Ўзбек элчиси Қудратхўжа сўзлари ортидан Россия ТИВга чақиртирилди – норози Москва “умумий Ватан – СССР”даги рус тили аҳамиятини эслатди, Ўзбекистон “босиб олинмаган”ига ишора қилди Янгиликлар

Sherzodxon Qudratxo'ja

Сурат манбаси, Xalqaro press-klub

Сурат тагсўзи, Россия расмий идоралари Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистон ўзбек тилини билмасдан яшаётган инсонлар ҳақидаги мулоҳазаларига нисбатан жиддий норозилик билдирмоқда

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган, унга норозилик билдирилган. Расмий Москва Ўзбекистон босиб олинганини билвосита инкор этган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов таниқли журналист ва давлат расмийси Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистонда ўзбек тилини билмайдиганлар тўғрисида билдирган фикри ортидан 14 февраль куни Россия ТИВга чақиртирилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қудратхўжани ўзбек тилини билмайдиган ўзбекистонликлар борасида "ғоят ҳақоратомуз ва мутлақо номақбул шакл"да фикр билдиришда айблаган.

Расмий хабарда ушбу ҳолат юзасидан ўзбек элчисига норозилик изҳор қилингани ҳақида сўз боради.

Россия идораси "халқларимиз биргаликдаги машаққат ила умумий Ватан - СССРни барпо этгани", рус тили эса бунда "ўзига хос бирлаштирувчи роль ўйнаган"ини таъкидлаган.

Шунингдек, Сергей Лавров раҳбарлик қилувчи вазирлик Қудратхўжанинг AlterEgo лойиҳасидаги чиқишида "ўзбек тилини ё босқинчи ёки телба билмайди" мазмундаги фикрига жавобан Ўзбекистон босиб олинмаганини таъкидлаган, буни бир неча мисоллар билан исботлашга ҳаракат қилган.

Шунингдек, расмий Москва Шерзодхон Қудратхўжа сўзларига нисбатан Ўзбекистон томонидан "принципиал баҳо" берилишини кутаётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Миллий медиа ассоциацияси бошқарув раиси, президент ҳузуридаги маслаҳат кенгаши аъзоси каби лавозимларга эга Шерзодхон Қудратхўжанинг юқорида келтирилган сўзлари охирги кунларда Россия расмий доираларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлмоқда.

Қуйида Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотининг қисқача мазмуни билан танишишингиз мумкин.

Алоқадор мавзулар:

"Оккупация" ва эришилган муваффақиятлар

russia

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёноти.

Россия ТИВнинг таъкидлашича, Қудратхўжа билдирган каби фикрлар Ўзбекистон ва Россиянинг "чуқур стратегик ва иттифоқдошлик" характеридаги муносабатларига "мутлақо зид келади".

Идора ўзбек элчиси билан учрашувда "дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми" Қудратхўжанинг мулоҳазаларига қўшилмаслигига ишонч билдирилганини маълум қилган.

"Биз ҳеч бир ҳолатда мазкур арбобнинг баёнотини кўпмиллатли республика халқи кайфияти билан бир хил, деб ҳисобламаймиз. Ишончимиз комилки, худди Россиядаги каби Ўзбекистонда ҳам, биринчи навбатда, фашизмга қарши биргаликда кураш ва нацист Германия устидан қозонилган Буюк Ғалабадан иборат бўлмиш асрларга татигулик умумий тарихимиз хотиралари ва унинг ёрқин саҳифаларини авайлаб асрайдилар", ишонч билдирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

Расмий баёнотда Ўзбекистоннинг ҳуқуқсиз мустамлака бўлгани билвосита инкор этилган, бундай қарашни дастаклашга уриниш йўлида бир қанча мисоллар келтирилган.

"1966 йилдаги талафотли зилзила ортидан Тошкентнинг тикланиши бузилмас дўстлигимизнинг жонли гувоҳи ўлароқ хизмат қилади. Шаҳарнинг тезда тикланиши фақатгина улкан мамлакатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан имконли бўлган эди. Қалбларимизда ўзбек ансамбли "Ялла"нинг ўша оғир йилларда Ўзбекистон пойтахти билан "бутун Россия ва менинг барча республикаларим" елкадош тургани ҳақидаги юракни чиндан титратувчи сўзлар тилга олинган "Порла, Тошкент" қўшиғи ҳамон янграб турибди".

Бундан ташқари, Россия вазирлиги "умумий Ватан — СССР"да ҳар бир шахс ўз маданиятини сақлаш ва ривожлантириш, рус ва бошқа тилларда таълим олиш имконига эга бўлганини таъкидлаган.

"Бунда рус тили мураккаб миллатлараро мулоқот тили ўлароқ ўзига хос бирлаштирувчи роль ўйнаган".

Расмий баёнотда Ўзбекистон СССР халқлари саноати, қишлоқ хўжалигига муҳим ҳисса қўшгани, тараққий топгани ва республикада авиасозлик, энергетика, транспорт каби илғор соҳалар ташкил этилгани ҳам тилга олинган.

"Кўриниб турибдики, юқорида тилга олинган "муаллиф" асоссиз мулоҳаза юритишга уринаётган "оккупация" ҳолатида санаб ўтилган ушбу муваффақиятларга эришишнинг имкони йўқ эди", дея ёзилган расмий баёнотда.

Мазкур абзацнинг давомида расмий Москва СССРдаги вазият Ғарбнинг мустамлака сиёсатидан кўра маданийроқ бўлганини таъкидлашга уринади.

"Ғарбнинг ўз "васийлигидаги" ҳудудлар устидан асл мустамлака босқинчилиги нимага олиб келишини кўплаб Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари, Ироқ, Сурия ва Украинадаги қайғули мисолларда яхши кўриб турибмиз".

Бир вақтнинг ўзида, Москва Россия ва Ўзбекистон ўз муносабатларини "умумий тарихнинг шонли саҳифаларига таянган ҳолда", тенглик ва ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш тамойиллари асосида суверен мустақил давлатлар каби ривожлантираётганини билдирган.

Баёнот сўнггида Россия ТИВ қисқа вақт ичида Ўзбекистон томонидан Шерзодхон Қудратхўжанинг "ёқимсиз фикри"га принципиал баҳо берилган расмий изоҳ тақдим этилишини кутишини қўшимча қилган.

"Эслатиб ўтамиз, Россия ахборот маконида Ўзбекистонга қаратилган, бу дўст давлат билан муносабатлар бўйича Россия сиёсатига зид келувчи мулоҳазалар пайдо бўлган ҳолатларда биз дарҳол бундай фикрлардан расмий даражада ўзимизни четга олган эдик", баёнотини якунлаган Россия ТИВ.

"Россия ё руслар демаганку?!"

russia

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг мазкур баёноти ўзбек жамоатчилигида мавзуга доир шундоқ ҳам қизиб турган муҳокамаларни янада оловлантирган.

Аксар мулоҳаза билдирувчилар Қудратхўжа AlterEgo лойиҳаси муаллифи Кирилл Альтман билан суҳбат чоғида "ўзи яшаб турган мамлакат тилини билмайдиганлар ё босқинчи ёки телба" мазмунидаги фикрида айнан "Россия" ёда "руслар" сўзини тилга олмаганига эътибор қаратган.

"Бу гап кимга тегиб кетган бўлса, демак, у ё босқинчи, ё аҳмоқ-да. Агар Россиянинг шу реакцияси бўлмаса, Шерзодхон ака ҳам ҳозир бунчалик қаҳрамон бўлмасди, яна икки-уч кун ўзимиз чайнаб, доимгидек эсдан чиқарворардик", дея ёзган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон элчиси Россия ТИВ томонидан "чақирилгани"га эътибор қаратган.

"Қизиқ, элчимизни таклиф қилишмабди, балки чақиришибди. Бутун бошли "Ўзбекистонни босиб олайлик" деган аҳмоқнинг гапидан кейин бизнинг ТИВ Россия элчисини таклиф қилган эди. Ким билсин, балки бизникилар ўшанда хижолат бўлиб, узр ҳам сўрагандир", киноя қилган блогер.

Адлия вазирлиги мулозими Шаҳноза Соатова эса шахсларнинг ўз тилини ҳимоя қилишга ҳаққи борлигини таъкидлаган.

"Ҳай, тилни ўрганмасанглар ўрганманглар, бундан уялмасанглар уялманглар, лекин нега ўз тили ҳимояси учун гапирса, жанжал қилаверасизлар? Шу юртда яшаётган турли миллат вакиллари ўрганяпти-ку ўзбек тилини. Ҳеч бир жанжал-можаро бўлмаяпти-ку улар билан. Она тилим демайлик экан-да. Деймиз!".

Собиқ депутат Расул Кушербаев Телеграмдаги ўз каналида "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг 1-моддаси матни келтирилган пост қолдирган:

"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир".

