Ўзбекистон: Ўзбек тили қачон давлат тили бўлади? (видео)

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бундан 30 йил аввал, Шўролар даври сўнгги кунларини яшаётган бир пайтда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун ўтган бир неча катта-кичик намойишлар, бошқа Совет мамлакатларида ҳам аксилкоммунист кайфиятлар авж олиб бориши ўша давр Ўзбекистоннинг коммунист раҳбарларини ён беришга мажбур қилганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда ўзбек тили расман давлат тили мақомини олар ва орадан 30 йил ўтар экан, аслида вазият кескин ўзгармади.
Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтиш қарори ҳам ўзбек тилини ростакамига давлат тили даражасига кўтаргани йўқ.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тилшунос ва журналист Элдор Асановга кўра, ўзбек тили Шўролар даврида кўча, оила ва бадиий адабиёт тили сифатида қўлланилган, аммо маданият ва ё расмий тил даражасига чиқарилмаган.
"Бунинг омилларидан бири шуки, миллий тил сифатида кўрсатилган маҳаллий тилнинг функциялари чеклантирилган. Мустақилликка эришилганидан кейин бу тилни ўз ҳолига қўйиш билан жамиятнинг барча қатламларини қамраб олиш мушкул, чунки халқ ўрганган ҳолатида давом этади. Сиқиб чиқариш учун эса маълум бир чоралар кўриш керак. Масалан, ҳиндлар инглиз тилини сиқиб чиқаришдан кўра, ундан иккинчи тил сифатида фойдаланишни афзал билишган. Бу тил бизни дунёга олиб чиқади деб ишонишган. Тилни ҳақиқий миллий тил даражасига олиб чиқиш мустақилликдан кейин бошланади. Аммо ҳамма жамиятлар ҳам бу йўлда муваффақиятга эришгани йўқ, Қозоғистон ҳам, Қирғизистон ҳам... Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш вазият. Аммо Кавказ давлатларида, масалан Грузия ва Озарбайжонда ҳақиқатда муваффақиятга эришилган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида шунақа ишлар амалга оширилганки, ҳозир кўчада рус тилида эълон кўрмайсиз. Шунга яраша иш олиб борилган".
Ўзбек тили ва давлат ишлари

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Давлат тилида иш юритиш масаласи айрим давлат ташкилотлари учун ҳамон оғриқли бир масала бўлиб қолмоқда. Журналист Хуршид Йўлдошевга кўра, айрим давлат идораларида рус тили ҳамон асосий тилдир.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Иқтисод ва молия соҳасидаги давлат идораларида ҳозир ҳам иш юритиш ва муомала асосан рус тилида кечади. Бандлик ёки аҳоли билан ишлайдиган бошқа ташкилотларда эса ўзбек ва рус тиллари аралаш".
Журналистга кўра, ўзбек тилининг тўлақонли давлат тили бўлишига эришиш учун кучли сиёсий ирода бўлмаган.
"Ҳозир ўзбек тилида гапиришга эҳтиёж йўқ, қонунлар масалан, рус тилида ёзилади. Табиий, одамлар ўзларига қулай тилда гапиради. Аммо тасаввур қилинг, сиз ўзбек тилини мутлақо билмасдан, давлат идорасида, вазирликда ишлай олсангиз, мактабдаги русийзабон бола учун бу тилни ўрганишга эҳтиёж қоладими? У ўзбек тилисиз ҳам мансаб пиллапояларидан юқорилаш мумкинлигини билади".
Нима учун рустилли аҳоли ўзбек тилини ўрганмади?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Туркшунос олим Андрей Кубатинга кўра, аслида тил ўрганиш одамнинг ўзига боғлиқ.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Мен русийзабонман, аммо ўзбек тилини, адабий тилини ва шеваларни биламан. Катта авлод, масалан, Чор Россияси даврида келганларнинг авлодлари орасида ўзбек тилини биладиганлар жуда кўп. Аммо кейинроқ келганлар...масалан, ўтган асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонга келганлар ва уларнинг авлодлари орасида билмайдиганлар кўпроқ. Биласизми, ўзбеклар бағрикенг халқ...Бозорларга борсангиз, агар сотувчи сизни русийзабон эканингизни пайқаб қолса, дарров русча гапиришга ҳаракат қилади. Чунки бу тилни ўрганасан деган қатъий талаб бўлмаган. Қизиғи, агар рус тилини билмаган ўзбекистонликлар Россияга борса, фаррош бўлиб ишлаши мумкин, бошқа давлатларда ҳам шундай... Бизда талаб бўлмаган".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












