Ўзбекистон: Андижонда 13 ўсмир қўлга олинди; меҳнат миграцияси харитаси ўзгаряпти – президент нималар деди? Ўзбекистонда модел қиз нега жаримага тортилди? (Видео)

Сурат манбаси, Андижон вилояти ИИБ
Андижонда 16–19 ёшли 13 нафар ўсмирнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган радикал контент таъсирига тушгани ҳақида маълум қилинди. Расмий маълумотларга кўра, улар Сурияга чиқиб кетишни режалаштирган, аммо бу ҳаракат амалга ошмасдан тўхтатилган.
Ички ишлар идоралари билдиришича, ўсмирлар виртуал гуруҳларда "жиҳод" ва "ҳижрат" мавзулари атрофида суҳбатлашиб келган. Тергов ишлари давом этмоқда.
Ўтган ой Тошкентда радикал тарғибот таъсирида қўпорувчиликка тайёргарлик кўрганликда айбланган 20 ёшли йигит озодликдан маҳрум қилинганди. Суд ҳужжатларида унинг тақиқланган экстремистик материалларни сақлагани ва тарқатгани келтирилган.

Сурат манбаси, PA Wire/PA Images
Яқинда онлайн муҳит билан боғлиқ расмий маълумотлар ҳам янгиланганди. Олий суд экстремистик ва террористик ғоялар билан боғлиқ қарийб 1600 та онлайн манбани тақиқланганлар рўйхатига киритгани ҳақида ахборот берилди. Улар орасида Telegram, Instagram, Facebook ва YouTube платформаларидаги каналлар ва аккаунтлар ҳам бор.
БМТ ҳужжатларида ҳам радикаллашув жараёнларининг бир қисми интернет муҳити билан боғлиқ эканига эътибор қаратилган. Халқаро ташкилотлар бу каби ҳолатларга жавоб фақат чеклов чоралари билан чекланмаслиги, таълим ва медиа саводхонлик ҳам муҳим ўрин тутиши кераклигини таъкидлайди.
Кузатувчиларга кўра, Андижондаги ҳолат онлайн муҳитда ёшлар билан ишлаш масаласига яна бир бор эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатган. Бу эса хавфсизлик чоралари билан бир қаторда профилактик ёндашув ва ёшлар билан мулоқот қанчалик муҳим эканини урғулайди.
Меҳнат миграцияси харитаси ўзгаряпти – президент нима деди?

Сурат манбаси, Rasmiy
"Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади", деди президент Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси географияси кенгайиб бораётган бир пайтда, давлат раҳбари хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан ишлаш масаласига тўхталди. У меҳнат миграциясидаги ўзгаришлар дипломатик хизматдан фаолроқ ишлашни талаб қилаётганини таъкидлади.
Президент илгари ўзбекистонликлар асосан икки ёки учта давлатда меҳнат қилишган бўлса, ҳозир ташкилий меҳнат миграцияси дастурлари орқали ўнлаб мамлакатларда фаолият қилишаётганини айтиб ўтди.
Йиғилишда айрим давлатларда ишчи кучига талаб юқори экани ҳам тилга олинди. Хусусан, Норвегияда иш берувчилар фуқароларни ўқитиш ва кейин ишга қабул қилишга тайёр экани билдирилди.
"Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат бериб, камида 2,5–3 минг евролик иш беришга тайёр, деяпти", деди давлат раҳбари.
Президент шу билан бирга Нордик давлатлар меҳнат миграцияси учун янги йўналиш сифатида кўрилаётганини ҳам қайд этди.
"Умуман, Нордик давлатлар, яъни Швеция, Норвегия, Дания, Финляндия ва Исландия ташқи меҳнат миграциясида биз учун янги йўналиш ва камида 500 миллион евролик меҳнат бозори бўлади", деди президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек 2030 йилгача Нордик давлатларига 50 минг нафар фуқарони ишга юбориш бўйича ташкилий дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.
Nordik davlatlar, ya’ni Shvetsiya, Norvegiya, Daniya, Finlyandiya va Islandiya tashqi mehnat migratsiyasida biz uchun yangi yo‘nalish...
Давлат раҳбари, шунингдек, хорижда таҳсил олаётган ёшлар ва талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани ҳолатлари барчани жиддий ташвишга солиши лозимлигини таъкидлади.
"Энди бундан буён элчилар кабинет дипломатиясидан воз кечиб, хориждаги ватандошларимиз ишлаётган қурилиш майдонларига, ётоқхоналарга, талабалар аудиторияларига бориб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечими бўйича ишлашлари зарур", деди президент.
Айрим кузатувчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми ҳали ҳам Россияда ишлаётган бир пайтда, у ердаги меҳнат бозоридаги ўзгаришлар давлатни янги йўналишлар ҳақида ўйлашга ундамоқда. Шу манзарада ташкилий меҳнат миграцияси дастурларининг кенгайиши мавжуд хавфларга жавоб сифатида ҳам қаралиши мумкин.
Моделнинг жаримага тортилиши баҳсларни уйғотди

Сурат манбаси, Instagram / shaxrizadamadaminova
"Ер гўзали – 2025" танловида давлат рамзлари акс этган либосда қатнашган 21 ёшли модел Шаҳризода Мадаминовага нисбатан суд қарори билан жарима белгиланган.
Суд материалларига кўра, у 2025 йил октябрида Манилада бўлиб ўтган танловда Ўзбекистон давлат байроғи ранглари ва герб элементлари акс этган либосда саҳнага чиққан. Ушбу либосда тушган суратлар кейинчалик унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам жойлаштирилган.
Иш судга фуқаро Н. Жониқуловнинг мурожаати асосида киритилган. У аризасида давлат рамзларидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибга зид амалга оширилганини кўрсатиб, суддан ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суд жараёнида Шаҳризода Мадаминова ўз позициясини баён қилиб, либосда давлат байроғи ранглари мавжуд бўлганини инкор этмаган. Бироқ у расмий рамзларнинг мажбурий элементлари: ярим ой ва 12 юлдуз акс этмаганини айтган ҳамда бу ҳолатни енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олишни сўраган.
Суд ниҳояда қонун талаблари бузилган, деган хулосага келган ва моделга нисбатан 824 минг сўм миқдорида жарима тайинлаган.
Бу қарор ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Айрим фаоллар мазкур ишни бошқа ўхшаш ҳолатлар билан таққослашган. Хусусан, улар Хушнудбек Худойбердиевнинг 2025 йил 10 декабр куни Instagram саҳифасида жойланган постига ишора қилишган. Ўша суратда у Ўзбекистон давлат байроғи бел қисмига ўралган ҳолда кўринганди. Муҳокамаларда суд амалиётида бундай ҳолатларга ёндашув барча учун бир хил қўлланиладими, деган савол ҳам кўтарилган.
Ўзбекистон қонунчилигида давлат рамзларидан фойдаланиш тартиби алоҳида нормалар билан белгиланган бўлиб, улардан кийим-бошда ёки оммавий чиқишларда фойдаланиш чекланган ҳолатларда рухсат этилади.












