Видео: Ўзбекистон Россияга нота топширди, 300 минг мигрант бола мактабга бормайди

Сурат манбаси, Telegram/Tashqi ishlar vazirligi matbuot kotibi Ahror Burxanovning rasmiy kanali
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва шаҳридаги рейдда меҳнат муҳожирларига қилинган муомала муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилганини хабар қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Телеграм каналида маълум қилишича, 10 июн куни Тошкентда Россия расмийлари билан миграция масалалари бўйича навбатдаги учрашув ўтказилган.
"Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидладик", дейилади хабарда.
"Бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратдик", дейилади ТИВ хабарида.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
"Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз.
Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Элчихонамиз томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Москвадаги сўнгги ҳодиса муносабати билан UzReport телеканалига интервю берди.
У хориждаги ўзбекистонликлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ТИВ ўзининг устувор вазифаси деб билишини таъкидлади, Россияда ҳозирги кунда бир миллиондан кам ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлигини айтди.

Сурат манбаси, .
Ўзбекистон ҳукуматининг Жануби-шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари билан меҳнат бозори борасидаги музокаралари ортидан Россияга пул ишлааб топиш учун бораётган ўзбекистонликларнинг сони камайиб бораётганини айтди.
Шу куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов ўз фаолиятини тугатганини эълон қилди.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси тарқатган хабарга кўра, 2021 йилдан Ўзбекистондаги элчи вазифасини бажариб келган Олег Малгинов Тошкентда нишонланган Россия куни байрами тадбирида ўз иши якунланаётганини маълум қилган.

Сурат манбаси, Telegram/Посольство России в Узбекистане
Шу куни Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Игор Зубов Россия парламенти қуйи палатаси - Давлат Думасига ҳисобот берган.
Вазир ўринбосари хабар қилишича, ҳозир Россия ҳудудида 638 мингдан ортиқ мигрант болалар яшаяпти деб кўрилади.
Шундан 300 мингдан ортиғи бирор бир ўқув муассасасида рўйхатга олинмаган.
"Уларнинг(638000 мигрант боланинг) кўпчилиги ўқимаётгани ҳақидаги гап, ўйлашимча, ҳақиқатга тўғри келмайди. Лекин, ҳойнаҳой, ярми қандайдир сабабларга кўра, ўзича юрипти", деган Ички ишлар вазири муовини Игор Зубов.
Икки ой олдин Россияда мактабларга болани қабул қилиш талабалари кучайтирилган янги қонун кучга кирди.
Ушбу қонунга кўра, хорижий фуқароларнинг болаларини рус тилини билиш имтиҳонидан ўтолганларидан кейингина ўқув муассасасига қабул қилиниши лозим.
Игор Зубов маълумотига кўра, Москва шаҳрида вояга етмаган 80282 нафар хорижлик бор, уларнинг атиги 25 минги мактабга қатнайди.
Таълим олмаётган 300 минг боланинг нечтаси ўзбекистонлик экани ҳозирча номаълум.
10 июн. Россия: Мигрантлар яна тепкиланди, Ўзбекистон расмийлари "таассуф" билдирди

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Россия куч ишлатар орган ходимлари яна мигрантларни тепкилаб текширув ўтказди. Вазиятдан хавотир билдирган Ўзбекистон Миграция агентлиги "афсус ва таассуф"далигини айтди.
BAZA нашрининг хабар беришича, бу сафарги рейд Россия Мудофаа вазирлигига қарашли биноларнинг бирида жойлашган ётоқхонада ўтказилган.
Мақсад нолегал муҳожирларни аниқлаш учун мигрантларнинг ҳужжатини текшириш бўлгани айтилмоқда.
Гувоҳлар текширувнинг ўта шафқатсиз ўтганини айтишмоқда. Bazaнинг гувоҳларга таяниб ёзишича, ётоқхонага келган ОМОНчилар хоналардан эркакларни чиқараётганда қўпол куч ишлатишган. Секин чиққанларни тепкилаб, дўппослаб, жараённи тезлаштирган.
Рейд давомида ҳужжатида муаммо бўлган 6 нафар мигрант ушлангани айтилмоқда.
Хабарда мигрантларнинг қайси давлатдан эканлиги айтилмаган, фақат МДҲдан келганлиги билдирилган.
Ҳолат ўзбек тилли ижтимоий тармоқларда акс-садо берди.
Москвада калтак еган ва хўрланган юртдошларимизни кўриб раҳмим келиб кетди. Илоҳим урган қўлларинг синиб, дунёга шарманда бўлларинг! @FM_Saidov, @SMirziyoyeva бирор ёрдам қилинглар шу юртдошларимизга, илтимос", деб ёзади Zafar Arslonov X тармоғида.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Журналист ва сиёсатшунос Шерзодхон Қудратхўжа Москвада ўзбек муҳожирларига нисбатан қўлланилган таҳқир ва зўравонлик ҳолатларига муносабат билдирди.
"Россияда ҳужжатсиз муҳожирларни ҳақоратлаш, тепиш, хорлаш одатий ҳолга айланяпти. Ўзбек ёшлари оғир меҳнат қилиб ҳам инсон сифатида қадрланмаяпти. Биз уларни ривожланган мамлакатларга — Олмония, Япония, Корея сингари давлатларга йўналтиришимиз керак," — демoқдa Қудратхўжа.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда иш ўринлари етарли бўлмаса-да, ёшларни таҳқирланиш хавфи бор жойларга юбориш ечим эмас.
"Россия расмийларидан бундай муомалани тўхтатишни талаб қиламиз. Ўзбек халқи ҳар доим бошқаларга меҳр ва паноҳ берган," — деди у.
Ҳукумат таассуфда
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Москвадаги рейдлар чоғида чет эл фуқароларига, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарлардан "афсус ва таассуфда" эканини маълум қилди.
Агентлик мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутаётганини маълум қилган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.
"Айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чет эл фуқароларига нисбатан бундай қўпол муносабатни кузатилиши афсус ва таассуф уйғотади", дейилади агентлик расмий баёнотида.
Ушбу вазиятда жабрланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мавжуд бўлса, жумладан, уларга тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа муаммоларга дуч келган бўлсалар, Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасига мурожаат қилиш сўралган.
Олдинроқ худди шу каби тепкилаш манзараси Росгвардия томонидан ҳаммомда дам олаётган мигрантларга нисбатан ўтказилган текширув давомида кузатилганди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига нота юборган ва ҳаммомда нималар бўлганини изоҳлашни сўраганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳаммомда қирғизлар дўппосланиши «қонуний» бўлганини айтганди.












