Ўзбекистон иқтисодиётини исломий банкинг қутқарадими?

Банкоматлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цойнинг "Ўзбекистонда ҳалол пуллар" деб сарлавҳаланган мақоласи мамлакатдаги исломий молия ривожи сустлиги атрофидаги баҳсларни қўзғади.

Игорь Цойнинг мақоласи Repost.uz веб-сайтида эълон қилинди.

Мақола муаллифи инсоният тарихидаги судхўрлик, бугунги замондаги банк хизматлари моҳияти ва исломий молия, Ислом динининг фоиз эвазига пул қарзга бериш(рибо)га муносабати ҳақида муфассал маълумот берган, бугунги кунда жаҳондаги исломий молияга қизиқиш ва фойдаланиш нега кўпайиб бораётганини чуқур таҳлил қилган.

2008-2011 йиллардаги глобал молиявий инқироздан исломий банклар жабр кўрмади, бу инқироз уларнинг самарали ва мустаҳкамлигини исботлади, дейди муаллиф.

ХХ асрнинг 40-йилларида мусулмон давлатларида бошланган исломий банклар сонининг ортиши бутун дунё бўйлаб кўпая бошлади, ҳозирги пайтга келиб дунёнинг 75 мамлакатидаги банклар исломий молия хизматларини мижозларига кўрсатмоқда.

"Deutsche bank, BNP Paribas, Société Générale, Citibank, HSBC, Chase Manhattan Bank, Goldman Sachs, ING, Nomura securities Bank, JPMorgan Chase ва бошқа гигант молиявий ташкилотлар ўзларининг исломий департаментларини очганлар", дейди Игорь Цой.

"Бизнинг мамлакатимизда ҳам исломий банкингни жорий этиш фурсати пишиб етилди", - деб ёзади иқтисодий таҳлилчи.

"2018 йилнинг майида президентнинг "Ўзбекистон Республикасида исломий банк иши ва молияси инфраструктурасини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Бироқ, афсуски, қарор қабул қилинмади. Нега? Ўйлашимизча, тегишли норматив-ҳуқуқий база ва мутахассисларнинг етишмаслигидан. Қонунчилик базасини исломий банкингни жорий этиш ҳақидаги ҳужжатлар билан қисқа фурсатда тўлдириш мумкин бўлса-да, банк ходимлари билан боғлиқ масала мураккабдир.

Нафақат банк муассасасининг иш юритишини, балки энг аввало - ва энг муҳими - банк ходимларининг дунёқараши, ёндашуви ва профессионализмини ўзгартириш лозим.

Шунинг учун ҳам исломий банкингни шакллантиришнинг эволюцион йўли танланди. 2019 йил мартида президентнинг "Ислом Тараққиёт банки Гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унда ушбу ташкилотлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳаракатлар режаси ("Йўл харитаси") тасдиқланди", деб ёзади Игорь Цой.

Муаллиф Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги исломий банк хизматлари аҳволини таҳлил қилади, бундан исломий банкинг Ўзбекистон қўшниларига нисбатан ривожланганини кўриш мумкин.

Шу йил майида Тошкентда бўлиб ўтган Ислом банкчилиги ва молиясига бағишланган анжуманда айтилишича, мамлакат аҳолисининг 30 фоизи исломий бўлмаганлиги учун банкка омонат қўйиш хизматларидан фойдаланмайди.

10 миллиард доллардан ортиқ маблағ аҳолида сақланмоқда. Уларни жалб қилиш учун Исломий банк ва молиялаш тизимини йўлга қўйиш ва қонунчилик асосларини яратиш лозим.

Ўзбекистондаги 33,7 миллион аҳолининг 80 фоиздан кўпроғи мусулмон эканлиги Тошкентни Марказий Осиёдаги исломий молиялаш марказига айлантириши мумкинлиги айтилган.

Исломий молиялаш тизимини тўлиқ ишга тушириш, стандартларни жорий қилишга йиллар талаб қилинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek