Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари АҚШ визаси учун энди минглаб доллар гаров тўлашлари керак. Ўзбекистонликлар-чи?

АҚШ Давлат Департаменти биноси.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ мамлакатга келиш визаси учун катта миқдорда гаров тўлашлари керак бўлган мамлакатлар рўйхатига Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни киритди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ маъмурияти мамлакатга сафар қилишга рухсат берувчи виза учун катта миқдорда гаров тўлашлари керак бўлган мамлакатлар рўйхатига Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни киритди.

АҚШ Давлат Департаменти веб-саҳифасида 6 январ куни нашр қилинган маълумотга биноан Туркманистон фуқаролари 2026 йил 1 январдан бошлаб, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари эса 21 январдан бошлаб қиймати 5, 10 ёки 15 минг америка долларига қадар гаров пули тўлашлари керак бўлади. Гаров пули қиймати элчихоналарнинг Консуллик бўлимларида виза олиш учун ўтказилган суҳбат вақтида белгиланиши ҳам айтилган.

Лекин гаров тўланганлиги виза олиш кафолатини англатмаслиги ҳам билдирилган. Агарда виза аризаси рад этилса ёки виза олган шахс вақтида ортга қайтган тақдирда гаров пули қайтариб берилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари гаров эвазига виза олувчилар АҚШга фақатгина 3 аэропорт орқали кириб келишлари мумкин бўлади. Бу аэропортлар Бостон Халқаро аэропорти, Ню- Йоркдаги Жон Кеннеди Халқаро аэропорти ва Вашингтондаги Даллас Халқаро аэропортидир.

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳозирча виза учун гаров тўлашлари керак бўлганлар рўйхатига киритилмаган.

GETTY
Viza cheklovlari AQSH xavfsizligini himoya qilish uchun kiritilmoqda"
AQSH Davlat Departamenti. BBC.NEWS/UZBEK

АҚШ Давлат Департаментга кўра, бу чоралар рўйхатга киритилган мамлакатлардан АҚШга сафар қилувчилар виза берилган муддат тугаши билан чиқиб кетишларига эришиш йўлида киритилмоқда.

Ўтган йили Туркманистон фуқароларига виза бериш муваққат равишда тўхтатилиб, кейинчалик бекор қилинганди.

АҚШ Давлат Департаменти веб-саҳифасидаги фуқаролари виза учун гаров тўлашлари керак бўлган рўйхатдаги мамлакатлар сони шу билан 38 га етган. Улардан баъзилари учун бу чоралар жорий 2026 йилнинг турли саналарида, асосан 21 январдан бошлаб киртилиши қайд қилинган. .

АҚШга келишлари мутлақо тақиқланган мамлакатлар рўйхатида эса ҳозирда Афғонистон, Эрон ва Яман дохил 19 мамлакат бор.

Паспорт ва виза саҳифаси.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШга келишлари мутлақо тақиқланган мамлакатлар рўйхатида 19 мамлакат бор.

Виза чекловлари ўзбекистонликлар учун нимани англатади?

Доналд Трамп қайта президентликка сайланганидан бери мамлакатга муҳожирлар сонини қисқартириш йўлида кўплаб чораларни киритиб келмоқда.

Бу чоралар сирасида виза олиш учун шахсан суҳбатдан ўтиш, Ижтимоий Тармоқлардаги чиқишлар ҳақида маълумот бериш, собиқ сафарлар ва яшаган мамлакатлар борасида аниқ маълумотлар тақдим қилиш ҳам бор.

2025 йил декабр ойида эса Доналд Трамп Грин карта лотереяси тизимини ҳам тўхтатиб қўйганди. Бу қарор Браун Университетида ўзбекистонлик талаба, 18 ёшли Муҳаммад Азиз Умурзоқов дохил 2 киши отиб ўлдирилгандан сўнг қабул қилинганди.

Отишмада АҚШга Грин карта олиб келган португалиялик шахс гумон қилинган.

Грин карта лотереясининг тўхтатилиши кўплаб ўзбекистонликларни ўйлантириб қўйиши табиийдек. Чунки АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи Грин карта тизими орқали келганлар орасида ўзбекистонликлар сони жуда кўп эканлиги айтилади.

АҚШ Грин картаси.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2025 йил декабр ойида Доналд Трамп Грин карта лотереяси тизимини ҳам тўхтатиб қўйганди.

Ўзбекистонликлар учун Грин картадан ташқари ҳозирча бу каби виза чекловлари киритилмаган бўлса ҳам маҳаллий нашрларнинг хабар беришларича, 2024 йили виза олиш учун Тошкентдаги АҚШ элчихонасига мурожаат қилганлардан деярли 65 фоизи рад жавобини олган.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасида виза аризаси рад этилганининг энг юқори кўрсатгичи бўлгани ҳам айтилган. Kun.uz нашрига кўра, виза аризасини топширган қозоғистонликлардан 39, туркманистонликлардан 53, тожикистонликларнинг 54 ва қирғизистонликларнинг 59 фоизига виза берилмаган.

Оқ уй маъмурияти виза чекловларини "АҚШ хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун," дея асосламоқда.

Америка расмийларига кўра, мамлакатга келувчилар орасида виза муддати тугаши ортидан қолувчилар сони кўп. Бундан ташқари виза чекловлари киритилишига сабаб қилиб ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларни аниқ текшириш имкони яратилмагани, коррупция, террористик фаолият ва депортация қилинган фуқароларини қайтариб олишда ҳамкорликдан бош тортиш каби омиллар ҳам келтирилган.

Доналд Трамп илк бор президентликка сайланган вақти 2017 йилда ҳам муҳожирларга нисбатан тақиқ ва чекловларни татбиқ қилганди.