Россияда ўзбек тили қандай ўрнашмоқда - Россия ва Ўзбекистон, Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Москва
"Россияга бориш учун тил билиш керак. Рус тилисиз Россияда қийналасан", деган гаплар бугун долзарблигини бироз йўқотгандек. Айниқса, Москвада. Россияга ўзбеклар билан бирга ўзбек тили ҳам кириб келди.
"Қаерга қарамай, ўзбекларни кўраяпман"
- Москвада ўзбекларни бунчалик кўп учратаман деб ўйламагандим. Аэропортдан чиқишим билан атрофимни ўзбек таксичилар "такси керакми, такси керакми" деб, ўраб олди, - дейди таажжубини билдириб Зарина.
Фарғоналик Заринанинг Россияга биринчи келиши. У касби фотографлиги, Москвада ишлаб, касбий жиҳатдан янада ривожланиш, имкон топиб ўқиш ҳам ниятида.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Муҳожир қиз Россия, айниқса Москва ҳақида тасаввурлари бошқача бўлганини айтади.
- Қаерга қарамай, ўзбекларни кўраяпман, кўчаларда ўзбекча гаплар қулоғимга чалинаяпти. Бир курьердан йўл сўрагандим, у ҳам ўзбек экан, - дейди Зарина.
"Россияга бориш учун тил билиш керак. Рус тилисиз Россияда қийналасан", деган гаплар бугун долзарблигини бироз йўқотгандек.
Айниқса, Москвада.
Алоқадор мавзулар:
Банкоматдаги қулайлик

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Зарина мисолида мигрантлар энг кўп қўлланадиган хизматлар ва жойларга ҳамроҳлик қилдик.
У ишлаш учун патентга ҳужжат топширмоқчилигини айтди. Кун аввало картадан пул ечишдан бошланди.
Россия "Сбербанк"и мижозларининг салмоқли қисми Марказий осиёликлар.
Банк рус тилини яхши билмайдиган мигрантлар учун ҳам хизмат кўрсатишини ҳисобга олган.
Жумладан, банкоматлардан фойдаланишда қўшимча тиллар танловига ўзбек тилини ҳам киритган.
Зарина "Сбербанк" банкоматида ўзбек тилини қўллаган ҳолда, ҳисобидан пул ечиб олди.
Бекатдаги "луғатлар"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Москва кўптармоқли миграция марказига метрода бордик.
Марказга яқин "Лесопарковская" бекатида чиқдик. Бу ердаги йўл кўрсатувчи ёзувларнинг барчасида рус ва инглиз тилларига қўшимча ўзбек ва тожик тиллари киритилган.
Миграция марказига автобус кутиб турган ўзбекистонликларни суҳбатга тортдик.
- Бу ёзувлар фойда бераяпти. Биринчи келган одам русчани яхши билмаслиги мумкин. Шундай пайтда йўл топиб боришда жуда қулай, - деди бир муҳожир йигит.
- Бундай қулайлик мигрантларни рус тилини ўрганиш учун хоҳишини пасайтирмайдими?, - дея сўраймиз улардан.
- Йўқ, қайтага 2 та тилда кўриб ўқишса, демак, бу сўзнинг русчаси шундай бўларкан, деб ёдлаб олишади, - дейди яна бир ўзбекистонлик.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Йўлкўрсаткичлардан луғат каби фойдаланиш мумкинлигини бошқалар ҳам маъқуллашди.
Аммо метродаги бу кўптиллилик кўплаб россияликларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлди.
- Мигрантлар рус тилидан имтиҳон топшириб, патент олишаяпти. Шундай экан, бу усулда мантиқ қани?, - деган фикрлар бўлди бу борадаги муҳокамада.
Электрон таомномада

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Москва кўптармоқли миграция марказида эса ҳамма маълумотларда ўзбек тили киритилган.
Россия ИИВ маълумотига кўра, мамлакатда 1,3 млн чет эл фуқароси меҳнат патенти, 85 минг хорижлик эса ишга рухсатнома асосида фаолият юритади.
Миграция марказлари мижозларининг энг катта қисми ўзбекистонликлардир.
Марказдан қайтишда тушлик килиш учун Макдональдсга кирдик. Емакхона таомномасида ўзбек тили борлигини билдирдим.
- Бу ерда ҳамми? - ажабланди Зарина.
Электрон таомномадан ўзбекча тилни танлаб буюртма қилдик. Тайёр бўлган емагимизни берувчи ҳам ўзбек экан.
Заринага "Макдональдс", "Бургер-кинг", "Шоколадница" каби ошхоналар тармоқларининг хизмат кўрсатувчи ходимларининг катта қисми Марказий осиёлик мигрантлар эканлигини айтдим.
- Мен ўзи қаердаман? Москвадами ёки Тошкентда? - дейди ҳазиллашиб суҳбатдошимиз.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Салом. Мен Наташаман"
Россия пойтахтининг хизмат кўрсатувчи соҳаларида меҳнат муҳожирларининг ўрни салмоқли.
Статистик маълумотларга кўра, пойтахтдаги қурилиш ва хизмат кўрсатиш тизимларининг 40 фоиздан ошиғи мигрантлар ҳиссасига тўғри келади.
