Келиб чиқишимиз ҳақида янглишганмизми? Миллион йиллик бош чаноғидаги тилсим

Реплика: Бош чаноғи миллион ёшда, лекин замонавий жиҳатлари бор.
Сурат тагсўзи, Реплика: Бош чаноғи миллион ёшда, лекин замонавий жиҳатлари бор.
    • Author, Pallab Gosh
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тадқиқотчиларнинг янги хулосаларига кўра, Хитойда топилган миллион йиллик одам бош суяги Homo sapiens биз ўйлагандан камида ярим миллион йил олдинроқ пайдо бўла бошлаганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, улар яна таъкидлашича, Homo sapiens бошқа қардош турлар, жумладан, неандерталлар билан ишониб келганимиздан анча кўпроқ вақт бирга яшаган.

Олимлар фикрича, уларнинг таҳлили инсон эволюцияси ҳақидаги тушунчамизни "буткул ўзгартиради", агар тўғри чиқса, бу тарихимизнинг муҳим илк бобини қайта ёзишга олиб келиши мумкин.

Бироқ инсон қачон пайдо бўлгани борасидаги соҳа мутахассислари янги тадқиқот хулосалари эҳтимолга яқин, аммо аниқ эмас, деб ҳисобламоқда.

Нуфузли илмий журнал "Science"да эълон қилинган бу кашфиётни Хитой университети ва Буюк Британиянинг Табиий тарих музейи олимларидан иборат тадқиқот гуруҳи қилди.

"Дастлаб, натижани олганимизда, бунга ишониш қийин эди. Қандай қилиб бу шунчалик узоқ ўтмишга бориб тақалиши мумкин?" дейди тадқиқотга ҳамраҳбарлик қилган Фудан университети профессори Шижан Ни.

"Аммо биз барча моделларни синаб кўрдик, барча методлардан фойдаланиб, қайта-қайта текширдик ва натижага тўла ишонч ҳосил қилдик."

Хитойлик олимлар Хубей вилоятида топилган бош чаноқларини бошқа одам турлари билан солиштирдилар.

Сурат манбаси, FUDAN UNIVERSITY

Сурат тагсўзи, Хитойлик олимлар Хубей вилоятида топилган бош чаноқларини бошқа одам турлари билан солиштирдилар.

Олимлар Yunxian 2 деб номланган бош суягини топганларида, у бизнинг қадимги аждодимиз, биринчи йирик мияли одам – Homo erectus'га тегишли деб тахмин қилишган. Бунинг сабаби, у тахминан миллион йил олдинги даврга тегишли бўлиб, ривожланган одамлар пайдо бўлишидан анча аввалги давр ҳисобланган.

Homo erectus кейинчалик эволюцияга учраб, 600 минг йил олдин неандерталларга ва бизнинг туримиз – Homo sapiens'га ажрала бошлаган.

Аммо тадқиқотда қатнашмаган, бошқа мустақил экспертлар кўриб чиққан Yunxian 2 нинг янги таҳлили бу Homo erectus эмаслигини кўрсатмоқда.

Ҳозирда у Homo longi'нинг дастлабки кўриниши, неандерталлар ва Homo sapiens билан бир даражадаги қардош тур деб ҳисобланмоқда.

Генетик далиллар кўрсатишича, улар ёнма-ён мавжуд бўлган. Шу боис, агар Yunxian 2 миллион йил олдин яшаган бўлса, олимлар фикрича, неандертал ва ўз туримизнинг дастлабки вакиллари ҳам яшаган бўлиши мумкин.

Ушбу ҳайратланарли таҳлил йирик мияли одамлар эволюцияси вақтини камида ярим миллион йилга кескин ўзгартириб юборди, дейди тадқиқот ҳаммуаллифи, Табиий тарихи музейи профессори Крис Стрингер.

Унинг таъкидлашича, сайёрамизнинг қаеридадир Homo sapiens'нинг миллион йиллик қолдиқлари бўлиши мумкин – биз уларни ҳали топганимиз йўқ.

Ибтидоий одамнинг қайси турга мансублигини аниқлашнинг иккита усули мавжуд – бош суягининг шакли ва унинг генетик маълумотларини таҳлил қилиш. Yunxian 2 мисолида иккала усул ҳам қўлланган ва уларнинг ҳар биридан бир хил хулоса чиққан.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Бироқ бошқа тадқиқотчилар, жумладан, Кембриж университети эволюцион генетиги доктор Эйлвин Скалли, иккала усулда ҳам сезиларли ноаниқликлар борлигини таъкидламоқда.