Шунингдек, Қудратхўжанинг фикри қўллаб-қувватланган айрим мулоҳазаларда русийзабон аҳолининг маълум қисмида тил ўрганишга рўйихушлиги йўқлигига эътибор қаратиш зарур эмаслиги билдирилган.

"Хамма русларни советпараст, шовинист, ўзбек тилини ўрганишни хохламайдиганлар деган тақдиримизда хам улар мутлақ камчиликни ташкил қилади ва кўпчиликка хатар бўлаолмайди бизнинг мамлакатда. Аммо шунга қарамай, бошқа муаммолар йўқдек, хаммани шу руслар ўзбек тилини ўрганмаётгани кўпроқ хавотирга солади. Шулар ўзбек тилида гапирса бахтли бўлиб кетамиз гўё эътироф эшитгандай. Постколониал синдордам қутилиш керак. 30 йил ўтиб кетди. Бошқа муаммолар бизни қийнаши керак. Умуман бошқа", дея ёзган Facebook фойдаланувчиси Жавоҳир Неъматов.

Бир вақтнинг ўзида, Шерзодхон Қудратхўжанинг Россия томонидан аёвсиз танқидга тутилишига Ўзбекистон ҳукумати реакция билдирмаётганини тилга олиб, журналистнинг профессионал келажаги дўстона алоқаларни ҳимоя қилиш важи билан хавф остида қолиши эҳтимолидан хавотир билдирилган кўплаб фикрлар ҳам қолдирилган.

Шу билан бирга, Қудратхўжанинг мазкур мулоҳазасига қўшилмаслиги айтилган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Масалан, Қудратхўжа чиқиш қилган AlterEgo лойиҳаси муаллифи Кирилл Альтман шундай ёзган:

"Шахс ўз фикрига эга ва уни изҳор этди. Унинг фикрига қўшилмаслик ҳаққингиз борми? 100%. У бу фикрини мустақил медиада айтишга ҳақлими? 110%. Ўзбек тили борасида шахсан менинг фикрим бундай: уни зарур бўлмагунча ўрганишга ҳеч ким мажбур эмас… Айтганча, бу икки томонлама ишлайди. Ўзбекистонда ҳеч ким рус тилини билишга мажбур эмас".

Таниқли блогер Ислам Капарзо ҳам ўхшаш фикрни илгари сурган ҳамда Ўзбекистон ҳукумати русийзабон инсонларнинг ўзбек тилини ўрганиши учун шароит қилиб бермаётганини таъкидлаган.

Мазкур мақола эълон қилинаётган вақтда на Ўзбекистон расмийлари, на Шерзодхон Қудратхўжанинг ўзи Россия келтираётган эътирозларга муносабат билдиргани кўзга ташланган.

14 февраль

russia

Сурат манбаси, Milliy mass media assotsiatsiyasi

Таниқли журналист ва давлат расмийси Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистонда "ўзбек тилини ё босқинчи, ёки телба" билмайди деб, келтирган иқтибосига Россия ҳукумати идораси норозилик билдирди.

Россия ҳукумати таркибидаги МДҲ ишлари, ватандошлар, хорижда яшовчилар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) раҳбари Евгений Примаков Шерзод Қудратхўжа ва у бошчилик қилаётган структуралар билан мулоқотни тўхтатишини айтиб чиқди.

"Ўзбекистон Миллий медиа-ассоциацияси раиси ва республика Мактабгача таълим вазирлиги жамоатчилик кенгаши раҳбари Шерзод Қудрадхўжаевнинг оммавий ҳақоратомуз русофоб баёнотлари муносабати билан Россотрудничество, мавжуд ички баённомалар билан, у ҳамда у бошчилик қилаётган структуралар билан жаноб Қудратхўжаев тўлиқ ва ишончли узр сўрамагунча ҳар қандай мулоқот ва алоқани узади", деб ёзди Евгений Примаков.

Примаков Шерзодхон Қудратхўжа ва унинг яқинлари Россияга келолмай қолса хафа бўлмасин, деган.

Аудио тагсўзи, Халқаро Пресс-клуб Мирзиёевни кутмоқда

"Ишонаманки, Қудратхўжаев нафақат ўзи, балки яқинлари Россияда ўқиш, у билан фойдали бизнес юритиш, малака оширишда қатнашиш ва қаттиқ ёқтирмайдиган мамлакатга шунчаки келиш имкониятидан маҳрум бўлса, хафа бўлмайди", деган Примаков.

Шерзодхон Қудратхўжа YouTube нинг AlterEgo каналига берган интервьюсида 1966 йил Тошкент зилзиласидан кейин пойтахтда қурилиш ишлари олиб бориш учун СССРнинг турли республикаларидан одамлар келгани ва улар шу ерни маъқул кўриб, қолиб кетгани ҳақида гапираркан, уларнинг тил билмаслигига эътибор қаратган.

"Афсуски, улар 60 йил давомида бизнинг тилимизни ўрганишмади. Карл Марксга тегишли эканлиги ёки бошқа ҳар қандай одамга тегишли эканлиги айтиладиган гап бор. Ўзи яшаётган давлатнинг тилини икки одам билмайди. Биринчиси, босиб олган босқинчи. Иккинчиси, телба, яъни фикрлаш, ёзиш ёки ўқишни билмайдиган одам. Кимлигини ўзлари хулоса қилсин - босқинчими ёки телба", деган у.

Шерзодхон Қудратхўжа ҳозирча Россия ҳукумати қошидаги идора раҳбари сўзларига муносабат билдирганича йўқ.

iqtibos

Аммо Қудратхўжа ва Примаковнинг гаплари ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

"Яшаб турган жойнинг тилини ўрганса бўлмайдими?"

Фикр билдирганлар Шерзод Қудратхўжа интервьюда бирор миллатни ажратиб кўрсатмаган, деб таъкидлаб, нима учун Россотрудничество раҳбари русофобия ҳақида гапирганидан ажабланишган.

Ижтимоий тармоқдаги қатор фойдаланувчиларнинг ўйлашича, Қудратхўжа тўғри фикрни олдинга сургани ва улар одам яшаб турган жойининг тилини ўрганиши кераклигини урғулашган.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Россиянинг ўзида, яшашга эмас, вақтинчалик ишлашга бораётганлардан, нафақат тил, балки Россия тарихини ҳам билиш талаб қилинади.

"Нега энди Ўзбекистонда яшаётган барча халқлар ўзбек тилини ўрганмаслиги керак? Дунё давлатларида, АҚШ, Европа, Япония ва истаган давлатингизда, тилни билмасангиз - ҳеч бир иш қила олмайсиз, ишлай олмайсиз... Россотрудничество аввал, Шерзод аканинг баёнотини Россия ва ҳалқаро қонунчиликка кўра, нимаси нотўғри эканлигини тушунтиришга уриниб кўрсин", дейди у.

Раббимов Россиялик сиёсатчилар "бунчалик ўзидан кетаяпти", деган саволга жавоб излайди.

"Сабаби, шу пайтгача рус империячилари, миллатчилари Ўзбекистонга кўп тош отишди, давлат эса жавоб бермади", деб ёзади Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи давлат жиддий баёнот бериши керак, деган фикрни таъкидлайди.

"Шерзодхон Қудратхўжа босқинчилар кимлар эканини айтиб қўйгани учун шунча дод-фарёд. Босқинчиларнинг ўзлари ҳам биларди босқинчи эканини. Лекин истиҳола билан улар босқинчи экани очиқча айтилмасди" дейди Х тармоғида @the_bakiroo.

Шерзод Қудратхўжа Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ва яна бир неча ташкилотларда раҳбар ҳамда ўринбосар лавозимларида фаолият юритади.

У фамилиясидаги "ев" қўшимчасидан воз кечиб, ўзини Қудратхўжа, деб тақдим қилган.

Шерзодхон Қудратхўжа бундан олдин ҳам тил масаласига оид баҳсларда диққат марказига тушганди.

2018 йил сентябр ойида Шерзод Қудратхўжаев рус тилида гапираётган аёлга давлат тилини билмагани учун дакки бергани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганди.

Қўл телефонида тасвирга олинган видеода Шерзод Қудратхўжаев рус тилида гапираётган аёлдан давлат тилида гапиришни талаб қилган.

Халқаро Пресс-Клуб раҳбари иштирокидаги видео социал тармоқларда қизғин баҳсларни келтириб чиқарганди.

Айримлар Шерзод Қудратхўжаевни миллатчилик ва маданиятсизликда айблашса, бошқалар уни ҳимоя қилишган.

Шерзод Қудратхўжаев ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида рус тилида видеомурожаат эълон қилиб, видео контекстдан узиб олинганинини айтганди.

Орадан бир йил ўтиб, Би-би-си билан суҳбатда Қудратхўжаев айни воқеа устида ҳам тўхталган ва тил ҳақидаги баҳсларнинг қурбони бўлганини айтганди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002