабар Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан алоқаларини янада кучайтириш, янги сифат ва босқичга олиб чиқиш, йирик иқтисодий битимларга киришиш саъй-ҳаракатлари манзарасида олинди. Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга сафаридан қисқа вақт ўтмай Путиннинг Тошкентга сим қоққани ҳам хабар қилинганди.

Шу кунларда Москвага амалга оширган давлат ташрифи арафасида Кремл Қозоғистон президентининг Доналд Трамп билан телефон суҳбати тафсилотларига ҳам қизиқиш билдирган.

Шу ой бошида Вашингтон мезбонлик қилган "Марказий Осиё+АҚШ" форматининг навбатдаги саммити ҳам Кремл тарафдори бўлган шарҳловчиларнинг эътиборидан четда қолмаган, улар буни минтақани Россиядан узоқлаштиришга қаратилган кенг қамровли ҳаракатнинг бир қисми сифатида баҳолашган.

Марказий Осиёнинг Трамп маъмурияти бошчилигидаги Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликнинг янги босқичига интилаётгани постсовет маконида ҳам ўзига эътибор тортгани, "Россия энди ўтмиши билан фахрлана олмаслиги, минтақага Boeing таклиф эта олмаслиги, Марказий Осиё буёғига Шарқ билан Ғарбдан бирини танламаслиги, балки уларнинг манфаатларини уйғунлаштириб, геосиёсий рақобатни ўз тараққиёти учун "ёқилғи"га айлантириши"га оид хабарларга ҳам замин яратгани кўрилганди.

Айнан Россия ҳозир ҳам аксарият Марказий Осиё давлатлари аҳолиси учун энг йирик ташқи меҳнат бозори бўлади.

Юз минглаб фуқаролари Россиядан ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар бу мамлакатлар ҳукуматлари учун ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб, таъбир жоиз, ҳимоя камари вазифасини бажариб келади.

Бошқа томондан, худди шу нарса, йилларки, Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё давлатларига ўзининг сиёсий, геосиёсий ва геоиқтисодий босимини ўтказишда расмий Кремл қўлидаги энг самарали таъсир воситаларидан бири бўлади.

Яна нима бўлди?

Россия кўчаларидаги икки мигрант

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россияда ҳайдовчилик қилиш шартлари билан боғлиқ ҳар қандай хабар ва янгилик Ўзбекистон нашрларининг диққат-эътиборидаги мавзулардан бири экани кўрилади.

Хабарларда айтилишича, Россия энди хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш шартларини қатъийлаштирган.

Бундан буёғига фақат рус тили расмий мақомга эга давлатларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олишларини айтган.

Қолган мамлакатлар фуқароларининг имтиҳон топширишлари тақозо этилиши ва шундан кейингина уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олишлари мумкинлигини билдирган.

Вячеслав Володин
druzhinin aleksei/tass
Rossiya Federatsiyasida xorijiy haydovchilik guvohnomalarini tan olishda rus tilini bilish fundamental masala...
Vyacheslav Volodin
Rossiya Davlat Dumasi spikeri (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Маълум бўлишича, хорижликларни кўзда тутувчи янги чекловлар ҳақида Россия Давлат Думасининг спикери Вячеслав Володин маълум қилган.

Кеча, пайшанба куни Россиядан олинган айни мазмундаги хабарлар Ўзбекистонда ҳам эътибордан четда қолмаган, янгилик энди Россияда Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномалари ўтмайди, деган талқинда энг кўп сарлавҳаларга чиққан.

Агар, Россия томонининг яқинда тақдим қилган маълумотларига таянилса, ҳозир Россия иқтисодиётининг турли тармоқларида 1.1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилади.

Ҳайдовчилик ҳам улар Россияда энг кўп банд соҳалардан бири бўлади.

Россияда ҳайдовчилик қилиш шартлари билан боғлиқ ҳар қандай хабар ва янгилик Ўзбекистон нашрларининг диққат-эътиборидаги мавзулардан бири экани кўрилади.