Марказий осиёликлар пойтахт ҳаётига шу қадар кириб боришмоқдаки, ҳатто яқинда Москва метрополитени ўзбек тилини биладиган кассирларни ишга қабул қилинишини эълон қилди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Атиги 5 йил олдин Москва ошхоналари ичида мигрант ходимлар ўз тилида гаплашганликлари учун жаримага тортиларди.
Энди эса пойтахтдаги йирик ташкилотлар ўзбек тилини қўллай бошлади.
Дейлик, телефон симкартасини ўз номингизга олган бўлсангиз, сизга тез-тез ўзбек тилида қўнғироқлар бўлиб туради.
"Салом. Мен Наташаман. Мен "Билайн"да ишлайман, - дея ўзини таништирган автожавоббергич компаниянинг хизмат турлари ёки янги тарифларини таклиф қилади.
Ижтимоий тармоқларда банкларнинг пул ўтказмалари, ошхоналар тармоқларининг бўш иш ўринлари ўзбек тилидаги реклама ва эълонларига ҳам кўзингиз тушади.
Москванинг ўзбек тилига нега бу қадар эҳтиёжи бўлди?
"Шунчаки бизнес"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Юрист Зарнигор Омониллаева буни Россияда тадбиркорликнинг ривожлантирилиши билан боғлиқликда кўришини билдиради.
- Бирор маҳсулот ёки хизмат давлат тарафидан ташкилланса, сифати зўр бўлади, деган стереотип бор. Хусусий ташкилотчиларга давлатникидан ишонч паст. Аслида эса бугунги капитализм даврида хусусий тадбиркорлик субъектларига давлатникидан кўра ишонч юқори бўлиши керак. Чунки хусусий тадбиркорлар маҳсулот ва товарни айнан мижозга мослаб чиқаради, мижознинг талаб ва истакларини эшитишга тайёр бўлади. Натижада мижознинг манфаатларини ҳимоя қилаётган бўлади. Ҳаттоки мижоз мигрант бўлса ҳам.
- Давлатда эса мижоз билан ҳисоблашишга эҳтиёж йўқ. Чунки давлат тарафидан ташкилланган ҳар нарса бюджетга асосланади. Бюджет эса мижознинг харидорлигига умуман боғлиқ эмас. Ҳаттоки "мижоз" қонуний мигрант сифатида давлат бюджетига миллиардлаб пул ўтказаётган бўлса ҳам!, - дейди юрист.
Зарнигор Омониллаева айнан хусусий сектор сабаб Москвада мигрантларга толерантлик ошиб бораётганидан мамнунлигини айтади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Ходимлар мижозларни мигрант ёки мигрант эмас, деб турли муносабат қилмайди. Бир хил ҳурмат билан хизмат қилади. Буни кўрган маҳаллий одамлар онгига "мигрант билан бир хил мижозман" деган тушунча сингади. Оқибатда лояллик тарбияланади. Шу тариқа мигрантлар манфаати ҳимоя қилинади.
"Ҳеч бўлмаганда рус тилини билиш керак"
Москвадаги йирик компанияларда МДҲ мамлакатлари тилларининг кириб келаётгани янграши ортидан Россия президенти мигрантлар рус тилини билиши кераклигини айтди.
"Биз ҳаммамиз Россияда Ҳамдўстлик давлатларидан қанча меҳнат муҳожирлари ишлаётганини яхши биламиз ва тушунамиз. Сиз учун ҳам, биз учун ҳам одамлар Россияга мослашиши ва ҳаётимизга осон кириши муҳим. Ҳеч бўлмаганда рус тилини билиш керак. Мамлакатимизда нафақат пул ишлаш, балки тўлақонли ҳаёт кечириш учун сиз Россия нима эканлигини, Россия маданияти, Россия ва собиқ Совет Иттифоқи халқлари ўртасидаги муносабатларни тушуниш керак", — деган эди Владимир Путин.
Шунга қарамай, Москвада мигрантларга салмоқли мижоз сифатида кўрувчи ташкилотлар, муҳожирларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятлар тобора ортиб бораяпти. Уларни янада жалб этиш, ўзларида ушлаб қолиш учун мигрантларга ўз тилларига маълумот бериш усулларини танлашмоқда.
"Одамлар ўрганади"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Албатта, Россиядаги мигрантларнинг катта қисми ўзбекистонликлар эканлигини ҳисобга олсак, русийзабон мамлакатда ўзбек тилининг оммалашуви кандай давом этиши мумкин?
Россиядаги иқтисодчи эксперт Жамшид Муслимовга кўра, бу жараён давом этиш билан бирга ривожланиб ҳам боради.
- Одамлар ҳам ўрганиб қолади. Агар ОАВ лар маҳаллий аҳолининг диққатини атай бу мавзуларга қаратмаса, ўзлари кўп ҳам эътибор беришмайди. Мигрантлар оқими бор экан, улардан манфаат кўришга асосланган тизим давлатдан ташқари хоҳ алоқа компаниялари бўлсин, хоҳ банк соҳалари, ҳар жабҳада ривожланиб боради, - дейди эксперт.
Шундай қилиб, Россияга ўзбеклар билан бирга ўзбек тили ҳам кириб келди.
Унинг келажакда янада илдиз отиши ёки қисқартирилиб йўқолиб кетиши нафақат миграция жараёнлари, балки айрим кузатувчиларга кўра, Россия ҳукуматининг сиёсий иродаси билан боғлиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













