Ўзбекистон дайжест: Грин карта пулли бўлади, исломий банк қонуни ишлаб чиқилаяпти, Америкага бораётган Ўзбеклар сони кўпайди

АҚШнинг ташқи ишлар вазирлиги - Давлат департаменти эълон қилишича, бундан кейин оддий одамлар Грин карта деб атайдиган Diversity Visa лотерея дастурида рўйхатдан ўтиш учун бир АҚШ доллари миқдорида тўлов тизими жорий этилади.
Давлат департаментига кўра, ушбу чора нафақат ютуқ чиққанлар, юалки "лотереяда иштирок этаётган барча ўртасида оғирликни адолатли тақсимлашга" имконият беради.
Шунингдек, ушбу қадам Грин карта лотереясида юз берадиган қаллобликлар олдини олишга қаратилгани ҳам айтилди.
АҚШда Грин карта лотереяси 1990 йилдан жорий этилган.
У шу вақтгача бепул эди.
Бу лотерея орқали ҳар йили дунёнинг бошқа жойларида истиқомат қиладиган 50000 кишига АҚШда яшаш ҳуқуқи берилади.
Охирги йилларда Ўзбекистон Америка Грин картасини ютган мамлакатлар ўртасида пешқадам бўлиб келаяпти.
2023 йили дунёнинг энг кўп Грин карта ютган мамлакатлари ўртасида Ўзбекистонни еттинчи ўринни, 2025 йил майида эса биринчи ўринни эгаллагани хабар қилинган.
Бу йил 5564 ўзбекистонлик Грин карта эгаси бўлган деб кўрилади.
АҚШ Ўзбек меҳмонлар кўпайди, энди виза нархи ҳам ошади
Ўзбекистон расмий маълумотларига кўра, 2025 йил январидан июлигача АҚШга 8000 Ўзбекистон фуқароси ташриф буюрган.
Бу Доналд Трамп иккинчи президентлиги бошланганидан кейинги рақамлар.
Трамп ўзининг аксилмуҳожир сиёсатчи эканини кўрсатган, биринчи президентлиги йиллари Мексика билан чегарада девор қуришни бошлаган.
Иккинчи президентлигини бошлаганидан кейин дунёдаги қатор мамлакатлар фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи фармон имзолади.
Аммо Президент Трамп маъмурияти Ўзбекистон ҳукумати билан қатор соҳаларда ҳамфикр эканини таъкидлаб келаяпти, АҚШга кирган ўзбекистонликларнинг сони ўтган йилнинг дастлабки етти ойида рақамаларга солиштирганда 14,3 фоиз ортгани бу фикрни тасдиқлайди.
Хабар қилинишича, 5683 ўзбекистонлик турист сифатида, қарийб 2000 киши қариндошларини кўриш учун, 179 ёш таҳсил олиш учун Америкага борганлар.
Шу йил 30 сентябридан АҚШга виза тўловлари оширилиши хабар қилинди.
Исломий банк йўлини очиш
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси депутатлари исломий банкинг қонуни муҳокамасига киришдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йили мамлакатда исломий банкларни ишга тушириш учун зарур инфратузилмани барпо этишга бағишланган қарорни имзолаган, бугунга келиб бу йўлда қандай тўсиқлар тургани аниқ бўлган.
Булардан энг асосийси - ҳамон қонунчилик базаси яратилмагани.
Қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот берган Ўзбекистон Марказий Банки раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев айтишича, исломий молияда савдо ва ҳамкорликни молиялаштириш асосий усуллар ҳисобланади.
Лекин Ўзбекистоннинг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуни мамлакатда фаолият юритадиган банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиши, юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этишини тақиқлайди, бу эса чекловларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Солиқ кодексига мувофиқ, товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти сифатида эътироф этилади. Бу эса, савдо орқали амалга ошириладиган исломий молиявий хизматларнинг анъанавий молиявий хизматларга нисбатан қимматлашиб кетишига олиб келади.