Сўнгги янгилик ҳозирча Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Тожикистонлик ҳайдовчиларнинг Россияда ўз давлатларининг ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳаракатлана олишлари мумкинлигини англатади.

Вячеслав Володин эса Россия Федерациясида хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олишда рус тилини билиш фундаментал масала эканлигини қўшимча қилган.

Сўнгги янгиликка Ўзбекистон томонининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Аммо айни мазмундаги хабар ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг анчайин кескин салбий ва ҳафсалалари пир бўлганини ифодаловчи мазмундаги муносабатларига сабаб бўлган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи ҳам ўтган йили Москванинг Крокус Сити Ҳоллида юз берган ва Марказий осиёлик мигрантлар қилганликда айбланаётган қонли ҳужум ортидан Россиянинг кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсати манзарасида кузатилган.

Айни сиёсат доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар ва кўрилаётган чоралар аллақачон Ўзбекистон илова минтақанинг аксарият давлатлари пойтахтларида жиддий хавотирларни пайдо қилмай қолмаган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Россия, рус тили

Лавров

Сурат манбаси, Россия ТИВ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бир гуруҳ фаоллар томонидан мамлакатда рус тилига миллий тил мақомини бериш таклифи илгари сурилган.

Бу каби бир ташаббус ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар, жиддий эътирозлар ва "Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ўзини бир қайта кўриб чиқиб, бунақа "мулоҳаза"ларга ўрин қолдирмайдиган ҳолга келтириш керак"лигига қадар фикру қарашларга сабаб бўлган.

Ўзбекистонлик масъулларнинг мамлакатда Ўзбек тилининг мавқеъини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва тил масаласи эса шундоқ ҳам ижтимоий тармоқлардаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортиб келади.

Рус тилининг мавқеи ва мақоми эса расмий Москванинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида ҳам диққат-марказда турган, ўзаро ташрифлар манзарасида хосан тилга олинувчи, таъбир жоиз, эътироф ва эътирозларига молик мавзулардан бири бўлади.

Россия Ташқи ишлар вазири шу йил апрел ойида Самарқанддаги "Мотамсаро она" мажмуасидаги ёзувлар орасидан ҳам рус тилидагисини қидирган, унинг нега йўқлиги билан ошкора қизиққан.

Сергей Лавровнинг Самарқанддаги эътирози ҳам ўшанда жамоатчиликнинг кескин норозилигига олиб келганди.

Россия Ташқи ишлар вазири эса Самарқанддаги матбуот анжумани чоғида мигрантларнинг рус тилини билиш кераклигини эслатган.

"Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши керак", деб айтган.

Агар, ўтган ой Россия томони эълон қилган рақамларга таянилса, ишлаш учун рухсатнома ёки патент олиш мақсадида бўлган мигрантларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи биринчи уринишда рус тили имтиҳонидан ўта олмаган.

Маълумотлар жорий йилнинг июлидан сентябригача бўлган оралиқни ўз ичига олган.

Маълум бўлишича, биринчи даражадаги аттестация Россияда ишлаш рухсатномасини олиш учун талаб қилинади ва фақат тил билиш имтиҳонини ўз ичига олади.

Шу йилнинг апрелида энди мигрант болаларнинг ҳам рус тилидан имтиҳонсиз мактабга қабул қилинмасликларига оид хабарлар чиққан.

1 апрелдан бошлаб эса, Россияда бир йил ва ундан кўпроқ вақт давомида фуқаролик, яшаш учун рухсатнома ёки яшаш учун вақтинчалик рухсатномага эга бўлганлар учун хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор бўлишига оид хабарлар минтақадаги етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортган.

Мазкур хабарларда уларнинг транспорт воситасини бошқаришни давом эттириш учун энди Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясида (ГАИ) назарий имтиҳон топширишлари ва Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш керак бўлиши, агар-да, ҳайдовчи ҳужжатларни алмаштирмаса, унинг 15 минг рублгача жаримага тортилиши, шунингдек, Россия гувоҳномасини олгунча ҳайдовчиликдан четлатилиши айтилган.

