Тошкент Москвага яна нота юборди - бу сафар ОМОН қўлида ўзбек ўлган

OMONchi va yuzini qo'li bilan yopgan ko'rinishidan rus millatiga mansub bo'lmagan kishi magazin ichida

Сурат манбаси, Kirill Kukhmar/TASS

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Алоқадор мавзулар:

Россиянинг Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ОМОН ходимлари қўлидан вафот этгани ҳақида маълумот тарқалди. Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, 2025 йил 12 декабрь куни ОМОН ходимлари рейд вақтида бир неча ўзбекистонликни калтаклаган, улардан иккитаси оғир ҳолатда комага тушгани айтилган.

Кейинроқ улардан бири вафот этгани маълум бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолатни тасдиқлаб, Россия томонига расмий нота юборганини маълум қилди.

Вазирликнинг баёнотида айтилишича, воқеа Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консулхонаси ва Миграция агентлиги назоратида.

Консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ёрдамини кўрсатмоқда ҳамда жасадни ватанга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон томони Хабаровск ўлкаси прокуратураси, Тергов бошқармаси ва Россия ТИВнинг маҳаллий ваколатхонасига нота юбориб, ҳолатни холис ва қонуний тартибда ўрганишни талаб қилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирча фуқаронинг ўлим сабаблари расман аниқланмаган. Тегишли идоралардан расмий маълумот келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган.

Аввалроқ, 29 - октябрда Хабаровскда полиция ОМОН билан бирга "Нелегал-2025" рейдини ўтказган. Рейд давомида 1200 хорижлик текширилган ва улар асосан Марказий Осиё ва Кавказдан келганлар бўлган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси фуқароларининг калтакланиши юзасидан Россия ваколатли идораларига нота юборган эди.

Ундан аввалроқ, июнь ойида эса Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидлаб ҳам нота юборган эди.

Аммо у текширувларнинг натижаси қандай бўлгани борасида на Россия, ё на Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.