Рамазон: Рўза тутганда танангизда нима содир бўлади?

ro'za

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу йил Рамазон баҳорда — март ойида бошланди.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳар йили миллионлаб мусулмонлар Рамазон ойида кун отишдан ботишгача 30 кун рўза тутади.

Сўнгги йилларда шимолий ярим шарда Рамазон ёз ойларига тўғри келган эди.

Бу йил у баҳорда — март ойида бошланди.

Бу шуни англатадики, баъзи мамлакатларда кунлар қисқароқ бўлиб, тонг отишидан ботишигача бўлган рўза дунёнинг қаерида эканлигингизга қараб 12 соатдан 17 соатгача давом этади.

Бу соғлиқ учун фойдали бўлиши мумкинми? 30 кун рўза тутганингизда танангизда қандай ўзгаришлар рўй беради?

Алоқадор мавзулар:

Энг қийини – дастлабки икки кун

tana

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рўза инсон танасига қандай таъсир қилади?

Аслида, танангиз охирги овқатланишдан тахминан саккиз соат ўтгач "очлик ҳолатига" киради.

Бу ичагингиз озиқ-овқатдан озуқа моддаларини ўзлаштиришни тугатган вақтга тўғри келади.

Шундан сўнг, танангиз энергия олиш учун жигар ва мушакларда тўпланган глюкозадан фойдалана бошлайди.

Рўзанинг кейинги босқичларида, глюкоза захираси тугагач, ёғ танангиз учун навбатдаги энергия манбаига айланади.

ro'za

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Энг қийини – дастлабки икки кун.

Тана ёғларни ёқа бошлаганда, бу вазн йўқотишга ёрдам беради, холестерин даражасини пасайтиради ва қандли диабет хавфини камайтиради.

Бироқ, қондаги қанд миқдори пасайиши ҳолсизлик ва ланжликни келтириб чиқаради.

Бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва оғиздан ёқимсиз ҳид келиши мумкин.

Айнан шу пайтда очлик ҳисси энг кучли бўлади.

Сувсизланишдан эҳтиёт бўлинг – 3-7 кун

Танангиз рўзага кўника бошлагач, ёғлар парчаланиб, қондаги қанд моддасига айланади.

Рўза пайтида камроқ суюқлик истеъмол қилганингиз учун, ифторлик ва саҳарлик вақтида етарли миқдорда суюқлик ичишингиз керак, акс ҳолда, терлаш сувсизланишга олиб келиши мумкин.

ro'za

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ифторлик ва саҳарлик вақтида етарли миқдорда суюқлик ичишингиз керак, акс ҳолда, терлаш сувсизланишга олиб келиши мумкин.

Таомингизда углеводлар ва маълум миқдорда ёғлар каби "энергия берувчи озиқ-овқат" бўлиши керак.

Оқсиллар, тузлар ва сувни ўз ичига олган озуқавий моддалар билан мувозанатли овқатланиш муҳим.

Энди кўникяпсиз – 8-15 кун

Учинчи босқичга келиб, кайфиятингиз яхшиланишини сезишингиз керак, чунки танангиз рўзага тўлиқ мослашади.

Кембриждаги Адденбрук шифохонасининг анестезия ва реанимация бўйича маслаҳатчиси доктор Разин Маҳруфнинг айтишича, бошқа афзалликлар ҳам бор.

ro'za

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рўзанинг илк кунларида танангиз энергия олиш учун жигар ва мушакларда тўпланган глюкозадан фойдалана бошлайди.

"Оддий кундалик ҳаётда биз кўпинча жуда кўп калория истеъмол қиламиз ва бу тананинг бошқа вазифаларни, масалан, ўзини тиклашни етарли даражада бажаришига тўсқинлик қилиши мумкин."

"Бу рўзада тузатилади, бу эса организмга эътиборни бошқа функцияларга қаратиш имконини беради.

Демак, рўза танага соғайишга ёрдам бериш билан бирга, инфекциялар олдини олиш ва уларга қарши курашиш орқали фойда келтириши мумкин."

Тозаланиш – 16-30 кун

Рамазон ойининг иккинчи ярмида организмингиз рўза тутишга тўлиқ мослашган бўлади.

Йўғон ичак, жигар, буйрак ва терингиз аллақачон тозаланиш даврини бошдан кечиради.

"Соғлом одамда, бу босқичда орган функциялари максимал даражага қайтиши керак. Хотира ва диққатингиз яхшиланиши ва кўпроқ энергияга эга бўлишингиз мумкин," дейди доктор Маҳруф.

Dr Razeen Mahroof
Ramazon oyi roʻzasi faqat tongdan shomgacha davom etgani uchun, oʻzimizni energiya bilan taʼminlovchi oziq-ovqat va suyuqliklar bilan toʻyintirish uchun yetarlicha imkoniyat bor.
Razin Mahruf
Anesteziya va reanimatsiya boʻyicha maslahatchi, doktor (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Танангиз энергия учун оқсилларни ёқмаслиги керак. Акс ҳолда, у очлик режимига ўтади ва мушаклардан энергия учун фойдаланади. Бу кўп кундан ҳафталаргача давом этадиган узлуксиз очликда содир бўлади."

"Рамазон ойи рўзаси фақат тонгдан шомгача давом этгани учун, ўзимизни энергия билан таъминловчи озиқ-овқат ва суюқликлар билан тўйинтириш учун етарлича имконият бор. Бу мушакларни сақлаб қолади, лекин вазн йўқотишга ҳам ёрдам беради."

Хўш, рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими?

Доктор Маҳруф "ҳа" дейди, лекин шартли равишда.

"Рўза тутиш соғлиғимиз учун фойдали, чунки у бизга нимани ва қачон ейишга эътибор қаратишга ёрдам беради. Аммо бир ой рўза тутиш маъқул бўлса-да, тўхтовсиз рўза тутиш тавсия этилмайди."

ro'za

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мутахассис рўза тутиш тана учун фойдали дейди, лекин шартли равишда.

"Узлуксиз очлик узоқ муддатли вазн йўқотиш учун яхши усул эмас, чунки охир-оқибат танангиз ёғларни энергияга айлантиришни тўхтатади ва бунинг ўрнига мушакларни ёқа бошлайди.

Бу носоғлом ва танангиз очлик режимига ўтишини англатади."

Унинг таъкидлашича, (Рамазондан ташқари) вақти-вақти билан рўза тутиш ёки 5:2 парҳези (соғлом овқатланиш кунлари орасида ҳафтада бир-икки кун рўза тутиш) бир неча ой давомида узлуксиз рўза тутишдан кўра соғломроқ муқобил бўлади.

"Тўғри бажарилган Рамазон рўзаси ҳар куни энергия захирангизни тўлдиришга имкон бериши керак, бу эса танангиз қимматли мушак тўқималарини ёқмасдан вазн йўқотишингизни англатиши мумкин."