Сурат манбаси, .
Марказий Банк раиси муовинининг айтишича, исломий банкни тўлиқ жорий этиш нафақат қонунчиликдаги чекловларни олиб ташлашга, балки институционал асосларни яратишга қаратилган комплекс ёндашувни ҳам талаб қилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Солиқ ва Фуқаролик кодексларига, шунингдек, саккизта қонунга кўплаб тузатишлар киритиш талаб қилинади.
Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутатлари 16 сентябр куни исломий банкинг ҳақидаги қонуннинг лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар, бу борадаги иш давом эттирилиши хабар қилинди.
17 сентябр. Ўзбекистон дайжест: Британиялик сайёҳлар оқими, денгизга йўл ва камбағаллик қанчага қисқарган?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Британиялик сайёҳлар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистонга қизиқиш ошмоқда
Сўнгги йилларда Британиялик сайёҳлар анъанавий Ўрта Ер денгизи йўналишларидан воз кечиб, тобора кўпроқ Ўзбекистон ва Қирғизистонга йўл олишмоқда. Бу ҳақда The Travel Magazine интернет нашри ёзади.
2025 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонга келган Британия фуқаролари сони ўтган йилга нисбатан 23.8 фоизга ошган (манба: Ўзбекистон Туризм қўмитаси).
Ўзбекистон ўзининг бой тарихий мероси, меъморчилиги ва саргузаштларга бой табиий гўзаллиги билан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Бухоро, Самарқанд ва Хива каби қадимий шаҳарлари UNESCO мероси рўйхатига киритилган бўлиб, ҳар бири ўзига хос маданий қатламларга эга.
Қирғизистон эса ўзининг тоғли ландшафти, Иссиқкўл каби табиий мўъжизалари ва анъанавий кўчманчи маданияти билан эътиборни тортмоқда. Мамлакатда жорий этилган Барқарор туризм дастури экологик мувозанатни сақлаган ҳолда туризмни ривожлантиришга қаратилган.
Иккала давлат ҳам визасиз кириш имконияти, экотуризм, юртларда тунаш, маҳаллий фестиваллар ва гастрономик саёҳатлар орқали Британиялик сайёҳлар учун тобора жозибадор бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон экспорт йўлларини кенгайтириш йўлида Чабаҳар портига қизиқмоқда
Ўзбекистон ўз экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида денгизга чиқиш йўлларини изламоқда. Тoшкентнинг эътибори ҳозирда Эроннинг Чабаҳар портига қаратилган бўлиб, бу порт стратегик жиҳатдан Уммон кўрфазида жойлашган.
Сентябр ойида Теҳронда Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон ўртасида илк уч томонлама кенгаш бўлиб ўтди. Учрашувда Чабаҳар порти орқали савдо алоқаларини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди, аммо аниқ келишувларга эришилмади.
Чабаҳар портининг жозибадорлиги унинг Гормуз бўғозидан ташқарида жойлашганида, бу эса минтақавий рақобатда муҳим устунлик беради. Бироқ, АҚШнинг портга нисбатан санкцияларни қайта кўриб чиқиш қарори ва Ҳиндистон билан сиёсий зиддиятлар бу режаларни мураккаблаштирмоқда.
Ўзбекистон учун портга киришдан ташқари, Эрон билан темир йўл алоқаларини ривожлантириш ҳам муҳим. Мамлакат юкларини Эрон орқали ўтказиш учун Афғонистон ёки Туркманистон орқали транзит зарур. Бу йўналишларда инфратузилма кенгайтирилмоқда, аммо бу жараён йилларни талаб қилади.

Наманганда "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форуми бошланди
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Бугун Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартиришга бағишланган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев матбуот котиби ўз Телеграм каналида маълумот беради. Форумнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида дунёдаги кескин геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, иқлим муаммолари ва пандемиялар камбағаллик муаммосини янада кучайтирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда дунёда камбағаллар сони 800 миллиондан ошган.
Ўзбекистонда эса сўнгги саккиз йилда инсон ҳуқуқлари, иш билан таъминлаш ва даромадни оширишга қаратилган ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилди. 2024 йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоизга туширилди ва йил якунигача 6 фоизгача камайтириш режалаштирилган.
Президент янги "Камбағалликдан фаровонлик сари" модели ҳақида гапириб, манзилли ижтимоий дафтарлар, маҳаллабай ишлаш тизими, ер ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби механизмлар самарали натижа берганини қайд этди.
Шунингдек, инсон саломатлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди — 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, бепул тиббий кўрик ва дори-дармонлар билан таъминлаш тизими йўлга қўйилди. Маҳаллаларда "Инсон" марказлари очилиб, ижтимоий хизматлар янада яқинлаштирилди.
Форумда Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва БМТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Президент уларга ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, келгуси йилда Наманганда Осиё ишбилармон аёллар форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.