Орада Россияда Россия ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган хорижлик ҳайдовчиларга ўз ихтисослиги бўйича ишлашни тақиқловчи қонуннинг кучга кирганига оид хабарлар ҳам олинган.

Сўнгги йилларда Россиянинг турли минтақаларидан мигрантларнинг таксичилик қилишлари тақиқланаётганига оид хабарларнинг сони-да ортган.

Россия, Ўзбекистон ва миграция

Москвадаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари
Сурат тагсўзи, Постсовет ҳудудидаги иқтисоди энг йирик ва визасиз Россияга ташқи меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг каттаси бўлган (расман 37 миллиондан зиёд) Ўзбекистонда бугун ҳам нисбатан долзарб экани кўрилувчи ишсизлик ва камбағаллик муаммосининг энг имконли ва энг амалий ечимларидан бири бўлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса, Сергей Лавровнинг Самарқандга шу йил апрелида қилган ўша ташрифи арафасида Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлигини ҳам олқишлашларини айтаркан, ўз ўрнида, мазкур иттифоққа тўлақонли аъзо бўлиб кириши Тошкентга катта афзалликлар бериши, кўплаб чекловларни автоматик равишда олиб ташлаши, товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатини сезиларли даражада соддалаштиришини ҳам таъкидлаб ўтган.

Ўшанда ҳам бунинг қаторида "рус тилининг мавқеини асраш" масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.

Постсовет ҳудудидаги иқтисоди энг йирик ва визасиз Россияга ташқи меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг каттаси бўлган (расман 37 миллиондан зиёд) Ўзбекистонда бугун ҳам нисбатан долзарб экани кўрилувчи ишсизлик ва камбағаллик муаммосининг энг имконли ва энг амалий ечимларидан бири бўлади.

Ўзбекистон президентининг ўтган йил Бухоро вилоятига қилган ташрифи манзарасида янграган рақамларга таянилса, 2016 йилга қадар Россияда ўртача тўрт ва ҳаттоки олти миллион нафаргача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида банд бўлган.

Бугунга келиб эса, бу рақам бир миллионга тенглашган.

Бу расмий Тошкентнинг янгича миграцион сиёсати, ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш, улар учун мамлакатнинг ўзида янги иш ўринларини яратиш саъй-ҳаракатларининг натижасими ёки коронавирус пандемияси, Украина уруши ёхуд Крокусдаги қонли ҳужум оқибатлари - президент матбуот котибининг маҳаллий телевизион каналлардан бирига берган қисқа суҳбати тафсилотларидан сабаби ноаён қолган.

Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги меҳнат муҳожирлиги назарда тутилганда, ноқонунийси ҳам алоҳида эътиборга молик воқеълик бўлиб келган.

Россиядаги фаоллар уларнинг сонини расмийсидан бир неча баробар кўп, дея тахмин этишган.

Крокусдаги қонли ҳужум ортидан эса, Россияда Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишга қаратилган чақириқларгача янграган.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи фонида Россиядан кейин ўзбекистонликлар учун йирик ташқи меҳнат бозорлари бўлиб келаётган Қозоғистон ва Туркияда ҳам Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши текширувларнинг кучайганига оид хабарлар олинган.

Ижтимоий тармоқлардаги постларидан Туркиядан ҳатто қонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонликларни ҳам ортга депортация қилиш ҳолларининг ортиб бораётгани англашилган.

Туркия ҳатто фуқаролари Крокусдаги ҳужумнинг асосий айбланувчилари ва гумондорлари сифатида кўрилаётган Тожикистон мисолида аксар аҳолиси четда меҳнат муҳожирлигида банд бир Марказий Осиё давлати билан виза тартибини бекор қилишгача борган.

Бу ҳам ўшанда Ўзбекистон илова аксарият минтақа давлатларида кўпчиликнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Худди шу манзарада Москванинг ўзида янграгани бўладими, Душанбе ёки пойтахт Тошкентда - Россия томони ва президентининг мигрантлар масаласидаги некбин ваъдалари ҳам қанчалик амалий экани мисолида ҳозирча минтақадаги барчани ўзига ишонтира олмаган.