"Вақтни тахмин қилишда, айниқса, эҳтиёткор бўлиш керак, чунки бу генетик ёки қазилма далиллар бўлишидан қатъи назар, жуда мушкул вазифа," дейди у.

"Ҳатто генетик маълумотларнинг энг катта ҳажми билан ҳам бу популяцияларнинг 100 000 йил мобайнида ёки ундан ҳам кўпроқ вақт давомида бирга яшаши мумкин бўлган даврни аниқ белгилаш жуда қийин."

Оқ чаноқлар оригинал, емирилган бош чаноқлари, кулранглари эса компютер ёрдамида ишланган репликалар.

Сурат манбаси, FUDAN UNIVERSITY

Сурат тагсўзи, Оқ чаноқлар оригинал, емирилган бош чаноқлари, кулранглари эса компютер ёрдамида ишланган репликалар.

Унинг яна қўшимча қилишича, проф. Ни ва Стрингернинг хулосалари эҳтимолга яқин бўлса-да, улар ишончли эмас ва ишонч ҳосил қилиш учун кўпроқ далиллар керак.

"Бу манзара биз учун ҳали ҳам жуда ноаниқ, шунинг учун агар ушбу тадқиқот хулосалари бошқа таҳлиллар, энг яхшиси, баъзи генетик маълумотлар билан қўллаб-қувватланса, менимча, биз бунга тобора кўпроқ ишона бошлаймиз," деди у BBC News'га.

Африкадаги дастлабки Homo sapiens'нинг энг қадимги маълум далиллари 300 минг йил олдинги даврга тегишлилигини ҳисобга олсак, бу янги кашфиёт тўғри чиқса, бизнинг туримиз биринчи бўлиб Осиёда ривожланган бўлиб чиқади.

Бироқ, проф. Стрингер айтишича, ҳозирги босқичда бунга ишонч ҳосил қилиш учун етарли далиллар йўқ, чунки Африка ва Европада ҳам таҳлилга киритилиши керак бўлган миллион йиллик одам қолдиқлари мавжуд.

"Бизнинг туримиз бундан ҳам олдинроқ пайдо бўлганига ишора қилувчи баъзи генетик далиллар бор, улар бизнинг наслимиз билан қайта бирлашган бўлиши мумкин, аммо бу ҳали тасдиқланмаган," деди у BBC News билан суҳбатда.

Илгариги вақт шкаласи шуни англатадики, уч турдаги одамлар сайёрада тахминан 800 минг йил давомида бирга яшаган. Бу илгари ўйланганидан анча узоқроқ бўлиб, эҳтимол улар ўша пайтда ўзаро таъсирда бўлган ва чатишган.

Эртароқ пайдо бўлиш гипотезаси тўғри чиқса, бу таснифлаш ва инсон шажарасидаги ўрнини аниқлаш қийин бўлган 800 000 ва 100 000 йил олдинги ўнлаб одам қолдиқларини тушунишга ёрдам беради. Буни олимлар "ўртадаги чалкашлик" деб атайди.

Бироқ Homo sapiens, Homo longi ва неандерталларнинг эртароқ пайдо бўлгани тасдиқланса, мазкур муаммо аниқ ҳал бўлади. Бу шуни англатадики, ҳозирда таснифлаш қийин бўлган айрим қазилма қолдиқларни "катта учлик"дан бирига ёки уларнинг ибтидоий аждодлари – Осиё Homo erectus ва heidelbergensis'га тегишли кичик гуруҳлар сифатида таснифлаш мумкин, дейди проф. Ни.

"Инсон эволюцияси дарахтга ўхшайди, – дейди у. – Бу дарахт бир нечта шохлардан иборат ва бир-бирига яқин учта асосий шох бор. Улар ўзаро чатишган бўлиши мумкин ва деярли 1 миллион йил давомида бирга яшаган. Бу ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган натижа."

Бош суяги Ҳубей вилоятида яна иккитаси билан бирга қазиб олинган. Аммо улар шикастланган ва мажақлангани сабабли Yunxian 2 Homo erectus сифатида хато таснифланишига олиб келган.

Уларни асл шаклига қайтариш учун профессор Ни жамоаси бош суякларни сканердан ўтказиб, компьютер моделлаштириш усуллари ёрдамида уларни асл ҳолатига келтирди, сўнг нусхаларини 3D принтерда чоп этди.

Уларни асл шаклида кўрган олимлар бу бош суякларини алоҳида – одамларнинг янада ривожланган гуруҳи сифатида қайта таснифлади.